Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:27

Қийноққа солинганлар рўйхати узун


БМТ нинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен¸ Ўзбекистондаги қийноқларнинг системик эканини халқаро майдонда очиқлаган эди.
БМТ нинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен¸ Ўзбекистондаги қийноқларнинг системик эканини халқаро майдонда очиқлаган эди.

Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларни қийноққа солиш амалиёти давом этаётганига оид хабарлар кўпайиб бормоқда.

Шулардан бири Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган 31 ёшли сиёсий маҳбус Фахриддин Омонтурдиевга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақидаги маълумотдир.

Фахриддин Омонтурдиев Ўзбекистон конституцион тузумига тажoвуз қилиш ва Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда айбланиб, йигирма йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий ва диний мотивлар билан айбланиб қамалган маҳбусларга нисбатан қийноқлар мунтазам давом этаётгани кузатилади.

Фахриддин Омонтурдиев Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманига қарашли “Шакарбулоқ” қишлоғида туғилиб ўсган.

2000 йилнинг ёзида 23 ёшли Фахриддин уйланган. Лекин унинг бахтли кунлари узоққа чўзилмади. Фахриддинни чимилдиқдан тўғри ҳибсхонага олиб кетишди. Уйланганига роппа-роса қирқ кун тўланганида унга “ҳизбчи” тамғаси босилди.

Ғузор туман суди қарорига кўра, Фахриддин Омонтурдиев Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни Ўзбекистон конституцион тузумига тажoвуз қилиш ва Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорликда айбланиб, йигирма йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Унинг яқинлари ҳозирда Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган Фахриддин Омонтурдиевга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани хақида хабар қилади.

Фахриддиннинг рафиқаси Мавлуда Юсупованинг матбуотга маълум қилишича, ноябр ойи бошида Жаслиқ қамоқхонасидаги айрим маҳбуслар қийноқларга норозилик сифатида очлик эълон қилишган. Улар орасида бўлган Фахриддин кейинчалик жазо камерасига ташланади.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, улар Фахриддин Омонтурдиев тақдири билан боғлиқ воқеалардан яхши хабардор.

- Жаслиқ қамоқхонасида уларга нисбатан қаттиқ тазйиқлар бўлган. 159-модда билан қамалганлардан юзга яқини Жаслиқ қамоқхонасида очлик эълон қилган. Кейинчалик уларнинг ҳаммасини боғлаб¸ оғзига шланка қўйиб¸ қандайдир суюқ овқатларни мажбурий қуйилган. Ҳозир у жазо камерасида сақланмоқда. Фахриддинда жуда қаттиқ қийноққа дучор қилингани натижасида сил касаллиги ва яна бир қанча касалликлар борлигини айтишди. Унинг оғир аҳволда эканини бизга йиғлаб айтиб беришди, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Маълумотларга кўра, Фахриддин сингари қийноққа учраётган маҳбуслар рўйхати жуда узун.

Сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудов ҳам ушбу рўйхатдагилардар бири. 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган Мамадали Маҳмудов мунтазам қийноққа учраётганлигини айтади «Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов.

- Мамадали Маҳмудов жуда қаттиқ қийноқларга учраган¸ жуда кўп азоб чеккан. Унинг ўзи: “Қийноқлардан кўра ўлим афзал”, деб ëзган. Унинг энг катта хизматларидан бири қамоқхонада қийноқлар мавжудлигини биринчилардан бўлиб ошкор этганидир, - дейди Отаназар Орипов.

Ўзбекистондаги “Виждон тутқинларини озод қилиш” қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов эса сиёсий маҳбус Норбой Холжигитов қийноқлар натижасида соғлигидан айрилганлигини айтади.

- Норбой аканинг аҳволи жуда ëмон. Айтишларича, 40 кило озган. Тишлари тушиб кетиб¸ кўз ожизлиги бошланган. Оëқлари заифлаша бошлаган, - дейди Баҳодир Намозов.

Ҳуқуқ фаоли Алишер Кароматовнинг рафиқаси Намуна Кароматова ҳам қамоқ жазосини ўтаётган 40 ёшли турмуш ўртоғига нисбатан қийноқлар қўлланилгани натижасида соғлигидан айрилиб, силга чалингани ҳақида гапиради:

- Аҳволлари жуда ëмон-да. Мен уни кўрганимда худди уни йўқотиб қўяëтгандан бўлдим. 112 кило чиқар эди. Ҳозир шунақа кичкина бўлиб қолган. Чиқса, 60 кило чиқадими ëки йўқми¸ билмайман, - дейди Намуна Кароматова.

Яна “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг қайд этишича, қарийб ўн йилдан буён қамоқхонада сақланаётган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжонни тез-тез жазо изоляторига ташлашади ва унга нисбатан мунтазам қийноқлар қўлланилади.

- Муҳаммад Бекжон кўпдан касал. Аҳволи ëмон. Сил касаллиги унга махсус юқтирилган. Ўзи ўтирганларнинг ичида аҳволи энг ëмони шу бўлса керак, - дейди Орипов.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятовага кўра, сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши ортида ҳукуматнинг аниқ мақсадлари яширинган.

- Уларга қийноқлар қўлланилишидан мақсад уларнинг бугунги сиëсий тузумга бўлган танқидий қарашларини синдириш¸ уларни руҳан синдириш. Мен буни уларнинг инсон сифатида дунëқарашларни ўзгартиришга қилинаëтган ҳаракат, деб биламан, - дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистон қамоқхоналарининг матбуот учун ёпиқ ҳудуд эканлиги кўпчиликка маълум. Шу боис ҳам мамлакат қамоқхоналаридаги аҳвол юзасидан мутасаддилардан маълумот олишнинг имкони йўқ. Аксар ҳолларда¸ Тошкент расмийлари мамлакатда қийноқлар қўлланилишини инкор қилишади.

XS
SM
MD
LG