Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:15

Қирғизлар таъқибга осон бош эгадиган эмас


Қирғиз мухолифати лидерлари мамлакатдаги мухолифатчиларнинг 70 фоизига қарши жиноят ишлари очилганини қайд этадилар.
Қирғиз мухолифати лидерлари мамлакатдаги мухолифатчиларнинг 70 фоизига қарши жиноят ишлари очилганини қайд этадилар.

Президент Бакиевнинг мухолифат раҳбарларини турли жиноий айблар билан бирма-бир йўқ қилиш сиëсатига қарши қирғиз мухолифати бирликда аксил-амал бошлади.

14 январ куни Бишкекда мухолифат етакчилари ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан таркиб топган сиёсий таъқибга қарши кураш қўмитасининг таъсис этилгани эълон қилинди.

Айтилишича¸ мазкур қўмита сиёсий таъқибнинг барча кўринишларига қарши курашиш ва ҳукумат томонидан таъқиб қилинаётган ўзгача фикрловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Сиёсий таъқибга қарши кураш қўмитаси раислигига сайланган таниқли мухолифатчи Тўпчубек Турғуналиевнинг айтишича, янги жамоат тузилмаси бугунги кунда қатъий режимда ишлашга мажбур бўлади.

- Янги туғилган сиёсий таъқибга қарши кураш қўмитаси қаттиқ ишлашга мажбур бўлади. Чунки бугунги кунда Бакиевни ҳокимиятга келтирган Бирлашган халқ ҳаракати раҳбарлари, уларнинг яқинлари ва фарзандлари ҳам бир чеккадан таъқиб қилина бошланди.

Жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият бу таъқиблардан, қувғинлардан ўз вақтида хабардор бўлиши лозим, деди Тўпчубек Турғуналиев.

Сиёсий таъқибга қарши кураш қўмитаси ташкил этилиши биланоқ унга ҳимоя сўраб “Янги Қирғизистон” партияси раҳбари, Давлат хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Исмоил Исақов, “Яшиллар” партияси раҳбари Эркин Булекбоев, “Буюк бирдамлик” партияси раиси Эмил Каптагаев ва “Алиби” газетаси раҳбари Бобурбек Жээнбековлар мурожаат қилдилар.


“Янги Қирғизистон” партияси раҳбари, генерал Исмоил Исақов ўтган ойда президент Бакиев сиёсати билан келиша олмаслигини айтиб, Давлат хавфсизлик кенгаш котиби лавозимидан истеъфо берган эди.

Генералнинг айтишича, унга нисбатан Бош прокуратура томонидан қалбаки айбловлар билан жиноят иши очилгани айни мана шу сабаб билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам у ҳимоя сўраб, сиёсий таъқибга қарши кураш қўмитасига мурожаат қилган.

Исмоил Исақовга кўра, унга қарши очилган жиноят иши сиёсий буюртмадир. Генерал айни пайтда Қирғизистон президентини танқид қилган ва у билан келиша олмаган сиёсатчиларга нисбатан қалбаки жиноят ишлари очилаётганини ҳам айтиб ўтди. Унинг айтишича, бугунги ҳокимият ҳалол ишлаган одамларни ҳам қувғин қилаётир.

- Шундан келиб чиқсак, демак ўғрилик, коррупция, халқ бойлигини сотиш жиноят эмас. Ҳалол ишлаш ва ўз фикрини очиқ айтиш эса жиноятдир, деди Исмоил Исақов.

Қирғиз мухолифатининг таниқли намоёндаси Азимбек Бекназаровнинг оммавий ахборот воситаларига билдиришича, шу кунларда мухолифат раҳбарларининг 70 фоизига қарши жиноят ишлари очилган. Бекназаров фикрича, ҳукумат шу йўл билан мухолифатни бира-тўла яксон қилиш мақсадини кўзлаган.

Қирғиз парламентидаги ҳукуматпараст “Оқ йўл” фракцияси вакили, депутат Абдирайим Қулбоевнинг айтишича, мухолифатнинг сиёсий таъқиблар юзасидан даъволари асоссиздир.

- Менинг фикримча, сиёсий таъқиб бўлаётгани йўқ. Ҳар бир инсон амалда ўтирган пайтида қилган хатолари учун қонун асосида жавоб бериши лозим. Собиқ амалдорларга қилган ноқонуний ишлари кўрсатилса, улар буни таъқиб ўлароқ баҳоламоқдалар, дейди Абдирайим Қулбоев.

Бироқ Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилотининг 14 январ куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, “Қирғизистонда фикрлар хилма-хиллиги ва фундаментал ҳуқуқлар хавф остида қолиш” арафасидадир.

Ҳисоботда бу мамлакатдаги ўзгача фикрловчилар ва журналистларга тазйиқлар кучайгани алоҳида қайд этилади.
XS
SM
MD
LG