Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:54

Президент мухолифат билан тил топишмоқчи


2005 йил мартида халқ қўзғолони тўлқинида ҳокимиятга келган Бакиев¸ мухолифат етакчиларига кўра¸ айни шундай халқ тўлқини билан ҳокимиятдан олиб ташланиши мумкин.
2005 йил мартида халқ қўзғолони тўлқинида ҳокимиятга келган Бакиев¸ мухолифат етакчиларига кўра¸ айни шундай халқ тўлқини билан ҳокимиятдан олиб ташланиши мумкин.

Қирғизистон президенти баҳорда кенг кўламли норозилик намойишлари ўтказишни режалаëтган мухолифатнинг мамлакатдаги вазият юзасидан музокаралар ўтказиш таклифини қабул қилди.

Ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги музокараларни уюштиришда шўролар даврида Қирғизистонни 30 йилга яқин бошқариб келган Турдақун Усубалиев раҳбарлигидаги оқсоқоллар гуруҳи воситачилик қилмоқда.

Воситачи гуруҳ бу масалани 5 феврал куни Қирғизистон Давлат котиби Дўсбўл Нур ўғли билан муҳокама қилган эди. Шундан сўнг 11 феврал куни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ҳам мухолифат билан музокараларга тайёр эканини айтган эди.

Президент матбуот хизмати мухолифатнинг музокаралар ҳақдаги таклифи президент маъмуриятига етиб келганини маълум қилди.

- Бу масала ҳозир ўрганилмоқда. Бир неча кундан сўнг музокаралар қайси куни ва қаерда ўтказилиши эълон қилинади, деди президент матбуот котиби Алмаз Турдумаматов.

Айни пайтда¸ мухолифатчилар президент билан ўтадиган музокараларнинг асосий мавзуларидан бири сўз эркинлиги масаласи бўлишини билдирмоқдалар.

Қирғизистон журналистлар уюшмаларининг 5 март куни Қирғизистон президентига йўллаган мурожаатида айтилишича, 2007 йилдан буён ҳукумат томонидан ўтказилган босимлар туфайли мамлакатни 5 нафар журналист тарк этишга мажбур бўлган.

Шунингдек, Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Республика Миллий телеканали орқали эфирга узатилувчи теледастурлари номаълум сабабларга кўра тўхтатиб қўйилган.

Мухолифатчиларнинг айтишларича, мана шу воқеалар Қирғизистон ҳукуматининг авторитаризм сари қадам ташлаётгани белгисидир. Мамлакатни бундай бошқарув тизимига ўтишдан сақлаб қолувчи воситалардан бири эса сўз эркинлиги бўлиб ҳисобланади.

- Оммавий ахборот воситаларига қиланаётган тазйиқлар, Озодлик радиоси қирғиз хизмати фаолиятига халақит берилаётгани музокараларнинг асосий мавзуси бўлади.

Бундан ташқари, ўзгача фикрловчилар ва қирғиз мухолифати лидерларига нисбатан уйдирилган жиноят ишларини ёпиш талаб қилинади, деди мухолифат лидерларидан бири Темир Сариев.

Мухолифат лидерининг айтишича, токи мамлакатда сўз эркинлиги тамойилига тўла амал қилинмас экан, амалдаги ҳукуматнинг демократия ғояларидан чекинмаслик тўғрисидаги ваъдаларига ишониб бўлмайди.

Президент ва мухолифат ўртасидаги музокараларда баҳор фаслига мўлжалланган норозилик чиқишларини тўхтатиш муҳокама қилинмайди. Бу ҳақда мухолифатнинг яна бир лидери Азимбек Бекназаров маълум қилди.

- Бу музокарада норозилик намойишлари ҳақида сўз бўлмайди. Намойишлар баҳор фаслига мўлжалланган ва улар¸албатта¸ ўтказилади, деди Азимбек Бекназаров.

Айни пайтда¸ президент ва мухолифат ўртасида ўтажак музокаралар ҳақида қирғиз жамоатчилигида турли фикрлар билдирилмоқда.

Баъзи оммавий ахборот воситаларининг ёзишларича, бу музокаралар натижасида ҳокимият ва мухолифат тил топиша олмайди. Бу эса тарафлар ўртасидаги зиддиятни кучайтиради.

Бошқа ахборот воситаларида эса музокаралар натижасида коалицион ҳукумат ташкил этилиши мумкин, деган фикрлар ёритилмоқда. Бишкеклик таниқли сиёсатшунос Марс Сариев ҳам ана шундай фикрда.

- Мухолифат ҳам, ҳукумат ҳам вазият назорат қилиб бўлмайдиган даражада издан чиқиб кетиши мумкинлигини яхши тушуниб турибди.

Бугун Қирғизистонда профессионал, фикрлаш даражаси жуда юқори бўлган сиёсатчилар шаклланди. Улар вазиятни назорат остида сақлаб қолиш ва давлат келажагини ўйлаб муросага келиш йўлларини изламоқдалар, деди Марс Сариев.

2005 йил март инқилобидан сўнг президент Бакиевни ҳокимиятга олиб келган сиёсий кучларнинг барчаси бугунги кунда амалдаги ҳокимиятга мухолифдир.

Улар президент Бакиевни инқилоб ғояларига хиёнат қилганликда айблаб, унинг истеъфосини талаб қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG