Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:50

Юсуф Жума қамалганига бир йил тўлди


2007 йил декабридаги Ўзбекистон президентлик сайлови арафасида Юсуф Жума ва унинг оиласи¸ Ислом Каримовни ҳокимиятдан кетишга даъват қилган ва оила бошига тушган кўргуликларнинг авж нуқтаси шундан бошланган эди.
2007 йил декабридаги Ўзбекистон президентлик сайлови арафасида Юсуф Жума ва унинг оиласи¸ Ислом Каримовни ҳокимиятдан кетишга даъват қилган ва оила бошига тушган кўргуликларнинг авж нуқтаси шундан бошланган эди.

17 декабр куни диссидент шоир Юсуф Жуманинг қўлга олинганига роппа-роса бир йил тўлди. Роппа-роса бир йил муқаддам бир ҳафтага чўзилган "шоир ови" якунига етган эди.

Шоир ови 2007 йилнинг 10 декабрида бошланган эди. Ўша куни 20дан зиёд милиция ходими Юсуф Жуманинг уйига бостириб кирган, уйда ҳеч ким йўқлигига қарамай тинтув ўтказган, мақсад - шоирни қўлга олиш эди.

Юсуф Жуманинг қочқинликда кун кўраётган турмуш ўртоғи Гулнора опа эслайди.

- Тақдир тақозоси билан қочиб қутулишга улгурдик, қочдик, дея гап бошлади Гулнора опа.

Шоирни излаб топиш учун маъмурлар барча воситаларни ишга солди.

- Телевизорда 10 декабрдан бошлаб ҳар хил туҳматлар билан эшиттиришлар тайëрлаб, куни билан ҳар соат орасида Юсуф акам билан Бобуржонни жиноятчи деб бериб боришди, дея эслайди Гулнора опа.

Бир ҳафталик кампания

- Бир ҳафтача қочиб юрганимиздан кейин ўғлим Бобуржон билан Юсуф акам Тошкентда сотқинлар қўли билан ҳибсга олинди, дейди Гулнора опа.

Шундан сўнг, орадан бир неча ой ўтиб, 2008 йилнинг 15 апрелида Бухоро вилоят жиноят ишлари суди Юсуф Жумани 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Суд шоирни Жиноят кодексининг 105, 219, 140- моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда, яъни шахсни ҳақорат қилганликда, милиция ходимига бўйсунмаганликда, енгил тан жароҳати етказганликда айбдор, деб топди.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари фикрича эса, Юсуф Жума адолатсизликка муросасизлиги ва танқидий шеърлари учун жазоланди ва Ўзбекистондаги кўплаб сиёсий маҳбуслар қаторига қўшилди.

Борса келмасдаги ҳаëт

Шу кунда Юсуф Жума Жаслиқдаги қамоқхонада сақланмоқда. Яна шоирнинг турмуш ўртоғини эшитамиз.

- Ўзбекистондаги тўққизта турмага кириб, қанақа турдаги энг оғир азоблар бўлса, тўққизта турманинг азоби қанақа бўлади энди, ҳамма оғир қийноқларни бошидан ўтказиб, натижада Жаслиқ қамоқхонасига ташландилар.

Ҳозир Жаслиқ қамоқхонасида Юсуф акамнинг аҳволлари жуда оғир. Бизга келаëтган маълумотларга кўра оëқларида яхши юра олмас эканлар. Бунинг устига сурункали қийноқлар давом этаëтган экан, дейди шоирнинг рафиқаси Гулнора опа.

Бир неча ойдан буён халқаро ташкилотларнинг Юсуф Жума тақдири юзасидан Ўзбекистон маъмурларига йўллаган сўровлари жавобсиз қолмоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, Юсуф Жума билан унинг ўғли Бобур ҳам судланган ва унга шартли жазо белгиланган эди.

Шоирнинг аввалроқ қамалган яна бир ўғли – Машраб тўғрисида эса, қамоқхонадан қочган деган хабар пайдо бўлган, унинг ҳозирда қаердалиги маълум эмас.

Оиланинг бошқа аъзолари таъқиб-тазйиқлардан қочиб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Орзуларнинг армонга дўниши

Юсуф Жума ва унинг оиласи бошига тушган кўргуликлар¸ гарчи ўтган йилнинг 10 декабридан бошланган бўлса-да¸ таниқли шоирнинг нега қамоққа ташлангани¸ ташланганда ҳам нега айнан "борса келмас" номи билан машҳур Жаслиққа ташланганини тушуниш учун¸ унинг шеърларини ўқиш лозим.

Яна баҳор келди хуш бўйи билан,
Камалаги билан, чақмоғи билан.
Лолазори билан – хушрўйи билан,
Бўстонли боғлари – қучоғи билан.

Кўклам тўғрисидаги анъанавий - "гул"га "булбул" қофия қилинган - шеър. Табиатнинг кўпчилик, ҳатто камина тасвирлаши мумкин бўлган чиройли манзараси. Бу тўртлик ҳали Юсуф Жума эмас. Юсуф Жума кейинги тўртликда. Мана у:

Ошиқлар кўзига олиб келди ўт,
Қизлар дудоғига келтирди олов.
Оҳ, менинг юрагим армонларга юрт,
Оҳ, менинг бошимда қишлардан қиров.

Аслида, асл шоирнинг юраги "боши қишлар қиров"идан оқармай туриб ҳам "армонларга юрт"дир. Халқнинг армонларига.

Армонлар юрти - фавқулодда юрт

Шоир ўз "юрт"ига халқнинг армонларини йиғар экан, уларни сақлаб¸ ачитиб¸ бижитиб¸ моғор бостириб ўтирмайди.

Юсуф Жума ҳар бир армон ҳақида жар солади. Ҳар бир армон учун жанжал қилади.

Бешикларнинг ўрни бўлсин пахтазор,
Юрт айлансин пахта – ҳақнинг ўрнига.
Битта халқ борми-йўқ, нима фарқи бор,
Пахта экиш керак халқнинг ўрнига!!!

деб, аччиқ кесатиқ билан ёзган эди шоир бундан 20 йил муқаддам. Бу тўртликдагидай кинояю кесатиқни Юсуф Жуманинг деярли ҳар бир шеъридан топасиз.

Баъзан шоирнинг шеърий жанжалларидан бироз ҳориганингизни, уларни малол олаётганингизни сезиб қоласиз. Ана шундай пайтда унинг мана бу сатрларини ўқийсизу¸ ялқову лоқайд юрагингиз билан шоирнинг юраги ўртасидаги фарқни англаб лабингизни қимтийсиз, мулзам бўласиз.

Шоир бошдан оёқ ишқ
Шоир бошдан оёқ қон.
Ҳар битта ҳужайраси
Наъра тортган арслон.

Шоир бошдан оёқ оҳ,
Шоир бошдан оёқ арз.
Ҳар битта ҳужайраси
Кўзлари олов йўлбарс.

Шоир бошдан оёқ – арш
Бошдан оёғи юрак.
Шоирда ҳақ яшайди,
Ғаними иблис фалак.

Фақат "иблис фалак" билан курашиб, осмонлардан тушмаса¸ Юсуф Жума Юсуф Жума бўлмас эди. Шоир ерда юради. Чунки армонларини айтаётгани халқ ерда. Лекин Юсуф Жума халқнинг армонларини эшиттириб қўядиган овозкучайтиргич эмас.

Даъватчи шоир

Шоир даъватчидир, халқни журъатга, ғайратга даъват қилгувчидир.

Қўйлигингни ташла халқим,
Ташла қуёнлигингни.
Бил, шер бўлган аждодларинг
Бил, арслонлигингни.

Бундай даъватчилик, айниқса, шоирнинг кейинги йиллардаги ижодида кучайди. Бу йўналиш Юсуф Жуманинг сўнгги йиллардаги бош мавзуи - "Халқ ва Ҳукмдор" мавзуининг бир қанотидир.

Соқол қўйиш жиноят,
Чунки тождор бесоқол.
Соқолни қиртишлаб ҳам
Юролмадим бемалол.

Кўчаларда хотиржам
Яйрашга йўл қўймайди.
Танасида яширин
Соқол бор, деб ўйлайди.

Ишонмасангиз кўринг,
Шоҳим, подшоҳи олам,
Қиртишлайман баъзида
Сиз ўйлаган жойни хам.

Лаҳча чўққа айланган бир парча қўрғошиндек танангизни тешиб ўтади бу сатрлар, агар бир зумга ўзингизни тождорнинг ўрнига қўйиб кўрсангиз. Лекин тождор бу сатрларни ёнидан ўтказиб юборса ҳам, мана буларини ўтказиб юборолмайди. Чунки бу шеърда мажоз йўқ. Бу шеърда замон ҳам, макон ҳам аниқ:

Элнинг асл эрлари¸ Андижонда отилди,
Дукчи эшон пирлари, Андижонда отилди.

Наманганда отилди, отилди Фарғонада
Энг охирги шерлари Андижонда отилди.

Ўзбекликка истеъфо

Сўнгги – ватанда шерлар қолмади, деган фикр Юсуф Жуманинг кейинги йиллардаги шеърларида тез-тез учрайди.

Танимни қоп-қора қонга тўлдирди
Адоман юраги тиликлигимдан.
Номусдан ўлдирди, ордан ўлдирди
Истеъфо бераман ўзбеклигимдан.

Ўзбекнинг бир жанжалкаш шоир боласи ўзбеклигидан истеъфо берар экан, ўзбекка иснод эмасми?

Ўзбекликдан истеъфо берган Юсуф Жума мана бир йилдирки асоратда, исканжада.

Мени дўстлар қолдирди ёлғиз,
Ҳатто хешлар қолдирди ёлғиз.
Элим ёлғиз қолдирди, эсиз,
Ёв қошида ожиз қолдирди.

Ҳамма қочди - камина унут,
Сувсиз қолган ўзандек - издек.
Элим каби сен ҳам мендан кет,
Мени ёлғиз қолдир ёлғизлик.

XS
SM
MD
LG