Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:07

Душанбе нархини оширмоқчи


Таҳлилчилар фикрича, Тожикистон ўз ҳудудида Россия ҳарбий ҳозирлигини кенгайтиришга қарши эмас, фақат бунинг учун яхшироқ пул тўланса бўлгани.
Таҳлилчилар фикрича, Тожикистон ўз ҳудудида Россия ҳарбий ҳозирлигини кенгайтиришга қарши эмас, фақат бунинг учун яхшироқ пул тўланса бўлгани.

26 ноябр куни Тожикистон пойтахтига келган Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкин¸ асосан ўзаро ҳарбий ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилди.

Тожикистон президенти билан учрашган Россия ҳукумати расмийси Россиянинг 201-дивизияси фаолиятини кенгайтириш масаласини кўндаланг қилиб қўйган.

Россия томони Тожикистондаги 201-дивизия жойлашган ҳарбий базани Айний ҳарбий аэродромига кўчиришга кўпдан буён уриниб келади.

Аммо Тожикистон расмийлари ҳар гал мазкур ҳарбий аэродромдан Россия билан биргаликда фойдаланишни талаб қилиб келади.

Душанбе шаҳрига келган россиялик мулозим тожик президенти билан учрашувдан сўнг журналистларга берган брифингида:

- Имомали Шарипович билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасидаги ҳарбий-сиёсий ҳамкорликларга оид масалалар, хусусан, умумий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилиб келаётган 201-ҳарбий база фаолияти шароитлари борасида фикр алмашдик, - дея маълум қилди.

Айни пайтда¸айрим норасмий манбалар Тожикистон ҳукумати Россияга тегишли 201-ҳарбий базанинг бундан буён ўз ҳудудида фаолият юритишидан манфаатдор эмаслигини, шунинг учун ҳам бу базани мамлакатдан чиқариб юбориш тараддудида эканини таъкидлайдилар.

Бироқ сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов бу масала Тожикистон ҳукумати кун тартибида турган масала эмаслигини, аниқроғи, бунга ҳали эрта эканини уқтиради.

- Тожикистон сиёсий ҳукумати Россия ҳарбий базасининг чиқиб кетишидан манфаатдор эмас. Чунки Тожикистон айни пайтда халқаро хатарлар қаршисида турибди. Шунинг учун ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган учрашувда бу масала устида баҳс бўлганига шубҳа билан қарайман, - деди таҳлилчи Мамадазимов.

Аксинча, таҳлилчи Россия Тожикистонда ўз ҳарбий фаолиятини кенгайтирмоқчи, деган ишончда.

- Россия анчадан буён Айний ҳарбий аэродромида ўз ҳарбий-ҳаво базасини ташкил этишни кўзлаб келади. Айни пайтда томонлар ўртасида ана шу масала устидан тортишув кетаяпти. Тожикистон ҳукумати 1993 йилдан буён ўз энергетик лойиҳаларини амалга оширишда Россияга умид боғлаб келганди. Бироқ, афсуски, кутилгандай бўлмади. Шунинг учун Тожикистон ўз иқтисодиётини тиклаш ва энергетик лойиҳаларга маблағ топишнинг бошқа йўлларини ахтармоқда. Жумладан, тожик расмийлари Россия ўз ҳарбий базасига ажратилган ер учун ижара пулини ўн, ҳатто ундан ҳам кўпроқ бараварга ошириб, халқаро меъёрларга мослаштиришини истайди, - деди сиёсий таҳлилчи.

Айний аэродроми совет ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Афғонистондаги амалиётларни олиб боришда фойдаланилган ва 1985 йилдан буён таъмирланмаган эди.

Ишончли манбаларнинг айтишича, Ҳиндистон ҳукумати маблағи эвазига таъмирланган Айний аэродромида ҳозирги пайтда Россия қирувчи самолётлари жойлаштирилган. Бироқ Тожикистон расмийлари бунга оид хабарларни доим инкор этиб келадилар.

XS
SM
MD
LG