Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:32

Мюррей махсус хизматларни айбламоқда


Ўзбек қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг қонли кўйлаклари ҳам у ерда қийноқлар нақадар авж олганидан далолат беради.
Ўзбек қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг қонли кўйлаклари ҳам у ерда қийноқлар нақадар авж олганидан далолат беради.

Ўзбекистонда қийноқлар остида олинган маълумотларнинг Ғарб жосуслик хизматлари томонидан ҳам фойдаланилгани ҳақидаги айбловлар 28 апрел куни Британия парламенти қошидаги инсон ҳуқуқлари қўмитасида тингланди.

Бу ҳақда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей гувоҳлик берди. Британиялик ҳуқуқшунос, профессор Филипп Сандс бу ҳолатнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида гапирди.

Ўзининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида қилган ошкора чиқишларидан сўнг элчилик лавозимидан озод қилинган Крейг Мюррей қийноқ остида олинган разведка маълумотларидан фойдаланишни "халқаро конвенцияларга зид" деб билишини ва буни англаган ҳолда, Британия ҳукумати улардан фойдаланганини қайд этди.

- Британия ҳукуматидаги вазирлар бундай маълумотлардан фойдаланиб, қонун доирасидан чиқишди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланилиши ва иқрор олишнинг энг асосий усули бўлиб қолаётгани ҳақида айтар экан, демак, Ўзбекистондан келаётган ҳар қандай разведка маълумоти қийноқ остида олинган.

Қийноқ мунтазам қўлланиладиган давлатдан чиққан бунақа маълумотлардан фойдаланиш эса БМТ конвенциясига зиддир, деди Мюррей.

Жаноб Мюррейга кўра, Британия қийноқлар воситасида олинган маълумотлардан фойдаланиб, қийноқлар бозорини кенгайтирмоқда.

Собиқ элчи Крейг Мюррей тингловлар чоғида ўзбек махфий хизматларидан олинган маълумотларнинг Британия хавфсизлиги учун аҳамиятини ҳам савол остига олди.

- Бу маълумотларнинг биронтаси Британия хавфсизлигига оид бўлмаган. Улар асосан Ўзбекистонда Ислом Каримов режимига исломий кучлар хавф солаётгани ҳақидаги шубҳали маълумотлар эди, холос, деди Мюррей.

Британия собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг британ жосуслик хизматлари ўзбек махсус хизматларидан маълумот олиб тургани ҳақидаги иддаолари янгилик эмас.

У аввал ҳам бир неча марта Ўзбекистонда қийноқлар натижасида олинган маълумотлар Ғарб жосуслик хизматлари томонидан ишлатилгани ва буни тасдиқловчи ҳужжатларга эга эканини билдирган.

- Бу ҳужжатлар асосан АҚШ Марказий разведка бошқармаси, Британия ҳукумати ва Каримов хавфсизлик хизмати ўртасидаги яширин келишувга оиддир.

Ҳужжатлар Каримовнинг қийноқ камераларида олинган иқрорларнинг Марказий разведка бошқармаси томонидан Ал-Қоидага қарши курашда разведка маълумоти ўлароқ ишлатилганини тасдиқлайди, деди Крейг Мюррей.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ошкор қилган ҳужжатлардан бири Ўзбекистон хавфсизлик хизмати юборган маълумотлар қийноқ остида олингани борасида элчи огоҳлантирувидир.

Яна бири эса қийноқ остида олинган маълумотлардан разведка хизматининг фойдаланиши қонунга зид эмаслиги ҳақида Британия ташқи ишлар вазирлигининг жавобидир.

- Мен бу ҳақда Тошкентда элчи лавозимида ўтирган пайтим вазирга: "Балки, бу ҳаракатингиз қонунга хилофдир", деган мазмунда иккита телеграммани жўнатганман, аммо ҳар иккаласига ҳам ёзма тарзда жавоб олмаганман.

Кейинчалик бу нарсалар ҳақда ёзмаслигим лозимлиги ҳақида айтилди. Вазирлик ҳуқуқий маслаҳатчиси Майкл Вуднинг қийноқ остида олинган маълумотлардан разведка хизматининг фойдаланиши қонунга зид эмаслиги ҳақида айтгани ҳаммасидан ошиб тушди, деб таъкидлади Крейг Мюррей парламент тингловлари чоғида.

Британия ҳукумати эса бу иддаоларни қатъиян рад этиб келади.

Крейг Мюррей Қўшма Штатлар 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан кейин халқаро террорчиликка қарши урушни бошлаб юборган даврларда Ўзбекистонга элчи бўлган.

Ўшанда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Америкага Ал-Қоида ва Толибонга қарши амалиётларда фойдаланиш учун ўзининг ҳарбий базасини таклиф қилган эди¸ дейди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ зобити Икром Ёқубов.

