Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:30

Чернобилчиларнинг ҳолидан хабар олинмаяпти


Тожикистонда яшаётган чернобилчиларнинг айримлари қандай касалликка чалинганини маҳаллий шифокорлар аниқлай олмаётирлар.
Тожикистонда яшаётган чернобилчиларнинг айримлари қандай касалликка чалинганини маҳаллий шифокорлар аниқлай олмаётирлар.

Тожикистонда яшаётган икки мингга яқин чернобилчиларнинг 90 фоизи касалманд. Уларнинг оилаларида туғилаётган ногирон болалар сони ҳам ортмоқда.

Чернобил Атом станциясида юз берган фожеа оқибатларини бартараф этишда беш минг тожикистонликлар иштирок этган эди.1993 йилга келиб, уларнинг қарийиб 40 фоизи оламдан кўз юмди.

Сўғд вилоят хукумати мулозими Нўъмон Ҳакимовнинг айтишича, Чернобил атом станциясида юз берган фожеа оқибатларини бартараф этишда қатнашганларга давлат мунтазам тарзда ғамхўрлик кўрсатмоқда.

- Бугунги кунда чернобилчиларга тиббий хизмат бепул кўрсатиляпти. Улар шаҳар транспортидан бепул фойдаланадилар. Коммунал химзатларнинг 50 фоизини тўлашади. Бундан ташқари ижтимоий томондан ҳам ёрдамлар берилмоқда.Шунингдек шаҳар ва туман маҳаллий ҳукуматлари ҳам уларга ёрдам бериб турибди,- деди Нўъмон Ҳакимов.


Бироқ ўша мудҳиш ва даҳшатли кунларда фожеа оқибатларини бартараф этган тожикистонликларнинг айтишларича, давлат томонидан уларга етарли ғамхўрлик кўрсатилмаяпти.

Сўғдлик Отабек Хурамов биринчилар қатори Чернобилга мажбуран жўнатилган тожикистонликлардан бири. Чернобил оқибатлари унинг наслига ҳам зарар етказган.

- Худога шукр уч фарзандим бор. Афсуски, уларга ҳам ўша радиация таъсир қилган. Фарзандларимга малакали медицина ёрдами, маблағ зарурлиги хақида Тожикистон президентигача мурожаат қилдим. Чунки кичик қизимнинг аҳволи оғирлашган, у юрак хасталигига мубтало бўлган эди. Ўшанда 7 минг доллардан ортиқ маблағ сарфлаб, Москва шаҳрида қизимни операция қилдирдим, - дейди Отабек.

Отабекнинг ўзи ҳам шифокорларнинг доимий назорати остида. Медицина хизмати чернобилчилар учун бепул бўлса-да, дориларини ўзи сотиб олади.

- Чернобил фалокатини бартараф этишда қатнашиб, саломатлигимга путур етди. Шикофокрлар: “Тўйимли ва витаминларга бой овқат ейишинг керак”, деб айтишади. Давлат илгари озиқ- овқат билан таъминларди, энди бу ҳам йўқ, шунинг учун тез-тез шифокорларга мурожаат қилишимга тўғри келяпти,-дейди Отабек.

Унинг айтишича, давлат томонидан бир йилда бир марта бериладиган 100 сомоний, яъни тахминан 21 АҚШ доллари миқдоридаги ёрдам пули ҳар ойи сотиб олинадиган дориларнинг бир қисмига етади холос.

Вилоят “Чернобилчилар иттифоқи” жамияти Конибодом тумани бўлими раиси Қаюм Собировнинг сўзларига кўра, туманда 80 нафар чернобилчи истиқомат қилади.

- Улар ҳам турли касалликларга мубтало бўлган. Улардан хабар олиб туришга ҳаракат қилаяпмиз. Лекин бўлим ҳисобида маблағ йўқ, шунинг учун ҳам уларга моддий ёрдам беролмаяпмиз.

Улар ўз ихтиёрлари билан ёрдам сўраб, Душанбегача бориб келишди. Натижа йўқ. Айримларининг қандай касалликка чалинганини бирорта шифокор ҳам аниқлай олмаяпти. Бир оз саломатлиги яхши бўлганлари Россияда мардикорчилик қилмоқдалар,-деди Қаюм Собиров.

Спитамен туманида яшовчи Равшан Қосимовнинг сўзларига кўра, туманда истиқомат қилаётган чернобилчилар хукумат томонидан белгиланган имтиёзларда ҳам фойдалана олмаяптилар.

- Ҳукуматга бориб “ёрдам беринглар” дейишса, “нима қилайлик чернобилга борган бўлсаларинг. Мана 9 май байрами куни фахрийлар қатори сизларга ҳам ош қилиб берамиз”, деган жавобни олишмоқда. Уларнинг аксарияти касалманд эканлигини тан олиш керак. Улардан туғилаётган фарзандалр ногирон, сочи йўқ, юраги хаста ва бошқа касалликларга чалинган,- дейди Равшан Қосимов.

Расмий маълумотларга кўра, Сўғд вилоятида 400 дан ортиқ чернобилчилар яшайди. Уларнинг деярли ҳаммаси турли касалликларга мубтало бўлган. Икки юз нафар чернобилчи ногирон.Чернобилчиларнинг уч юзга яқин фарзандлари ҳам турли ксалликларга чалинган.
XS
SM
MD
LG