Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:38

Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди


Халқаро ташкилотларнинг Солижон Абдураҳмоновни озод қилиш борасидаги чақириқлари ҳам расмий Тошкентга таъсир кўрсата олмаяпти.
Халқаро ташкилотларнинг Солижон Абдураҳмоновни озод қилиш борасидаги чақириқлари ҳам расмий Тошкентга таъсир кўрсата олмаяпти.

19 ноябр куни ҳуқуқ фаоли ва мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг шикоят аризасини кўриб чиққан Қорақалпоғистон Олий суди уни қаноатлантирмади.

Апелляция суди Абдураҳмоновга белгиланган ўн йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор чиқарди.

Бу ҳақда Озодлик радиосига Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати Баҳром Абдураҳмонов маълум қилди.

- Дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилсин, апелляция тартибида берилган аризалар қоноатлантирилмасин, деди. Нима сабабдан суд бундай қарорга келгани борасида ҳеч қандай тушунтириш берилмади. Қарорни қўлимизга олгач, бунинг сабабини билишимиз мумкин. Лекин биз буни шу ҳолатда ташлаб қўймаймиз. Охиригача курашамиз. Энди биз назорат тартибида шикоят аризаси ёзамиз, - деди адвокат Абдураҳмонов.

Ўзбек мухолифати фаоли Дилором Исҳоқова эса Солижон Абдураҳмонов аввалдан тайёрланган сценарий бўйича ҳибсга олиниб, уюштирилган сохта жиноятда айбланганини таъкидлай туриб:

- Апелляцион суд қароридан ҳеч ҳам ажабланмадим. Буни Ўзбекистон деб қўйибдилар. Энг даҳшати шуки, терговчи тайёрлаган ҳукмни суд тасдиқлаб берди, суд ҳукмини апелляцион суд тасдиқлади, - деди.

Асли касби ўқитувчилик бўлган Солижон Абдураҳмонов йигирма йилга яқин вақт мобайнида ўрта умумтаълим мактабларида мураббийлик қилган.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан бошлаб эса у журналистика билан шуғулланган. Солижон ака Озодлик ва Америка овози радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, Uznews.net интернет сайти сингари бир қатор ҳалқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Айни пайтда¸ Солижон Абудараҳмонов беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётган эди.

Uznews.net интернет сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоевага кўра, Каримов режими Солижон Абдураҳмоновнинг овозини ўчириш мақсадида уни қамаган.

- Солижоннинг ўн йил муддатга қамалишини ноҳақлик деб ҳисоблайман. Журналистга нисбатан бу каби мудҳиш жазонинг қўлланилиши Каримов режимининг ғайриинсоний моҳиятидан яна бир далолатдир, - дейди Галима Бухорбаева.

Солижон Абдураҳмоновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани борасида бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам хавотир билдириб, унинг қамалишини касбий фаолияти билан боғлаган эди.

Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов устидан чиқарилган кескин ҳукмни қайта кўриб чиқиш ва уни озод этишга чақирган эди.

Европа Иттифоқи Солижон Абдураҳмоновни яқин фурсатда озод этилишига умид билдирган бўлса, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини Солижон Абдураҳмонов билан бирга қамоқда қолаётган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини дарҳол озод қилишга чақирди.

Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятовага кўра, Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоятчиликнинг бу каби чақириқларини инобатга олиш ниятида эмас.

- Солижон Абдураҳмоновга нисбатан ўн йиллик жазонинг ўзгаришсиз қолдирилиши бугунги режимнинг гаров камераларидан воз кечмаётганини кўрсатади. Ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаровий жамият ёки мухолифатга алоқадор бўлган шахсларга нисбатан қаттиққўллик қилиш Ўзбекистон ҳукумати томонидан нормал ҳолатга айланиб улгурди. Бу жуда, жуда ачинарли ҳол. Бу каби ҳолатлар натижасида Ўзбекистон кун сайин дунёдаги ўз ўрнини йўқотиб, обрўсини тўкиб бораяпти. Қолаверса, бу ўзбек халқининг ёқаси ҳали-бери оқармаслигидан далолат, - дейди Васила Иноятова.

Солижон Абдураҳмонов жорий йилнинг 7 июн куни қўлга олинган эди. Ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган. Дастлаб у гиёҳвандликда айбланди. Кейинчалик унга банг моддаси сотишга ҳаракат қилганлик айби тиркалди.

10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Маҳкама қарорига мувофиқ, у жазони умумий тартибли колонияда ўтайдиган, банг моддалари топилган машина эса давлат фойдасига мусодора қилинадиган бўлди.
XS
SM
MD
LG