Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:18

Икки идора - икки хил муносабат


Акмал Саидов ва у етакчилигидаги марказ¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини Ғарб танқидларидан ҳимоя қилишга астойдил уриниб келади.
Акмал Саидов ва у етакчилигидаги марказ¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини Ғарб танқидларидан ҳимоя қилишга астойдил уриниб келади.

Гап инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган Ўзбекистоннинг икки расмий идораси: Ўзбекистон республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман ҳамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази устида боради.

Жорий ҳафтада бу икки ташкилот вакиллари билан гаплашишга ҳаракат қилдик.

Улардан биринчиси – Омбудсман идораси ўзининг оммавий ахборот воситалари учун мутлақо ёпиқ эканлигини намойиш қилган бўлса, иккинчи идора - Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази вакиллари ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёр эканликларини намойиш қилди.

Марказнинг етакчи мутахассисларига Сиз тингловчини қизиқтириши мумкин бўлган саволлардан кўпчилигини бердик. Олганимиз жавобларни эшиттиришга қўйишдан олдин, келинг Омбудсман билан гаплашишга қилган ҳаракатимизу бу ҳаракатдан чиққан натижа билан танишинг.

Ўзбекистон парламенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсман институти 1995 йили, Олий Мажлиснинг биринчи сессиясида таъсис этилган.

Мазкур идорани 1995 йил декабридан буён Сайёра Рашидова бошқариб келади.

Омбудсман тўғрисида гапириш фикри эса, мана бу хабар туфайли пайдо бўлди.

2008 йили Ўзбекистон республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили –Омбудсман фуқаролардан тушган 9962та аризани кўриб чиқди.

Бу маълумот Олий Мажлис Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар бўйича комиссиясининг куни кеча ўтказилган мажлисида эълон қилинди.

"Мажлисда ҳисобот маърузаси билан чиқиш қилар экан, Омбудсман Сайёра Рашидова ўтган йили келиб тушган 9962 та аризадан 5383 таси вилоятлардан, 69 таси аҳлоқ тузатиш муассасаларидан олинганини, 2370 киши такроран мурожаат қилганини маълум қилди", дейилади расмий маълумотларда.

Демак, биз Ўзбекистон Омбудсманининг йиллик ҳисоботи мазмуни билан яқинроқ танишмоқчи бўлдик.

Мақсадимиз жўн, саволларимиз оддий эди.

Ўзбекистонликлар Омбудсманга мурожаат қилар экан, уларнинг арз-ҳоллари, асосан, қандай масалалар билан боғлиқ?

Қайси вилоятдан кўпроқ, қайсинисидан озроқ ариза тушди?

Нима учун йил давомида келиб тушган 9962 та аризанинг қарийб ярми фақат Тошкент шаҳрига тўғри келди?

Нима учун 2370 киши такроран мурожаат қилди? Бир мартада масаласини ечиб беришга Омбудсман ожизлик қилаяптими?

Шу ва шунга ўхшаш саволларимизга жавоб олишга икки кун уриндик. Омбудсман идорасининг ўзини таништирмаган хушмуомала ходими узоқ чайналганидан сўнг кейинроқ сим қоқишимиз мумкинлигини айтди-ю шу билан телефонларини узди-қўйди.

Биз бошқача йўл тутишга қарор қилдик .....ва мавзу ўзгариб кетди.

Ҳа, айтганча, Омбудсман идорасининг бир ходими жавоб берди. Фақат бу ҳақда кейинроқ айтамиз.

Ўзгариб кетган мавзу будир: оддий ўзбекистонлик Омбудсманга мурожаат қилиб, муаммосини ҳал қилиши осонми?

Бунинг деярли иложи йўқ, деган хулосага келдик, мазкур идоранинг вилоятлардаги ваколатхоналари билан боғланишга уриниб.

Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мамазоир Хўжамбердиев Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакили.

Жаноб Хўжамбердиевга телефон қилдик.

Озодлик: Бу Мамазоир ака Хўжамбердиевми?

- Бу офисию аммо ҳозир бу киши бу ерда ўтирмайди. Кейин у киши Андижон давлат тиббиëт институтининг ректори.

Асосий иш жойига телефон қилдик.

Озодлик: Домла яхшимисиз?

- Раҳмат.

Озодлик: Бу Мамазоир ака Хўжамбердиевми?

- Йўқ¸ Мамазоир Аҳмедович йўқ эди.

Озодлик: Мен у кишининг Омбудсманлиги бўйича телефон қилаëтган эдим. Омбудсманга сизнинг алоқангиз йўқми?

- Йўқ алоқам йўқ.

Қўлимизда Омбудсманнинг вилоятлардаги вакиллари рўйхати. Уларнинг мутлақ ҳаммаси "остонаси баланд" давлат идораларининг соҳиблари.

Қорақалпоғистонники республика Конституциявий назорат қўмитаси раиси, Сурхондарёники Давлат мулк қўмитаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Сирдарёники ўрта-махсус ва профессионал таълим бошқармаси бошлиғи; ректорлар, проректорлардир Омбудсманнинг вилоятлардаги вакиллари.

Баъзи вилоятлардаги вакилларнинг эса, асосий иш жойини ўзгартирганига анча бўлган, уларни шу кунда қаердан топиш мумкинлигини собиқ ҳамкасблари ҳам билмайди. Масалан, Хоразмдаги вакил Марат Юсуповни.

Озодлик: Ало ассалому алайкум. Марат Матëқубович билан гаплашсам бўладими?

- Ҳа улар бўшадиларку.

Озодлик: Ҳозир у киши қаерда ишлаяпти?

- Ҳозир билмайман.

Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги вакилининг ҳам шу кунда қаерда ишлашини собиқ ҳамкасблари билмайди.

Озодлик: Бу Сурхондарë вилоятими?

- Сурхондарë вилояти давлат мулк бошқармаси.

Озодлик: Муҳиддин Ўроқович билан гаплашсам бўладими?

- Акажон кечирасиз. Муҳиддин ака ўтган йили ишдан кетган эдилар. Шу билан Омбудсман ҳам шу киши билан кўчиб кетди. Лекин қаерга кетганларининг адресларини билмаймиз. Бу бўйича бизга ҳеч қандай маълумот ташлаб кетмаганлар. У кишини деярли бир йил бўлди кўрганимиз ҳам йўқ.

Озодлик: Сиз Омбудсменга ишингиз тушиб қолса нима қиласиз? У кишини қандай топасиз?

- Биринчидан тушмасинку¸ энди билмадим. Уйини биламиз¸ уйига борсак керак.

Уйини билмаганларчи?

Омбудсманнинг мутлақ барча вилоятлардаги вакиллари билан боғланишга уриндик. Иш вақти бўлганига қарамай, биронтасини ҳам топиб бўлмади.

Биргина Сирдарё вилоятидаги вакилнинг ёрдамчиси билан гаплаша олдик. У кишидан сўрадик.

Озодлик: Омдбудсман 9962 кишининг аризасини кўриб чиқибди. Шу муносабат билан сизларга битта савол бермоқчи эдим. Шу аризалардан қанчаси Сирдарë вилоятига тўғри келди?

Ёрдамчи бироз ҳужжатларини ўрганиб чиққач, жавоб берди:

- 2008 йил давомида 42 мурожаат келиб тушган.

Озодлик: Бу вилоят бўйича шундайми?

- Ҳа¸ вилоят бўйича.

Озодлик: Одамлар асосан қандай идоралар¸ қандай шахсларнинг устидан арз қилишади? Одамларни нима қийнаяпти?

- Асосан уй-жой ва коммунал хизмат билан боғлиқ масалалар.

Озодлик: Уй-жой билан боғлиқ масалалар деганда қандай тушуниш керак? Уларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқини ҳокимият вакиллари бузганми ëки милиция бузганми? Нима деб мурожаат қилишади?

- Коммунал хизмат кўрсатишдаги муаммолар бўйича.

Озодлик: Мана ариза келиб тушди. Сизлар уни қандай ҳал қиласизлар?

- Бу масала бўйича Рустам аканинг ўзи билан маслаҳатлашинг.

Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги вакили Рустамбек Турдиевнинг ўзини Алишер, деб таништирган ёрдамчиси берган телефонга қўнғироқ қилдик. Телефонини вакил очмади.

Эътибор беринг: Омбудсманнинг ҳисоботида, 2008 йили вилоятлардан ҳаммаси бўлиб 5383 та ариза тушгани айтилган. Бу рақам 12та вилоятга бўлинса, ҳар бир вилоятга ўртача қарийб 450тадан ариза тўғри келади.

Сирдарё вилоятида эса, ҳозир эшитганингиздай, 42 та ариза тушибди. Ўртача кўрсаткичдан 10 марта оз.

Бундай тафовутнинг сабаби турлича бўлиши мумкин: ё Сирдарёдаги вакил яхши ишламайди ва одамлар тўғри Тошкентга боради арз қилиш учун, ёки Омбудсман Сайёра Рашидовага қўл остидаги ходимлари нотўғри информация берган.

Мақоламизни бошлаётиб Омбудсманнинг Тошкентдаги бош қароргоҳи ходимларидан бири охир-оқибат телефон гўшагини кўтарди, деган эдик. Кўтарилган телефон Омбудсманнинг "ишонч телефони", деб эълон қилинган.

Озодлик: Ало ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу Омбудсменнинг ишонч телефоними?

- Пост милицияси эшитаман.

Озодлик: Тушунмадим?

- (баландроқ овозда) Пост милицияси¸ эшитаман.

Озодлик: Ҳа¸ Омбудсменнинг пост милициясими?

- Ҳа¸ҳа.

Демак, Омбудсманнинг "ишонч телефони"га қўнғироқ қилган оддий ўзбекистонлик милиционернинг "қўлига тушар" экан.

Мақоламизни шу жойда тугатиб қўйсак ҳам бўлар эди.

Сиз тингловчи, "воҳ!", дер эдингиз, "қаранга!", дер эдингиз.

Лекин бундай қилсак, постда турган милиционерга жабр қилиб қўйган бўламиз. Чунки кейин милиционер билан ўртамизда мана бу гап ҳам бўлиб ўтди-да:

Озодлик: Бу номер интернетда “ишонч телефони” деб берилганда.

- Шу номер берилган. Сиз ҳозир 239 82 07 га телефон қилинг. Бу хатлар бўлими. Ўша ерга мурожаат қиласиз.

Озодлик: Фуқаролар телефон қилса ҳар доим сиз кўтарасизми?

- Бу номер бизларга берилган. Фақат мана шу пост олади.

Демак, Омбудсманнинг "ишонч телефони"ни фақат милиция ходими кўтаради. Каминанинг мухбир эканлигимни билдирганим учундир балки, милиционер "эриб" бошқа телефонни берди. Эримасачи?

Ҳай, 239 82 07 га қўнғироқ қилдик.

(узоқ вақт гудок кетди ва телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази ҳам худди Омбудсмандек давлат органи.

Бироқ бу тузилма ходимлари ҳеч қандай шартларсиз, иддао-фироқ, аччиқ-тирсиқларсиз қўнғироқ қилишимизгаёқ саволларимизга, бу саволлар ўзлари учун қанчалик нохуш бўлмасин, жавоб бера бошладилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази Ўзбекистон президентининг 1996 йил 31 октябридаги фармони билан таъсис этилган.

Мазкур идорага Акмал Саидов етакчилик қилади.

Биринчи суҳбатдошимиз Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази таҳлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси Руфина Хусниярова.

Демак, Хусниярова хоним билан суҳбатимиз мана бундай бошланди.

Озодлик: Тингловчиларимиз орасида Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази билан Омбудсман ўртасидаги фарқни билмайдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун Миллий марказнинг мақсад ва вазифаларидан бошласак гапни.

Р. Хусниярова: Омбудсманнинг асосий вазифаси аҳоли аризаларини кўриб чиқишдир. Миллий марказ ҳам шу иш билан шуғулланади, бироқ бу унинг асосий вазифаси эмас.

Миллий марказ давлат органи бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон қўшилган ҳужжатлари қоидаларининг мамлакатда ижро этилиши юзасидан миллий маърузалар тайёрлашдир.

Шунингдек, жамиятда инсон хукукларини кенг тарғиб этиш, мавжуд муаммолар ва ечимини кутаётган турли масалалар юзасидан таҳлил ва тадқиқот ишларини амалга ошириш, фуқаролардан келиб тушаётган ариза ва шикоятлар билан ишлашдир.

Озодлик: 2008 йилда фуқаролардан қанча ариза келиб тушди?

Р. Хусниярова: Ҳозир даб-дурустдан бу саволингизга жавоб беролмайман. Ҳужжатларни кўришим керак.

Озодлик: Аризалар миқдорини айтолмасангиз, балки уларнинг характери тўғрисида айтарсиз, одамлар, асосан, нимадан арз қилади?

Р. Хусниярова: Бу саволингизга ҳам бир нарса деб жавоб беришим қийин, чунки бундай масалалар билан бошқа махсус бўлимлар шуғулланади.

Озодлик: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлари ҳам бор. Миллий марказ улар билан ҳамкорлик қиладими?

Р. Хусниярова: Ҳамкорлик қиламиз. Маърузаларимизни тайёрлаш учун улардан информация оламиз. Нодавлат ташкилотлари билан биргаликда турли тадбирларда қатнашамиз.

Озодлик: Айнан қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қиласиз?

Р. Хусниярова: Хотин-қизлар қўмитаси, Сен ёлғиз эмассан, Ўзбекистон нодавлат ташкилотлари ассоциацияси, Соғлом авлод учун жамғармаси, Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз.

Озодлик: Тилга олганингиз ташкилотлар ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган уюшмалардир. Улардан бирига президентнинг қизи етакчилик қилади. Лекин айни пайтда Ўзбекистонда бошқа бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам борки, уларнинг вакиллари Сиз вакили бўлган Марказни ҳамда Омбудсманни оддий фуқаро ташвишларига бефарқликда айблаб келади. Бунга нима дейсиз?

Р. Хусниярова: Нимаям дердим. Бизникига ўхшаган органларга бўҳтон ёғдиришнинг йўли кўп. Шунинг учун ҳам мен бу саволга жавоб бермайман.

Хусниярова хоним жавобини беролмаган саволларни Марказнинг таҳлилий бўлими етакчи мутахассиси Фарида Бакаевага бердик.

Озодлик: 2008 йил давомида Миллий марказга одамлардан қанча ариза келиб тушди?

Ф. Бакаева: Мурожаатлар ҳақидаги масала билан бошқа бўлимимиз шуғулланади. Шу бўлимга мурожаат қилишингиз керак.

Озодлик: Сизлар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни таҳлил қиласизлар экан. Шу масалада 2008 йил қандай келди? Инсон ҳуқуқлари масаласида нималарга эътибор беришга тўғри келди? Кейинги йиллар учун қандай тавсиялар бор? Ҳозирги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи қандай?

Ф. Бакаева: Ўтган 2008 йилнинг бошқа йиллардан фарқи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 60 йиллигига бағишланганида бўлди. Марказимиз мана шу санани нишонлашга бағишланган дастурни амалга оширишда иштирок этди.

Бу дастур президент Каримовнинг фармони билан тасдиқланганидан хабарингиз бордир. Йил давомида ўтказилган мониторинг доирасида 4та миллий маъруза тайёрладик.

Бу маърузалар БМТнинг тегишли қўмиталарига жўнатилган ва улар шу кунда ўрганилмоқда. Улар ўрганилиб чиқилганидан сўнг мамлакатимизга керакли тавсиялар берилар, деган умиддамиз.

Озодлик: Булар ҳаммаси яхши албатта, лекин биласизки, БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси қамоқхоналарида қийноқлар қўлланади, деб Ўзбекистонни айблаган, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда судланганларга, айниқса диний мотивлар билан айбланганларга нопропорционал жазолар белгиланади, деб танқид қилиб келади. Бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз?

Ф. Бакаева: Қийноқлар ҳақида сўз борганда, давлат ҳокимияти шунга йўл қўйиб бераяпти ёки қийноқларга бевосита алоқаси бор демаслигимиз керак. Одатда, қийноқлар конкрет шахслар томонидан амалга оширилади.

Озодлик: Кейинги 1 ёки боринг ана, 3 йил ичида неча одам қийноқ қўллагани учун жазоланди?

Ф. Бакаева: Йўқ, бунақа маълумотларни беролмайман.

Озодлик: Бундай маълумот Сизда йўқми ёки бу махфий маълумотми?

Ф. Бакаева: Йўқ, бу махфий маълумот эмас. Айнан менда бундай маълумот йўқлигини айтаяпман¸ холос.

Озодлик: Ўзбекистондаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари таъқиб қилади, деб ҳукуматни айблаб келади. Кейинги йилларда 10дан зиёд ҳуқуқ ҳимоячиси товламачиликда айбланиб қамалди ҳам. Мана шу вазият юзасидан бирон нима дея оласизми?

Ф. Бакаева: Мустақил ташкилотлар жуда кўп арзланишини биламан. Ҳукумат таъқиб қилади, деб ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларигина арз қилишмайди. Бундай кўриниш бошқа давлатларда ҳам бор.

Ўша сиз айтаётганлар – Толиб Ёқубов бўладими, Васила Иноятова бўладими, бошқаларми, негадир арз қилиб ўзимизнинг давлат структураларига бормайди, арз-додларини фақат чет элликларга айтишади.

Бош прокуратура бор, Омбудсман бор, қолаверса Миллий марказимизнинг жамоатчилик қабулхонаси бор. Уларга арз қилишсин.

Озодлик: Кейинги йилларда меҳнат мигрантлари билан боғлиқ муаммолар жуда кучайиб кетди. Улар ишлаб юрган мамлакатларида мутлақо ҳимоясиз қолгани ҳеч кимга сир эмас. Уларга Ўзбекистоннинг элчихоналари ёрдам берганига оид биронта ҳам воқеани эслолмаяпман.

Бу йўналишда Ўзбекистон ҳукумати бирон иш қилаётганидан хабарингиз борми? Хусусан, Сиз вакили бўлган Марказ бу масала билан шуғулланадими?

Ф. Бакаева: Бу нафақат бизнинг Марказ, балки Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, ташқи ишлар вазирлиги шуғулланаётган долзарб масаладир.

Шу кунларда миграция масалаларини тартибга соладиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. "Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси тайёрлаб қўйилган.

Хуллас, мигрантлар билан масалаларнинг кўпчилиги мен айтаётган ҳуқуқий база яратилгач¸ ҳал бўлади. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор: кўплаб фуқароларимиз бошқа давлатга иш излаб борар экан, ўз ҳуқуқларини билмайди.

Озодлик: Балки бу масалада Москва билан, Остона билан икки томонлама шартномалар тузиш пайти келгандир? Шу йўналишда, балки, бирон иш қилинаётгандир?

Ф. Бакаева: Ҳа, қилинаяпти. Томонлараро даражада иш қилинаётганидан хабарим бор. Конкрет нима иш қилинаётгани тўғрисида, шартномалар матнини тузиш ишида иштирок этмаганим учун бир нарса деёлмайман. Лекин ҳаракат борлиги аниқ.

Яқинда биз бу масалада махсус конференция ҳам ўтказдик. Унда миграция муаммосининг энг чигал масалалари муҳокама қилинди ва унда кўплаб яхши таклифлар ўртага ташланди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази таҳлил бўлими етакчи мутахассиси Фарида Бакаева билан суҳбатлашдик.

Бакаева хонимдан олдин худди шу ташкилотнинг бошқа ходими Руфина Хусниярова ҳам саволларимизга жавоб берди.

Бу иккала хонимдан олдин бошқа идора - Омбудсман тўғрисида ҳикоя қилдик ва ўша ҳикоямиздан Омбудсманнинг Миллий марказдан фарқли ўлароқ фавқулодда ёпиқ ташкилот эканлигига гувоҳ бўлдик.

Биз бир нарсани тушунмадик. Иккала идора ҳам Ўзбекистонники. Иккаласи ҳам битта масала – инсон ҳуқуқлари билан шуғулланади. Лекин бири жамоатчилик учун муайян даражада очиқ, иккинчиси – мутлақо ёпиқ.

Хўш, бунинг сири нимада?
XS
SM
MD
LG