Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:49

Адашган қозоқлар ҳамон Нукусда


"Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари Тошкентга бориб, қозоғистонликларнинг Ўзбекистонда ушлаб турилиши билан боғлиқ муаммо юзасидан сўзлашувлар ўтказади".

Бу 28 февраль куни Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинган 27 қозоғистонликнинг Астана шаҳрига арз қилиб борган яқинларига Қозоғистон ҳукумати расмийлари берган ваъда.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаров 20 апрел куни Озодлик радиосига мазкур масала билан шуғулланиш Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига топширилганини, консул Нукус шаҳрига сафар қилганини билдирган эди.

Қорақалпоғистон республикаси прокуратураси қозоғистонликлар билан боғлиқ муаммо борлигини билвосита тан олди, бироқ саволларимизга жавоб бермади.

Озодлик: Бу Қорақалпоғистон республикаси Бош прокуратурасими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телeфон қилаяпман¸ исмим Сарвар Усмон. Мен Қозоғистон билан чегарада қўлга олинган 27 та Қозоғистон фуқароси бўйича телефон қилаëтган эдим.

- Мен сизга бир номер бераман. Ўшанга телефон қилинг¸ майлими?

Озодлик: Ҳа¸ беринг-чи.

- 222-25-65 га телефон қилинг¸ деди телефон гўшагини кўтарган ходим.

Прокуратуранинг бизга тавсия қилинган телефони тегишли, яъни мантиққа кўра, 27 қозоғистонликнинг иши билан шуғулланаётган бўлими ходими барча саволларимизга "кечроқ телефон қилинг", деб жавоб берди.

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятилик 27 кишининг 28 февраль куни Манғишлоққа кетаётган пайтда Ўзбекистонга ўтиб қолгани ва у ерда қўлга олингани тўғрисида бир неча кун аввал ҳикоя қилган эдик.

Нукусдаги CИ-9 тергов изоляторида сақланаётган қозоғистонликларнинг пойтахт Астанага арз қилиб борган яқинларидан бири, Шинара исмли аёл Озодликка воқеанинг баъзи тафсилотларини айтиб берди.

- Улар Ақтўбе ва Манғишлоқ вилоятлари оралиғида ишлашлари керак эди. Ҳаммаси 34 киши, ҳайдовчилар эди. Қорбўрон пайтида адашиб кетиб, Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қолганларини билмаганлар.

Бир пайт кутилмаганда, қуролли аскарлар пайдо бўладию машиналарнинг ғилдиракларига қарата ўқ уза бошлайди. Шундан сўнг 7 киши қочишга улгурган, Ўзбекистон ҳудудида 27 киши қолган¸ дейди Шинара.

Ана шундан буён қозоғистонлик 27 ҳайдовчи машиналарию бошқа махсус техникаси (ҳаммаси бўлиб 30 та улов) билан Ўзбекистон ҳудудида.

- Энг каттаси 60 ёшда, энг кичиги 20 ёшда. Уларнинг аҳволи нима кечаётганидан хабарсизмиз, дейди Шинара.

Унинг айтишича, қўлга олинганлар машинали мардикорлардир. Уларнинг кўпчилиги бировнинг машинасини ижарага олиб минади, баъзилари қарз кўтариб, сотиб олган.

"Ўзбекистонга ўтиб қолган ўша машиналарда юк бўлганми?", деб ҳам сўрадик.

- Қочишга улгурганларнинг айтишича, машиналарда юк бўлмаган, деди Шинара.

Яқинлари билан кўришиш учун бир неча киши Нукусга ҳам борган, лекин маъмурлар кўришига рухсат бермаган.

Шундай қилиб, 27 қозоғистонлик билан боғлиқ узоқ муддат матбуот назаридан четда қолиб келган воқеа кейинги кунларда икки қўшни мамлакат расмийлари ўртасида можаро юзага чиқиш хавфини пайдо қилди.

Воқеанинг ҳуқуқий жиҳатини ҳам билишга қизиқиб, тошкентлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловга мурожаат қилдик.

Озодлик: Демак¸ 27 та Қозоғистон фуқаросининг ҳаракатида¸ билиб қилганми-билмай қилганми¸ жиноят аломатлари кўринадими- йўқми?

Суҳроб Исмоилов: Бу ҳаракатда тўғридан-тўғри жиноят аломатлари йўқ. Лекин¸ ҳозир текширувлар кетаëтган экан¸ текширувлар пайтида билиб қилишнинг ва билмай қилишнинг турли хиллари бўлади.

Масалан, инсoн билмасдан давлат чегарасидан ўтиб кетиб, ҳеч жойда ўтганини қайд қилмасдан, 100-200 метр ўтиб, кейин бошқа жойдалигини билиб, сўнг яна орқасига қайтиб кетиши мумкин. Унда бу ҳолатда на маъмурий ҳуқуқбузарлик, на жиноий ҳуқуқбузарлик бўлади.

Қозоғистонлик 27 фуқаронинг ҳолатида эса Ўзбекистондаги судловни¸ кўпинча бир тарафлама олиб бориладиган терговни ҳисобга олсак¸ агар терговчилар¸ текширувчилар жуда фактнинг қулоғидан тортамиз дейишса¸ жиноят кодексидаги давлат чегараларини бузиш тўғрисидаги моддани айблов сифатида қўйишлари мумкин.

Агар бу ҳолатга юмшоқроқ баҳо беришмоқчи бўлса¸ аввало маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича уни "маъмурий ҳуқуқбузарлик" деб баҳолаб, юмшоқроқ¸ енгилроқ жазо белгилашлари мумкин. Ҳозир буни ҳеч нарса, деб бўлмайди. Бунинг ҳаммасини текширув кўрсатади.

Озодлик: Иккинчи саволим ҳам биринчи саволимнинг сал бошқачароқ формаси. Маълумки¸ Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида виза тартиби йўқ. Виза тартиби бўлганда тушунарли бўларди¸ хўп чегарани бузибди¸ визасиз кирибди. Виза тартиби бўлмаса¸ нима қилади уларни қийнаб?

- Бу ерда бир қўшимча бериш керакки¸ виза тартиби йўқ дегани давлатлар ўртасида фуқаролар ва бошқа ҳар хил объектларнинг¸ бойликларнинг¸ предметларнинг эркин¸ қайд қилинмасдан ҳаракатда бўлиши, дегани эмас. Ҳар бир давлат токи чегаралар мавжуд экан¸ виза тартиби бўлмаса ҳам¸ эркин савдо тартиби жорий қилинган бўлса ҳам кириб келаëтган ҳар қанақа товарни¸ инсонни қайд қилиб ўтказади.

Худди шундай ҳолат Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида ҳам бор. Масалан, биз Қозоғистон ҳудудига Ўзбекистон фуқароси сифатида ўтадиган бўлсак¸ у ëқда вақтинчалик рўйхатсиз беш кундан ортиқ тура олмаймиз. Беш кундан кейин Қозоғистоннинг махсус хизматларидан рўйхатдан ўтишимиз керак.

Қозоғистон ҳудудини кесиб ўтган жойимизда¸ ўша чегара постларида¸ паспортимизга қайдномани албатта урдириб олишимиз керак.

Шунақа тартиб Ўзбекистон томонидан ҳам жорий қилинган. Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан чегара кесишув нуқталарида кириб келадиган жойларда махсус постлар ташкил қилинган.

Қонун бўйича ҳар битта кириб келаëтган товар ҳам¸ инсон ҳам мана шу чегараларда қайдномадан ўтиши керак. Mана шундагина қонуний ҳисобланади, дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG