Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:12

"Ҳозир синфлар йўқ - табақаланиш бор"


Ўзбекистонда 1 май байрами мустақилликдан сўнг бекор қилинган. Ўзбекистонда меҳнаткашлар қолмаганми ёки улар орасида бирдамлик йўқми? Бу саволларни ўзбекистонлик айрим суҳбатдошларимизга бердик.

Қозоғистонда "Халқ бирлиги куни".

Қирғизистонда "Меҳнат куни".

Тожикистонда "Халқаро меҳнат куни".

Россияда "Баҳор ва Меҳнат байрами"

Гап 1 май ҳақида кетаётганини аллақачон илғадингиз.

Ўзбекистон ва Туркманистонда 1 май оддий иш куни, ҳатто атоқли кун ҳам эмас.

120 йил муқаддам, 1889 йилнинг июлида II Интернационалнинг Париж конгресси ҳар йилнинг 1 майида ишчилар намойишларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Орадан бир йил ўтиб, яъни 1890 йили илк бор Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни Австро-Венгрия, Бельгия, Германия, Дания, Испания, Италия, АҚШ, Норвегия, Франция, Швеция ва бошқа бир қатор давлатларда ўтказилди.

Кейинроқ 1 май Совет давлатининг асосий байрамларидан бири сифатида бир эмас, икки кун нишонланадиган бўлган эди.

Байрам уюштирувчиси Коммунистик партия эди.

Компартия эса, маълумки, сўл партия эди.

Ўзбекистондаги расмий партиялардан бири - "Адолат" социал-демократик партияси ҳам, номига қараганда, сўлчи партия.

Демак, "Адолат" иш берувчининг эмас, ишловчининг манфаатларини ҳимоя қиладиган партия.

Шунинг учун адолатчиларнинг Ўзбекистонда 1 май меҳнаткашлар бирдамлиги куни сифатида нишонланмаслигига муносабатини билгимиз келди.

Адолатчилар бош штаби телефони гўшагини Дилором исмли референт кўтарди.

- Мен Дилором исмли референт бўламан. Раисимиз айни пайтда командировкага кетган. Раҳбар ўринбосари бор¸ деди Дилором.

Бироздан кейин референт айтган ўринбосар телефонга келди.

- Алло.

Озодлик: Алло, ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Яхшимисиз? Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман¸ исмим Сарвар Усмон. Сизлар сўл партия бўлганлигингиз учун тайëрлаëтганимиз бир эшиттиришга сизларни ҳам таклиф қилмоқчи эдик. Сизлар сўл қанот партиясизларда-а?

- ........ (сукунат)

Озодлик: Социал-демократик партиясизлар-да.

- Ҳа.

Озодлик: Демак¸ сизлар ишчи-деҳқонга¸ иш берувчидан кўра ишловчига яқинроқ партиясизлар. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда меҳнаткашлар ва халқаро бирдамлик кунининг байрам қилиб нишонланмаслиги тўғрисида муносабатингизларни билмоқчи эдим.

- Сарвар ака, узр. Партия номидан гапиришга менинг компетенциям йўқ. Раҳбаримиз вилоятга чиқиб кетган. Келса¸ ўзи сизга жавоб беради. Узр, ака.

Озодлик: Сиз партия раҳбарининг ўринбосари экансиз-ку.

- Йўқ¸ мен ўринбосар эмасман. Мен бўлимдаман.

Озодлик: Ҳар ҳолда, бир адолатчи сифатида¸ оддий ўзбекистонлик сифатида ўз фикрингизни билдира олмайсизми?

- Йўқ¸ партия номидан гапира олмайман.

Озодлик: Партия номидан эмас¸ ўзингизнинг номингиздан.

- Фуқаро сифатида ҳам айта олмайман. Озодликка айта олмайман¸ деди референт бизга ўринбосар деб таништирган киши.

Ҳар қалай, партияда темир интизом бўлгани яхши.

Ўзбекистонлик социал-демократлар орасидаги интизомнинг метиндай эканлигига "Адолат"нинг Самарқанд вилоят бўлимига боғланиб яна бир бор амин бўлдик.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу Адолат партиясими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Исмим Сарвар Усмон. Сизлар сўл қанот патиясизларда-а?

- (озгина жимликдан сўнг) Ҳозир (томоғини қириб қўйиб) хўжайин келади. Кейин айтади сизга¸ деди Адолат партиясининг Самарқанд вилояти бўлимида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Тўғриси, берган саволим учун, адолатчини хижолат қилганим учун ўзим ҳам хижолатман.

Лекин Сиз муштарийга информация етказиб беришим керак-ку?

Ҳай, "Адолат"дан бир гап чиқмагач, Ўзбекистондаги яна бир сўлчи партияга қўнғироқ қилиш фикридан қайтдик.

Меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоялаш функционал вазифаси бўлган касаба уюшмаларининг Тошкентдаги энг катта идорасидан котибадан бошқа кишини тополмадик.

Балки профсоюзчилар ишчилар билан шаҳар ташқарисида яширин маёвка ўтказаётгандир?

Ҳай...

Биринчи май муносабати билан Сиз муштарийни қизиқтириши мумкин бўлган саволларни икки оқсоқолга бердик.

Улардан бири Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло, иккинчиси иқтисодчи олим ва публицист Расулжон Абдумажидов.

Олим билан суҳбатни кейинга қолдириб, олдин шоирдан эшитганларимизни эшиттирмоқчимиз.

Шукрулло домладан "Нима учун Биринчи майни Ўзбекистонда байрамламай қўйишган?" деб сўрадик.

Шукрулло: Мен ëзувчиман. Байрам бўладими-бўлмайдими - бунинг сабаблари билан қизиққан эмасман¸ қизиқмайман ҳам. Ўзимизнинг Ҳайит бўлса¸ мен айтаман "ҳа, ҳайит" дейман.

Ўзимизнинг урф-одатларга алоқадор байрам бўлса¸ нимага қилинаяпти ëки нимага қилинмаяпти, дейман. Май байрамини нимага қилаяпти¸ нимага қилмаяпти - мен бунга бир нарса дея олмайман.

Озодлик: Меҳнаткашларнинг бирдамлик куни дейиларди бу байрам.

Шукрулло: Ҳа¸ шундай дейилар эди.

Озодлик: Байрам қилинмаëтган экан¸ нима меҳнаткаш йўқми?

Шукрулло: Бу совет даврида қилинар эди. Бирдамлик деган шиорни ўзи ким чиқарган эсимда ҳам йўқ. Марксизмникими?

Озодлик: Энди бунинг тарихи Чикагога, 19-асрнинг охирларига борар экан. Домла¸ совет даврида синфий кураш деган тушунча бўлар эди. Демак ,ҳозир Ўзбекистонда синфий кураш йўқ эканда-а?

Шукрулло: Сизлар ҳамма нарса устида гапирганда ўйлаб гапирасизлар. Бизлар ҳам ўйлашимиз керак.

Энди бизларда синфий кураш йўқ, Худога шукур. Ким билан ким курашади? Битта мустақил давлат. Мустақил давлатнинг фазилатлари¸ камчиликлари бўлади. Буни энди кураш, деб айтиб бўлмайди.

Озодлик: Синфий кураш йўқ экан¸ демак, синфлар ҳам йўқ экан-да.

Шукрулло: Синфлар ҳам йўқ. Мустақил давлатда қанақа қилиб синф бўлиши мумкин?

Озодлик: Демак, ҳамма бир хилда.

Шукрулло: Албатта. Озод ва мустақил давлатнинг халқи. Мустақил давлатнинг халқи ўзбек халқи.

Озодлик: Коммунистлар синфлар ҳақида гапирар экан¸ бойлар ва камбағаллар дейишарди. Ҳозир бойлар ва камбағаллар йўқми?

Шукрулло: Бизда бунақа синф йўқ. Лекин бой бор¸ камбағал ҳамиша ҳамма давлатда минг йилдан бери бўлиб келган. Мана, ҳозир ҳам ўзимнинг қўшниларим бор. "Иш топиб беринг, амаки"¸ дейди. Иш топиб киритиб қўяман¸ бир ҳафтадан кейин “жуда оғир экан”, деб келади.

Мен: “Сенинг косанг оқармайди. Меҳнатнинг енгили бўлмайди. Чидасанг¸ ўша ерда ишлаëтганлар ишлаб бой бўлиб кетди-ку. Мен сени "иш топа олмадим" деганингга олиб бориб қўйган эдим. Уддалай олмадинг. Бунақа енгил иш сенга қанақа бўлади¸ мен билмайман”, дейман.

Озодлик: Охирги савол. Сиз учун энг қадрли байрам қайси?

- Ўзимизнинг рўза байрами, муқаддас айëм. Мусулмонларнинг энг қадрли иккита байрами бор¸ деди Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло.

Эшиттиришимизнинг яна бир меҳмони иқтисодчи олим ва публицист Расулжон ака Абдумажидов.

Озодлик: "Байрамингиз муборак бўлсин" десам нима дейсиз бугун?

Расулжон Абдумажидов: Раҳмат¸ раҳмат. Қанақа байрам?

Озодлик: Биринчи май сизга байрам эмасми?

Расулжон Абдумажидов: Ҳа¸ биринчи май халқаро меҳнаткашлар кунию. Бизнинг Ўзбекистонда бу нишонланмайди. Қирғизистон нишонлаяпти.

Озодлик: Шунинг учун телефон қилаяпман-да.

Расулжон Абдумажидов: Э, раҳмат. Бу ҳеч қанақа сиëсий нарса эмас. Биринчи май бутун дунë меҳнаткашлари куни деб белгиланган. Бизникилар энди бу байрамни коммунистларники деб ҳамма нарсани йўқ қилиб¸ худди СССР бўлмагандай қилиб, тарихни ўчиришиб юришипти-да.

Озодлик: Байрамни бекор қилиб қўйгани тўғри бўлдими ë нотўғри бўлдими?

Расулжон Абдумажидов: Энди бунга бир томонлама қарамаслик керак. Модомики, меҳнаткашлар куни экан¸ байрам қилса бўлаверади. Йўқ қилишдан манфаат йўқ.

Озодлик: Йўқ қилинган экан, демак, меҳнаткаш йўқ экан-да? Ëки меҳнаткашлар ўртасида бирдамлик йўқми?

Расулжон Абдумажидов: Ҳозир унақанги бирдамлик эмас. Ўзбекистон жамияти¸ ўзбек халқи ҳозир идеология бўйича вакуум ҳосил қилишди. Байрамларни бекор қилган билан бир нарса бўлиб ҳам қолмайди.

Ҳозир бизда меҳнаткашлар бирдамлиги деган нарса ҳақида гап ҳам йўқ. Ҳозир "ўзинг учун ўл етим". Жамиятнинг мафкуравий томондан инқирози кетаяпти ҳозир.

Озодлик: Коммунистлар совет даврида биринчи май байрамидан синфий кураш ғоясини илгарилатиш учун фойдаланган. Коммунистлар назарида ишчи-деҳқонлар синфи бор эди ва ҳоказо. Ҳозир ҳам шунақа синфий бўлиниш борми ëки байрамнинг йўқ қилингани унақа синфий бўлиниш йўқ, деганими?

Расулжон Абдумажидов: Байрамнинг йўқ қилингани синфий бўлиниш йўқ дегани. Биринчидан, у пайтда Ленин-Маркс идеологиясига асосланган ҳолда пролетариат гегемон қилиб олинган.

Ҳозир бу ерда синф масаласи йўқ. Ҳозир табақаланиш бор. Бизда бойлар бор¸ камбағаллар бор¸ қашшоқлар бор.

