Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:52

Фермерлар ҳокимни судга берди


Фермерларнинг айтишларича, ерларни тортиб олиш учун керакли бўлган ҳужжатлар ҳокимлик томонидан қалбакилаштирилган.
Фермерларнинг айтишларича, ерларни тортиб олиш учун керакли бўлган ҳужжатлар ҳокимлик томонидан қалбакилаштирилган.

Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида ерлари ноқонуний равишда тортиб олинган беш фермер туман ҳокимлигини хўжалик судига тортди. Уларга кўра,ким кўпроқ пора берса ер ўшаники бўлиб қолаяпти.

Жума куни Сирдарё вилояти хўжалик ишлари суди Оқ олтин туманидан бўлган беш фермер аризасини кўриб чиқишни бошлади. Улар ерларининг ноқонуний олиб қўйилганидан судга мурожаат қилганлар. Бу ҳақда Озодлик радиосига инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Карим Бозорбоев маълум қилди.

- Суд жараëни бўлди. Суд кейинги жума кунига учинчи шахс чақирилиши учун қолдирилди. Учинчи шахс бу фермер хўжалиги ер майдони заҳирага олиниб¸ бошқа фермерга берилган. Ўша фермерни чақириш учун 30 апрелга қолдирилди¸ деди Карим Бозорбоев.

Суд 30 апрелга қолдирилди. Хўш, фермерларнинг даъволари нима? Биз бу беш фермернинг уч нафари билан суҳбатлашдик.

Биринчи суҳбатдошимиз “Мирзоҳид Шаҳзод” фермер хўжалиги раиси Ўрол Қувватовнинг айтишича, унинг 60 гектар ери бор. Ўтган йили сув танқислиги боис пахта режаси 83 фоизга бажарилган. Буғдой топшириш режаси эса ортиғи билан бажарилган. У аввалига ери олиб қўйилганини хатто билмаган ҳам. Унинг номидан еридан воз кечиш ҳақида кимдир ариза ҳам ёзиб берган:

- Уларнинг ўзлари ариза ëзишган ва ўзлари қарор чиқаришган. Ер укамнинг номида¸ мен ишончнома билан иш юритаман. Бориб кўрдим¸ биров ëзган. Қоғозга муҳрни урган¸ дейди Ўрол Қувватов.

Ўрол Қувватов ери бошқага берилганини бировдан билган:

- Биз комиссиясини ҳам кўрганимиз йўқ. Рустам деган фермер телефон қилиб “Ерингизни мен қўшиб олдим. Ҳоким ариза олиб кел деяпти”, дейди. Мен ариза бермайман¸ керак бўлса ўзим қўшиб оламан. 60 гектар ер озгина ер эмас¸ дедим¸ дейди Ўрол Қувватов.

Иккинчи суҳбатдошимиз “Жондор ота” фермер хўжалиги раиси Ҳомид Абдуллаев. Унинг айтишича, бир умр далада кетмон чопган:

- 1973 йилдан бери совхозда яшаймиз. 1989 йилдан бери ўзимиз аъзо бўлиб бригадир бўлиб ишлаганмиз. 2003 йилда фермер хўжалигига айлантирилганидан кейин шу пайтгача фермер хўжалигида ишлаб келаяпмиз. Қисқаси ота-бобомиз деҳқон ўтган. Ўзимиз ўзимизнинг техникамиз билан ишлаймиз¸ етиштирамиз¸ топширамиз. Ҳаммасини ўзимиз қиламиз¸ дейди Ҳомид Абдуллаев.

У шу пайтгача ҳамма давлат режаларини муваффақиятли бажариб келган. Ўтган йил сув танқислиги учун пахта режаси 86 фоиз бўлиб қолган:

- Сув менинг еримга олти-етти километрдан келади. Суғориш тармоғининг энг охирида менинг ерим жойлашган. Мендан олдин бешта фермер сув ичади. Улардан ортса¸ менга сув келади. Биз ҳар йили еримизга яҳоб қўярдик. Ëз кунида пахтани икки-уч марта суғориш керак. Биз бир марта суғориб ҳосил олардик. Шунинг эвазига ҳосил бўларди. Ўтган йил қишда сув қўя олмадик. Эвазига пахта планимиз бажарилмади¸ дейди Ҳомид Абдуллаев.

Фермер Ҳомид Абдуллаев ерни ихтиёрий топшириш ҳақидаги ариза ҳам унинг номидан қалбакилаштирилганини айтади:

- Биз ҳокимиятга бориб ариза ëзмаганмиз. 2008 йилнинг 9 октябрида ўзлари бизлардан бесўроқ аризани ëзган ва 30 октябр куни ҳокимнинг қарорини чиқариб¸ "Атиргул" фермер хўжалигига қўшиб юборган¸ дейди Ҳомид Абдуллаев.

Учинчи суҳбатдошимиз, олим агроном, қишлоқ фуқаролари йиғини раиси ҳамда туман Кенгаши халқ депутати, “Эсергап Али” фермер хўжалиги раиси Зарпулла Эсергапов. Унинг тақдири бояги фермерларникидан сал бошқачароқ. У доим давлат режаларини бажариб келган. Ери ҳам кам эмас, 45 гектар.

Хўш, вақтида бош агроном бўлиб ишлаган деҳқондан ерни нега тортиб олишди? Унинг қайси қилиғи ҳокимликка ёқмади:

- Биз ҳокимиятга яхши кўринмаганмиз. "Салом-алик"ни яхши қилмаганмиз. Ҳозир ерни олган фермерларнинг ҳаммаси саводсиз. Ким ерни олган бўлса¸ саводсиз одамлар олган.

Мисол учун мен олим агрономман. 1979 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини тугатганман¸ дейди Зарпулла Эсергапов.

Зарпулла Эсергаповга кўра, Сардор билан салом аликни қуюқ қилмаган барча фермер еридан ажралди. Сардор дегани бу қуюқ “салом-алик”ни туман ҳокимига етказадиган ўртадаги воситачи:

- Ким Сардорга дум бўлган бўлса¸ ўша ерни олган. Сардор энди совхоз директори ҳисобланади-да. Ҳокимнинг "шестëрка"си. У плëнканинг тагига қовун экадиган қовунфуруш.

Агар мен уч гектар ерга ҳокимнинг рухсатисиз плëнка остига қовун экадиган бўлсам¸ ўша уч гектар ер бузилиши керак. Ҳокимнинг рухсати билан эксам¸ бузилмайди. Ҳозир ҳокимиятда шунақа ўйин кетаяпти¸ дейди Зарпулла Эсергапов.

Зарпулла Эсергаповнинг айтишича, ҳозир туман ҳокими Камолиддин Сулаймонов:

- Ҳозир у қаҳрамон. Айтгани айтган¸ дегани деган бўлаяпти. Мисол учун мен олим агрономман¸ лекин менинг еримни олиб қўйди. Орқасида дум бўлмаганим учун менинг еримни олиб қўйди¸ дейди Зарпулла Эсергапов.

Хўш, Ўзбекистон президенти айтганидек ер эгасини топяптими?

- Ер фирибгарларнинг қўлида қолаяпти. Ким олди-берди қиладиган бўлса¸ ер ўшанинг қўлида қолаяпти. Мен икки-уч марта ҳокимнинг олдига кирган эдим. Ҳайдаб чиқариб юборди. Бунга нима дейиш керак энди? Менга қараб баклашка отди. Участка нозири ҳокимнинг олдидан қўрқиб чиқиб кетди¸ лекин мен чиқмадим. Менга от¸ мени ур дедим ҳокимга. Лекин қила олмади¸ дейди Зарпулла Эсергапов.

Фермер Ҳомид Абдуллаев фикрича, бугунги кунда деҳқонни ўйлайдиган ҳукумат қолмади. Бой бойларга боқадиган замон келди:

- Мен нима дейман энди. Мен бир кетмончи¸ ишчи одам бўлсам. Бир нарса деб бўлмайди уларга. Бой бойга боқар¸ сув сойга оқар дегандай ҳозир каттанинг гапи гап бўлаяпти. Деҳқоннинг гапи ҳеч жойда ўтмайди¸ дейди фермер Ҳомид Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG