Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:03

Китоб учун 20 тийин


Қирғиз расмийлари ёшларни китоб ўқишга жалб этиш учун мактаб ва университетларда Чингиз Айтматов асарлари марказларини ташкил этган.
Қирғиз расмийлари ёшларни китоб ўқишга жалб этиш учун мактаб ва университетларда Чингиз Айтматов асарлари марказларини ташкил этган.

“Айтматов ва замон” мавзусида айни кунларда Бишкекда ўтаётган анжуманда китоб мутолаа қилишни миллий қадриятга айлантириш масаласи ҳам муҳокама этилмоқда.

Чингиз Айтматов хотирасига бағишланган ушбу форумга собиқ постсовет давлатларидан юздан ортиқ адабиётшунос олим ва ёзувчилар йиғилганлар.

Тадбир ташкилотчиларига кўра, анжуманда расмий нутқлар камроқ ирод этилиб, жонли мулоқот ва баҳс-мунозаралар кўпроқ бўлади.

Қирғизистон Маданият вазири Султон Раевнинг айтишича, мазкур анжуман постсовет давлатлари ўртасида узилиб қолган маданий алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш йўлидаги яна бир уринишдир.

- Анжуманда замонавий адабиёт, маданият ва таълим соҳасига оид муаммолар, китоб ўқишни умуминсоний қадриятга айлантириш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, жаҳон адабиётининг бугунги тараққиётига ҳам разм солинади, деди Султон Раев.

Айтиб ўтиш жоизки, китоб ўқиш масаласи бугунги кунда Қирғизистон учун энг долзарб муаммолардан биридир.

Маданият вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, қирғизистонликлар китоб ўқиш ва сотиб олиш борасида дунёдаги энг охирги ўринлардан бирини эгаллайди.

Вазирлик келтирган маълумотларга мувофиқ, йил давомида Қирғизистонда сотилган бадиий китобларнинг умумий пул миқдорини аҳоли жон бошига тақсимлайдиган бўлсак, ҳар бир қирғизистонлик бир йилда китоб сотиб олиш учун 20 тийин, яъни 2 цент маблағ сарфлаётгани маълум бўлади.

Бундай ташвишли кўринишга барҳам бериш мақсадида қирғиз ҳукумати анжуман чоғида қирғизистонлик адабиёт ва маданият арбобларига ажойиб совға тайёрлагани ҳам маълум бўлди.

- Миллий маданият ва адабиётнинг энг яхши намуналарини сақлаб қолиш ва тарғиб қилиш мақсадида “Маданият” нашриёти ташкил этилди, деди Қирғизистон маданият вазирлиги матбуот котиби Мамасоли Алишев.

Бишкеклик адабиётшунос олим Қадирали Қўнқабоевнинг айтишича, “Маданият” нашриёти мустақилликнинг биринчи йилларидаёқ ташкил этилиши лозим эди.

Чунки ўша йилларда адабиётга эътибор сусайгани туфайли аҳоли бадиий асарларни сотиб олмай қўйди, ёзувчи ва шоирлар орасида эса бадиий савияси паст одамлар жуда кўпайиб кетди.

- Сўнгги йилларда Қирғизистондаги хусусий нашриётлар адабий меъёрларга мутлақо жавоб бермайдиган асарлар билан бозорни тўлдириб ташлади. Натижада одамлар китобни кўрса, кўнгли айнийдиган бўлиб қолди.

Ҳукумат томонидан ташкил этилган янги нашриёт эса одамларга ҳақиқий адабиёт борлигини исботлагунича, бу ҳақиқий адабиётни аҳоли орасида тарғиб этгунича, анча кўп вақт ўтиб кетади, дейди Қадирали Қўнқабоев.

Қирғизистонда мустақилликнинг 17 йилида мутлақо китоб ўқимайдиган авлод пайдо бўлгани учун ҳам ёшлар ўртасида Чингиз Айтматов ижоди билан таниш бўлган ёшларни топиш жуда қийин.

Қирғизистон ҳукумати бу муаммони ҳал этиш учун бозорларда, мактаб ва университетларда Чингиз Айтматов асарлари марказларини ташкил этган.

Бироқ бу марказларнинг асосий мижозлари ҳам катта ёшдаги одамлар бўлмоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати собиқ президент Асқар Ақаев томонидан қурилиши бошланган президентнинг жамоатчилик кутубхонасини Айтматов кутубхонасига айлантириш режасини ҳам олға сурмоқда.

Бироқ Қирғизистонлик таниқли фан ва маданият арбоблари ҳукуматнинг бу режасини қўлламаяптилар.

- Ақаевнинг кутубхонасини Айтматов кутубхонасига айлантириш фикрига мен қаршиман.

Негаки бу ташаббусни Ақаев бошлаган ва ҳукумат бу кутубхонани Ақаев номидаги миллий китоб марказига айлантириши лозим.

Чингиз Айтматов учун эса алоҳида кутубхона қуриш зарур, деди таниқли адабиётшунос Абдукарим Муротов.
XS
SM
MD
LG