Озодлик: Домла, жуда муҳим жойга келдик. Ҳар бир жамиятни стабиллаштириб турадиган стабилизатор бўлган қатлам бор – бу ўртаҳоллар қатлами. Сиз ҳозир бойлар-камбағаллар-қашшоқлар, деб табақалаб бердингиз.

Расулжон Абдумажидов: Ўртаҳоллар ҳам бор. Мен қолдириб кетибман. Ўзбекистонда¸ менинг иқтисодчи олим сифатида кузатишларим натижасида¸ шундай бўлаяптики¸ олти ярим¸ етти фоиз бойлар бор¸ 36 фоизгача ўртаҳоллар бор¸ 35 фоиз камбағаллар бор.
Бу айтаëтганларимнинг ҳаммаси ривожланган давлатларнинг ўлчови бўйича эмас¸ Ўзбекистоннинг ўлчови бўйича. Булар қашшоқларни “кам таъминланган” қилиб олган. Кам таъминланган деган иқтисодий атама ҳеч қаерда йўқ. Бойлар¸ ўртаҳоллар¸ камбағаллар ва қашшоқлар мавжуд.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг бошқариш тизими ҳам аслида қашшоқларга киради. Нимага десангиз, ҳокимларнинг¸ прокурорларнинг маоши оз. Уларнинг оила бюджетининг даромадлари ишчиларникига¸ ҳунармандларникига нисбатан ниҳоятда паст. Шунинг учун то тепагача коррупция ривожланиб кетган.

Озодлик: Мана, 6-7 фоиз бойлар¸ 30 фоиз атрофида ўртаҳоллар¸ 35 фоиз камбағаллар, дедингиз.

Расулжон Абдумажидов: Қолгани қашшоқларда.

Озодлик: Жамият барқарор туриши учун сиз айтаëтган¸ майли ўша Ўзбекистон ўлчовларида бўлсин¸ ўртаҳол қатлам неча фоиз бўлиши керак?

Расулжон Абдумажидов: Агар жамият ҳар томонлама ривожланган жамият бўладиган бўлса¸ унда бойларнинг фоизи ҳеч бўлмаганда 15-17 фоизни ташкил қилиши керак. Ўртаҳоллар эса 50 фоиздан юқори бўлиши керак.

Озодлик: Демак¸ шу кунда мамлакат барқарорлигига таҳдид бор экан-да?

- Албатта. Уни ҳамма биладию. Фақат ҳукуматнинг кучининг кўплигидан маҳкам турибди-да. Уникини бунга юклаб¸ фермерга “кам таъминланганга мол олиб бер” деб¸ у ишлайдими-ишламайдими¸ давлат томонидан таъмин бўлмаяпти-да.

Бировнинг устига бировни миндириб қўйишнинг ҳисобига стабилний ушлаб тургандай кўриниш ҳосил бўлган. Бу иқтисодиймас¸ дейди Расулжон Абдумажидов.

"Жамият ва қонун"ни бошлаётиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россияда номи бироз ўзгартирилган бўлса-да, Биринчи май ҳануз байрам қилинаётгани тўғрисида айтган эдик.

Умуман эса, дунё бўйлаб бу байрам 66 та мамлакатда нишонланади.

Меҳнаткашлар ўз талабларини айтиб олиши учун белгилаб қўйилган бу байрам бу йилдан бошлаб Туркияда ҳам қайта тикланди.

Туркия парламенти бундан бир ҳафта муқаддам қабул қилган қонунга биноан Биринчи май "Меҳнат ва бирдамлик байрами" деб эълон қилинди.

Аслида бундай байрамни Туркияда 1935 йилдан бошлаб 1980 йилгача нишонлаб келганлар.

1980 йили давлат тўнтаришини амалга оширган ҳарбийлар Биринчи май байрамини бекор қилган эди.
XS
SM
MD
LG