Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:27

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллашди


Ўзбекистонда давлат бюджетидан ойлик олувчилар қўлига нақд пул тушиши кун сайин қийинлашмоқда.
Ўзбекистонда давлат бюджетидан ойлик олувчилар қўлига нақд пул тушиши кун сайин қийинлашмоқда.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Ҳозиржавоб гуруҳ томонидан ўтказилган мониторинг натижасида мамлакатда нақд пул тақчиллиги билан боғлиқ муаммо юзага келгани аниқланган.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоли Суҳроб Исмоиловнинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги ойларда қўллаëтган айрим чора-тадбирлари¸ мамлакатда пул тақчиллигини юзага келтиришга хизмат қилмоқда.

- Бир неча вилоятларда, хусусан, Андижон вилоятида тадбиркорлар билан гаплашганимизда маълум бўлдики, улар ойма-ой давлат банк ҳисоб рақамларига нақд пул топширишса, уларга бир ой мобайнида мана шу пулнинг фақат учдан бир қисми қайтариб берилаяпти.

Қолганига улар ўзларининг банк ҳисоб рақамида пул турган бўлса ҳам, банклардан ўзларининг пулларини ололмаяптилар. Мана шу механизм ҳам Ўзбекистонда нақд пул оборотини чеклашга қаратилган, дейди Суҳроб Исмоилов.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” вакилларининг маълум қилишича, мамлакатдаги ишчи-хизматчиларнинг ойлик маошларини мажбурий тарзда пластик карточкаларга ўтказиш ҳолатлари ҳам нақд пул тақчиллиги юзага келганидан далолатдир.

Ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев пластик карточкалар масаласида сирдарёлик ўқитувчилар билан боғлиқ ҳолатни тилга олади.

- Ўқитувчилар гуруҳ шаклида шикоят аризалари йўллашди. Улар ойликларининг 30-40 фоиз миқдорини мажбурий равишда пластик карточкага ўтказиб қўйишаëтган экан.

Бу карточкалардаги пул маблағларидан фойдаланишда эса жуда кўплаб муаммолар мавжуд. Улар ўз пулларидан хоҳлаганича фойдаланиш имконига эга эмаслар. Булар нақд пул муаммосига боғлиқ бўлса керак, дейди Исроил Ризаев.

Кейинги ойларда мамлакатнинг айрим ҳудудларида нақд пул муаммоси туфайли жойларда нафақа пуллари, ойлик маошлари ўз вақтида берилмаётганлиги ҳам кузатилмоқда.

Суҳроб Исмоилов пул тақчиллиги Ўзбекистон ҳукумати томонидан сунъий равишда юзага келтирилаётганини айтади.

- Ҳозирги кунда мана шунақа чора-тадбирлар қилинмаса¸ аллақачон Ўзбекистонда баландлиги сезилаëтган долларнинг курси яна ҳам ошиб кетиши мумкин. Бу нархларнинг янада кўтарилишига¸ мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликларнинг ошишига олиб келиши мумкин.

Шунинг учун ҳозирги кунда ҳукумат учун ўзининг иқтисодий барқарорлигини ушлаб туриш учун мамлакатдаги пул оборотини чеклаб туриш маъқулроқ, дейди Суҳроб Исмоилов.

Тошкентдаги Пул муомаласи департаменти ходими мамлакатда пул танқислиги мавжудлигини тан олиб, бунда банклар айбдор эмаслигини таъкидлайди.

- Муаммо бор, лекин бу банк билан боғлиқ бўлмаган муаммо. Бу ерда банкларнинг айби йўқ. Бу пулнинг айланиши¸ пулнинг банк кассасига тушиши билан боғлиқ муаммо.

Нақд пулнинг банк кассасига ўз вақтида туширилиши таъминланмаяпти. Бунинг моҳияти жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар, солиқ идоралари билан боғлиқ муаммо. Улар нақд пулнинг банкларга тушишини таъминламаяптилар.

Пул айланиши етарли даражада эмас. Бу ҳолат банк билан боғлиқ бўлганида эди, биз унинг чорасини кўриб, вақтида тартибга солиб қўярдик, дейди Пул муомаласи департаменти ходими.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Комрон Алиев эса мамлакатда юзага келган пул танқислигига бошқа сабабларни кўрсатади.

- Бунинг асосий сабаби - Ўзбекистонда бозор системаси яхши йўлга қўйилган эмас. Истеъмол товарларини етказиб чиқиш системалари ҳам яхши йўлга қўйилмаган.

Энг муҳими, чет элдаги мардикорлардан келаëтган пул кундан-кунга камайиб бормоқда.

Ҳозирги вақтда асосан ўзимизнинг пулимиз айланишини кутишимиз керак. Мана шу сабабли ҳозир пул айланмасида анча қийинчиликлар келиб чиққан, дейди Комрон Алиев.

Кузатувларга кўра, кейинги пайтда нақд пул тақчиллиги боис ўқитувчи ва шифокорлар аҳолидан коммунал тўловларни йиғиш ишларига жалб қилинган.

Шунингдек, “Ҳозиржавоб гуруҳ” маълумотларига кўра, нақд пул тақчиллиги туфайли Тошкент шаҳридаги мактаб ўқитувчилари маошининг бир қисми ушлаб қолиниб, уларга жамоат транспортлари учун ойлик йўл чипталари мажбурий равишда тарқатилмоқда.
XS
SM
MD
LG