Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:59

Меъëрга айланаëтган қуллик


Кузатувчилар фикрича, хорижга иш излаб кетган ўзбекистонлик мигрантларнинг асоратга тушиб қолишларига уларнинг ҳуқуқий саводсизлиги ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Кузатувчилар фикрича, хорижга иш излаб кетган ўзбекистонлик мигрантларнинг асоратга тушиб қолишларига уларнинг ҳуқуқий саводсизлиги ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун борган биргина хоразмлик мардикорлардан 132 тасининг паспорти олиб қўйилиб, ўзлари қул ўрнида ишлатилмоқда.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг Озодликка билдиришича, айни пайтда Россия ва Қозоғистонда ишлаётган юздан зиёд хоразмлик паспорти йўқлиги учун уйига қайта олмаяпти.

- Ҳозирги кунда бизга мурожаат қилган 132 та киши бор. Булар Россияда¸ Украинада, айримлари эса Қозоғистонда. Уларнинг асосий муаммолари улар шахсни тасдиқловчи ҳужжатларидан яъни паспортларидан маҳрум бўлишган.

Мурожаат қилганлар эса уларнинг Хоразмдаги яқин қариндошлари. Мен куни-кеча Тошкентдан қайтиб келдим. Бу одамларни ўз оилаларига қайтаришда ëрдам беришларини сўраб¸ ҳукумат вакиллари учун Россия ва Қозоғистон элчихоналарига илтимоснома топшириб келдим, - дейди “Нажот” ташкилоти раҳбари.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, 2008 йилда “Нажот” ташкилоти Россиядаги “Мемориал” ва “Фуқаровий кўмак” ташкилотлари ёрдами билан 54 нафар ўзбекистонликни уйларига қайтаришга муваффақ бўлган.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевнинг таъкидлашича, Россияда паспорти тортиб олиниб, қул ўрнида ишлатилаётган Ўзбекистон фуқаролари кўпчиликни ташкил қилади.

- Ҳар 100 одамдан 30 ëки 35 тасининг паспорти олиб қўйилиб¸ қул ўрнида ишлатилаяпти, дейишимиз мумкин. Уларнинг ҳужжатлари иш берувчиларнинг қўлида бўлади. Бу фуқаролар учун олдиндан пул берилади. Кейин уларнинг паспортлари олиб қўйилиб¸ узоқ ишлатилади ва пуллари берилмайди. Бундай ҳолатлар меҳнат мигрантларининг ҳаëти учун нормага айланиб қолган, дейди Баҳром Ҳамроев.

Маълум бўлишича, ўзбек мардикорларининг паспортлари кўпроқ алдов, товламачилик ва қўрқитув йўли билан тортиб олинмоқда.

Тошкент вилояти Чиноз шаҳрида яшовчи 50 ёшли Аҳрор Жумазов ҳам ўзини айнан алдов йўли билан Қозоғистонга олиб боришгани, кейин эса паспортини тортиб олиб, қул ўрнида сотиб юборишганини айтади.

- Чиноз туманидан Вика исмли аëл бизга: “Қизилўрда шаҳрига борасизлар”, деди. Биз унга ишондик. “Ишлашингизга қараб, 300-350 минг пул берамиз”, деди.

Аҳрор Жумазовга кўра, у икки ўғли ва яна икки ҳамшаҳри билан Қизилўрда шаҳрида 25 кун давомида қулликда яшаб-ишлагач, Ўзбекистонга қочиб келишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, ўтган йилнинг тўққиз ойи мобайнида 1500 га яқин Ўзбекистон фуқароси одам савдоси қурбони бўлган.

Мустақил кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, ўзбекистонликларнинг одам савдоси қурбонига айланишининг олдини олиш учун мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш ва ишсизликни тугатиш зарур.

- Ўзбек мардикорларининг аҳволини ўнглаш учун Ўзбекистонда ҳаммасини нолдан бошлаш керак. Одам савдосига қарши курашиш учун, энг аввало, Ўзбекистоннинг ўзида ислоҳот ўтказиш керак.

Ишсизлик муаммоси ўзбекларнинг қул бўлиб қолишига¸ мажбурий меҳнатга жалб этилишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда иш умуман йўқ.

Қолаверса, ўзбек миллатининг бошқа танлаш йўли қолмаган. Яъни ўзбек миллати бошқа юртларда мардикорлик қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса оқибатда қулликка тушиб қолишига сабаб бўлмоқда, дейди Тўрабек Сано.

Ўтган йили Ўзбекистон одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди.

Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги ва “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш учун 2008-2010 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳрида одам савдосидан жабр кўрганлар учун реабилитация маркази ташкил қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG