Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:17

Ўзга ўзбек қаёққа борсин?


Қирғизистонлик ўзбек болалари яқин орада руслаштирилган ўзбек мактабларида ўқишлари мумкин.
Қирғизистонлик ўзбек болалари яқин орада руслаштирилган ўзбек мактабларида ўқишлари мумкин.

Ўзбек расмийлари миллий озчиликлар вакилларига таълим бериш масалаларига бағишлаб минтақавий анжуман ўтказаётган бир пайтда, хориждаги ўзбеклар фарзандларини русча ўқитиш ҳаракатида юрибдилар.

3 апрель куни Самарқандда миллий озчиликлар вакилларига таълим бериш масалаларига бағишланган минтақавий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилди www.gazeta.uz интернет нашри.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон таълим вазирлари муовинлари иштирок этган анжуманда миллий озчиликлар фарзандларига таълим бериш масаласи Ўзбекистонда тўпланган тажриба мисолида муҳокама қилинди.

Газета.Узнинг Самарқанд конференцияси тўғрисидаги материали ана ўша тажриба тўғрисидаги каттагина мақоладир.

Унда ёзилишича, ўзбек бўлмаган ўзбекистонликларнинг фарзандлари ўз она тилларида таълим олишлари учун республикада барча шароитлар яратилган.

Мақола мазмунига қараганда, анжуманда масаланинг бошқа жиҳати – Ўзбекистоннинг Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ўзбекларга таълим соҳасида кўрсатадиган ёрдами масаласи муҳокама қилинмаган.

Бундай бўлиши табиийдир. Чунки ёрдамнинг ўзи йўқ.

Қозоғистон "ўролмон" деб қозоққа, Қирғизистон "қайрилмон" деб қирғизга қайишмоқда. Лекин Ўзбекистоннинг "ўз" деб ўзбекка қайишганига далил бўлувчи ишоратлар йўқ.

Натижада Ўзбекистондан ташқарида яшайдиган ўзбекларнинг, масалан, қирғизистонлик бир миллионга яқин ўзбекнинг Тошкент ҳукуматидан ҳафсаласи пир бўлган.

Натижада қирғизистонлик ўзбеклар ўз фарзандларини ёппасига ўрисча ўқитмоқчи.

Тўғри, бу ҳозирча, бир жамоат ташкилоти – Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий-маданий маркази қарори.

Бу ажабтовур қарор тўғрисида Озодлик радиоси ўз вақтида бир эмас, икки марта хабар қилган эди.

Самарқанд анжумани муносабати билан мавзуга яна қайтишга қарор қилдик.

Ташкилот раҳбари, Қирғизистон парламенти экс-депутати Қодиржон Ботировни суҳбатга тортдик.

Қирғизистондаги ўзбек мактабларини ёппасига ўрис тилига ўтказиш тўғрисидаги қарорни шарҳлар экан, Қодиржон ака воқеа тарихига тўхталди.

- Биз бу масалани ўзбек миллий маданий марказининг қурултойида республика миқëсида кўриб чиққанмиз. Бизнинг мустақиллигимизга 17 йил бўлган бўлса¸ бизнинг ўзбек мактабларидаги бугунги муаммолар ҳалигача ҳал бўлган эмас.

Ҳозирги кунда ўша мактабда ўқийдиган болалар 17 га кирди. Бари чаласавод. Шундай экан, бугун рус тилида билим олсин, деган масалага тўхталдик¸ - дейди Қодиржон Ботиров.

Қодиржон Ботировнинг режаси бўйича, ўзбек мактабларида ўзбек тили дарслари ҳам сақланиб қолади, ўқитувчилар маоши россиялик ҳамкасблариникидай бўлади.

- Кўпчиликда ҳозир ўзбек тилида ўқитадиган мактабларни рус тилига ўтказганда¸ ўзбек тилини булар йўқотади, деган ўй-фикр бор. Бу мутлақо нотўғри. Ўзбек тили ва адабиëти сақланиб қолади.

Бошқа фанларга биз Россиядан дарсликлар оламиз, шу билан бирга, ўзбек мактабларидаги ўқитувчилар учун тайëрлов курси очилиб, уларнинг ойликлари Россиянинг бугунги маориф вазирлиги бераëтган тарифда берилади¸- дейди Қодиржон Ботиров.

Меҳмонимиз тўғрисида икки оғиз маълумот:

Қодиржон Ботиров 1955 йилнинг 9 мартида Қирғизистон республикаси Жалолобод шаҳрида туғилган.

Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенешнинг собиқ депутати.

Республика Ўзбек миллий-маданий маркази раисининг муовини.

Жалолободдаги Олимжон Ботиров номидаги Халқлар дўстлиги университети муассиси ва президенти.

Қирғизистоннинг энг бадавлат одамларидан бири. Республикада ва хорижда ташкил этган корхоналарида, баъзи маълумотларга қараганда, икки ярим мингдан зиёд одам ишлайди.

Қодиржон Ботиров уйланган, икки ўғли, уч қизи бор.

Меҳмонимизни суҳбатга тортдик.

Озодлик: Демак, ўзбек мактабларини рус тилига ўтказмоқчисизлар. Шу кунда нима амалий ишлар қилинаяпти?

Қодиржон Ботиров: Амалий ишларнинг асосий қилинаëтган йўналиши - биз киритган таклифлар ўрганиб чиқилаяпти. Мактабларнинг ўқитувчилари ва раҳбарлари масалани ўрганаяпти. Биз буни қабул қила оламизми ëки йўқми? Мана шу тўғрида гап кетаяпти ҳозир.

Озодлик: Мухбиримиз саволларига икки ой олдин берган жавобингизда бу масала Россия ҳукумати даражасида ҳал бўлаяпти, деб айтган эдингиз. Шуни конкретлаштириб берсангиз. Россия ҳукуматидан бу масала билан ким шуғулланаяпти?

Қодиржон Ботиров: Сиз агар менинг ўша интервюмни эшитган бўлсангиз¸ мен Россия ҳукумати ҳал қилаяпти, деган маънода гапирган эмасман. Мен агар Россия ҳукумати шу масалаларни кўриб чиқиб, ўзининг бюджетига ўтказганида, қабул қиламиз бу нарсани, деб фикр билдирганман.

Озодлик: Бугунги суҳбатимизда ҳам бояроқ “ўзбек мактабларининг ўқитувчилари Россия ўқитувчиларидек ойлик олади”, дедингиз.

Қодиржон Ботиров: Мана шу таклифни пул билан таъминланиши бўйича Қирғизистон-Россия (славян) университети билан бирга программа қилиб ишлаб чиқдик. Ҳозир шу программага қўл қўйилди. Ҳозир славян университети Россия маориф вазирлиги билан иш олиб бораяпти. Бу бир кунда бўладиган иш эмас. Этапма-этап, бошланғич синфлардан бошланади.

Озодлик: Программага қўл қўйилди, дедингиз. Ким қўл қўйди унга?

Қодиржон Ботиров: У ўзбек миллий-маданий марказининг маорифга бағишлаб ўтказилган конференцияси қарорига кўра, Қирғизистон тарафидан Халқлар дўстлиги ассамблеяси ва Славян университетлари тарафидан имзоланди.

Озодлик:
У ўқув программасими?

Қодиржон Ботиров: Ҳа, ўқув программаси ва программа бюджети.

Озодлик:
Ўзбек тилида дарс берадиган бутун бошли ўқитувчилар армияси бор. Улар ишсиз қолиши мумкин-ку. Бу қандай ҳал бўлади?

Қодиржон Ботиров: Биринчидан, университет қошида ўқитувчиларни қайта тайëрлаш бўйича марказ очилади. Уларнинг ҳаммаси рус тилида дарс бериш бўйича қайтадан ўргатиб чиқилади.

Иккинчидан, университетларда шу мактабларга керакли мутахассисларни тайëрлаш йўлга қўйилади.

Озодлик: У ëки бу тилда дарс бериш методикасида фарқ йўқлигини билсангиз керак. Гап рус тилида равон гапира билишда-ку. Сиз қайта тайëрланади, деяпсиз. Бир ойлик қайта тайëрлашда ўқитувчиларга равон гапиришни ўргата олмайдилар-ку?!.

Қодиржон Ботиров: Бу, эҳтимол, сизнинг қарашингиз бўлса керак. Биз мутахассислар билан бу нарсаларнинг ҳаммасининг ҳисобини олиб, таҳлил қилиб, ўрганиб чиқдик.

Озодлик: Сиз бутун қирғизистонлик ўзбеклар номидан қарор қабул қилибсиз. Сизнинг қурултойингиз қарор қабул қилипти. Қирғизистонда 1 миллионга яқин ўзбек яшайди. 1 миллион ўзбекнинг номидан қарор қабул қилишга сизнинг ҳуқуқингиз борми?

Қодиржон Ботиров: Агар ҳар ким шу нарсани ўз хоҳиши билан мажбурий йўлга бурмаса, бизнинг ҳаққимиз бор.

Озодлик: Тушунмадим.

Қодиржон Ботиров: Қирғизистонда "многоязичный программа" (кўптилли ўқитиш дастури-таҳририят) қабул қилинган. Маориф вазирлигида кўп тилда ўқитиш программаси қабул қилинган. Шунга асосланган ҳолда биз ўзимизнинг халқимизга яна бир мумкинчилик (имконият демоқчи – таҳририят) яратиб бераяпмиз.

Ўзбек тилида ўқитадиган мактабларни ҳеч ким мажбур қилиб рус тилига ўтказмайди. Ана шу ўқитилаëтган мактабларда булар бир устиворликни кўрса, шу ерда шароит ўнгланганини билса, фарзандларини қайси мактабга топшириш, қаерда билим олдириш ҳар кимнинг ўзининг хоҳиши. Бу мажбурий равишда бўладиган программа эмас.

Озодлик: Сиз сиëсатчисиз. Россия ҳукумати ўзи оч қолса ҳам¸ Қирғизистондаги ўзбекларни ўзига мойил қилиш учун пул сарфлаши мумкин ва оддий ўзбек “буларда яхши бўлаяпти”, деб шуларнинг орқасида кетиши мумкин. Бу сиëсат масаласи.

Нима учун Москва томон йўналтирилаëтган ҳаракатни Тошкентга йўналтирмаяпсизлар? Нима учун Тошкентдан ëрдам беришларини сўрамаяпсизлар?

Қодиржон Ботиров: Мен Тошкентда камида 20 мaрта бўлдим (асабийлашади). Камида 20 марта бўлдим Тошкентда. Биз ўзимизнинг муаммоларимиз билан ўзимиз қолдик.

Бугун Қирғизистон маориф вазирлигида ўзбек мактаблари билан шуғулланадиган бирорта мутахассис йўқ. Ҳаммаси ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Биз бу ерда яшаëтган туб халқмиз. Бизнинг фарзандларимиз фақат чаласавод бўлиб, жиноятчи бўлиб кетиши мумкин эмас. Буларга қанақа тилда бўлса ҳам билим бериш бизга ҳам қарз¸ ҳам фарз.

Озодлик: Тошкентда 20 марта бўлибсиз. Кимлар билан гаплашдингиз ва бу боришлардан қандай самара чиқди?

Қодиржон Ботиров: "Биз ўйланиб кўрамиз!, деб маориф вазирлиги айтди. Шахсан бизнинг мутахассислар уч кун мобайнида мактаб бўйича управлениеда иш олиб бориб, ҳеч қандай натижа чиқмади.

Олий мажлисга бордик. Бу масалалар қандай қоғозга кирган бўлса¸ шундайлигича қолиб кетди. Биз охири кириллдаги эски китобларни олиб келиб, мактабларимизга тарқатишга мажбур бўлдик (Қирғизистондаги ўзбек мактаблари лотин ёзувига ўтмаган – таҳририят).

Ҳамма эшик тақа-тақ берк. “Тўхта, Ўзбекистондан ташқарида ўзбек халқи бор, буларга биз қарамасак, ким қарайди ахир”, деган одамнинг ўзи чиққани йўқ.

Биз Андижон воқеаларидан кейин собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов билан учрашдик. Биз “Қирғизистондан ўтди, дебсизлар (жангарилар назарда тутилаяпти –таҳририят), сизлар қўйиб олган чегара нима беради ўзи? Бизнинг ëшларимизда айб нима? Нимага йўлни тўсасизлар? Бизнинг фарзандларимиз қайси йўлдан боришсин?” деб айтдик. Лекин....

Озодлик: Бу саволларингизга Зокир Алматов нима деб жавоб берди?

Қодиржон Ботиров: Зокир Алматов: “Биз бу нарсаларнинг ҳаммасини раҳбариятга етказамиз¸ ишонинг”, деди. Мен: “Раҳбарият билан мени учраштиринг - мен айтаман” десам, мени учраштира олгани йўқ.

Мен: “Ўшда биттагина Қирғиз-Ўзбек университети бор. Қирғизистон указ чиқарган. Ўзбекистон ҳалигача указ чиқармаган.

Мен ўзимнинг ҳисобимдан университет қилдим. Мен бизнесмен бўлсам¸ ўқитувчи бўлмасам¸ дарс бера олмасам¸ менга нима кераги бор эди университет қилиб?

Лекин мен ўзбек миллий-маданий марказининг раҳбари сифатида элнинг ташвишини, ўша ердаги бор нарсани кўриб турибман. Мен бу нарсаларга кўз юма олмайман.

Ҳаммамиз шу ерда яшаëтган бўлсак. Нега биз болаларимизнинг йўлини тўсиб¸ кейин уларни исломий фундаментализмда айблаб, қамашимиз керак? Бизда нима бошқа йўл йўқми?” деб айтдим.

Мен унинг кабинетида икки ярим соат туриб, баëнот қилдим. “Раҳбариятга етказинг, илтимос. Қирғиз-ўзбек университетига Тошкентдаги битта ўзбек университетини оталиққа бериб қўйсангизлар, асаканглар кетадими?” дедим. Шуни ҳам қилишгани йўқ. Йўқ-да бу нарсалар. Нима қилиш керак энди?

Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий-маданий маркази раисининг муовини Қодиржон Ботиров юқорида тилга олинган сабабларга кўра ўзбек мактабларида таълимни рус тилига кўчиришга бел боғлаганини айтди.
XS
SM
MD
LG