Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:36

Тарихдан юз ўгириб бўлмайди


МДҲ мамлакатларида тантана билан нишонланган Ғалаба куни Ўзбекистонда хотира куни сифатида нишонланмоқда.
МДҲ мамлакатларида тантана билан нишонланган Ғалаба куни Ўзбекистонда хотира куни сифатида нишонланмоқда.

9 май фашизми устидан қозонилган Ғалаба куни сифатида нишонланади. Худди шу куни Мустақил Ҳамдўстлик Мамлакатларида катта тантаналар ва байрамлар бўлиб ўтди. Фақат Ўзбекистонда бу байрам катта тантаналардан ҳоли бўлади.


Зеро¸ бундан ўн йил олдин Ғалаба байрами Ўзбекистон Президентининг фармони билан “Хотира ва қадрлаш куни”га айлантирилганди. Шундан сўнг Ўзбекистонда бу байрамнинг аҳамияти бир мунча сусайди.

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг фашизм устидан қозонган ғалабадаги ҳиссаси ҳақида кам гапириладиган, СССРга тегишли гаплар оммавий ахборот воситаларидан ўчириладиган бўлди.

Бу кун, қувонадиган, ёвузлик устидан қозонилган ғалабани нишонлайдиган кун эмас, балки кўпроқ кўз ёш тўкадиган кунга айланди.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, беш-олти йилдан буён иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг газеталарда босилган суратларидаги орден ва медаллар олиб ташланаяпти:

- Газеталарда¸ бошқаларда ҳам Совет даврини эслатадиган орден ва медаллар олиб ташланади. Масалан, Совет Иттифоқи деган сўз киноларда бўлса ҳам олиб ташланади. Ҳозир ҳам ордени бор одамларни умумий планда кўрсатади¸ лекин орденини яқинлаштириб кўрсатмайди¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Собиқ Иттифоқ даврига ва унинг меросларига бўлган муносабат президентнинг шу воқеаларга бўлган муносабатига боғлиқ:

- Бу президентнинг амбицияси. Бу президентнинг шахсидан келиб чиққан нарса. Президент Совет даврини жуда ҳам ëмон кўради. У энди ҳақиқатан ëмон кўрадими ë ўзини шунақа кўрсатадими буниси номаълум.

Мана, масалан, бир сессияда “Мен болалардан “Горбачëвни танийсизларми?” десам¸ “Йўқ¸, билмаймиз” деб айтишди. Мен хурсанд бўлиб кетдим”, деяпти. Бу бир томондан ўтмишни унутиш¸ иккинчи томондан одамларнинг ўтмишини ўчиришдай бир гап.

У “Ўзбек халқи Совет даврида жуда ҳам жабр кўрган. Энди яхши бўлади”, деган мафкурасига ишонади. Шунинг учун Совет даврининг орден-медалларини чиқармаяпти-да.

Масалан, “Кавказ асираси” деган фильм бор. Ўша фильмнинг охирида “Яшасин одил совет суди” деган гап бор. Ўшани ҳозир олиб ташлаган. “Яшасин энг олий суд”, деб қўяди¸ - дейди мустақил журналист.

Унинг сўзларига кўра, бу кун Ўзбекистонда байрамга эмас, балки тушкунлик кунига ўхшайди:

- Одамларга қандай идеология қилсангиз¸ ўша сингиб боради. Масалан ҳозир одамлар жойларда хотира куни сифатида қабрларга чиқишади. Умуман бу кун Ўзбекистонда тушкунлик кунига ўхшайди. Телевизорда концерт ва бошқа нарсаларни бериб ëтипди.

Совет даврида хотира куни 26 мартда бўларди. Одамларга бир нарсани белгилаб бериб қўйиб, “марҳумларни эслагин” демасангиз¸ эсламайди. Одамларнинг характери шунақа.

Ҳозир хотира куни одамларга қўл келдида. Олдин байрам қилган бўлса¸ ҳозир хотирлаб¸ ўтганларни эслашади.

Мана, ҳозир Қашқадарëдан, уйдан телефон қилишди. Ҳамма қабристонга кетибди, хотира куни муносабати билан. Давлат мажбур қилгандан кейин одамлар ҳамма нарсага кўникади¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Фарғона вилоятининг Сўх туманида истиқомат қилаётган Азим бобо Муталибов 1944 йилда урушга кетиб, етти йилдан сўнг уйига қайтган.

Азим Муталибов: Мен у пайтда 18 ëшда эдим. 3 Украина фронтида қатнашганман. Прагани озод қилишда иштирок этганман. Мен миномëтчик эдим. 9 май куни Прага озод қилинганида¸ мен Прагада бўлганман.

Озодлик: Сиз бу байрамнинг “Хотира ва қадрлаш куни” деб ўзгартирилганига нима дейсиз?

- Энди замонга ҳам қарайсиз-да, -дейди Азим бобо Муталибов.

Ўзбекистон президенти бу йил мамлакатдаги уруш фахрийларини 120 минг сўмдан пул билан мукофотлади. Азим бобо бундан хурсанд эканлигини айтади. Ҳар ҳолда байрам кунлари бизни эслаб туришади, дейди у:

- Кеча туманимизда йиғилиш бўлди. Ҳаммаси келиб табриклади. Ҳатто Фарғона вилоят ҳокимиятидан ҳам табрикнома бор.

Лекин бу меҳрибонликлар фақат байрам арафасида бўлади. Кейин бир илтимос қилиб борсак¸ юзларини терс ўгиришади,- дейди Азим бобо Муталибов.

Унинг айтишича, у ўзбек сўмига машина олгани Фарғонадаги "Ўзавтосаноат" дўконига борса, доллар олиб келинг деб, эшикни кўрсатиб қўйишибди. Ҳатто уруш ногиронлигини ҳам ҳисобга олишмабди:

- Мен оддий бир ўқитувчиман. Доллар деган нарса қаердан бўлсин менда. Мен уни кўрмаганман ҳам. Доллар бу бошқа кишиларда бўлади. Демак¸ бу машинани биздай одамлар олмас эканда¸ дейди Азим бобо Муталибов.

“Нуроний” жамияти маълумотларига кўра, бугун Ўзбекистонда 13 мингга яқин Иккинчи жаҳон уруши фахрийси қолган.

Бир йил орасида икки ярим мингдан ортиқ фахрий оламдан кўз юмди ва уларнинг сони тобора камайиб бораяпти.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 430 минг нафар одам иштирок этган. Улардан 400 мингдан ортиғи фронтда ҳалок бўлган.Тахминан 130 мингга яқин одам бедарак йўқолган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бунинг ҳаммаси тарих ва тарихдан юз ўгириб бўлмайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг бу тарихга нисбатан юритаётган бугунги сиёсати эса, иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбекистонликларнинг ҳиссасига соя ташлашга хизмат қилади, холос.
XS
SM
MD
LG