Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:20

Олмаота саммити томонларни муросага келтирадими?


28 апрел куни Олмаотада бўлиши кутилаётган Марказий Осиё саммити олдидан минтақада сув тақсимоти устидаги баҳс боши берк кўчага кириб қолгани тобора аниқлашмоқда.

Шу кунга қадар Марказий Осиё минтақаси давлат расмийларининг турли даражадаги учрашувлари, мулоқотларидан минтақадаги томонларнинг сув масаласидаги зиддиятли позициялари аниқ намоён бўлди.

Минтақани суғорадиган икки асосий дарё — Амударё ва Сирдарёнинг бошида жойлашган, нефт ва газ каби табиий бойликлари бўлмаган Тожикистон ва Қирғизистон ўз табиий имкониятларини ишга солишга уринмоқда.

Айни пайтда, Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон ва Қозоғистон бунга қаттиқ қаршилик қилмоқда. Кейинчалик бу ҳаракатга Туркманистон ҳам қўшилди.

Саммит арафасида бу уч давлатнинг телефонда суҳбатлашиб, ўзаро келишиб олган раҳбарлари ҳам ҳозирча қарорини ўзгартириш ниятида эмасга ўхшайди.

Шу тариқа, минтақани суғорадиган икки дарёнинг бошидаги ва этагидаги давлатлар сифатида икки томонга ажралиб қолган Марказий Осиё республикалари Олмаота саммитида муросага кела оладими ёки йўқми?

Шу вақтгача минтақа давлатлари ўртасида ҳакамликка даъвогар бўлиб келган Россия кимнинг тарафини олади?

Бугун жамоатчиликни қизиқтириб турган шундай саволлар билан биз россиялик таҳлилчи, Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги шарҳловчиси Санобар Шерматовага мурожаат қилдик.

Санобар Шерматова Олмота саммити якунига оид ҳозирча 2 та тахминни илгари сурди.

- Биринчи тахмин шуки, ҳамма нарса ўзгаришсиз қолади. Учрашувда томонлар ўз позициясини баён қилади. Ҳамма бир-бирини тинглайди ва ҳамма ўз фикрида қолаверади.

Яъни Қирғизистон ва Тожикистон: “Сиз хоҳласангиз, хоҳламасангиз, биз бу ГЭС ларни қурамиз, тамом” дейиши мумкин.

Табиийки, улар бунда Россиянинг молиявий ёрдамига умид қилади. Бунга эса ҳозирча уларнинг етарли асоси бор, дейди Санобар Шерматова.

Феврал ойида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Москвага сафар қилган ва бу сафар чоғида Россия ҳукумати билан Қирғизистон режаланаётган Қамбарота ГЭСи қурилишига сармоя киритиш бўйича келишувга эришилган эди.

Тез орада шундай келишув Тожикистоннинг Роғун ГЭСи бўйича ҳам имзоланиши мумкинлиги кутилмоқда. Май ойида Дмитрий Медведев Россия сармояси ёрдамида қурилган Сангтўда ГЭСи очилиш маросимида қатнашиш учун Тожикистонга боради. Бу сафар чоғида томонлар Роғун бобида ҳозирча оғизда мавжуд келишувни қоғозга туширишини тахмин қилаётган экспертлар кўпчиликни ташкил қилади.

Демак, бир қарашда, Олмаота саммити натижалари кўпроқ Россия позициясига боғлиқдек.

Аммо, россиялик эксперт Санобар Шерматова фикрича, бу ерда Қозоғистон ҳам жиддий рол ўйнаши мумкин.

- Икки ГЭС нинг қурилишига қаршилик қилаётган учлик иттифоқида қувлик билан сиёсат юритадиган Қозоғистон борлигини унутмаслик керак. Қозоғистон ҳамиша ўз фойдасига хизмат қиладиган муросали келишувни қидириши билан минтақа давлатлари орасида ажралиб туради.

Агар Қозоғистонни Ўзбекистон билан бир иттифоққа итарган муаммо ҳал этилса, Қозоғистон бу учлик сафидан чиқиши ҳам мумкин, дейди Санобар Шерматова.

Қозоғистоннинг минтақадаги азалий рақобатчиси бўлган Ўзбекистон билан иттифоққа ундаган сабаб ҳам аслида бевосита Россия билан боғлиқ. Қозоғистон ҳукумати Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС қурилишига сармоя киритмоқчи ва шу билан унинг жанубий ҳудудларини суғорадиган дарё бошидаги ГЭСни ўз назоратида ушлаб турмоқчи эди.

Аввалига бунга рўйхуш бергандай кўринган Қирғизистон ҳукумати, кутилмаганда, Россия билан шартнома имзолади.

- Қозоғистон томони унга сув тақсимотини назорат қилувчи ўша позицияни қайтариб олишни хоҳлайди. Буни қайтариш учун эса, ўз навбатида, нимадир таклиф қилиши керак.

Менимча, Қозоғистон томони ҳозир шундай таклиф имконини қидирмоқда. Агар у имкон топилса, Қозоғистоннинг Олмаота саммитида қиладиган баёноти мазмуни кутилганидан бошқача бўлиши мумкин, дея тахмин қилади россиялик эксперт Санобар Шерматова.

Шундай бўлган ҳолда — бу эса Олмаота саммити олдидан илгари сурилаётган тахминлардан иккинчиси — Ўзбекистоннинг ёнида қолган қолган Туркманистон ҳам минтақанинг бошқа уч давлатига кескин қаршилик қилмайди.

Айниқса, президент Қурбонқули Бердимуҳамедов ўз қўшнилари билан, хусусан, Қирғизистон билан ўн йил аввал тўхтаб қолган муносабатларни ҳам қайта тиклашга уринаётган бир пайтда.

"Шундай экан, ҳал қилувчи сўз яна Россияда қолади", дейди Санобар Шерматова. Яъни, сув бошидаги давлатлар ўз ҳудудида ГЭС қуришига бошиданоқ қаршилик қилиб келган асосий давлат —Ўзбекистонга нисбатан Россия тутган йўл Олмаота саммитининг умумий якуни мазмунини белгилаб беради.

- Президент Медведев январ ойида Тошкентга қилган сафари чоғида минтақа давлатлари бундай иншоотларни ўзаро келишиб қуриши лозимлигини айтиб, гўёки Ўзбекистонни қувватлаган эди.

Аммо у февралда Қамбарота ГЭСига маблағ беришини айтиб, мантиқан бу баёнотини инкор қилди. Ҳозирга келиб эса Россиянинг позицияси мутлақо номаълум ва келажакда қандай бўлишини тахмин қилиш жуда қийин.

Аниғи шуки, Россия ҳеч қачон минтақа давлатларнинг ҳаммаси билан бир вақтда дўстлаша олмаган. Бири билан дўст бўлса, ўз-ўзидан иккинчисининг рақибига айланади, дейди Санобар Шерматова.

Гарчи ҳозир бунинг имкони йўқдай кўринса-да, таҳлилчи Шерматовага кўра, сув масаласида икки фронтга аниқ ажралиб қолган Марказий Осиё давлатлари пировардида бирлашиши мумкин ва бу мутлақо минтақа давлатларининг ўзаро ички муросасига боғлиқ.

- Агар сув масаласида бу давлатлар ўзаро муросага кела олса, бу Марказий Осиё давлатлари эришган биринчи иқтисодий ҳамкорлик бўлади, дея умид билдирди россиялик эксперт, "Новости" ахборот агентлиги шарҳловчиси Санобар Шерматова 28 апрел куни Олмаотада бўлиши кутилаётган Марказий Осиё давлатларининг сув масалаларига бағишланган саммити олдидан.
XS
SM
MD
LG