Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:16

Жиззахда газ жанжали бўлди


Ҳали қишнинг қорли-қировли кунлари олдда бўлса-да¸ Ўзбекистон шаҳарларидаги мактабларда ҳам болалар уст кийимида¸ совуқдан қунушиб дарс ўтмоқда.
Ҳали қишнинг қорли-қировли кунлари олдда бўлса-да¸ Ўзбекистон шаҳарларидаги мактабларда ҳам болалар уст кийимида¸ совуқдан қунушиб дарс ўтмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ўз қўшниларига газни 300 доллардан сотиб олишни таклиф қилаётган бир пайтда ўзбекистонликларнинг ўзлари қора қишда газга ёлчимаяпти.

Воқеа гувоҳларининг хабар қилишича¸ 23 декабр куни Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги Бўстон шаҳарчасининг икки маҳалласи аёллари орасида газ масаласида катта жанжал чиққан.

- Наврўз маҳалласи 11 хотин билан саккизта мактаб боласи ва яна мардикор бозордан тўртта одам олиб келибди. Бизнинг маҳалладан эркаклар сони ўн битта¸ аëллар сони 22 та бўлди¸ - дейди шу шаҳарчада истиқомат қилувчи Анорбой Холиқулов.

Анорбой аканинг сўзига кўра, қўшни маҳалланинг бири манфаатини 23 одам¸ бошқаси манфаатини эса 22 аëл ҳимоя қилишга уринган ва орада хотинлар бир-бирлари билан роса юлишган.

- Маърифат дегани билан Люба опа Аюпова деганимиз бор. Иккалови соч юлишиб¸ биттаси касалхонага¸ биттаси милицияга югуриб кетди. Бу йўқ газнинг талашиши. Фуқаролар ўзи газни зўрға ëқиб ўтирибди. Бу можаро йўқ газга бўлиб ëтибди.

Ҳозир Дўстлик маҳалласидан хотин-халаж яна келибди. Жанжал қизиб¸ кетмон-белкураклашиб ëтишибди. Энди бости-бости қилиб¸ раҳбарлардан бирортасини чақирмоқчимиз.

Анорбой аканинг сўзларига кўра, хотинлар ўртасидаги бу даҳанаки жанг ортидаги асосий сабаб газ босимининг пастлаб кетганидир.

Маълум бўлишича, Дўстлик маҳалласи аҳолиси Тошкентдан рухсат олиб, ўз кучи билан маҳаллага газ қувури тортиб келган. Энди эса сал юқорида жойлашган Наврўз маҳалласи аҳолиси ана шу қувурдан ўзбошимчалик билан ўзларига янги газ қувури ўтказмоқчи бўлаëтган экан.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдилло Раззоқов ҳам жанжалнинг асосий сабаби газ босимининг пастлигида экани ҳақдаги гапни қувватлайди.

Ўзи милтиллаб турган газ билан аранг тирикчилик қилаётган Дўстлик маҳалласи аҳолиси сабр косасини улар ўтказган газ қувурига қўшниларнинг кўз олайтиргани тўлдириб юборган¸ дейди бу кузатувчи.

- Уни газ деб ҳисоблашнинг ўзи ачинарли ҳол. Чунки у милтиллаб турибди. У энди газ бўлмайди. Ундан на иссиқлик бўлади¸ на бирон-бир овқат пишира оласиз¸ на бир чой қайната оласиз, - дейди Зиёдилло Раззоқов.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, йил бўйи далада пахта етиштирадиган оддий деҳқоннинг маиший ҳаёти билан маҳаллий ҳукуматнинг иши бўлмай қолган. Унга кўра, ҳатто электр энергияси таъминоти ҳам думи юлинган товуқни эслатади.

- Мана, олайлик, эрталаб соат еттидан саккизгача беради. Кейин ўчади. Тушда ҳам бир соат келади ва яна ўчади. Шу билан кечқурун бир ëки икки соат ëнади, шу билан яна ўчади. Кечаси билан чироқ йўқ. Марказларда чироқ бор. Шаҳарча ва қишлоқ жойларда чироқ йўқ, - дейди Зиёдилло Раззоқов.

Анорбой Холиқулов эса Бўстон шаҳарчасидаги мактабнинг ночор аҳволи ҳақида гапиради:

- Бизнинг шу Шароф Рашидов номли биринчи ўрта мактаб умуман шароитга ҳам тўғри келмайди. Ойналари синган. Унинг ўрнига клëнка тортиб ўтиришибди.

Ҳафтада беш кун ўқиса¸ бир кун ¸албатта¸ иситмаси чиқади. Ота-оналар мажлисига ҳам бориб кўрдик. Хоналар совуқ. Мактаб ҳам газга пул¸ чироққа пулдан нарига ўтмай қолган. Электросетга пул йиғайлик¸ клëнкага пул йиғайлик каби сўзларда.

Бизда ëрқин ҳаëт йўқми дейман-да¸ - дейди Анорбой Холикулов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдилло Раззоқов фикрича, агар маҳаллий ҳукумат аҳолининг газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммоларини зудлик билан ҳал этмас экан, бу норозилик аста-секин газак олиб, нохуш ҳодисаларни келтириб чиқариши мумкин.
XS
SM
MD
LG