Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:13

Дюсселдорф судининг зиддиятли жиҳати


Дюсселдорф шаҳрида "Исломий жиҳод иттифоқи" деб номланган ташкилотга аъзоликда гумон этилаётган тўрт киши устидан маҳкама давом этмоқда. Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари мазкур маҳкамада ўзбекистонлик маҳбуслардан олинган иқрорномалар айбланувчиларга қарши далил сифатида судга тақдим этилмаслиги керак, деган фикрдалар.

Маҳкама қора курсисига келтирилган уч немис ва бир турк фуқароси Рамштейндаги АҚШ ҳарбий базаси, Франкфурт аэропорти ва Германиянинг бошқа йирик шаҳарларида қатор автомобил портлашларини уюштиришни режалаганликда гумон этилиб, 2007 йилда ҳибсга олинган ва бу жиноят юзасидан суриштирув ишлари немис терговчиларини Ўзбекистонга қадар етаклаган эди.

Германияда чиқадиган "Die Zeit" рўзномасининг ёзишича, немис терговчилари Ўзбекистонда 19 йилга қамалган Шерали исмли маҳбусни Тошкент қамоқхонасида ўзбек миллий хавфсизлик хизматининг икки ходими иштирокида сўроққа тутганлар ва у берган гувоҳликлар Дюсселдорфдаги маҳкамада муҳим рол ўйнаши мумкин.

"Die Zeit"нинг ёзишича, 32 яшар Шерали Афғонистонда тайёргарликдан ўтган ва Ўзбекистонга қайтганидан сўнг Бундесвер базасида террор ҳужуми содир этишни режалагани ҳақида айтган.

Аммо Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар кенг тарқалгани ҳақида бонг ураётган ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбек маҳбусларининг кўрсатмалари ишончлилигини шубҳа остига олишмоқда. Улар қийноқ остида олинган кўрсатмалардан Германия терговчиларининг фойдаланиши ноқонуний, деган фикрдалар.

- Ўзбекистонда қийноқлар кенг тарқалган экан, у ердаги маҳбуслардан олинган кўрсатмалар Германия судига тақдим этилмаслиги керак, дейди Халқаро Амнистия ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиси Ричард Коттер.

Қийноқ остида олинган кўрсатмалардан фойдаланишни Германия қонунлари ҳам таъқиқлайди. Германиялик терговчилар эса ўзбекистонлик махбус сўроқ қилинган пайтда унда қийноқ белгилари бўлмаганини айтиб, унинг қийноққа солинган бўлиши мумкинлигини айтаётган ҳуқуқ ҳимоячиларидан буни исботлашни сўрамоқда.

"Die Zeit" рўзномасининг ёзишича, немис терговчилари Аҳмад исмли қозоғистонлик маҳбусни ҳам сўроқ қилганлар.

Хуллас, немис терговчилари марказий осиёликлардан қўлга киритган маълумотлар Дюсселдорфдаги маҳкама жараёнининг энг зиддиятли жиҳати бўлиши мумкин.

Жараённи кузатиб бораётган германиялик журналист Маркус Бенсманнинг айтишича, Германия икки принципиал жиҳатга асосан Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмаслиги керак.

- Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимларида қийноқлар мунтазам қўлланилиши у ердаги ҳуқуқ ҳимоячиларидан тортиб чет эллик дипломатлар ва халқаро экспертларга аён экан, Германия бундай тузум мавжуд бўлган давлат билан ҳамкорлик қилмаймиз, дейиши керак.

Инсон қадр-қиммати буюк неъмат ва қийноқлар, инсон ғурури ва ор-номусини топташ ҳуқуқ бузилишининг энг даҳшатли кўринишидир.

Германия ҳамжамияти ҳатто терроризмга қарши курашда ҳам инсон ҳуқуқлари қадриятларни четга суриб қўймаслиги керак ва бу ерда тортишувга ҳам ўрин йўқ. Бу масаланинг маънавий жиҳати.

Иккинчидан эса Ўзбекистондек давлатда маҳбус қийноққа солинмаган бўлса ҳам, агар у қийноққа тутилиши мумкинлигини билса¸ ўз ҳаётини асраб қолиш учун ҳам ёлғон кўрсатма бериши мумкин.

Мана шу ҳолат ҳам ўзбек маҳбусидан олинган гувоҳликни шубҳа остига қўяди. Шундай экан¸ Германия бундай тузумлар билан ҳамкорлик қилмаслиги керак, дейди Маркус Бенсман.

2002 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг Қийноқлар бўйича собиқ маърузачиси Тео Ван Бовен ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар "мунтазам характерга эга" деб хулоса қилган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда қийноқлар билан боғлиқ вазият ҳозир ҳам ўзгаришсиз қолаётганига ишоралар борлигини айтишади.
Британиядан бошпана топган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизматининг собиқ зобити Икром Ёқубов ҳам қийноқлар асосий кўрсатма олиш усули бўлиб қолаётганини айтади.

- Қийноқ масаласида гапирадиган бўлсак¸ Ўзбекистонда қийноқ усули билан маҳбуслардан ëки шубҳа қилинаëтган одамлардан кўрсатма олиш табиий ҳолат ва бу асосий кўрсатма олиш усули ҳисобланади. Бу қийноқ усулларини милиция ҳам¸ МХХ ҳам¸ прокуратура терговчилари ҳам бирдек қўллашади.

Юқоридан планли равишда буйруқ бўлади. Масалан, 50 та намозхонни радикал исломий гуруҳларга алоқадорликда айблаб, иш қўзғатиш ва уларни ҳибсга олиш бўйича юқоридан кўрсатма бўлади. Терговчилар уни қаердан топади? Ўзи туғиб бермайди-ку.

Шунинг учун прокуратура ҳам¸ милиция ҳам¸ МХХ ҳам юқорининг бунақа бўладиган буйруқларига олдиндан мослашиб бўлган¸ дейди Икром Ëқубов.

"Исломий жиҳод иттифоқи" деб айтилаётган гуруҳга келсак, бу ҳақда маълумот биринчи марта 2004 йилги Тошкент ва Бухородаги портлашлардан кейин пайдо бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати 2004 йил баҳорида Тошкент ва Бухорода 47 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашларни айнан "Исломий жиҳод иттифоқи" амалга оширганини маълум қилган эди.

Ўша йилнинг июли охирида Тошкентда яна портлашлар рўй берди. Бу сафар АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси бинолари нишонга олинган портлашлар ҳам "Исломий жиҳод" тарафидан содир этилгани айтилди.

Аммо халқаро экспертлар "Исломий жиҳод" гуруҳи ҳақидаги маълумотлар борасида кескин шубҳа билдириб келадилар. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррей Тошкентдаги портлашлар рўй берган жойда бўлгани ва Ўзбекистон расмийлари эълон қилган маълумотлар у ўз кўзи билан кўрган манзарага зид бўлганини айтганди.

Орадан уч йил ўтиб "Исломий жиҳод иттифоқи" ҳақидаги маълумот Германияда террор амаллари уюштиришда гумон қилинган уч нафар гумондорнинг ҳибсга олиниши муносабати билан халқаро матбуотда тарқалди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқаси борлиги гумон этилаётган бу ташкилот аслида ҳам бор бўлган ташкилотми-йўқми, деган баҳс эса ҳали ҳам мавжуд.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Икром Ёқубов "Исломий жиҳод иттифоқи"нинг Ўзбекистонда мавжудлигига шубҳа қилади.

- "Исломий жиҳод" деган ташкилот бўлиши мумкин¸ лекин бу Ўзбекистондан ташқарида бўлиши мумкин. Бунинг Ўзбекистон жамиятининг ичида бўлиши хомхаëл.

Иккинчидан, бу "уюшган гуруҳлар Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилаяпти" деган ëлғон иддаони кўрсатиш учун қилинаëтган МХХнинг навбатдаги ўйини бўлиши мумкин. Иккинчи айтган фикрим ҳақиқатга яқинроқ¸ дейди Икром Ëқубов.

Дюсселдорфдаги маҳкама икки йил давом этиши кутилмоқда. Айбловлар исботланса, тўрт шахсга умрбод қамоқ жазоси ёки 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Давомли маҳкама жараёнида мазкур шахсларнинг "Исломий жиҳод иттифоқи"га алоқадорлиги батафсил ўрганилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG