Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:02

Ватандан кетиш эҳтиëжи кучаймоқда


Қашшоқлик ва ижтимоий адолатсизлик¸ миллионлаб ўзбекистонликларни ўз ватанини ташлаб кетишга ундаëтган асосий омиллар саналади.
Қашшоқлик ва ижтимоий адолатсизлик¸ миллионлаб ўзбекистонликларни ўз ватанини ташлаб кетишга ундаëтган асосий омиллар саналади.

Халқаро молиявий кўмак асосида уюштирилган сўров натижаларига кўра¸ ҳозирда ўзбекистонликларнинг 30 фоизи ўз ватанидан чиқиб кетиш орзуси билан яшамоқда.

БМТ тараққиёт дастури билан Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси биргаликда уюштирган сўров натижаларига мувофиқ, Ўзбекистондан чиқиб кетиш истагида бўлганларнинг аксарияти яшаш ва ишлаш учун Россияни танлаётган эканлар.

Айни сўров натижалари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилдик. Элчихона ходимига кўра, сўров натижалари 2008 йилнинг охирида китоб ҳолида чоп қилинган.

- Китоб бўлиб чиққан. Элчихона бу китобни чиқаришга ëрдам берган. Элчихонанинг ўзи тўғридан-тўғри сўров ўтказа олмайди-ку, деди дипломатик муассаса ходими.

БМТ тараққиёт дастури билан ҳамкорлик қилувчи, аммо ўз номи ошкор қилинишини истамаган ўзбекистонлик ходимнинг билдиришича, ушбу китоб “Ўзбекистонда меҳнат миграцияси: ижтимоий, ҳуқуқий ва гендерлик жиҳатлари” деб номланиб, 600 нусхада чоп қилинган.

- Учта вилоятда: Наманган¸ Қашқадарë ва Тошкент вилоятида сўров ўтказилган. Бу ерда рақамлар жуда ҳам кўп. Шунинг учун бир оғиз сўз билан бутун китобни тасвирлаб бериш қийин. Чунки китобнинг ўзи 700 бет, дейди ўзбекистонлик ходим.

Суҳбатдошимиз китобда жуда кўп маълумот келтирилгани учун сўров натижалари ҳақида гапира олмаслигини билдирди.

Айни сўров натижалари ҳақида Regnum ахборот агентлиги қуйидагиларни ёзади:

“БМТ тараққиёт дастури томонидан ўтказилган сўровда иштирок қилган ўзбекистонликларнинг 30 фоизи мамлакатдан чиқиб кетиш истаги борлигини билдирган. Бундай истак соҳиблари доимий яшаш учун ҳам ёки меҳнат муҳожири сифатида ҳам айнан Россияга бориш истагида эканлар”.

БМТ тараққиёт дастури ўтказган сўров давомида шунингдек, мамлакатни аввал тарк этган фуқаролар Россияда бир неча йил ишлаб яшагач¸ Ўзбекистонга қайтиб келишни истамасликлари ва ўз оилалари, қариндошларини ҳам мамлакатдан олиб чиқиб кетаётганликлари аниқланган.

Қаршилик Нодир Аҳатов ҳам Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонни тарк этиш истагида эканлигини айтади.

- Шунақа истак бор. Асосий сабаби - ишсизлик ва ҳуқуқсизлик, дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев ҳам Нодир Аҳатов сингари мамлакатдан чиқиб кетиш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил қилиши ҳақида гапиради.

- Швейцария элчихонаси¸ кейин БМТнинг ривожланиш дастури уюштирган бу сўров мамлакатдан чиқиб кетган аҳолини ўз ичига олмайди, яъни мамлакат ичида қолганларнинг 30 фоизи чиқиб кетишни хоҳлаяпти.

Бунинг маъноси шуки¸ агар Ўзбекистоннинг 5-6 миллион одами четда меҳнат муҳожири бўлиб юрган бўлса¸ аҳолининг яна 30 фоизи мамлакатдан чиқиб кетмоқчи.

Асосий сабаб - Ўзбекистондаги ижтимоий аҳволнинг ниҳоятда ëмонлиги. Бу Ўзбекистон бераëтган статистик маълумотларнинг мутлоқ ëлғонлигини билдиради. Ўзбекистонда ҳақиқатан ишсизлик миқëси жуда катта, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Суҳбатдошимиз аксарият ўзбекистонликлар яшаш ва ишлаш учун нега айнан Россияни танлаётганларига ҳам изоҳ бериб ўтди.

- Авваламбор¸ Россияни танлаши бу кўпчиликнинг рус тилини билиши¸ визанинг йўқлиги¸ Россияда ҳамюртларимиздан битта-яримтаси борлиги-ю¸ “келсанг, иш топиб берамиз”, дейишлари билан боғлиқ. Бундан ташқари, воситачилик қилиб юрган одамлар ва фирмаларнинг кўпроқ Россия билан боғланганлиги туфайли Россияни айтишаяпти.

Ғарбга чиқиб кетиш ниҳоятда оғир. Бунинг учун кўпроқ маълумотга ва маълум бир маблағга эга бўлиш керак. Бу нарса Ўзбекистондан чиқиб кетаëтган муҳожирларда йўқ, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

БМТ тараққиёт дастури ҳамда Швейцария элчихонаси томонидан чоп этилган китобда қайд этилишича, ўзбек меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий билимларини ошириш зарур.

Шунингдек, ушбу китобда Россиянинг ўзбек муҳожирлари кўп бўлган Екатеринбург, Хабаровск, Самара, Новосибирск, Омск, Нижний Новгород шаҳарларида консуллик хизматларини йўлга қўйиш лозимлиги ҳам таъкидланади.
XS
SM
MD
LG