Икром Ëқубов: АҚШ Афғонистонда терроризмга қарши уруш бошлагандан кейин Ал-Қоида гуруҳига алоқадорликда айбланиб¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати ва шунга ўхшаган кўплаб одамлар Америка қўшинлари томонидан ҳибсга олинди.

Бу маҳбуслар ўзбек бўлганликлари ва Ўзбекистон фуқароси бўлганликлари учун Ўзбекистонга келтирилди. АҚШнинг Ўзбекистондаги яширин қамоқхоналаридан бири Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманида жойлашган эди.

Озодлик: АҚШнинг қамоқхонасими?

Икром Ëқубов: Нима десам экан сизга - бу ерда АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистон ҳукуматига берилган маҳбуслар кўрсатма олиш учун сақланарди. У айнан Чирчиқ ҳудудида жойлашган. Мен ўзим бу қамоқхонага бориб кўрганман. Бир фабрика бор ва фабриканинг тагида бу қамоқхона махсус барпо этилган. Қийноқлар усули билан кўрсатма олиш маркази ташкил этилган эди.

Крейг Мюррейнинг гапига келадиган бўлсак¸ бир нарсага эътибор бериш керак¸ Ўзбекистонда қийноқлар орқали олинган кўрсатмаларни биринчи бўлиб АҚШнинг махсус хизматлари ола бошлади. Ундан кейин Буш администрацияси эълон қилган террорга қарши халқаро курашдаги энг яқин ҳамкор сифатида Британия хизматлари ҳам ола бошлади.

Бу нарсани Крейг Мюррей ўз интервьюларида тасдиқлаб ўтган. Мен Крейг Мюррейнинг ушбу мавзудаги кўрсатмаларини тўлиқ тасдиқлайман. Чунки Чирчиқдаги бу махсус ҳудудда мен бир марта бўлганман ва ўша ерда бир маҳбусни қандай қилиб ураëтганини кўрганман. Кўринишидан, бу маҳбус диндор эди.

Биз қамоқхонанинг иккинчи қаватига тушдик пастга. Бу эски заводнинг ҳудуди экан. Таги жуда катта қилиб жиҳозланган қамоқхона эди. Ўша ерда ураëтганлигига гувоҳ бўлган эдим.

Озодлик: Ўша пайтда АҚШ ëки Британия махсус хизматлари бу маълумотларнинг қийноқлар орқали олинаëтганини қанчалик билишарди?

- Улар нафақат билишарди¸ балки ушланган маҳбуслардан қайси бирига қандай қийноқ усулини қўллаб маълумот олишнинг ижодкорлари АҚШнинг махсус хизматлари эди.

Мана бир гапни сизга айтиб бераман: МХХнинг полковниги (исмини айтмай қўя қолай) бошқарма бошлиғи бор эди. Бир куни шу одам келиб, АҚШ махсус хизматлари томонидан қўлланиладиган одамларни мусиқа орқали қийнаш усулини айтиб берди. Мен буни биринчи марта МХХнинг юқори мартабали офицеридан эшитган эдим.

Бу одам чала ўтирилган ҳолатда тор ва қоронғи хонада узун қозиққа ўхшаган темирга маҳкам боғланади ва у ерда жуда баланд овозда мусиқа қўйиб қўйилади. У шу ҳолатда соатлаб¸ ҳатто 8 соатгача туради. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: жуда баланд мусиқа остида¸ ярим ўтирган ҳолатда одам 40 минутдан кейин ярим ўлик ҳолатига тушади.

Мен қийноқнинг бу усулини Лондонга келганимдан кейин яширин қамоқхоналар бўйича махсус бир ташкилот вакилига айтиб берганимда, у шок ҳолатига тушди. Чунки у бу қийноқ усулининг АҚШ махсус хизматларига тегишли эканини тасдиқлади¸ дейди Икром Ëқубов.

Мюррейнинг Америка ўз янги иттифоқчиси бўлган Каримов режими билан алоқаларни сақлаб қолиш йўлида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан кўз юмаётгани, Британия эса уни кўр-кўрона дастаклаётгани ҳақидаги фикрлари Британия жамоатчилиги орасида шов-шувга сабаб бўлди.

Британияда чиқадиган "Файнэншл таймс" рўзномасида собиқ элчи берган маълумотлар асосида Британия ва Америка Ўзбекистонда қийноқлар остида олинган маълумотлардан фойдаланаётгани ҳақидаги мақоладан сўнг эса Мюррей элчи лавозимидан четлатилди ва ҳақсизликларга қарши яккахон курашчига айланди.

Мюррей Ўзбекистонда кўрган-кечирганлари ҳақида "Самарқанддаги қотиллик" деб номланган китобни ҳам ёзди. Собиқ элчи китоб борасидаги Британия Ташқи ишлар вазирлиги эътирозларига ва маҳкамага тортишлари мумкинлигига қарамай, китобни чоп этди.
XS
SM
MD
LG