Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:02

Қирғиз инқилоби: муваффақият ва муваффақиятсизликлар


24 март куни Бишкекдаги опера ва балет театрида Халқ инқилобининг тўрт йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали анжуманда президент Қурмонбек Бакиев иштирок этмади.
24 март куни Бишкекдаги опера ва балет театрида Халқ инқилобининг тўрт йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали анжуманда президент Қурмонбек Бакиев иштирок этмади.

Қирғизистонда айримлар томонидан Халқ инқилоби, айримлар томонидан эса давлат тўнтариши деб номлаётган март воқеаларининг тўрт йиллиги нишонланди.

2008 йилдан бошлаб Қирғизистонда 24 март расман Халқ инқилоби куни сифатида нишонланаяпти. Икки йилдирки, бу кун мамлакатда дам олиш куни, деб эълон қилинган. Байрам муносабати билан жойларда турли хил маданий тадбирлар, халқ сайллари ўтказилади.

2005 йилнинг 24 март куни бутун Қирғизистон бўйлаб оммавий норозилик митинглари ўтказилган. Натижада ўша пайтдаги Қирғизистон президенти Асқар Ақаев Россияга кетишга мажбур бўлганди.

“Лола инқилоби” фаолларидан бири Исмоил Исақовга кўра, ўша пайтда инқилоб қирғиз халқининг улкан муваффақияти деб эътироф этилганди, бугунга келиб эса айни таъриф ўз аҳамиятини бутунлай йўқотган.

- Биз катта умидлар билан инқилобни амалга оширгандик. Келажакда яхши бошқарув тизимини яратамиз, бу тизим элга хизмат қилади, халқнинг турмушини яхшилайди, демократия тамойилларига амал қилиб, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлигини таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлагандик. Қирғизистон яхши бир мамлакатга айланади, деб умид қилган эдик.

Бироқ биз бугун бунинг аксига гувоҳ бўлаяпмиз. Президент Қурмонбек Бакиев бизга ваъда бериб, ишончимизни қозонганди. Лекин айни пайтда мамлакатда жиноятчилик ошиб бораяпти.

Бугунги кунда мамлакатда юзага келган вазият туфайли инқироздан чиқа олмай, иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал қилолмай қийналаяпмиз.

Ташқи сиёсат масалаларида ҳам боши берк кўчага кириб, ўз йўлимизни топа олмай қолганмиз. Бу албатта ачинарли ҳолдир, дейди Исмоил Исақов.

2005 йил март воқеаларида Қурмонбек Бакиев билан бир сафда турган, ҳозирда эса қирғиз мухолифатининг асосий фигуралари бўлган сиёсатчилар бугунги кунда амалдаги президентни инқилоб ғояларига хиёнат қилганликда, Асқар Акаев даврида бошланган оилавий бошқарув сиёсатини давом эттираётганликда айбламоқдалар.

- Ҳозирги ҳукуматнинг пойдерини Асқар Ақаев қуриб берган. Оилавий бошқарув, журналистларни қамаш, газеталарни ёпиш, гуноҳсиз кишиларни қўрқитиш, қамоққа ташлаш - булар ҳаммаси Ақаев даврида бошланган.

Ҳозирда буларни Ақаевнинг “шогирдлари” давом эттирмоқда. Албатта ҳозирги кунда мамлакатда оилавий бошқарув аввалгидан беш баттар кучайиб кетди, десак бўлади. Бу муаммони ўзаро маслаҳатлашган ҳолда, тезликда ҳал қилмасак, бўлмайди. Чунки биз ҳозир ғирт Қўқон хонлигига айланиб қолаяпмиз.

Аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, Ақаев даври ҳам олтин даврга ўхшаб қолади. Шунинг учун амалдаги ҳукуматни алмаштириш зарур, дейди Қирғизистон Социал-демократлари лидери Алмаз Атамбаев.

Айримлар ҳозирги ҳукуматни танқид қилса, баъзилар инқилоб қирғиз фуқароларига Ақаев даврига нисбатан кўпроқ эркинлик олиб келганини ва Бакиев даврида мамлакатда қашшоқлар сони кескин камайганини таъкидлайдилар.

Қирғизистон иқтисодий тараққиёт вазири Ақилбек Жапаровга кўра, инқилобдан кейин мамлакатнинг иқтисодий аҳволи юксалишда давом этаётир.

- Инқилобдан кейин мамлакатда давлат бюджетини икки баробарга кўпайтирдик. Даромад 2,5 баробар ўсди. Бундай кўрсаткич МДҲ давлатларида аввал кузатилмаган.

Мамлакатда ички ялпи маҳсулот икки баробар кўпайди. Аввал 100 миллиард сўм (тақрибан $2,5 млрд. – таҳр.) атрофида бўлган бўлса, ҳозирда 200 миллиард сўмдан (тақрибан $5 млрд. – таҳр.) ошди.

Бу кўрсаткичларни ҳеч ким инкор қила олмайди. Буларнинг барчаси инқилобдан кейин юзага келган, дейди Ақилбек Жапаров.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев эса “Лола инқилоби” натижасида ҳокимият тепасига келган кишилар нафақат қирғиз халқи учун, балки Марказий Осиё халқлари учун ёмон ўрнак бўлганларини айтади.

- “Лола инқилоби”нинг Марказий Осиë мамлакатлари, халқлари учун, МДҲда яшаëтган халқлар учун таъсири асосан салбий бўлаяпти, деб ўйлайман.

Бизда демократияни шакллантириш¸ уни ривожлантириш имконияти йўқ экан, “кимки ҳокимиятга келиб, демократия ўрнатаман деб ваъда берса, худди Бакиевга ўхшаб яккаҳокимликни ўрнатади”, деган гаплар Қирғизистоннинг ўзида ҳам, бошқа жойларда ҳам кўп эшитилиб турибди.

Шунинг учун мен ўйлайманки¸ “Лола инқилоби” жамиятни ривожлантириш ўрнига уни орқага тортаяпти.

“Лола инқилоби”нинг ўз олдига қўйган мақсадлари рўëбга чиқмади, балки у тескари натижаларга олиб келди. Яъни демократия анча чекланди ва матбуот эркинлиги бўғила бошланди¸ мустақил журналистлар таъқиб остига олина бошланди.

Хуллас, буни катта бир сиëсий чекиниш деса бўлади, дейди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG