Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:26

Даъвогар йўқ бўлса...


Минглаб ўзбекистонлик мардикорлар Россиянинг -30-40 қа чиқадиган совуқ қишини ана шундай қўрқинчли кулбаларда қишладилар ва уларнинг бу каби аянч шароитга ҳам кўникиши россияликларнинг ҳақоратли муносабатига учрамоқда.
Минглаб ўзбекистонлик мардикорлар Россиянинг -30-40 қа чиқадиган совуқ қишини ана шундай қўрқинчли кулбаларда қишладилар ва уларнинг бу каби аянч шароитга ҳам кўникиши россияликларнинг ҳақоратли муносабатига учрамоқда.

Россиянинг бепоëн ҳудудларига сочилган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳаëти тўғрисидаги ҳикоялар¸ бу юртда ўзбек мардикоридан кўра ҳуқуқсизроқ жонзот йўқ¸ деган хулосага чиқаришга асос бўлмоқда.

Москва шаҳар суди бировнинг жонига суиқасд қилганлик ва миллатлараро низо қўзғаганликда айбланаётган 5 ўсмир устидан оқлов ҳукми чиқарди. Бу ҳақда Право.ру сайти 7 апрел куни хабар қилди.

Суд ҳукми билан оқланган ўсмирлар бошқа жиноятлари қатори 2007 йилнинг 14 октябрида бир ўзбекистонликка ҳужум қилиб, унга оғир тан жароҳати етказгани учун жавобгарликка тортилган эди.

Москва шаҳар суди ўз ҳукмини судда иштирок этган жамоатчилик вакиллари – "присяжнийлар" хулосасига асосланиб чиқардики, воқеанинг айнан мана шу жиҳати бизни бу қарор ортидаги омилларни ўрганишга ундади.

Россияда ўзбекистонлик билан тожикистонлик ёки қирғизистонлик ўртасида катта фарқ бор.

Ўзбекистонлик, айниқса, у оддий меҳнат мигранти бўлса, Россияда унинг ҳуқуқларини истаган одам топташи, уни истаган одам камситиши мумкин.

Кўпчиликдан эшитиш мумкин бўлган бу фикрга Челябинск шаҳрида ишлаётган қирғизистонлик меҳнат мигранти – Дилфузахон исмли аёлнинг мана бу гаплари яна бир далил бўла олади.

- Бошда келиб юрганимизда постдагилар чиқиб “тожиклар борми” дерди. Ҳозир “ўзбеклар борми” дейди. Ўзбекларнинг божхонадан ўтиши ҳам қийин. Виза сўрайдимией¸ кўпроқ документида. Қирғизистонликни документи йўқ бўлса ҳам ўтказади. Қирғизистонликми¸ майли бир гап бўлар¸ дейди ва ўтказиб юборади. Ўзбекистонликни йўқ¸ дейди Челябинск шаҳрида ишлаётган қирғизистонлик меҳнат мигранти Дилфузахон.

Ўзбекистонлик билан қирғизистонлик ўртасидаги фарқ ҳар қадамда сезилади, деб давом этади Дилфузахон. Масалан, кўчада милиция ходими тўхтатиб, бирон камчилик топса,

- Қирғизистонлик бўлса¸ жарима солиб қўйиб юборади. Ўзбекистонликни¸ албатта¸ отделга олиб кетади. Ҳозирги пайтда бу депортация деган гап¸ дейди Дилфузахон.

Нима учун қирғизистонлик Россияда "ўз"у¸ ўзбекистонлик ўгай?

Қирғизистонлик Дилфузахон, балки Россиянинг катта шаҳарларида консулларимиз борлиги учундир, деган фикрда.

- Консулимиз бор.

Озодлик: Ўзи нима учун консулни у ëққа ўтказиб қўйган?

- Шу ердаги қирғизистонликлар ноҳақ. бирор оғир вазиятга тушиб қолганда ëрдам сўраб бориши учун¸ дейилган. Келганда квартирада проблема бўладими¸ бозорда проблема бўладими¸ документда проблема бўладими¸ касал бўласизларми борсангизлар ëрдам беради деди¸ дейди Дилфузахон.

Бошига бир иш тушиб борса, консул берган ваъдаларининг устидан чиқа оладими-йўқми – бу бошқа масала.

Лекин ўша ваъдалар берилганию катта шаҳарларда биттадан консулхона ишлаб тургани бор гап.

Қолаверса, бутун Россия бўйлаб қирғизистонлик мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоясига бел боғлаган ўнлаб нодавлат ташкилотлари ишлаб турибди.

Бундай ташкилотлар тожикистонликлар томонидан ҳам тузилган.

Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази вакили Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Россияда

- Ўзбекистонликни ҳимоя қиладиган шахсан ўзбекларни ҳимоя қиладиган ташкилот йўқ¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

"Фуқаровий кўмак" ташкилоти вакили Елена Рябинина эса, Россияда ўзбекистонлик меҳнат мигранти ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Ўзбекистоннинг биронта идораси борлигини билмайман, деди.

Рябинина ходимга қирғизистонлик Дилфузахоннинг бояги, милиция ходимларининг ўзбекистонликни ушлаши биланоқ ички ишлар бўлимига олиб кетиб қолиши тўғрисидаги гапини айтиб, бунинг сабабини сўрадик.

- Сабаби ўта жўн. Ўзбек Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари назарида товардир. Агар ўша ўзбекнинг Ўзбекистон томонидан қидирилаётгани аниқланиб қолгудай бўлса, бу - ушлаган ходим учун кун туғди, дегани – погонига юлдузча қўшилади.

Йўқ агар қидирувда бўлмаса, у ҳақда Ўзбекистонга хабар бериб, тез орада унинг у ёки бу диний ташкилотга аъзо эканлиги тўғрисида маълумот олиш мумкин, деди Елена Рябинина.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубов 2008 йилнинг бир неча ойини Россияда ўтказди.

- Сибир шаҳрида Машарипов Иброҳим деган йигит ноҳақдан қамалган эди. Икки ярим ой мобайнида судида иштирок этишимга тўғри келди. У туҳмат орқали қамалган. Биз уни озодликка чиқаришга эришдик. Буни фақат биргина мисол сифатида кўрсатиш мумкин.

Лекин Россиянинг кўпчилик вилоятларида ўзбекларга нисбатан қаттиққўллик¸ яъни фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи идоралар томонидан қаттиққўллик билан олиб борилмоқда. Ëки менсимассик ҳолатлари мавжуд¸ дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Бугунги лавҳамизга Москва шаҳар судининг ўзбекистонлик фуқарони калтаклаган 5 ўсмирни оқлаб юборгани тўғрисидаги хабар туртки бўлганини боя айтган эдик.

Гапимиз калтакланган ўзбекнинг ҳаққини талаб қиладиган даъвогарнинг сустлиги ҳақида эмас, балки умуман йўқлиги тўғрисида бўлди.
XS
SM
MD
LG