Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2023, Тошкент вақти: 00:47

АҚШ - Россия алоқалари қайта бошланди


Пайшанба кунги учрашувларда томонларнинг чеҳраси ҳам¸ улар баëнотлари ҳам анча некбин кўринди.
Пайшанба кунги учрашувларда томонларнинг чеҳраси ҳам¸ улар баëнотлари ҳам анча некбин кўринди.

Пайшанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вашингтонда АҚШ президенти Барак Обама ва ҳамкасби Ҳиллари Клинтон билан учрашди. Сўзлашувларда ўзаро муносабатларни қайтадан бошлаш имконлари кўриб чиқилди.

Оқ уйда бўлиб ўтган қисқа мулоқотдан сўнг мухбирлар олдига чиққан президент Барак Обама ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров¸ ўзаро дўстлик эмас¸ балки ўзаро ҳурмат ҳамда икки томон учун ҳам бирдек манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш ҳақда гапирдилар.

Ўз баëнотида президент Обама¸ муносабатларни қайта бошлаш калимасини қайта ва қайта ишлатди.

- АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларни турли соҳалар – ядровий қуроллар тарқалиши олдини олишдан тортиб¸ Афғонистон ва Покистондаги вазият¸ Эронга нисбатан¸ Яқин Шарққа нисбатан қандай ëндашув тутиш¸ давлатларимиз ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш¸ қолаверса глобал майдонда аксар иқтисодлар силласини қуритаëтган молиявий бўҳрондан чиқишга қадар бўлган масалаларда қайта бошлаш имкони борлигига ишонаман¸ деди Обама Лавров билан учрашувдан сўнг.

Ўз навбатида¸ Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар истиқболи ҳақда некбинлик билан гапирган Лавров ҳам¸ Обама ва Медведевнинг ëзга белгиланган олий даражали учрашувининг бу имконлар амалга кўчишига замин бўлишига умид билдирди.

- Биз ўзаро манфаатларимиз мос келган масалаларда прагматик ва бизнес руҳида¸ орамизда тавофут туғилганда эса¸ мамлакатларимиз ва халқаро барқарорлик манфаати учун¸ ўзаро келишмовчилик кўламини торайтириб¸ бир-биримизга ҳурмат руҳида ишламоқдамиз. Мен сизга яна бир бор президент Медведевнинг июл ойида сиз билан Москвада учрашишга интиқ эканини еткизмоқчиман¸ деди бевосита президент Обамага қарата Москва дипломатлари раҳбари.

Обама маъмурияти ва Кремл ядровий қуроллар тарқалиши олдини олиш борасида бир-бирига яқин позицияда бўлгани ҳолда¸ улар ўртасига кескинлик солаëтган масалалар бу яқинликдан кўпроқ ва кучлироқдир.

Хусусан¸ Грузия ҳудудий яхлитлиги¸ олдинги Оқ уй маъмуриятининг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими яратиш режаси ва НАТО нинг собиқ иттифоқ ҳудудларига кенгайиш уринишлари¸ Москва ва Вашингтон ўртасига жиддий совуқчилик солиб турган муаммолардир.

Айни шу масалалар¸ Сергей Лавровнинг АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан учрашуви марказида бўлди.

Учрашувдан сўнг гапирган Клинтон хоним¸ ўзаро тавофутлар томонларни Стратегик қуролларни қисқартиришга оид янги келишув тузилишига халал бермаслигини таъкидлади.

- Россия Ташқи ишлар вазири ва мен кучларимизни бирлаштирган ҳолда ядровий муассасалар хавфсизлигини яхшилаш ва ядровий материалларнинг дунë бўйлаб тарқалишини тўхтатиш борасида бошқалар учун қандай қилиб ўрнак-намуна бўлиш масаласини муҳокама қилдик¸ деди Клинтон хоним.

Пайшанба куни Вашингтон сўзлашувларида АҚШ ва Россияни икки қутбга қўяëтган масалалар¸ хусусан Кавказ минтақасидаги барқарорлик ва Эрон ядровий дастурига муносабат мавзулари ҳам тилга олинган бўлса-да¸ томонлар бу зиддиятли масалалар ечими борасида ҳам анча некбин фикр билдирдилар.
XS
SM
MD
LG