Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:58

"Биз ҳали у аҳволга етмадик"


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари ва айрим сиёсатшунослар таъкидича, мамлакатда фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари бузилишининг кўпайиб бораётганини Қирғизистон ҳукуматининг Ўзбекистон каби авторитар тузум қуришга ҳаракати сифатида баҳолаш мумкин.
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари ва айрим сиёсатшунослар таъкидича, мамлакатда фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари бузилишининг кўпайиб бораётганини Қирғизистон ҳукуматининг Ўзбекистон каби авторитар тузум қуришга ҳаракати сифатида баҳолаш мумкин.

Қирғиз фуқаролик жамияти вакиллари ўтказган очиқ форумда Бишкек ҳукуматининг авторитарлашиб бораëтгани айтилса-да¸ вазиятни Ўзбекистонга таққослаш адолатдан эмаслиги ҳам қайд этилди.

Очиқ форум ташкилотчиси бўлган “Фуқаролик жамияти коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти раиси Динара Ошурахунованинг айтишича, Қирғизистон демократик тамойиллардан тобора ортга чекиниб бормоқда.

- Конституция бўйича ҳар бир фуқаро намойишга чиқиб, ўз фикрини эркин ифода қила олиш ҳуқуқига эга. Бироқ амалда эса бунинг тескариси бўлаяпти.

Ҳукумат тузилмалари тинч намойишлар ва митинглар ўтказилишига қарши ноқонуний чораларни қўллаб, ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилмоқда, деди Динара Ошурахунова.

Форумда таъкидланишича, бир неча кун олдин Талас вилоятида ўз йиғилишларини ўтказмоқчи бўлган “Ота макон” ва Социал-демократлар партияси вакиллари вилоятнинг қатор туманларига киритилмаган, партиявий йиғилишлар ўтказилишига ҳукумат томонидан тўсқинликлар қилинган.

Ўтган йили эса “Мен ишонмайман” ёшлар ҳаракатининг тинч намойишлари милиция томонидан тарқатилиб, норозилар қамоққа олинган ва судланган. Ўнга яқин мухолиф партиялар вакиллари эса намойишлар уюштиришга ҳаракат қилгани учун номаълум шахслар томонидан калтакланган.

Мухолифатдаги “Оқ шунқор” партияси раиси Темир Сариев ҳукумат фуқароларнинг тинч йиғилиш ҳуқуқини поймол этиш билан бир қаторда уларнинг сиёсий эътиқод эркинликлари ҳам бўғилаётганини айтади.

- “Оқ шунқор” партиясини бугунги кунда қайта рўйхатга олишдан бош тортмоқдалар. Расмийлар партиянинг ҳар бир аъзоси исми ва уй манзили рўйхатини тақдим этишимизни талаб қилаяпти.

Агар партия аъзолари рўйхатини ҳукуматга топширсам, эртага уларга қарши босимлар бошланмаслигига расмийлар кафолат бермадилар, деди Темир Сариев.

Мамлакатдаги бундай вазиятни таҳлил қилар экан, бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев матбуотга “Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон сиёсий йўналишини танлаяпти” деган хулосани билдирган эди.

Сиёсатшуноснинг айтишича, “расмий Бишкек Ўзбекистон сиёсий йўналишидаги қатъий авторитаризм тамойилини танлаб оладими ёки барча соҳаларда ҳукумат иштирокини оширишними?” деган саволга ҳозирча жавоб бериш қийин.

- Менимча, бугунги кунда мамлакат ҳақиқатан ҳам давлат сиёсати ва давлат ролининг кучайтирилишига муҳтож. Лекин бу кучайтириш жамиятнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган масъулиятли сиёсат юритилсагина ўзини оқлайди.

Агар бу ҳаракат муайян аймоқ, ҳокимиятдаги кичик гуруҳ манфаатлари учун амалга оширилаётган бўлса, шубҳасиз, Қирғизистон диктаторлик мамлакатига айланаяпти, деб айта олишимиз мумкин бўлади, деди Александр Князев.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун эса бу каби фикрларга қўшилмайди. У тинч намойишлар ва митинглар ўтказиш ҳуқуқи мавзусидаги очиқ форумда иштирок этар экан, кейинги йилларда Қирғизистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасида бир қатор камчиликларга йўл қўйганини айтиб ўтди.

Турсунбек Ақун фикрича, Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ҳам ёмонлашган, бироқ бу мамлакат авторитаризм сари қадам қўяётганидан далолат эмас:

- Халқ пикет ёки митинг ўтказа олмаяпти. Албатта, бундай чекловлар бор. Лекин бу Ўзбекистонга ўхшаб қолдик, дегани эмас. Ўзбекистонда, масалан, биздаги каби кучли Омбудсмен институти йўқ. Сиёсий партияларнинг барчаси ҳукуматнинг қўғирчоқларидир.

Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқлигини эса бутун дунё ҳамжамияти билади. Қирғизистондаги вазият ҳозирча бу аҳволга етгани йўқ, деди Турсунбек Ақун.
XS
SM
MD
LG