Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:49

Туя гўшти еган қонун


Парламент уч йилдан бери муҳожирликка оид қонун лойиҳаси қабул қилинишини кечиктириб келаëтган бир пайтда¸ хориж¸ хусусан Россиядаги ўзбек мардикорлари мутлақ ҳақсиз-ҳимоясизлигича қолмоқда.
Парламент уч йилдан бери муҳожирликка оид қонун лойиҳаси қабул қилинишини кечиктириб келаëтган бир пайтда¸ хориж¸ хусусан Россиядаги ўзбек мардикорлари мутлақ ҳақсиз-ҳимоясизлигича қолмоқда.

Ўзбекистонда меҳнат миграцияси масалаларини тартибга соладиган қонун лойиҳаси ҳозирланиб¸ парламентга оширилганига уч йил бўлди.Ўзбек депутатлари миллионлаб ҳақсиз муҳожирлар ҳимоясига¸ негадир ошиқмаëтирлар.

Хорижда ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожири учун ҳали ҳеч қандай ҳуқуқий база яратилмаган.

Инсон ҳукуқлари ҳимоячиси Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, ташқи меҳнат миграцияси ҳақидаги қонун лойиҳасининг парламентга топширилганига уч йил бўлди, лекин бу қонун ҳали ҳам қабул қилингани йўқ.

- Бу қонуннинг асосий принципларини¸ асосларини белгилаб беришини кутаяпмиз. Лекин бу қонунни амалга ошириш учун қанақадир қонун ости ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамаси¸ Меҳнат вазирлиги даражасида қабул қилиниши керак.

Мана шу қонун ости ҳужжатларида Ўзбекистондан ҳозирги кунда меҳнат муҳожирлари учун асосий йўналиш бўлган Россия¸ Қозоғистон каби давлатларда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини дипломатик вакиллар орқали¸ ички ишлар органлари¸ прокуратура¸ керак бўлса¸ миллий хавфсизлик органлари даражасида ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилиши лозим.

Ана шу механизмларда нодавлат¸ нотижорат ташкилотларга ҳам анчагина ўрин ажратиб берилса¸ ўшандагина бу қонун сезиларли таъсирга олиб келди дейишимиз мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Биз Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига сим қоқдик. Лекин Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Илҳом Насриевнинг ҳам, унинг ўринбосари Шоира Умарованинг ҳам телефонлари жавоб бермади.

Шундан сўнг,Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Равшан Ибрагимов билан боғландик ва ундан ана шу қонун лойиҳасида меҳнат муҳожирларининг қайси ҳуқуқлари ҳимоя қилингани ҳақида сўрадик.

- Сиз айтаëтган қонун лойиҳаси ëки шунга ўхшаш ҳужжатлар тўғрисида менинг хабарим йўқ. Мен яқинда ишни бошлаганман. Лекин меҳнаткаш муҳожирларнинг ҳимоясини¸ ижтимоий муҳофазасини таъминлашга қаратилган бир нечта ҳужжатлар мавжуд. Шу жумладан икки томонлама ҳукуматлараро келишувлар бор¸ деди Равшан Ибрагимов.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг хориждаги ҳуқуқлари ҳақида тўлиқ маълумотни Равшан Ибрагимов, соҳа мутахассисларидан бу хусусда маълумот олганидан сўнг ўзи телефон қилиб айтишини билдирди.

Кейин, Москва шаҳрида ишлаб келган ўзбекистонлик мардикор Абдувоҳид билан боғландик. Абдувоҳид ўғиллари билан Москвада мардикорлик қилади. Бир ой олдин биринчи ўғлини жўнатган экан. Ҳозир эса:

- Бугун ўғилчанинг иккинчисини жўнатаяпман. Билет олиб келдим ҳозир¸ деди Абдувоҳид.

Хўш, ўзбекистонлик мардикор Россияда ўзини қанчалик ҳимояланган ва хавфсиз ҳис қилади?

- У ерда Ўзбекистоннинг ҳимоясини умуман сезмаймиз. Ҳеч қанақа бир страховка деган нарса йўқ. Ўзбекистондан чиқиб кетишимиз билан 7-8 ой давомида ўзимизнинг ишхонага бориб келамиз тамом. Бир нарса бўладиган бўлса¸ у ерда на элчихонага чиқишнинг иложи бор. Ҳар ким ўз муаммосини ўз кучи билан ҳал қилади¸ дейди Абдувоҳид.

Бу ўзбек муҳожири ўз ҳуқуқларининг мана бундай ҳимоя қилинишини истайди:

- Аввало давлатлараро қандайдир бир шартнома йўлга қўйилиши керак. Мана бизга ўхшаб Украинадан келаëтган мигрантлар уч ой рўйхатдан ўтмасдан (регистрациясиз) юради. Бизда унақа имконият ҳам йўқ. Шуни ҳам бир қандайдир йўлга қўйса бўлади деб ўйлайман.

Керак бўлса Ўзбекистондан керакли мутахассисликлар бўйича шартнома бўйича жўнатса ҳам майли. Бизнинг энди танишларимиз кўп¸ ишимизни топиб кетамиз. Лекин бошқа ëш болаларчи¸ дейди Абдувоҳид.

Ўзбек меҳнат муҳожирининг битта истаги бор: унга ҳеч ким тегмаса, ишини қилиб ойлигини олса, топганини бехавотир уйига жўнатса, рус миллатчилари уларни тинч қўйса - содда ва тўпори орзулар.

Лекин ана шу орзулар ўн йиллар давомида амалга ошмай келмоқда. Икки давлат раҳбарларининг ўрталаридаги учрашувларда ҳам бу масала тилга олинмайди. Гўё, ҳаммаси рисолдагидек.

- Мен ўйлайманки¸ ҳозирги давлат сиëсатида мигрантлар энг пастки даражада кўрилаяпти. Мана Россия президенти Ўзбекистонга келиб кетди. Бирор бир чиқишлари пайтида ëки бирон бир матбуот анжуманида меҳнат муҳожирлари тўғрисида савол-жавоб ҳам бўлмади. Бу ҳақда уларнинг ўзлари нутқларида ҳам айтишмади. Гаплашилган нарсалар фақатгина хавфсизлик ва энергетика ресурслари ҳақида бўлди.

Кўриниб турибдики¸ иккала давлатда ҳам меҳнат муҳожирлари масаласини ижобий ҳал қилиш ëки ҳуқуқий бир муҳофаза олиб келиш бўйича сиëсий ирода мавжуд эмас. Шундай экан бу фақатгина нодавлат¸ нотижорат ташкилотлар томонидан кўтариб чиқиладиган масала бўлиб қолаверади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Норасмий маълумотларга кўра, бугун Россия ва Қозоғистонда 5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

Уларнинг ҳуқуқлари ҳали Ўзбекистон қонунчилиги томонидан ҳимояланмаган. Улар манфаатига хизмат қилиш иддаоси билан депутатликка сайланганлар эса¸ бу борада қўлни-қўлга уришни ҳам ортиқча¸ деб ҳисоблаëтган кўринади.
XS
SM
MD
LG