Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:13

Мардикорнинг даромади камаяди


Иқтисодий бўҳрон Россиядаги мардикорларнинг оғир меҳнат эвазига топаётган даромадини ҳам кескин камайтириб юбормоқда.
Иқтисодий бўҳрон Россиядаги мардикорларнинг оғир меҳнат эвазига топаётган даромадини ҳам кескин камайтириб юбормоқда.

Жаҳон банкининг 2009 йили гастарбайтерлар даромадининг 50 фоизча қисқаришига оид башорати хориждаги ўзбек меҳнат муҳожирларини ҳам ташвишга солиб қўйди.

Хоразмлик ака – ука Алишер ва Улуғбек бир неча йилдирки Россияда мардикорлик қилмоқда. Улуғбекка кўра, Ўзбекистонда ишлаб пул топишнинг имкони топилмагач, улар Россияга бориб ишлашга мажбур бўлганлар.

-Россияга бориб ишлаб, рўзғор тебратиб юрибмиз. Ейиш керак¸ ичиш керак. Ўзбекистонда нон қолгани йўқ. Деҳқончилик қилай десанг сув йўқ¸ дейди Улуғбек.

Хоразмлик ака – ука мардикорлик қилиб, уйланиш учун пул йиғаяпти. Алишерга кўра, агар уларнинг иш ҳақлари камаядиган бўлса, уйланишлари кечикиши мумкин.

- Унда аҳволимиз оғир бўлади. Уйлана олмаймиз. Чунки рўзғор Россияда ишлаб топган пулдан айланаяпти. Агар даромад камайса, тўйга пул йиғолмай қоламиз¸ дейди Алишер.

Жаҳон банки тарқатган маълумотга кўра, ўтган йили ўзбек мардикорлари Ўзбекистонга тахминан бир миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатмалари юборган.

Бироқ банк ҳисоб-китобига кўра, молиявий инқироз туфайли 2009 йилда меҳнат муҳожирларининг даромади 50 фоизга камайиши мумкин.

Мардикорлар даромадининг камайиши натижасида эса аксарият ўзбек оилалари иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволда қоладилар.

Қашқадарёлик Зулфия опа бугунги кунда аксарият ўзбек оилаларининг асосий даромади мардикорлик орқасидан бўлаётганини айтади.

Шунинг учун ҳам Зулфия опа молиявий инқироз туфайли ўзбек мардикорларининг Россияга бориб ишлаши тўхтаб қолишидан ёки уларнинг иш ҳақлари камайишидан ташвишда.

- Мана ўзимиз ҳам Россиянинг орқасидан кун кечираяпмиз. Фойдаланганим учун шу гапни айтаманда. Ҳамма оналар ҳам шундай дейди.

Ўзбеклар Россиянинг орқасидан оила боқишаяпти¸ машина олишаяпти¸ тўйлар қилишаяпти. Агар Россия бўлмаса¸ ўзбеклар кун кечира олмайди¸ оила боқа олмайди¸ ишсиз кўпаяди¸ дейди Зулфия опа.

Мустақил кузатувчи Тўрабек Сано эса бу борада янада жиддийроқ ҳолатни тилга олади. Унга кўра, ўзбек мардикорлари даромадининг камайиши Ўзбекистонда ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкин.

- Ҳозирги пайтда беш миллиондан ўн миллионгача бўлган ўзбек мардикорлари ўзга давлатларда ишламоқда. Улар бунинг ортидан каттагина даромад қилишмоқда. Агар жаҳон банкининг гапи тасдиқланиб¸ гастарбайтерларнинг даромади камаядиган бўлса¸ бу Ўзбекистон аҳолисига салбий таъсир этади.

Бу иқтисодий вазиятнинг оғирлашишида¸ нарх-навонинг ўсишида кузатилиши мумкин. Қолаверса бунинг ижтимоий портлашга олиб келиш хавфи жуда ҳам юқори. Чунки ҳозирги пайтгача Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий портлашдан чеклаб турган нарса фуқароларнинг четда ишлаб¸ ўзларининг иқтисодий аҳволларини ўнглаб олиш имконияти мавжуд бўлганлигида эди.

Россия ва Қозоғистонда ишчи ўринлари камайиб¸ мардикорлар камроқ пул жўната бошласа¸ бу улкан ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкин¸ дейди Тўрабек Сано.

Ўтган йилнинг кузидан бошлаб Россияда ишлаётган кўплаб ўзбек мардикорлари уйларига қайтаётганликлари кузатилаяпти. Буни айримлар айнан молиявий бўҳрон билан боғламоқдалар.

Бироқ 30 январ куни Россия Федерал миграция хизмати Москва вилоят бошқармаси раҳбарияти хорижий ишчилар уйларига қайтишининг молиявий инқирозга алоқаси йўқлигини таъкидлаб, бу ҳолат мавсумий характерга эгалигини билдирди. Яъни ҳар йили қиш мавсумида аксарият мардикорлар уйларига кетиб, баҳор келгач яна ишлаш учун Россияга қайтиб келишади.

Москва вилоят Миграция хизмати бошқармаси раҳбарияти маълумотига кўра, ҳозирда 116 минг хорижий ишчига 2009 йилда Москва вилоятида ишлаш учун рухсатнома берилган. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқароларидир.

XS
SM
MD
LG