Линклар

Шошилинч хабар
30 июн 2022, Тошкент вақти: 10:15

Халқаро хабарлар

Эрон ракета синови ўтказди

Эрон ҳаво-денгиз русумидаги ракета синовини муваффақиятли ўтказганини эълон қилди.

Форс хабар агентлигига кўра, синалган ракета 110 километр масофага уча олиш имконига эга.

Синов айнан қачон ўтказилгани айтилгани йўқ. Агентлик хабарига кўра, ушбу синов Эрон Ислом Республикасининг “ракеталарни автоматик тарзда бошқариш ва денгиздаги нишонларни йўқ қилиш” имкониятларини намойиш қилган.

Бундан бир неча кун аввал мамлакат ҳарбий қўмондонларидан бири Эрон Исролдаги ядровий иншоотларгача етиб бора оладиган ракеталарга эга эканини баён қилган эди.

Кун янгиликлари

АҚШ Россия Марказий банки ва олигархларининг 330 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйди

АҚШ расмийлари томонидан ҳисбга олинган Amadea суперяхтаси (иллюстратив сурат)

АҚШ Молия вазирлиги Россия Марказий банки ва россиялик олигархларга тегишли 330 миллиард долларлик активларни музлатиб қўйган.

Вазирлик сайтида маълум қилинишича, бу иш билан АҚШ Молия вазирлиги қошида ташкил этилган Россия активларини қидириб топиш бўйича гуруҳ (REPO) шуғулланган. АҚШ молия ва адлия вазирларидан ташқари мазкур гуруҳга Еврокомиссия, Британия, Канада, Австралия, Германия, Италия, Франция ва Япония вакиллари кирган.

Баёнотда қайд этилишича, бир неча мамлакат вазирлик ва идораларининг 100 кунлик саъй-ҳаракатлари натижасида REPO вакиллари қуйидагиларга эришганлар:

Россия Марказий банкининг 300 миллиард долларлик активларини музлатиш;

Россиялик олигархларга тегишли 30 миллиард доллардан кўпроқ активларни музлатиш ёки блокировка қилиш;

Олигархларга ёки уларга алоқадор шахсларга тегишли яхталарни (Amadea, Tango, Amore Vero, Rahil ва Phi кабилар шулар жумласидан) ҳибсга олиш, блокировка қилиш ёки тўхтатиб қолиш;

Олигархларга қарашли виллалар, ҳашаматли уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини ҳибсга олиш;

Россиянинг глобал молия тизимларидан фойдаланиш имкониятларини чеклаш, бу Москванинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши учун зарур бўлган технологиялардан фойдаланишни сезиларли даражада қийинлаштирган.

АҚШ Молия вазирлиги REPO гуруҳи россиялик олигархлар активини қидириш бўйича фаолиятини давом эттиришини таъкидлаган. Россиялик олигархларга қарши чоралар кўрилиши ҳақида аввалроқ президент Жо Байден ҳам билдирган эди.

НАТОнинг янги концепциясида Россия “хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид солувчи” мамлакат ўлароқ эътироф этилди

НАТОнинг Мадрид саммити иштирокчилари, 2022 йил 29 июни

НАТОга аъзо мамлакатлар янги стратегик концепцияни маъқуллашди – унда Россия “хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид солувчи” мамлакат деб аталган.

“У [Россия] мажбурлаш, қўпорувчилик ҳаракати, тажовуз ва аннексия йўли билан таъсир ва бевосита назорат доираларини барпо этишга уринмоқда. Унинг ўз сиёсий мақсадларига эришиш учун куч ишлатишга ҳозирлиги, риторикаси ва мажбурловчи ҳарбий позицияси таомилларга асосланган халқаро тартибни емирмоқда”, дейилган ҳужжатда.

Янги стратегик концепцияда НАТО Россия билан низолашишга интилмаётгани ва унга хавф туғдирмаслиги урғуланган, айни пайтда ташкилот “Россия тажовузи ва унинг душманона хатти-ҳаракатларига жавоб беришда давом этиши” қайд этилган. Янги концепция 2030 йилгача амалда бўлади.

