Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:47

Милиция ходими нималарни билиши керак?


Милиция ходими қонунга риоя қилишни, одамларни ҳурмат қилишни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини топтамасликни, таъмагирлик қилмасликни ўрганиши керак – булар ўтказганимиз сўров натижаларининг мағзи.

Бугунги суҳбатимиз бир неча ўзбекистонликнинг "Милиция ходими нималарни билиши керак?" деган оддийгина саволга берган жавобларидан иборат бўлади.

Жавоблар олдинда.

Ҳозир эса саволни пайдо қилган бир тадбир тўғрисида икки оғиз маълумот.

21-22 апрель кунлари Тошкентда бир тренинг ўтказилди.

БМТ Тарақққиёт дастури, Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура уюштирган ўша икки кунлик машғулотда профилактика нозирлари оилавий можароларни ҳал қилиш ва одам савдосига қарши кураш соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамладилар.

Светлана Ортиқова тренингни уюштирган муассасалардан бири – Ўзбекистон республикаси бош прокуратураси матбуот котибидир.

Жамият ва қонун эшиттиришига Светлана опа мана буларни айтиб берди.

- Хабарингиз бор бўлса керак¸ Ўзбекистонда аëлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган тегишли қонунлар қабул қилинган. Эркак билан аëлнинг тенг ҳуқуқли эканлиги асосий қонунимизда ҳам белгилаб берилган. Меҳнат кодекси дейсизми¸ оила кодекси дейсизми¸ фуқаролик кодекси дейсизми – бир гап билан айтганда миллий қонунчиликда аëллар ҳуқуқи ҳимоя қилинмоқда.

Нодавлат¸ нотижорат ташкилоти бўлмиш хотин-қизлар қўмитаси ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ходимлари билан биргаликда бир ëқадан бош чиқариб аëлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган анча ишларни амалга оширишаяпти.

Шу нуқтаи назардан ўтказилган форум ҳам аëлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга¸ агар аëл кишининг ҳуқуқи бузилган бўлса¸ уни тиклашга¸ қайтарзда тиклашга ва таҳлилларга эътибор бериб¸ шу ҳуқуқларнинг бузилишига олиб келган сабаб ва шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга¸ келгусида режаларни тузишга бағишланган семинар бўлиб ўтган¸ деди Светлана Ортиқова.

Демак, 21-22 апрель кунлари Тошкентда ўтказилган тренингдан кўзланган бош мақсад профилактика нозирларининг хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашдир.

Светлана Ортиқова ўзи вакили бўлган идоранинг мазкур тадбирдаги иштироки тўғрисида мана бундай деди:

- Бош прокуратурага конституцион вазифа юклатилганлиги яъни Ўзбекистон ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хил бажарилишининг устидан назорат қилиш¸ шу жумладан аëлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси ҳам юклатилган экан¸ шунинг учун ҳам бош прокуратуранинг ходими ҳам қатнашиб¸ аëлларнинг ҳуқуқлари камситилишига олиб келган сабаб ва шароитларни бартараф этишга қаратилган бош прокуратура тарафидан нима чора¸ нима тадбир белгиланганлиги ҳақида маъруза билан чиқиш қилган¸ деди Ўзбекистон республикаси бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова.

Демак, Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари яна бир тадбирда билимларини оширди. Улар хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоялашни ўрганди.

Бундан буён хотинини урадиган ҳар қандай эр бу ишни ўйлаброқ қилсин. Можарони ҳал қилишга келган профилактика нозири бундан буён қўли югурик уронғич эрларни тренингда олган "свежий" билимлари билан тузлайди.

Хўш, милиция ходимлари яна нималарни билишлари, қандай билимларни ўрганишлари керак?

Жамият ва қонун эшиттириши бу саволни бир қатор ўзбекистонликларга берди.

Садриддин исмли самарқандлик бир тингловчимиз саволимизга жавоб беришни истамади. Милиция ходимига ақл ўргатган бўлиб қолмай, деди шекиллида?

Сирдарёлик собиқ маҳалла оқсоқоли Карим ака гап кўпу овозим чатоқ, деди.

Ўзини Садир ака деб таништирган андижонлик тингловчимизнинг овози бугун катта ашулабоп экан:

Садир ака: Милиция ходимларига қонунни билиб¸ қонунга амал қилиб фуқароларга қонунда қанақа қилиб юриш кераклигини ўргатишларини хоҳлардим. Ҳозир юрсангиз кўчаларда¸ ГАИ постларида милициялар ҳеч уялмасдан бемалол савдо-сотиқ қилиб юборишаверади¸ олишади.

Озодлик: Нима учун олишади?

- Уларнинг бола-чақаси бор эмиш¸ раҳбарлари бор эмиш¸ ҳар бир постларда ставка бор эмиш. Ҳатто шаҳарларнинг атрофида шундай постлар қилиб олишганки¸ сиз кўрмагансиз. Тўсиб қўйган¸ албатта тўхтаб ўтасиз. Уч ерда дунглик бор. У ердан машина юра олмайди¸ ўта олмайди.

Шу дўнгликдан ўтганингизда тўхтатишиб¸ бемалол савдо-сотиқ қилиб олаверишади. Барака топгурлар шунақа йўлини топишган. “Бунга ҳужжат борми? Бунга қонун борми? Ахир бу фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш¸ эркинликларини чеклаш бўлади” десанг¸ “Қонунингни ҳўв ўқиган ерингга бориб айт” дейди. Ҳеч қулоқ солмайди¸ дейди Садир ака.

Садир аканинг фикрини тўғри илғаган бўлсак, демак, милиция ходимларини таъмагирлик қилмасликка ўргатиш керак. Суҳбатдошимиздан яна сўрадик.

Озодлик: Яна нимани ўргатиш керак?

- Шу ўзлари чиқарган қонунга амал қилишса бўлди. Жуда кўп нарса эмас¸ дейди Садир ака.

Садир ака Озодлик саволларига дўстлари билан дам олиб ўтирган жойида жавоб берди. Фурсатдан фойдаланиб, дўстлардан бирини ҳам суҳбатга тортдик.

Ўзини "домла", деб таништирган дўст Садир аканинг фикрига қўшилмайди. Қонунга риоя қилишдан олдин милиция ходими ўрганиб олиши керак бўлган бошқа иши бор, деди домла.

- Милицияларга биринчи навбатда одамлар билан муомала қилишни¸ муомала маданиятини ўргатиш керак. Масалан саломлашиб¸ ўзини таништириб¸ нима мақсадда сизни тўхтатганини ëки нима мақсадда сиз билан гаплашаëтганини айтиб¸ шунга асоси борлигини айтиб мурожаат қилса бу бошқа.

Агар одам ўлдирган бўлса ҳам суднинг ҳукми чиқмагунча у оддий бир инсон ҳисобланади. Милиция ходимларига одамларга жимоятчими¸ жиноятчи эмасми бундан қатъий назар инсоний муносабатда бўлишни ўргатиш керак.

Ҳеч бўлмаганда ўзи шу халқнинг фарзанди эканлигини¸ шу халқнинг тўлаëтган солиғи ҳисобига яшаëтганини инобатга олган ҳолда инсонларни ҳурмат қилишни ўргатиш керак. Қонунга амал қилиш бу иккинчи¸ учинчи даражали нарса¸ деди ўзини домла деб таништирган дўст.

Бу гапни айтаётган андижонлик домла бир муҳим нарсани: Ўзбекистонда милиция тўғрисида қонун ҳанузгача йўқлигини, Ўзбекистон милицияси 1991 йилнинг 25 октябрида Вазирлар маҳкамаси қабул қилган "Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги низом" асосида ишлашини билганида эди, қонун сўзини мутлақо ишлатмаган бўларди. Ҳай, давомини эшитинг:

- Ҳали қонунга етиб боргунча эрта. Масалан мана саломлашиш¸ ҳол-аҳвол сўраш – у милиция бўлишидан қатъий назар биринчи навбатда у инсон¸ у ўзбек. Бизда бунақа нарса йўқда. Милиция гаплашаëтган одами билан ҳеч бўлмаганда бир қават тепада туриб гаплашади.

Ҳатто “Фалонча кўчага қандай қилиб борса бўлади?” деб сўрасангиз ҳам жавобдан ўзини катта тутаëтгани сезилиб турадида. Шунинг ичида у албатта милициялигини¸ мен билан гаплашаëтганда улуғроқ¸ буюкроқ одам эканлигини билдирадиган тонда гаплашади. Дунëда қанча мамлакат бўлса¸ биз бормаган бўлсак ҳам киноларда кўрганмиз.

Мана 20 давлат раҳбарларининг йиғилиши бўлаëтганда киоскада газета сотадиганни туртиб юборипти¸ йиқилиб тушипти. Битта одамни битта полициячи итариб юборганлиги учун одамлар намойиш қилиб кўчага чиқаяпти. Давлат қарор чиқарадиган махсус комиссия тузаяпти. Сиз яхши хабардорсиз бундан. Худди шу даражада ҳар бир одамнинг инсон эканлигини улар (милицияларни назарда тутмоқда – таҳр.) унутмаслигини хоҳлардим¸ деди ўзини домла деб таништирган дўст.

Милиция ходими нималарни билиши керак, деган саволимизга ўзбекистонлик тингловчиларимиздан олганимиз жавоблар билан таништираяпмиз.

Саволимизни шоир Минҳожиддин Ҳайдарга ҳам берувдик, жавоб мана бундай бўлди.

- Давлат милиция ходимлари дейсизми¸ суд ходимлари дейсизми¸ прокуратура ходимлари дейсизми – уларга ишониб шу постни берипти. Булар биринчи ўринда ҳалоллик мезонида туриши керак.

Иккинчидан мана шу постда турганларнинг кўпчилиги тасодифан бошқа бир соҳадан таниш-билиш қилиб¸ бўй-бастига қараб ўтиб қолганлардир. Биласиз орган ходимларида бошқа соҳаларга нисбатан пул дуруст. Шунинг учун тасодифан соҳаси бутунлай бошқа одамлар кириб қолган.

Биринчи навбатда мен шу соҳада ишлаëтганларда шу соҳа билан боғлиқ чуқур билими бўлишларини хоҳлардим. Беш-олти йил партада ëки бошқа ерда ўтириб шу соҳани чуқур ўрганган одамлар албатта шу соҳага меҳр қўяди ва адолат юзасидан иш кўради.

Биринчи навбатда шу тасодифий одамларнинг ўрнига ҳақиқатда шу соҳани битирганлар қўйилсин. Булар кўпроқ адолат учун¸ ҳаққоният учун курашувчи одамлар бўлади.

Бу орган ходимлари аввало ҳалол бўлишлари керак. Амалдор олдида хизмат қилиб¸ уларга қуллуқ қилиб турадиган бўлмаслиги керак. Адолат мезонини тўғри ушлаб кўпроқ халқ томонда бўлиш керак¸ деди шоир Минҳожиддин Ҳайдар.

Шоирлар, одатда, қонунни ҳурмат қиладиган, мўмин-қобил фуқаролар бўлади. Кўча-кўйда, метро-петрода "ҳужжатингизни кўриб қўяй", деб мелисанинг ўзи яқинлашмаса, унинг, ўша мелисанинг бор-йўқлигиниям сезавермайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг эса, йўриғи бошқа. Улар милиция ходимлари билан ора кунда олти марта учрашади. Ишлари шунақада!

Риштонлик Баҳодиржон ҳам ўшалардан. Мана у кишининг Жамият ва қонун саволига жавоби:

- Милиция ходимларини биринчи навбатда муомала маданиятига ўргатиш керак. Қўполликни¸ қандайдир устуворликни улар ўзларида енгиб ўтишлари керак.

Бир фуқарога нисбатан қилинаëтган муомалада у фуқаронинг аввало мана шу давлатнинг фуқароси эканлиги¸ фуқаро ўша милиция томонидан ҳимоя қилинаëтганини милиция билиб туриб муомала қилиши керак. Яъни у душман эмас¸ қандайдир жиноятчи эмас¸ қандайдир экстремист эмас. Ҳали унинг айби исботланмаган. Шунинг учун айбсиз одамдай муомала қилиш керак деган нарсаларга биринчи навбатда ўргатиш керак.

“Ўв ке¸ ўтир бу ëққа. Тур ўрнингдан¸ гапир” тарзидаги қўпол муомалаларни кўп кўрдик¸ кузатдик. Уларни юмшоқ муомалага ўргатиш керак¸ дейди риштонлик Баҳодиржон.

Милиция ходими нималарни билиши керак, деган саволни бугунги эшиттиришни тайёрлаш жараёнида ўндан зиёд кишига бердик.

Келтирганимиз жавобларни ўша кўпчиликнинг жавоби, деб қабул қилаверишингиз мумкин.

Милиция ходими қонунга риоя қилишни ўрганиши керак, милиция ходими одамларни ҳурмат қилишни ўрганиши керак, милиция ходими фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини топтамасликни ўрганиши керак, милиция ходими таъмагирлик қилмасликни ўрганиши керак – булар ўтказганимиз сўров натижаларининг мағзи.

Эшиттиришимизни шу жойда тугатиб қўйсак ҳам бўлар эди. Бироқ риштонлик Баҳодиржон яна бир гапни айтдики, уни ҳам эшиттирмасак, бўлмас.

Баҳодиржон: Охирги пайтларда милиция ходимлари ҳам қонунни ҳурмат қиладиган бўлиб қолишган. Шахсий кузатишлар натижасида мен шундай хулоса қилдим.

Озодлик: Жуда қизиқ гап айтдингиз кейинги пайтда қонунни ҳурмат қиладиган бўлиб қолган деб. Нималарда кўринаяпти шу?

Баҳодиржон: Мисол учун улар қонуний акт тузишни бошлашди. Бунга бир ой бўлгани йўқ. Охирги бир ҳафтада битта ўғирликда кўринди. Балки биз иштирок этаëтганимиз учун улар шунақа қилишгандир. Улар ҳамма қоғозларни тўғрилаб¸ тушунтиришлар қилиб тўғри ишлар олиб боришаяпти.

Қандайдир янгилик. Мен ҳам ўзимча буни ютуқ деб ўйладим. Милиция ходимлари анча яхши тарафга шаклланипти деб ўйладим. Улар ҳозир ростдан ҳам қонунни¸ ўзларига керакли бўлган қоидани яхши билишади.

Озодлик: Илгари бунақа эмасмиди?

Баҳодиржон: Илгари биз “Инсон ҳуқуқлари вакилимиз” деб борганимизда¸ улар дағаллик билан бизни умуман киритишмас эди. Ҳозир “Ҳа майли. Келинг. Кимнинг иши бўйича?” дейди. “Биз фалончанинг иши бўйича келдик” десак¸ “Келинг¸ киринг¸ марҳамат. Танишиб чиқсам майлими деб ëзинг аризангизни” дейишади.

Ҳозир қандайдир ижобий томонга ўзгарган. Бошқа ҳуқуқ ҳимоячиси ëки бошқа оддий инсонлар билан милиция ўртасидаги муносабатга жавоб бера олмайман. Лекин ўзимда худди шундай ҳолат охирги икки ҳафта давомида кузатилаяпти.

Улар бемалол мулоқотга чиқишаяпти. “Марҳамат. Қонун доирасида сиз билан мулоқотга тайëрамиз” деган мазмунда гапиришаяпти.

Озодлик: Бу туман даражасидами вилоят даражасидами?

- Ҳозирча туман даражасида¸ деди риштонлик Баҳодиржон.

Яхши гап. Яхши хабар. Умидбахш хабар.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига муомаласи кейинги бир неча ҳафтада ўзгарди. Аввал ундай эмас эди, деяпти риштонлик Баҳодиржон.

Хўш, бу эврилишнинг, бу метамарфозанинг сабаби нимада?

Бу саволни эшиттиришимизнинг дастлабки меҳмони, Ўзбекистон республикаси бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқовага бердик.

- Саволингизга шунақа жавоб берардим: ҳеч қанақа метамарфоза йўқ. Кеча¸ бугун¸ эртага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан ўша-ўша муносабат.

Кимки қонун доирасида¸ ўзининг ваколати доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилса¸ ҳамиша ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ходимлари шу фаолиятни қўллаб-қувватлайди¸ деди Светлана Ортиқова.

Мана энди эшиттиришни тугатса бўлади.

Лекин яна тугата олмаяпман. Чунки Светлана опа ҳозиргина айтган гапининг кетиданоқ мана бу гапни ҳам айтди.

- Қолаверса¸ келинг Сарвар ака шуни айтиб ўтишни ҳам лозим топдим¸ БМТ нинг ҳужжатларида¸ бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида ëки бизнинг миллий қонунчилигимизда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи деган маъно ва шунақа тушунчанинг ўзи йўқ¸ деди Светлана Ортиқова.

Бирин-кетин айтилган бу икки фикрда ўзаро зиддият сездингизми? Мен ҳам сездим. Бош прокуратура вакили сўнгги фикрини кенгроқ тушунтирди ҳам.

Лекин бугунги эшиттиришимиз учун танланган мавзу мутлақо бошқа кўчага кириб кетмасин, деб "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" деган тушунча муҳокамасини бошқа эшиттиришга қолдиришга қарор қилдик.
XS
SM
MD
LG