Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:33

Бордюжа: Ўзбекистон КХШТдан чиқмайди


КХШТ бош котиби Николай Бордюжа Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида ҳамкорликни давом эттиришга мойиллигини айтади.
КХШТ бош котиби Николай Бордюжа Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида ҳамкорликни давом эттиришга мойиллигини айтади.

КХШТ бош котиби Николай Бордюжанинг айтишича, Ўзбекистон КХШТ билан ҳамкорликни тўхтатмоқчи эмас, айни пайтда Ўзбекистоннинг бу ташкилот билан ҳамкорлигида афсусланарли жиҳатлар бор.

20 апрел куни Қирғизистонга иш сафари билан келган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжага кўра, Ўзбекистон вакиллари ташкилотнинг Арманистондаги анжуманида иштирок этмаганига расмий Тошкентнинг сув-энергетика масалаларида минтақадаги қўшнилари Қирғизистон ва Тожикистон билан келиша олмаётгани сабаб бўлмаган.

- Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам фаол ишламоқда. Айни пайтда бу ҳамкорликнинг ўкинарли томонлари ҳам бор. Масалан, бир неча кун олдин Ереванда ўтган ташкилотга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашида Тошкент вакиллари иштирок этмадилар.

Лекин бу Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан сув-энергетика масалаларида келиша олмаётгани билан боғлиқ муаммо эмас.

Ўзбекистон делегацияси Еревандаги учрашувга тайёргарлик кўриш учун жуда оз вақт берилганини айтиб, анжуман кун тартибидаги масалаларни июн ойида муҳокама қилиш мумкин эди, деб ҳисоблайди, деди Николай Бордюжа.

КХШТ бош котибининг айтишича, Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида ҳамкорликни давом эттиришга мойил.

- Ўзбекистон вакиллари Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Иш кетаяпти, бу жараёнда қайсидир давлат фаолроқ, қайсидир давлат эса сустроқ ишлаяпти, деди Бордюжа.

Бироқ бишкеклик сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев фикрича, Ўзбекистон вакиллари КХШТнинг Арманистондаги йиғилишида қатнашмаганини расмий Тошкентнинг бу ташкилотга нисбатан кўнгли совуётгани белгиси сифатида талқин қилиш мумкин.

- Ўзбекистон нима учун Евросиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқди? Нега энди бу давлат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқишга тайёр бўлиб турибди? Негаки бу ташкилотларнинг нуфузи йўқ, улардан реал фойда йўқ.

Бу ташкилотлар декларатив характерга эга бўлиб, бу Россияга минтақа бизнинг таъсиримизда, деган иддаони тасдиқлаш учунгина керак, деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Сиёсатшунос фикрича, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжанинг “Россия ҳукумати режасида Қантдаги рус авиабазасида мавжуд ҳарбий учоқлар сонини ошириш мақсади бор” деган баёноти ҳам Москва минтақани қўлдан чиқармаслик ҳаракатида эканидан бир даракдир.

Сиёсатчи, қирғиз парламентининг собиқ депутати Шамсибек Медетбаевга кўра, бугунги кунда минтақа давлатларидан фақат Қирғизистонгина тўлалигича Россия таъсири остидадир. Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлар Россиядан мустақил тарзда сиёсат юритаётирлар.

- Ўзбекистон ва Тожикистон Россия билан тенг ҳуқуқли асосда ҳамкорлик қилмоқда. Россия ва Қирғизистон муносабатида эса бундай тенглик кузатилмайди. Бундай сиёсат натижасида Қирғизистоннинг Россияга тобелиги янада кучайиб бораётир. Кремл эса бундан унумли фойдаланмоқда, деди Шамсибек Медетбаев.

Сиёсатчи фикрича, Кремл расмий Бишкекни Қирғизистондаги АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган ва бу қарор эълон қилингач, Россия минтақа барқарорлигининг ягона ҳимоячиси сифатида майдонга чиқади.

Николай Бордюжа ҳам Бишкекдаги матбуот анжуманида АҚШ ҳарбий базасининг мамлакатдан чиқарилиши минтақа хавфсизлигига таъсир кўрсатмаслигини ва минтақадаги барқарорликни Қирғизистондаги Россия ҳарбий базаси таъминлай олишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда Қирғизистон Давлат котиби Адахан Мадумаров Николай Бордюжа билан бирга ўтказган матбуот анжуманида Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базаси юзасидан қабул қилинган қарор ўзгармаслигини маълум қилди.

- АҚШга нота берилганидан бошлаб 180 кун ичида база олиб чиқиб кетилиши белгиланган. Базани чиқариш графиги Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва бу ҳужжатда белгиланган тартибга сўзсиз тарзда амал қилиш шарт бўлади. Бу халқаро ҳужжатдир, шунинг учун у аниқ бажарилади, деди Адахан Мадумаров.

Николай Бордюжа ўз иш сафарини 21 апрел куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги ҳамда Хитой билан чегарадош Олой туманидаги ҳарбий қисмларни ҳам бориб кўриш билан давом эттирди.
XS
SM
MD
LG