НАТОнинг Мадрид саммити декларациясида альянсга аъзо давлатлар Россиядан Украинадаги урушни зудлик билан бас қилишни, Беларусдан эса "бу урушда иштирок этиш"ни тўхтатишни талаб қилишган.

Саммитда НАТО давлатлари Финляндия ва Швецияга расман аъзолик таклиф қилишга қарор қилишган.

Филиппин ҳукумати Нобель лауреати Мария Рессанинг сайтини ёпди

Мария Ресса.

Филиппин ҳукуматининг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси Нобель Тинчлик мукофоти лауреати Мария Рессанинг Rappler интернет нашрига берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги 2018 йилда чиқарилган қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда ОАВга Рессанинг ўзи хабар берди.

Комиссия 2018 йилдаги қарорида Rappler нашри хориж фуқароси маҳаллий оммавий ахборот воситасига эгалик қила олмаслиги тўғрисидаги қонунни бузганини билдирган. Комиссиянинг таъкидлашича, 2015 йилда нашр eBay асосчиси Пьер Омидьярга тегишли фонддан маблағ олган. Ўшанда комиссия Омидьяр нашр устидан назоратни қўлга киритмаслиги шарти билан бунга рухсат берган. 2018 йилда эса битим бўйича муаммолар пайдо бўлган пайтда Омидьяр Rappler акцияларини нашр ходимларига қайтарган.

Ресса Rappler нашрини ёпмаслигини ва бу қарор устидан судга шикоят киритишини билдирди.

Rappler нашрини ёпиш тўғрисидаги қарор одамларни судсиз қатл қилиш ва мухолифатчиларга босим кўрсатиши билан танилган Филиппин президенти Родриго Дутерта ваколатлари якунланишига бир кун қолганида тасдиқланди.

Филиппин ҳукумати 2012 йилда асос солинган Rappler нашрини узоқ йиллардан бери ёпишга ҳаракат қилиб келади. Ҳукумат Рессани солиқларни тўлмаганликда, тухмат қилишда, қатор қонунларни бузганликда айблаб келади. Бунинг ортидан Ресса 6 йилга қамалган. Айни пайтда у гаров эвазига қамоқдан озод қилинган.

Мария Ресса 2021 йилда Россиядаги “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов билан биргаликда Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлган эди. Россия Украинага уруш очганидан сўнг ҳукумат “Новая газета”га нисбатан босимни кучайтирган ва нашр ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганди.

Июнь ойида Дмитрий Муратов Нобель мукофоти медалини 103, 5 миллионга ким ошди савдосида сотди ва пулни Украина болаларига кўмак кўрсатиш мақсадида ЮНИСЕФга ўтказиб берди.

Болгария Россия элчихонасининг 70 ходимини мамлакатдан бадарға қилмоқда

Болгариядаги Россия элчихонаси.

Болгария Россиянинг 70 дипломатини ва элчихонанинг техник ходимларини мамлакатдан бадарға қилмоқда. Бу ҳақда ТАССга Россиянинг Болгариядаги элчихонаси хабар берди.

Болгариядан бадарға қилинаётган дипломатлар орасида элчининг маслаҳатчиси, Варна ва Рус шаҳарларидаги Россия консуллари, маданий-ахборот маркази директори ҳам бор. Рус шаҳридаги Россия консулхонасининг барча дипломатлари ҳам Болгариядан чиқарилади. Россия элчихонаси Варнадаги консулхона деярли ходимларсиз қолганини билдирди.

Болгария Бош вазири Кирил Петковнинг айтишича, Россия димпломатлари жосусликда гумонланмоқда.

“Бизнинг хизматлар уларнинг Россия махсус хизматлари билан алоқадор шахслар эканини ва мамлакатимиз манфаатларига зид равишда фаолият юритганларини аниқлади”, - деди Петков Болгария миллий телеканалига берган суҳбатида.

ТАССнинг Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси Москва Софиянинг бу ҳаракатига жавоб қайтаришини айтди.

22 июнда Болгария парламенти Петков раислигидаги ҳукуматга ишончсизлик билдирган эди. Шундан сўнг Петков бунинг учун бир қатор сиёсатчилар, жумладан, Россиянинг Болгариядаги элчиси Элеонора Митрофанова айбдор экани тўғрисида баёнот берган.

Европапараст Петков ярим йил олдин Бош вазир лавозимига тайинланган эди. Болгария Россия билан тарихий ва мустаҳкам алоқаларга эга бўлганига қарамай, Петков Кремль Украинага уруш очганини кескин қоралади ва бу масалада ЕИ ҳамда НАТО позициясини қўллаб-қувватламоқда.

Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси дарвозасига қизил бўёқ суртиб кетилди

Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси.

Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси дарвозасига қизил бўёқ суртиб кетган шахс қидирилмоқда, деб билдирди 29 июнь куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига Бишкек шаҳар Биринчи май туман ички ишлар бошқармаси.

Милициянинг билдиришича, воқеа 27 июнга ўтар кечаси содир этилган. Номаълум шахс элчихона дарвозасига қизил бўёқни сочиб юборган ва қочиб кетган.

Февраль ойининг охирларида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг хориж мамлакатларидаги рус элчихоналарининг айримларига қизил бўёқлар суртиб кетилган эди.

Қирғизистон Россия-Украина урушида бетараф позицияни эгалламоқда.

Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси олдида бунга қадар бир неча марта фаоллар урушга қарши норозилик акциялари ўтказган эди. Шундан сўнг Бишкекда 1 июлга қадар Россия-Украина урушига норозилик тарзида тинч йиғилишлар ва митинглар ўтказиш тақиқланди.

Хитой -Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг Қирғизистондан ўтувчи маршрути аниқланди

Қирғизистон ҳукумати 28 июнь куни ўтган йиғилишда Хитой -Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг Қирғизистондан ўтувчи маршрути аниқлангани тўғрисида маълум қилди.

Транспорт ва коммуникациялар вазири Эркинбек Осоевнинг ҳукумат йиғилишида билдиришича, темир йўлнинг Қирғизистондан ўтувчи қисми Тўруғарт-Мақмал-Жалолобод йўналишида бўлади. Жалолобод орқали йўл Ўзбекистонга ўтади. Вазир мазкур йўналишнинг техник-иқтисодий аниқламасини ишлаб чиқиш декабрь ойигача якунланишини айтди.

Май ойининг ўрталарида ўтган ҳукумат йиғилишида Қирғизистон Министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров расман Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши шу йил кузида бошланишини эълон қилганди. Қирғиз Бош вазири шартнома Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой лидерлари томонидан жорий йилнинг сентябрида Тошкентда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида имзоланиши кутилаётганини билдирган.

27 майда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий кенгашининг онлайн тарзда ўтган йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши “яқин кунларда” бошланишини тасдиқлаганди.

“Яқинда биз Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилишини бошлашни режалаштирмоқдамиз. Лойиҳа Осиё – Тинч океани ҳудудидаги бозорларга чиқиш учун қўшимча имкониятларни пайдо қилади. Бу йўналиш Шарқ-Ғарб йўналишида мавжуд бўлган темир йўл линияларини тўлиқлайди”,- деди Мирзиёев.

Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари 1997 йилнинг 21 июлида Қирғизистон-Хитой чегарасидаги “Эргаштом” чегара пунктини очиш маросимида қатнашган эди. Ўшанда бу уч давлат расмийлари яқин орада Андижон-Ўш-Қошғар автомобиль йўли очилишини эълон қилган, аммо бу йўл 2018 йилга келибгина очилди. Ўшанда бери расмийлар темир йўл “яқинда” очилишини ваъда қилиб келмоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли Хитойни Марказий Осиёга боғловчи тугалланмаган икки лойиҳанинг бири. Иккинчиси Туркманистон-Хитой табиий газ қувури лойиҳасининг D линиясидир.

Бурятияда ҳарбийларнинг хотинлари эрларини Украинадан қайтаришни талаб қилишмоқда

Эрларини Украинадаги урушдан қайтаришни сўраб республика раҳбариятига мурожаат қилган бурятиялик аёллар

Бурятияда ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари эрларини уйга қайтаришни илтимос қилиб, республика раҳбари Алексей Циденовга мурожаатнома йўллашди. Ҳарбийлар январь ойида “машқлар”га жўнаб кетишган, аммо ҳозир улар Украинада, дея маълум қилди акция иштирокчиларидан бири бўлмиш Вера Партилхаева Озодликнинг “Сибир.Реалии” лойиҳасига.

“Улар 24 февралдан бери махсус амалиётда қатнашишмоқда. Руҳий ва жисмоний жиҳатдан ҳолдан тойишган. Ҳаммалари енгил ва ўртача контузия олганлар”, дейишган камера қаршисида ҳарбийларнинг аёллари.

Уларга кўра, аскарлар тўрт ойдан бери ҳарбий-дала шароитида яшаб келишяпти, кўпчилиги шамоллаган.

“Бунақа гапларни телевидениеда айтишмайди! Қўрқишади, чунки “овозингни чиқарма!” деб буйруқ беришган. Бу адолатсиз урушдаги ҳар бир ҳарбийнинг ўлими сизларнинг виждонингизга ҳавола! Биз ўғилларимиз ва эрларимиз ватанга қайтарилишини талаб қиламиз”, деб ёзган Верта Партилхаева ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Бурятия раҳбари Алексей Циденовга мурожаат қиларкан.

Унинг айтишича, мурожаатномага Тациндаги бешинчи танк бригадасида хизмат қилувчи ҳарбийларнинг хотинлари имзо чекишган. Манбаларда ушбу бригаданинг камида 30 нафар аскари ҳалок бўлгани айтилади.

“Сибирь.Реалии” маълумотига кўра, бурятиялик 184 аскарнинг ўлими тасдиқланган. Республика қурбонлар сони бўйича Россия ҳудудлари орасида иккинчи ўринда турибди. Россия Мудофаа вазирлиги ушбу маълумотларга расман изоҳ берган эмас. Бурятиялик аёллар мурожаатига ҳам ҳукумат вакиллари томонидан ҳали муносабат билдирилганича йўқ.

Зеленский: “Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашида қолишга ҳаққи йўқ”

Зеленскийнинг БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига мурожаатидан лавҳа, 2022 йил 28 июни

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 28 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди. У Россиянинг Кременчугдаги савдо марказига ракета зарбаси йўллаши муносабати билан Украина илтимосига кўра чақирилган эди.

Йиғилишда Украина президенти Владимир Зеленский Хавфсизлик кенгашига видеоалоқа воситасида мурожаат қилди. У ўз нутқида Россия БМТнинг тамал принципларини ва умуман халқаро ҳуқуқий тартибни мунтазам бузиб келаётгани сабабли уни БМТ Бош ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан ҳамда Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигидан маҳрум этишга чақирди.

Зеленский Россия Украинада олиб бораётган урушни “мустамлакачилик уруши” деб атади ва Москва БМТдаги мазкур урушга доир масалалар бўйича овоз бериш жараёнида қатнашмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Зеленский БМТни “террорчи давлат” юридик мақомини жорий этишга чорлади. Зеленский фикрича, бундай мақомга эга барча мамлакатлар жазоланмоғи шарт: “Мен сизларни террорчи давлатни БМТ Бош ассамблеясидаги ваколатлардан маҳрум этишга чақираман. Бу жуда зарур. Ва бу адолатли қарор бўлади. БМТ Хавфсизлик кенгашида қолишга Россиянинг ҳаққи йўқ”, деди Украина президенти.

Айни пайтда БМТ бирон давлатга қарши санкциялар жорий этиб, унинг активларини музлатиши, қурол-аслаҳаси, технологиялари ёки маҳсулотларига эмбарго қўйиши мумкин.

Зеленский Россиянинг Кременчугдаги воқеалар бўйича расмий талқинига ва кремлпараст ОАВ ҳамда телеграм-каналларда ёйилаётган талқинларга ҳам муносабат билдирган: “Мен БМТга Кременчугдаги воқеа жойига бориб, бу ростдан ҳам Россия ракетаси зарбаси эканини тасдиқлаши учун Бош котибнинг махсус вакили ёки бошқа вакилни Украина юборишни таклиф этаман”, деган у.

Украина президенти илтимосига кўра, унинг нутқидан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Кременчугга ракета ҳужуми қурбонлари хотирасига бир дақиқа сукут сақлаган.

Йиғилиш бошланишидан олдин Хавфсизлик кенгашининг олти аъзоси – АҚШ, Албания, Буюк Британия, Ирландия, Норвегия ҳамда Франция махсус баёнот эълон қилиб, унда Россия томонидан 2022 йил 25-27 июнь кунлари Украина ҳудуди бўйлаб турар-жой мавзелари ва фуқаровий инфратузилма объектларига фаол ракета зарбалари берилганини кескин қоралаган. Баёнотда мазкур зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлгани фактларига урғу берилган.

Баёнотни имзолаган мамлакатлар холис, профессионал ва мустақил тергов ўтказилиши, халқаро гуманитар ҳуқуқни поймол қилаётганлар ва ҳарбий жиноят содир этаётганлар жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлаганлар.

27 июнда Россия ҳарбийлари Полтава вилоятининг Кременчуг шаҳридаги савдо марказига ракета зарбаси йўллаган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, 20 киши нобуд бўлган, 59 киши жабрланган, яна қарийб қирқ нафар одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари ҳануз давом этмоқда.

28 июнда Россия Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-космик кучлар 27 июнь куни Кременчугдаги “АҚШ ва Европа мамлакатларидан келтирилган қурол-аслаҳа ва ўқ-дори сақланаётган ангар”га юқори аниқликда урадиган ракеталар билан зарба берганини иддао қилган. Баёнотда ушбу ангарлар гўё Кременчуг йўл машиналари заводи ҳудудида бўлгани айтилади.

“Ўта аниқ зарба натижасида, Донбассдаги Украина қўшинларига жўнатиш учун омборда сақланаётган Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа ва ўқ-дори йўқ қилинди. Ўқ-дорилар портлаши завод ҳудудига ёнма-ён жойлашган ишламайдиган савдо марказида ёнғин чиқишига сабаб бўлди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши чоғида Россия расмий вакили Мудофаа вазирлиги талқинини такрорлаган.

Туркия, Швеция ва Финляндия НАТО бўйича келишувга эришишди

Йенс Столтенберг, Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Саули Ниинистё ва Магдалена Андерсон Мадриддаги учрашувда, 2022 йил 28 июни

Мадридда бўлиб ўтган музокаралар натижасига кўра Туркия, Швеция ва Финляндия хавфсизлик бўйича шартнома тузишди. Бу ҳужжат Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиш жараёни учун йўл очади. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

Финляндия билан Швециянинг НАТОга кириши бўйича конкрет қадамлар иттифоқчилар томонидан икки кун мобайнида келишилади, дея баёнот тарқатди Финляндия президентининг девонхонаси.

Саули Ниинистё девонхонаси Туркия шу ҳафтада Мадридда бўлиб ўтадиган саммитда Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши дастаклашини қўшимча қилган. Девонхона Хельсинки, Стокҳолм ва Анқара хавфсизлик таҳдидига қарши курашда бир-бирига тўлақонли қўллов кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олганини тасдиқлаган.

Туркия президенти маъмурияти Швеция ва Финляндия Анқара террорчи ташкилот деб ҳисоблаган Курдистон ишчи партияси ва бошқа гуруҳларни дастакламаслик мажбуриятини ўз зиммасига олганини қайд этган.

Учрашув натижаларига кўра Йенс Столтенберг Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши президент Владимир Путиннинг Россия чегаралари яқинида альянс кучларининг қисқариши истагига терс эканини билдирди.

Associated Press агентлигининг АҚШ маъмуриятида ишлайдиган юқори лавозимли амалдор сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Қўшма Штатлар расмийлари Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишига йўл очиш учун Туркияга ҳеч қанақа ваъда берган эмас.

Москва суди таниқли мухолифатчи Илья Яшинни 15 сутка қамоққа ҳукм қилди

Илья Яшин Кремль сиёсатини танқид қилаётган таниқли мухолифатчидир.

Москванинг Хамовник туман суди мухолифатчи сиёсатчи Илья Яшинни полиция ходимлари талабига бўйсунмаганликда айбдор деб топди ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Яшин Россиянинг энг таниқли мухолифатчи сиёсатчиларидан бири бўлиб, у Россияни принципиал тарзда тарк этмай, Кремль Украинага уруш очганини очиқдан-очиқ танқид қилиб келмоқда.

Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, Яшиннинг қўлга олиниши апрель ойида сиёсатчи Владимир Кара-Мурзанинг қўлга олинишига ўхшашдир. Кейинроқ Кара-Мурза Россия армияси тўғрисида ёлғон маълумот тарқатганликда айбланган ва унга нисбатан жиноят иши очилган. Айни пайтда у қамоқда сақланмоқда.

Илья Яшин 28 июнь куни Москвадаги парклардан бирида журналист Ирина Баблоян билан сайр қилиб юрганида полиция томонидан ушлаб кетилган. Баблоян ўз Телеграм-каналида Яшин полициячилар томонидан ҳеч бир изоҳсиз олиб кетилганинин қайд этган.

Май ойида Москвадаги туман судларидан бири Яшинга Россия Қуролли кучларини “обрўсизлантирганлик”ка оид иш бўйича 90 минг рубль (1600 АҚШ доллари) миқдорида жарима тайин қилган эди. Ўшанда у ўз телеграм-каналида, жумладан, америкалик хиппилар Вьетнамдаги урушга қарши норозилик билдираётган фотосурат илова қилинмиш постни ёйинлаганликда айбдор деб топилган эди.

Рамзан Қодировга “Стоматология соҳасидаги хизматлари учун” ордени берилди

Рамзан Қодиров ўттиздан ортиқ орден ва медаллар билан тақдирланган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга I-даражали “Стоматология соҳасидаги хизматлари учун” ордени берилди.

Россия Стоматологлар ассоциацияси қарори билан бериладиган мазкур орден Қодировга Грознийдаги 1-сонли стоматология поликлиникасининг янги биноси очилиши маросимида топширилди. Бунга жавобан Қодиров поликлиниканинг бош врачи Юнус Умаровни Чеченистоннинг олий мукофоти – Қодиров ордени билан тақдирлади.

Озодлик лойиҳаси бўлган Кавказ.Реалии нашри шу муносабат билан Рамзан Қодиров тақдирланган орденлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Нашрнинг ёзишича, бундан аввал Қодиров Россия жазони ўташ тизимини мустаҳкамлагани учун, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қўшган ҳиссаси учун, парламентаризмни ривожлагнтиршига қўшган ҳиссаси учун, агросаноатни, қонунчиликни ва давлат қурилишини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун каби медаллар билан мукофотланган.

Ўтган йили соғлиқни сақлаш ва тиббиётни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Қодиров “Авиценна” ордени билан тақдирланган.

Жами Рамзан Қодиров ўттиздан ортиқ орден ва медаллар билан тақдирланган.

Amnesty International: Литвада мигрантларга ноинсоний муносабатда бўлинмоқда

Вильнюс яқинидаги Руднинкай лагеридаги қочқинлар.

Amnesty International халқаро ташкилоти Литвадаги қочқинлар лагерларида сақланаётган Камерун, Конго, Ироқ, Нигерия, Сурия ва Шри-Ланкадан келган мигрантлар ҳаётини ўрганди.

Ташкилот бу борада 27 июнда эълон қилган ҳисоботида Литвада мигрантларга ноинсоний ва қўпол муносабатда бўлинаётганини маълум қилди. Ҳисоботда таъкидланишича, мигрантлар зўравонликларга ва ирқичликка дуч келмоқда.

Amnesty International мигрантларнинг кўпчилиги лагерларга мажбурий равишда жойлаштирилганини, улар ҳукуматга сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини таъкидлайди. Айрим мигрантлар эса калтакланганлари, ҳақорат қилинганларини айтганлар, шунингдек, мигрантлар яшайдиган лагерларда санитария шароити ночор, тиббий ёрдам тўлиқ кўрсатилмайди.

Мигрантлар жойлаштирилган қочқинлар лагерларидан бири аввал қамоқхона биноси бўлган, яна бир лагерь эса стадионда ташкил қилинган. Юзлаб мигрантлар юк ташишга мўлжалланган контейнерларда яшамоқда.

Amnesty International Европа Иттифоқи Литванинг миграция қонунчилигини Европа стандартларига мослаштирилишига эътибор қаратмаётганини танқид қилган.

АҚШнинг Техас штатида фурадан 46 мигрантнинг жасади топилди

Сан-Антонио шаҳридаги воқеа жойи.

АҚШнинг Техас штатидаги Сан-Антонио шаҳри яқинида йўлда қолдирилиб кетилган фурадан 46 мигрантнинг жасади топилди. Расмийлар бу Америкада одам савдоси билан боғлиқ энг катта фожеа эканини айтмоқдалар.

Фурадан топилган яна 16 киши, жумладан, тўрт ўсмир касалхонага олиб кетилди. Улар 39 даража иссиқда кўп қолиб кетгани оқибатида ҳолсизланиб қолган.

АҚШ ва Мексика чегарасидан 250 километр узоқликда жойлашган Сан-Антонио шаҳри одам савдосининг асосий йўналишларидан биридир.

Бунга қадар ҳам мазкур ҳудудда бу каби воқеалар қайд этилган. Жумладан, 2017 йилда бу ерда трактор прицепидан 11 мигрантнинг жасади топилган эди.

Сўнги пайтларда Мексикадан АҚШга ноқонуний миграция кўлами кучайиб кетди. Бунинг оқибатида АҚШ президентининг миграцияга оид сиёсати жамоатчилик танқидига учрамоқда.

Владимир Путин Душанбега расмий сафар билан боради

Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон.

Россия президенти Владимир Путин 28 июнь куни бир кунлик расмий сафар билан Душанбега келади. Бу Украинада уруш бошланганидан бери Путиннинг илк хориж сафаридир.

Тожикистон ҳукуматининг билдиришича, президентлар Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон юзма-юз учрашади, кенгайтирилган делегациялар ўртасида музокаралар ўтказилмайди. Путин ва Раҳмон икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилади.

Тожикистон президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода Озодлик радиоси тожик хизматига учрашув якунлари бўйича ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаслигини айтди. “Бу ишчи сафар бўлиб, тмонлар “1+1” форматида учрашади”,-деди у.

Россия президенти Юрий Ушаков эса Путин Раҳмон билан учрашувда ҳарбий-техник ҳамкорликни ва миграция мавзусини муҳокама қилишини айтди.

Душанбе сафаридан сўнг Путин Ашхободга йўл олади. Бу ерда у Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон ва Туркманистон лидерлари билан Каспий бўйи давлатлари саммитида иштирок этади.

Жонсон Россия олимларини Британияга кўчиб ўтишга чақирди

Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Британия Бош вазири Борис Жонсон президент Путин сиёсатидан норози бўлаётган россиялик олимларни Бирлашган Қиролликка кўчиб келишга чақирди.

The Guardian газетасининг ёзишича, Жонсон Баварияда ўтган G7 саммитида сўзлаган нутқида: «Путиннинг зўравонлигига ташвиш билан қараётган ва Россияда ўзини хавфсиз сезмаётган олимлар ва тадқиқотчилар: сизлар дадиллик билан Британияга кўчиб ўтишга ариза беришингиз ҳамда очиқликни, эркинликни қадрият деб билган, илмга интилаётган мамлакатда ишлашингиз мумин», - деб айтди.

Жонсоннинг айтишича, айни пайтда Украина ва Британия университетлари ҳамкорлигини кенгайтириш лойиҳаси ишга туширилган. Мазкур лойиҳа доирасида Британияга 130 украин олими келади. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион фунт стерлингга кўпайтирилган.

Дастлаб бу лойиҳа учун 3 миллион фунт стерлинг ажратилганди. Британия Бош вазири ҳудди шундай ҳамкорликни Россия олимларига таклиф қилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG