Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:34

Фоҳишалар Ўзбекистонданми?


Жанубий Қозоғистондаги фохишаларнинг асосий қисми ўзбекистонликлар эканини даъво қилаётган Қозоғистон мусулмонлар уюшмаси бу борадаги аниқ рақамларни келтира олмайди.
Жанубий Қозоғистондаги фохишаларнинг асосий қисми ўзбекистонликлар эканини даъво қилаётган Қозоғистон мусулмонлар уюшмаси бу борадаги аниқ рақамларни келтира олмайди.

"Жанубий Қозоғистондаги фоҳишаларнинг асосий қисми ўзбекистонликлардир". Бу Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси 27 март куни эълон қилган баёнотнинг сарлавҳаси.

Уюшма раҳбари билан ўтказилган суҳбатни эшиттиришимизнинг иккинчи саҳифасида тинглашингиз мумкин.

Ҳозир эса, бошқа мавзу.

Декларацияни кимлар топшираяпти?


Шу кунларда ўзбекистонлик солиқчилар фуқароларнинг қўшимча манбалардан олган даромадлари тўғрисидаги декларацияларни қабул қилаяпти.

Ҳар ҳолда ЎзА ахборот агентлигининг 26 март кунги хабарига қараганда, шу жараён давом этмоқда.

Бу жараён тўғрисида сиз тингловчига маълумот топиб бериш учун Ўзбекистоннинг қатор вилоят ва туманлари солиқ инспекцияларига телефон қилдик.

Қарши шаҳар солиқ инспекцияси.

Озодлик: Одамлар 1 апрелгача декларация топширишлари керакку. Шу ҳақда эшиттириш қилаëтган эдик. Кимлар топширади¸ бу қанақа декларация¸ шуни тушунтириб берасизми?

- Декларация бўйичами?

Озодлик: Ҳа.

- Ҳозир ҳаммаси тушиб кетган. Бу ерда ҳозир “зам”имиз бор 224-18-74. Ўшанга телефон қилинг, айтишади¸ дея гапни қисқа қилди телефон гўшагини кўтарган ходим.

"Зам" телефонини кўтармади.

Қаршидан кейин Нукусга телефон қилдик.

- "Зам"га телефон қилиб кўринг. 222-03-50 га қилинг¸ деди телефонни кўтарган одам.

Нукус шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари телефонни кўтарди. Лекин барибир фойдаси бўлмади.

- Сиз бизга ëзма мурожаат қила оласизми? Биз эса ëзма жавоб берамиз¸ деди Нукус шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари.

Бошқа шаҳарлару туманлар солиқчиларига қилган мурожаатларимиз тўғрисида ҳисоб бериб вақтингизни олмайлик.

Ҳар бир ўзбекистонлик 1 апрелгача асосий иш жойида олган маошидан ташқари топган пуллари тўғрисида декларация топшириши керак.

Масалан, ёзувчи китоби учун, олим чоп этган илмий иши учун олган гонорари тўғрисида.

Ҳар ҳолда ЎзАнинг хабаридан шуни уқдик.

Мардикор Россияда топган пули тўғрисида декларация топшириши керакми?

Солиқ инспекциялари мутасаддиларидан сўраб, билиб бермоқчи бўлганимиз саволлардан бири эди бу.

Жавобни билиш эса, муҳим: ўз вақтида декларация топширмасангиз, жаримага тортиласиз.

Даромадни декларациялаш, аслида, янги, Ўзбекистонда топилган гап эмас.

Мисолни бу соҳада тажрибаси катта бўлган Ғарб давлатларидан эмас, постсовет ҳудудидан оламиз.

Мана, энг сўнгги хабарлардан бири: "Комсомольская правда" газетасининг 25 март кунги хабарига қараганда, Кремл маъмурияти бошлиғи Сергей Наришкиннинг фармойишига биноан 1 апрелгача унинг ўзи ва ўринбосарлари, президент ёрдамчилари, Хавфсизлик кенгаши котиби ва ўринбосарлари, президентнинг Давлат думасидаги, Федерация кенгашидаги, Конституциявий суддаги ҳамда федерал округлардаги вакиллари ўз даромадлари тўғрисида декларация топширишлари шарт.

Шунингдек, аталган амалдорларнинг турмуш ўртоқларию ўғил-қизлари ҳам ўшандай ҳужжатни топширадилар.

Хўш, Ўзбекистонда ҳам давлат амалдорларининг декларация топширишлари тўғрисида сўз бўлганми шу пайтгача?

Бу саволни ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниевга бердик.

Шуҳрат Ғаниев: Ниҳоятда ўринли ва актуал савол бераяпсиз. Йилдан йилга оддий фуқароларимиз телевидение ëки бошқа ахборот воситаларидан эшитиб турибдики¸ 1 апрелгача қўшимча даромад бўлган тақдирда декларация топшириш шарт. Аммо бирор марта бизнинг амалдорларимиз¸ вилоят ҳокимларимиз ëки ҳукуматдаги бошқа амалдорларимизнинг декларация топширгани ҳақида эшитмаганман.

Оила аъзолари чиқиб “Биз декларацияни топшираяпмиз ва халқ олдида эълон қилаяпмиз”, деб очиқ-ойдин айтсин. Чунки бу аввалам бор фуқароларга нисбатан ҳурмат¸ қонунга нисбатан ҳурмат ва бўйсуниш. Ҳозирги кризис пайтида бу жуда муҳим нарса бўларди.

Озодлик: Шу пайтгача Ўзбекистонда бунақа практика бўлмаганми?

Шуҳрат Ғаниев: Йўқ¸ мен юрист сифатида бу нарсани эшитмаганман ҳам¸ кўрмаганман ҳам. Афсус.

Тошкентлик Мўътабар опа Аҳмедова ҳам давлат амалдорларининг ўз даромадлари тўғрисида на давлатга¸ на матбуот орқали халққа ҳисоб берганини эслолмаслигини айтди:

- Халқ уч-тўрт қаватли қасрлар қурилаëтганини яхши билади. Бу қасрлар ниманинг ҳисобига қурилаяпти? Шахсий қасрлар қурилаяпти. Нафақат Тошкент шаҳрида¸ балки катта шаҳарларнинг ҳар бирида амалдорлар ўзига бир нечтадан қасрлар қураяпти. Буни фақат амалдорлар эмас¸ юқори лавозимли диндорлар ҳам қилаяпти.

Лекин шу пайтгача мен бу жойимни мана бу даромадимнинг ҳисобидан қурдим деб декларация топширганини билмайман. Декларация нималигини билмаса ҳам керак улар.

Бу нарса оғзаки бўлади¸ лекин расмий равишда ҳеч қаерда чиқмаган ҳам¸ чиқмайди ҳам¸ дейди тошкентлик Мўътабар опа Аҳмедова.

"Жанубий Қозоғистондаги фоҳишаларнинг асосий қисми ўзбекистонликлардир".

Бу идораси Алмати шаҳрида жойлашган Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси 27 март куни ахборот воситаларида эълон қилган баёнотнинг сарлавҳаси.

Биз уюшма раҳбари Мурад Тилибеков билан боғланиб, бир неча савол бердик.

Озодлик: "Жанубий Қозоғистондаги фоҳишаларнинг асосий қисми ўзбекистонликлардир", дейиш учун қандай асосингиз бор?

Мурад Тилибеков: Асосимиз – статистик маълумотлардир. Улар Жанубий Қозоғистонга келаётган ғайриқонуний мигрантлар оқими Ўзбекистондан эканлигини кўрсатиб турибди.

Озодлик: Гапингиздан мигрант ва фоҳиша тушунчалари ўртасига тенглик аломати қўяётганингиз кўриниб турибди?!

Мурад Тилибеков: Мен фоҳишалик ва меҳнат миграцияси тушунчалари ўртасидаги мантиқий боғлиқликни уқтирмоқчиман, холос. Фоҳишалик умумий миграцион жараённинг таркибий қисмидир.

Озодлик: Сиз статистик маълумотларга таянганингизни айтдингиз. Айтинг, ўша маълумотларни.

Мурад Тилибеков: Аниқ рақамлар келтира олмайман. Бу маълумотлар Қозоғистон ички ишлар вазирлиги ихтиёрида. Лекин биз Жанубий Қозоғистондаги реал вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Фоҳишалар орасида айнан ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас.

Озодлик: Айтаётганингиз муаммони ҳал этиш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

Мурад Тилибеков: Биласизми, бу минтақавий муаммодир. Биз Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати либераллашишини, натижада мигрантлар оқими сусайишини истаб қолишимиз мумкин, холос.

Озодлик: Албатта, Сиз, қозоғистонлик, гап Ўзбекистонга қолганда, истакдан нарига ўтолмайсиз. Суҳбатимизга асос бўлган баёнотингиз билан ўз ҳукуматингиз, Қозоғистон ҳукуматидан нимани талаб қилаяпсиз?

- Биз ҳуқуқ-тартибот идораларидаги тартибни кучайтиришни талаб қилаяпмиз. Чунки айнан мана шу идоралар ходимлари фоҳишалар ва уларнинг қўшмачиларига ҳомийлик қилиб келмоқда, деди "Жамият ва қонун" саволларига жавоб берар экан, Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси нодавлат ташкилоти раҳбари Мурад Тилибеков.

Жаноб Тилибековни у бошқараётган ташкилот 27 март куни "Жанубий Қозоғистондаги фоҳишаларнинг асосий қисми ўзбекистонликлардир" сарлавҳаси остида матбуотда эълон қилган баёнот юзасидан суҳбатга тортдик.

XS
SM
MD
LG