Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:38

Ободонлаштириш бузишдан бошланадими?


Бўстонликлар шаҳарни ободонлаштириш булдозерлар ёрдамида амалга оширилаётганидан норозилар.
Бўстонликлар шаҳарни ободонлаштириш булдозерлар ёрдамида амалга оширилаётганидан норозилар.

Ўзбекистонда президентнинг аҳоли пунктларини ободонлаштириш юзасидан имзолаган қарорини бажариш мақсадида айрим иншоотларнинг булдозерлар билан бузиб ташланаётганига аҳоли орасида норозиликлар кўп бўлмоқда.

Ўзбекистонда мамлакат президентининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли пунктларини ободонлаштиришни яхшилаш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори амалга оширилмоқда.

Бу қарорнинг қандай амалга оширилаётгани, аввал аҳолига қулай шароитлар яратиб бермай туриб, улар ўзлари қурган қўшимча иншоотларни булдозерлар билан бузиб ташланаётгани ҳақида аввалги эшиттиришларимизда ҳам гапирган эдик.

Бугун эса ана шу қарорни Жиззах вилоятининг Бўстон шаҳарчасида қандай амалга оширилаётгани билан қизиқиб кўрдик.

Суҳбатдошларимиз оддий жиззахлик одамлар. Уларнинг айтишларича, бу қарор ободонлаштириш учун эмас, балки бунинг аксига хизмат қилаяпти. Бўстон шаҳарчасида яшовчи Анорбой Холиқулов гапиради:

- Қандай қилиб улар келиб менинг шахсий мулкимни бошқаради? Мен шунга ҳайронман. Шуни тозалаш бўйича Вазирлар маҳкамасининг қарори чиқибди. Нимага Вазирлар маҳкамаси бизга хусусийлаштириб берди-да¸ энди хўжайинлик қилаяпти? Шунисига ҳайронмиз биз.

Халққа ўша томондан ҳозир босим кучли. Қарор чиқарган. "Қурилиш қиламан"? дейдиган бўлса¸ қарори бор¸ чизмаси бор. Лекин тадбир бунга йўл қўймайди. "Саллани олдингми¸ калласини ҳам ол", дегандай қилаяпти-да. Комиссия келиб пожарний входга халақит бераëтган нарсани кўрсатиб, “мана бу нарсанг бўлмайди¸ халақит қилади” деса экан. Маҳаллага “буз” деб буюриб ташлаган¸ бўлди.

Бу тадбир учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан бўлса¸ ҳокимиятдан¸ вазирликдан бир вакил келиб¸ халқ билан мажлис ўтказиб, “Халойиқ¸ шундай гап, пожарний вход бўлиши керак, МЧС ëрдамга келганда шу шароитлар бўлиши керак", деган тушунчани берса бўлади-ку. Булар дарров булдозери билан келади.

Кимдир 15 кунликда қурилиш материали қўйган¸ емай-ичмай тўртта шифер сотиб олган¸ 60-70 сўмдан лой ғишт сотиб олган¸ 500 сўмдан шлакоблок сотиб олган. Бир ойлик ëки икки ойлик муддат деган тадбирда огоҳлантириш бўлиши керак-ку. Унақа нарса йўқ. Келди¸ тамом бошла.

“Тўхтаб тур¸ ўзим бузиб оламан” деб бешикни кўндаланг қўйса¸ бешикни ҳам олдириб¸ суриб кетаяпти. "Уйнинг ичида ким бор¸ ким яшаяпти" деган нарса билан иши йўқ.

Булдозер билан туртаяпти ва “энди ол” деяпти. Ноқонуний қургани учун жарима эълон қилаяпти. Ана шундай зўравонлик кетаяпти. Тағин мустақилмиз¸ - дейди куюниб Анорбой Холиқулов.

Бир қарашда маҳаллий ҳокимият тўғри иш қилаётганга ўхшайди. Яъни кўп қаватли уйлар ҳовлисини тартибга солиш, ёнғин чиқиб қолганда ўт ўчириш машиналарининг тўсиқсиз кириб келиши учун шароит яратиш мақсадида бу ишлар қилинаяпти. Анорбой ака ҳам бу фикрларга қўшилади.

Лекин аввал одамларнинг нормал яшаши учун шароит яратиш керак. Нега одамлар уйларининг олдига тандир қуради? Нега ўчоқ қуради? Нега қўшимча уй қуради?

Бу саволларга Анорбой акада жавоб бор. Биринчи сабаб, газ билан иситишга ва овқат қилишга мўлжалланган бу уйларда газнинг ойлаб бўлмаслиги табиий ҳолга айланган:

- Газнинг духовкасида тўртта нонни пишириб ейишга қурбимиз етарди. Чунки уй иссиқ туради. Қўшимча лой ғиштли уйда яшашга ҳожат қолмас эди. Ëки уйнинг олдида қўшимча уй қурмас эдик.

Газнинг йўқлигидан бетон совиб кетадику. Бод касали қаëқдан чиқади? Захдан чиқади. Бу қурилган уйлар бетон бўлса¸ газ бўлмаса¸ свет соат сайин ўчаверса¸ -дейди Анорбой Холиқулов.

Бўстон шаҳарчасида яшовчи Гулхумор опа ҳам Анорбой аканинг гапларини тасдиқлайди.

- "Ҳаëтимиз фаровон", дейди. Балки қаерлардадир фаровон ҳаëт бўлаëтгандир. Масалан, бизнинг шаҳарчамиз аввал шундай гуллаб-яшнаган эди. Ҳамма нарса бор эди. Ҳеч нарсадан қийинчилигимиз йўқ эди. Тандир¸ ўчоқ деган нарсани билмас эдик.

Домнинг олдида тандир¸ ўчоқ қуришга мажбур бўлдик. Энди ҳозир уни ҳам буздираяпти. Буздирса¸ эртага нима бўлади деган ўйдамиз ҳозир¸ - дейди Гулхумор опа.

Маҳаллий ҳокимият эса бир ойдирки аҳолининг газдан қарздорлигини рўкач қилиб, газ узатишни тўхтатган. Бундан эса Гулхумор опа ҳайронлигини айтади. Чунки газ ва свет пуллари ҳатто болалар нафақасидан ҳам ушлаб қолинмоқда:

- Болаларни боқиш керак¸ едириш керак¸ ичириш керак. Ўзи ишсизлик муаммоси кундан кунга ошиб бораяпти. Ишсизликдан уйда жанжал бўлади. Ўғилларимиз вояга етган. Уларга уй олишимиз керак¸ уйлантиришимиз керак.

Болаларимиз аллақачон оила қуришга тайëр¸ лекин ота-она тайëр эмас. Уй-жой¸ ишсизлик муаммоси. Борлар қўша-қўша уй-жой солаяпти.

Бу менинг шахсий фикрим - 80 фоиз оддий халқ қийин аҳволда. Қаердир гуллаб яшнаëтган бўлиши мумкин¸ лекин бизда аҳвол борган сайин оғирлашаяпти¸ - дейди Гулхумор опа.

Анорбой ака фикрича, аҳоли газ ва светга бўлган қарзларини ўз вақтида тўлаяпти¸ лекин бу пуллар кимларнингдир чўнтакларига кириб кетаяпти:

- Мен тўлаб ўтирибман. Бир ойга 5000 деди¸ тўладим. 10 минг деди¸ мажбур бўлиб тўладим. 15 минг деди¸ тўладим. Лекин ўша пулимдан "Газтаъмир" билан электр энергия тармоқлари ўғирлик қилаяпти. Улар халқ пулидан ўғирлик қилаяпти. Оғзидан чиққан талабини бажараяпмиз¸ лекин таъминот йўқ¸ - дейди Анорбой Холиқулов.

Гулхумор опанинг сўзларига кўра, газ ва свет бир ёқда турсин, шаҳарчада ичимлик сув ҳам муаммо бўлиб бораяпти:

- Ҳафта¸ 10 кун сув бўлмагандан кейин қаердандир каналлардан олиб келиб ичишга мажбур бўлаяпмиз. Катталарга айтсак¸ жанжал қиласизлар¸ дейди. Газ таъминоти¸ электр таъминоти бошлиқларини жойидан топиб бўлмайди¸ -дейди Гулхумор опа.

Суҳбатимиз сўнггида Анорбой ака Ўзбекистон телевидениесида кўрганлари билан бугунги ҳаётни таққослайди. Ёлғон ва ҳақиқатни ажратишга ҳаракат қилади:

- Телевизорларда биласизми¸ ҳўв минбарларда. Мен бир ҳавас қиламан. Энди телевизорни икки ойда бир ëки тўрт кунда бир кўрамиз. Чунки свет масаласи жуда оғир. Ҳозир аккамуляторда кўраяпмиз. 110 мингга аккамулятор сотиб олганмиз. Свет ўчган пайтда¸ лампочкани ëқиб овқатланамиз.

Бу ислоҳотни қаранг. Фаровон ҳаëтда яшаяпмиз. Минбарда туриб гапирилаëтган гапларнинг 50 фоизини ҳам ҳаëтда кўрганимиз йўқ. Халқ қийналиб бўлди¸ дейди Анорбой ака Холиқулов.
XS
SM
MD
LG