Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:04

"Кимга дод дейиш керак?!”


Исломда етимнинг ҳаққини ейиш гуноҳ ҳисобланса-да¸ бугун Ўзбекистонда мол-мулк талашиб ўз жигарларини кўчага ҳайдаëтган оилалар сонини кўпаймоқда.
Исломда етимнинг ҳаққини ейиш гуноҳ ҳисобланса-да¸ бугун Ўзбекистонда мол-мулк талашиб ўз жигарларини кўчага ҳайдаëтган оилалар сонини кўпаймоқда.

Тингловчиларимиз Озодликдан эшиттирилишини истаëтган мавзулар яна одатдагидек – адолатсизлик ва йўқчиликдан шикоят.

Тингловчи минбари эшиттиришининг бугунги сонида:

- Набираларининг ҳаққи учун куяётган қаршилик аёл мурожаати:

….Бу юришда қаерга бориш керак? Президентни ҳамма мақтайди, зўр дейди, ҳаммага ëрдам қилади дейди. Биз борамиз, киргани қўймайди;

- Беш хонали уйидан қувиб солинаётган самарқандлик оила мурожаати:

….оформление қилиб бераман деган эди. Уй-жой қимматлаб кетгани учун бизлардан уй-жойни қайтариб олишни талаб қилаяпти. Хоналар ҳали ҳам расмийлаштирилмаган. Бу Анваров Ислом деган йигит жуда ҳам фирибгар бўлиб чиқди;

- ҳамда таҳририятимизга келган мактублар шарҳи ўрин олган.


ЗАГСсиз туғилган болалар саргардон

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи Меҳринисо Тугалова таҳририятимизга телефон қилди.

У бир неча йилдан буён икки набираси ва бева қолган қизининг ҳаққи учун курашмоқда. Куёви автоҳалокатга учраб, вафот этганидан сўнг унинг хотини икки боласи билан уй-жойидан қувиб солинган. Қолганини Меҳринисо Тугаловадан эшитамиз.

- Мен 50 дан ошиб қолдим. Китоб туманида тураман. Исмим Тугалова Меҳринисо. Менинг невараларимнинг отаси Булунғур туманида автоҳалокатга учраган эди. Буларнинг отасидан қолган уй-жойларни катталари эгаллаб олган-да, буларга уй-жой бермасдан чиқариб ҳайдаб юборган.

Куëвимизнинг ўзи Тошкентдан келаëтиб автоҳалокатга учраган. Иккита боласи билан хотини менинг уйимда турибди. Уларнинг ўзларининг жойи бўлатуриб, бизларнинг марҳум куëвимизнинг уйига кириб олган.

Озодлик: Ким кириб олган?

- Қайнонаси.

Озодлик: Куëвингиз автоҳалокатга учрагандан кейин қайнонаси қизингизни иккита боласи билан у ердан чиқариб юборди.

- Ҳа, меникида туришибди. Фуқаролик судлари ҳам уларнинг фойдасига бўлиб кетди. Қаршидаги вилоят фуқаролик судларига мурожаат қилсак, улар ҳам қуда томонга ўйнаб кетди. Тошкентга Каримовнинг ҳузурига 2-3 марта бордим. Нечанчи марта келишингиз деб мени нима қилишади¸ лекин ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ.

Озодлик: Суд ўз қарорини нима деб изоҳлаяпти?

- Сизларга улуш ажратамиз деб¸ 6 миллион сўм пул бераяпти.

Озодлик: 6 миллионга сиз рози бўлмадингиз?

- Икки йилдан бери судда сарсон бўлиб юрибман. 6 миллион сўмга менинг рози бўлмаганимнинг сабаби бор. Буларнинг хўжайини 13 йил фарзанд кўрмаган бўлган. Оиласидан ажралиб кетган бўлган. Менинг қизимга уйлангандан кейин иккита ўғил кўрган.

Буларнинг ўртасида ФҲДË (ЗАГС) гувоҳномаси бўлмаган, лекин болаларнинг гувоҳномаларида фамилияси бор. Отасидан қолган нарсага гувоҳномада фамилияси бўлгандан кейин болаларнинг ҳақ-ҳуқуқи тенг бўлиши керакку.

Озодлик: Тўхтанг. Демак қизингиз билан куëвингиз ўртасида ЗАГС бўлмаган. Лекин болалар куëвингизнинг фамилиясида.

- Отаси деб белгилаб Худо раҳмат қилгур ўзи олган гувоҳномаларни. Ҳозир уларнинг адвокатлари бор. Суд залида, керак бўлса, бизларни тўғридан-тўғри ҳақорат қилиб юбораяпти. “Сен кўчада юриб туғиб олгансан. Сенинг ҳаром болаларингга ҳеч нарса бермайди. Мен тирик бўлсам¸ ҳеч нарса ола олмайсан” деб бизларнинг устимиздан кулади.

Қарши фуқаролик судининг Ëвқочов деган одами ўзлари иш кўрганда, раëсатда ишни бекор қилиб, бизларнинг болалар энди 6 миллион пулга эга бўлиб турибди. 6 миллион пулни олганим билан мен бунга катак ҳам қура олмайман. Ҳозир бир сотих ер 1 миллион бўлаяпти. Шунга энди мен айтувдим-да.

Қаерга борай, дардимни кимга айтай? Президентга борсам киргизмаса. Олий судга борсам “Йўқ, сиз вилоят инстанциясидан ўтиб келасиз” дейди. Ҳаммаси пул бўлиб кетган. Хабарингиз борми йўқми – Олим Тангматов деган судямиз доллар олиб қўлга тушиб қамалиб кетди. Ундан кейин МХХга “Илтимос ëрдам қилинглар. Болаларга отасидан қолган ҳеч нарса тегмайдими? Бу болалар кўчада қолиб кетаяпти” деб ëзсам, ҳеч ким эшитишни хоҳламайди.

Бу бечора етимлар отаси ўлмаганда, бу аҳволга тушмаган бўлар эди. Бу болалар қаерга бориши керак, хотини қаерга бориши керак? Президентни ҳамма мақтайди. Зўр дейди, ҳаммага ëрдам қилади, дейди. Борамиз, киргани қўймайди. Яқинда ҳам бориб келдим.

Аёл сўзларига кўра, набиралари марҳум куёвидан қолган мулкка ҳақли, бироқ, бу ҳақ улардан тортиб олинмоқда. Маҳаллий идоралар эса бу можарони изоҳлашдан бош тортмоқда.

Ўзбекча уй олди-бердиси

Самарқандда эса бир неча оила уй-жойидан қувилмоқда. Бу ҳақда Ниёзовлар оиласи таҳририятимизга мактуб йўллади. Ўзбекистонда уй-жойлар, ҳозирги нархга солиштирганда сувтекин бўлган паллада бу оила беш хонали уй харид қилган. Аммо, уйни сотган одам олди-сотди сўзлашувларида гап-сўзни жуда келиштириб, ҳужжат ўрнига тилхатни тутқазган. Лафзи ҳалол йигитдир деб ўйлабмиз-да, дейди ҳозир уйидан қувилиш тўғрисида суд қоғозини ушлаб ўтирган Ниёзовлар оиласи.

Шуҳрат Ниёзов гапиради.

- Самарқанд шаҳрида тураман. 5 хонали уй сотиб олган эдик. Уйни сотган одам бир ҳафтадан кейин оформлят қилиб бераман деб айтди. Тилхат ëздириб олдик. Бир ҳафтадан кейин бордик, оформлять қилиб бермади. Ҳозир уйлар қиммат бўлгани учун бизлардан уйни қайтариб беришни талаб қилаяпти.

Озодлик: Пулини тўлагансизлар?

- Ҳа, пулини берганмиз. Энди ҳозир уйлар қимматлашдику. Битта биз эмас. Бунақа уйлар иккита, учта эди. Бошқалардан ҳам шуни талаб қилаяпти.

Озодлик: Неча пул эди у?

- Ўша вақтда 2700 доллар эди. Ҳозир 40 минг, 50 минг долларга чиққани учун улар қайтариб олмоқчи. Ҳозир Самарқанднинг ўзида яхши жойдан бир хонали уй оламан десангиз 15 минг доллар туради.

Озодлик: Судда сизнинг ҳаққингизни ҳимоя қиладиган ҳужжатми, қоғозми борми?

- Қоғоз ўша бизларга берган тилхати бор. Кейин видеога туширганимиз бор. Яширин камера билан олганмиз. Ўша одамнинг фақат товуши бор. Лекин суд уни тан олмаяпти.

Озодлик: Нимага энди яширин камерада унинг товушини ëзиб олгансизлар? Бу қайтариб берасизлар деб даъво қилингандан кейин ëзилганми ëки олдинми?

- Пул олиб бориб берганимизда ëздириб олган эдик. Нотаниш одам. Оформлениени бир ҳафтадан кейин қилиб бераман деганига шу камерани олиб бориб, ëздириб олган эдик. Биз тилхатни суд экспертизасига олиб бордик. Ҳақиқатан ҳам шу одам қўл қўйган. Шуни ўз қўли билан ëзган.

Озодлик: Экспертиза буни текшириб, расмий ҳужжат сифатида кўрсатса бўлади дедими?

- Расмий ҳужжат сифатида кўрсатса бўлади¸ лекин унинг фирмаси ҳозир Россия билан ишлайдиган фирма. Лекин унинг ҳамма ҳужжатлари сохта.

Озодлик: Сизлар энди сотиб олинган уйда яшаëтган эдингларми?

- Ҳозир яшаяпмиз шу уйда. Суд қарор чиқарди. Энди ҳозир мен ўша пулни қайтариб олган тақдирда ҳам беш хонали уй сотиб ола олмайман-ку. Ҳозир 40 минг, 50 минг долларни қаердан оламан?

Шуҳрат Ниёзовнинг битта фарзанди бор. Бундан ташқари, бу беш хонали уйда ота-онаси ва бир укаси бирга яшайди. Агар уй тортиб олинса, икки оила кўчада қолади.

Лекин куйган фақат бизнинг оилалар эмас, дейди Шуҳрат Ниёзовнинг отаси Нурмамат ака. Яна 6-7 та оила уйсиз қоладиган бўлиб турибди. Улардан баъзиларининг қўлида ҳужжатлар бор, аммо, улар қонуний кучга эга эмас бўлиб чиқди.

- Оформление тўғрисида ҳамма ҳужжатлар бор¸ лекин нотариалный тасдиқланмаган. Жуда фирибгар одам бўлиб чиқди бу Анваров Ислом деган йигит. Шу билан алдаб юрдию, бу бола 2004 йилда қамалди. Ўзи бир корхонанинг раҳбари. Давлатдан катта миқдорда кредит олиб, бизлар турган уйларни гаровга қўйган. Биз бундан бехабармиз.

Кейин прокуратура уни қамоққа олди. Қамоққа олингандан кейин яна қандайдир йўлини топиб чиқдию, мана 6-7 йилдан бери оформлят қилиб бермайдию, яна бизларнинг устимиздан ариза ëзиб, ҳозир бизни уйдан чиқаришга суд қарорлари чиққан.

Битта шаҳарнинг ўзида биз олтита-еттитамиз. Промстройбанклар билан суд бўлаяпти. Битта фирма бор у билан ҳам суд бўлаяпти. Спорт мактаби бор у билан ҳам суд бўлаяпти. Ана ҳозир устидан иш қўзғалган. Буни ҳам тўхтатади барибир.

Бу ва яна бир неча оила бир вақтлар сотиб олган уйидан бугун маҳрум бўлиш арафасида. Уларга уйни пуллаган одам фирибгар бўлиб чиқди.

Бироқ, буни бирор амалдорга уқдириб, бошпанамизни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаяпти, дейди Ниёзовлар оиласи. Бу уй-жой можаронинг бошқа тафсилотларини ҳам аниқлаштиришга ҳаракат қиламиз ва Озодлик тўлқинларида бу мавзуга яна қайтамиз.

Садосиз мактублар...

Озодлик таҳририятига тингловчилардан кўплаб мактублар келади. Кейинги вақтларда, айниқса, мактублар сони кўпайди. Аксар мактубларда тингловчилар телефон рақамларини жўнатади ва телефон қилишимизни сўрайди. Бироқ, баъзи муаллифлар аноним манзилдан, бошқа исм-шариф остида хат ёзади. Бугун ана шундай мактублардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Ўзини Қодир Ғуломов, деб таништирган тингловчидан тез-тез мактуб келиб туради. Ўз мактубларидан бирида у шундай ёзади:

“Ассалому-алайкум, Озодлик. Яна мен дўстингиз. Яна бир мудҳиш воқеани эшитдим. 1975 йилда туғилган андижонлик Ҳошимжон Қодировни 20 кунда Тоштурмадан ўлиги чиқди. Оддий нонвой, ўз касбининг моҳир устаси эди. Андижонда эл “Ҳошимжоннинг нони”, деб тўйларга мақтаб олар эди. 13 май 2005 йилдан бери чакана одам қамоққа тиқилдими? Лекин шу кунга келиб ҳам тўхтамаяпти. Ҳошимни ҳам уйидан 20 октябрда олиб кетган эди. 10 ноябрда ўлиги келди. Бу болани ҳеч қандай айби йўқ эди. Кимга дод дейиш керак?!”

Ўзини Қодир Ғуломов, деб таништирган тингловчининг мактубидан парча эди. Мактубда айтилган Ҳошимжон Қодиров бўйича маълумот аниқлашнинг имкони бўлмади. Боғланиш имкони ҳақида сўраганимизда эса муаллифдан шундай жавоб келди:

- Мен компьютерга ҳафтада бир марта кираман. Узоқда ишлайман. Мен айтган одамларда ҳам телефон прослушка бўлади. Ҳамма ўзидан қўрқади, деб ёзади ўз телефон номерини беришдан чўчиётган, аммо, айтмаса дили, айтса тили куядиган муаммодан дод деяётган тингловчимиз.

Яна бир мактуб эса Абдуллоҳ исмли тингловчидан келди.

“Ассалому-алайкум. Мен Кореядан мактуб ёзаяпман. Биз билан бирга келган кўпгина йигитлар шу кунгача иш ҳақини ололмаяпти. Ўзбекистондан жўнатишганда бизга очиб берилган банк рақамларига тушган маошларимизни ололмаяпмиз. Бизга ёрдам қила оласизларми?”

Бу тингловчи ҳам, ҳатто, Кореяда туриб телефон рақамларини беришга чўчиди.

“Менинг электрон почтам ва телефон номеримни сир тутсангизлар, сизлар билан боғланишга ҳаракат қиламан. Лекин мен учун интернет қулай. Чунки, бирор гапни ёзишдан олдин ўйлаб, фикр қилиб, шошмасдан ёзаман. Телефонда эса бундай имконият бўлмайди, бунинг устига гапга устамасман. Мендан сўрайдиган қандай гапларингиз бўлса ёзиб юборинг, имконият борича жавоб беришга ҳаракат қиламан. Сизларга ҳурмат ила Абдуллоҳ”.

Яна бир мактуб ўзини Озодликнинг ашаддий мухлисиман, деб таништирган тингловчидан келди.

“Ассалому-алайкум. Мен Озодлик радосининг ашаддий мухлисларидан бири. Радио сайтини янгилаганингиздан хабар топиб, тезда ушбу сайтга кириб, сайтни кўриб чиқдим. Маълумот олиш учун қулай ва чиройли сайт бўпти. Менга энг кўп ёққани видео лавҳалар бўлди. Илтимос¸ бундан кейин ҳам Ўзбекистонга боғлиқ кўпдан кўп видео ва аудио лавҳаларни тайёрлашларингизни сўраб қоламан. Сизларга омад, сиҳат-саломатлик ва ишларингизда каттадан катта зафарлар тилайман”, - деб ёзади ўзини Озодликнинг ашаддий мухлиси, деб таништирган тингловчилардан бири.

Бизга мактуб йўллаганингизда ўз исми-шарифингизни манзилингизни яширин қолишини истасангиз, бу сизни ҳаққингиз.

Биз сизнинг исми-шарифингиз ва манзилингизни ошкор қилмаган ҳолда сиз юборган мактуб ва фикр-мулоҳазаларни эшиттиришга ва бизга юборган хабарларингизга аниқлик киритишга, муаммоларингиз бўйича эса суриштирув ўтказишга ҳаракат қиламиз.

Зеро “Тингловчи минбари” эшиттириши сизнинг минбарингиз. Бу минбарда ўзбекистонликлар ҳамда дунëнинг бошқа нуқталаридаги Озодлик тингловчи ва ўқувчиларига ўз мурожаатингизни етказиб қўйиш ҳаққи – сизнинг ҳаққингиз.

Марҳамат, бизга мактуб ëзинг.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG