Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:47

“Ҳаммани қўрқитишга кучинг етмайди”


Милиция тажовузи ва жамоат тартибини бузганликда айбланиб¸ жарима тўлашдан безган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари норозилик билдиришнинг янги шаклларини ўзлаштирмоқдалар.
Милиция тажовузи ва жамоат тартибини бузганликда айбланиб¸ жарима тўлашдан безган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари норозилик билдиришнинг янги шаклларини ўзлаштирмоқдалар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси март мобайнида деярли ҳар куни Тошкент кўчаларида бир неча дақиқа давом этадиган тезкор норозилик тадбирлари ўтказишни режаламоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоллари март ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Олий Мажлиси, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Тошкент шаҳридаги бир қанча суд бинолари олдида норозилик пикетлари ўтказишди.

Эндиликда альянсчилар пикети узоғи билан 15-20 дақиқага чўзилаяпти, холос. Акция иштирокчилари бирор жойда бирданига йиғилиб, турли хил шиорлар ёзилган плакатларни бир муддат кўтариб туришади ва яна бирданига тарқалишади - улар акция ўтказишнинг флешмоб усулини танлашган.

Флешмоб¸ инглизчадан таржима қилганда¸ бир неча сонияга тўпланадиган оломон маъносини билдиради.

Альянс раҳбари Елена Урлаевага кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари ўз хавфсизликларни ўйлаб шундай йўл тутишаяпти.

- Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ фаолларига нисбатан жудаям шафқатсиз. Ҳуқуқ фаоллари ноҳақ равишда ҳибсга олинади, маҳкамага тортилади. Шунинг учун альянс фаоллари акция ўтказишнинг айни усулини танлашди.

Эндиликда акция иштирокчилари милиция етиб келгунча тарқалишга улгуришади. Шу пайтгача биз пикет жойида бир ярим-икки соат турардик. Шунинг учун бир қанча марта ҳибсга олиниб, жаримага тортилдик.

Акция иштирокчилари эса бир неча бор лўлилар томонидан дўппосланди. Ҳозирда биз ҳам акцияларимизни давом эттираяпмиз, ҳам бу каби нохуш ҳолатлардан қутулиб қолаяпмиз, дейди Елена Урлаева.

Сўнгги уч ой ичида Тошкент шаҳри судлари альянсчиларга қарши иккита қарор чиқарди.

Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туман суди қарорига кўра, Елена Урлаева ва Ада Кимлар Тошкент шаҳар суди биноси олдида пикет ўтказганлари учун 80 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилишди.

Ўтган йилнинг декбар ойида эса, Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси олдида сиёсий маҳкумларга озодлик талаби билан чиққан ўн нафар алянс фаолига¸ тахминан¸ 200 АҚШ долларидан жарима солинган эди.

Улар орасида альянс фаоли Саломат Бойматова ҳам бор.

- Мен ўзим пикет ўтказиб, жабр тортганлардан бириман. 2008 йил 6 декабрда қилинган пикетдан кейин тадбир ўтказганлигимиз учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима солишди.

Эндиликда қисқа муддатли пикетлардан мақсадимиз эса шу каби ҳолатлар олдини олиш. Ҳар сафар ушлаб олиб кетаверса¸ маъмурий жазо кўрилиб¸ жарима солинаверса¸ пулни қаердан топамиз? Биз ўзи зўрға яшаб юрган бўлсак, дейди Саломат Бойматова.

Қийноқларнинг олдини олиш тезкор гуруҳ фаоли Суҳроб Исмоилов алянсчилар акцияларини қўллаши, лекин бу тадбирларнинг самарасизлигини айтади.

- Мен уларнинг ботирликларини ҳурмат қиламан. Кўпгина ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ўтказмаëтган нарсаларни¸ улар ўтказишаяпти.

Лекин бундай тадбир самарадорлигига келадиган бўлсак¸ менимча¸ ҳозирги шароитда улар тутаëтган тактика ëки стратегия натижали эмас. Флешмоб акцияларини улар Ўзбекистонда кўпчилик фуқаролар эътиборини тортиш қийин бўлган масалаларда ўтказишаяпти.

Масалан, сиëсий маҳбуслар ëки бошқа оғриқли масалалар. Бунга ўхшаган тактикалар озгина бўлса ҳам аҳолининг кўпчилик қисмига тегишли бўлган масалаларда, уларнинг фикрини жамлай олиш¸ ўзига тарафдорлар йиғиш¸ диққат-эътибор қаратиш мақсадида ўтказилади ,бошқа мамлакатлар мисолида кўрадиган бўлсак.

Агар аҳолининг кўпчилик қисмига тегишли оғриқли масалалар¸ ижтимоий¸ иқтисодий масалалар атрофида шундай акциялар бошланса эди¸ мен ўйлайманки, улар атрофига кўпроқ одамлар йиғилиб¸ қизиқиш пайдо бўлган бўлар эди, дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистонлик сиёсатчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, алянсчилар акциялари ўзбек халқининг Каримов режимига бўлган норозилигининг бир томчиси¸ холос.

- Алянс тезўтар пикетлар орқали дунë оммавий ахборот воситалари эътиборини Ўзбекистондаги вазиятга, у ерда юз бераëтган қонунбузарлик¸ ҳукумат томонидан халққа нисбатан ҳам сиëсий¸ ҳам маънавий босим бўлаётганига қаратиш мақсадини кўзлаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари жим ўтирса¸ ҳукумат биз енгдик ,дейиши мумкин.

Алянсчилар бу фаолияти билан Ўзбекистонда ҳали ҳам ҳаракат қилувчи¸ фаолият кўрсатувчи кучлар бор, деб жамоатчиликка¸ асосан, халқаро жамоатчиликка ўзларини намоëн қилаяпти.

Бу ҳукуматга “Ҳаммани қўрқитишга кучинг етмади”, деган маънони беради. Кейин халқнинг қўзғалиши¸ ўз ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликларини ҳимоя қилиб чиқишига озгина бўлса ҳам туртки беради.

Албатта¸ бундай тадбирларнинг фойдаси бор, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Алянсчилар пикетларида асосан сиёсий талаблар илгари сурилади. Улар флешмоб усулидаги акцияларини мунтазам давом эттиришни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG