Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:05

ОИТС сарҳади кенгаймоқда


Қирғизистонлик мутахассислар фикрича, мактаб ўқувчиларининг ОИТС ҳақида етарли билимга эга эмаслиги мазкур иллатнинг ёшлар орасида тез суръат билан тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Қирғизистонлик мутахассислар фикрича, мактаб ўқувчиларининг ОИТС ҳақида етарли билимга эга эмаслиги мазкур иллатнинг ёшлар орасида тез суръат билан тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

“Қирғизистонда мактаб ўқувчилари ОИТС касаллиги тўғрисида деярли маълумотга эга эмас” - ЮНИСЕФнинг Бишкек ваколатхонаси ва SIAR консалтинг компанияси ўтказган миллий тадқиқот хулосаси ана шундай.

Ҳолбуки Қирғизистон минтақада ОИТС вазияти бўйича энг кўп ташвиш уйғотаётган мамлакат ҳисобланади. Бугунги кунда бу мамлакат фуқароларининг 3000 га яқини ОИТСга чалинган. Улар орасида ёши 12 га тўлмаган болалар ҳам бор.

ЮНИСЕФ ва SIAR консалтинг компанияси томонидан ўтказилган миллий тадқиқот натижасида аниқланишича, сўралган мактаб ўқувчиларининг 10 фоизи ҳали 14 ёшга тўлмай туриб жинсий алоқада бўлган. Айни пайтда сўралган 3500 нафар ўқувчининг фақат бир фоизигина ОИТС касаллиги ҳақида маълумотга эга.

Тадқиқотчилар фикрича, мактаб ўқувчилари орасида бу касаллик тўғрисида билимнинг йўқлиги туфайли улар орасида балоғатга етмай туриб жинсий алоқа қилиш, наркотик моддалар истеъмол этиш каби ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

- Албатта¸ бу масалада катталар болаларга маълумот бериши лозим. Аммо негадир ота-оналар фарзандлари билан бу борада гаплашишга андиша қиладилар. Натижада эса ОИТС ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган бола наркотик моддалар истеъмол қилиб, жинсий алоқага киришаяпти.

Агар ота-оналар ва ўқитувчилар болаларга ОИТС ҳақида маълумот берганларида эди, уларнинг нотўғри йўлларга кириб кетиши олди олинган бўларди, деди ЮНИСЕФнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Тимати Шаффтер.

Тадқиқотда айтилишича, сўнгги олти йил ичида Қирғизистонда ОИТС билан касалланиш ҳолатлари деярли 23,5 фоизга кўпайган.

18 ёшга тўлмаган болаларнинг орасида 22 нафари бу касалликка чалингани аниқланган, уларнинг 12 нафари олти ёшгача бўлган болалардир.

Шунинг учун ҳам тадқиқотчилар мактаб дастурига ОИТС тўғрисида маълумот берувчи дарслар киритиш кераклигини айтмоқдалар.

- Мактаб дастурига одоб-аҳлоқ дарслари киритилиши лозим. Бунинг учун алоҳида ўқитувчилар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш керак.

Агар мактабларда ОИТСнинг олдини олишга қаратилган дарслар киритилса, халқаро ташкилотлар ҳам маориф вазирлигига бу борада моддий ва маънавий кўмак берар эди, дейди ОИТС бўйича давлат эксперти Айнагул Исақова.

Бироқ Қирғизистон Маориф вазирлиги вакили Валентина Горкинанинг айтишича, айни пайтда мактабларда ОИТСга қарши махсус дарслар киритилиши имконияти йўқ.

- Мактаб дастурига махсус дарс киритилиши ўта қийин. Бизнинг ҳисоб-китобларга қараганда, мактаб дастурига янги дарс киритилса, биргина ўқитувчиларнинг маоши учун қўшимча 2 миллион доллар керак бўлади, дейди Валентина Горкина.

Бироқ миллий тадқиқот муаллифлари ОИТС муаммосига ҳукумат даражасида эътибор қаратилмаса, республикада бир неча йил ичида бу касалликка чалинганлар сони ўта кўпайиб кетишидан ташвиш билдирмоқдалар.

Тадқиқотда айтилишича, 5-7 синф ўқувчиларининг ҳар 1500 дан беш нафари, юқори синф ўқувчиларидан ҳар 2000 дан 26 нафари наркотик модда истеъмол қилади.

Мутахассисларга кўра, орадан бир-икки йил ўтгач, бу ўқувчилар ОИТС билан касалланганлар рўйхатини тўлдиришлари мумкин.
XS
SM
MD
LG