Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:11

Қирғиз фаоллари Андижонни унутгани йўқ


Бишкек расмийлари 13 май куни ҳукумат қўшинлари ўқидан қочиб¸ Қирғизистонда жон сақлаган юзлаб андижонлик қочқинлар ҳикояси асосида ҳозирланган ҳужжатли филм намойишига рўйхушлик бермади.
Бишкек расмийлари 13 май куни ҳукумат қўшинлари ўқидан қочиб¸ Қирғизистонда жон сақлаган юзлаб андижонлик қочқинлар ҳикояси асосида ҳозирланган ҳужжатли филм намойишига рўйхушлик бермади.

Жорий йилнинг 13 май куни қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида Андижон воқеасида қурбон бўлганлар хотирасини ёдга олмоқчи.

Бишкекдаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тўлейкан Исмоилованинг айтишича, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг Андижон воқеаларига нисбатан муносабати сўнгги тўрт йил ичида ҳам ўзгаргани йўқ. Бу йил ҳам бишкеклик ҳуқуқ фаоллари Андижон фожеасида ҳалок бўлган инсонлар хотирасини ёдга оладилар.

- Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдига борамиз. “Андижон ҳеч қачон унутилмайди” деган шиор остида ўтадиган акциямиз доирасида ҳалок бўлган андижонликлар хотирасини ёдлаб, гуллар қўямиз. Бу тадбир 13 май куни ўтказилади, деди Тўлайкан Исмоилова.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Диана Макенбаеванинг айтишича, қирғиз расмийлари Андижон воқеалари ёдга олинишига очиқ қаршилик кўрсатмаса-да, бу тадбирнинг ўтказилишига айрим тўсиқларни қўймоқда.

Макенбаеванинг айтишича, ҳуқуқ ҳимоячилари 13 май куни Андижон воқеаларига бағишланган ҳужжатли фильмни жамоатчиликка намойиш этмоқчи бўлганлар.

- Фаолларга бу филмни “Қирғизфилмофонд” биносида кўрсатмоқчи эдик. Лекин бугун у ерда филм кўрсатилишини таъқиқлашибди. Юқоридан телефон қилиб, “ҳеч қандай филм кўрсатмайсизлар”, деган буйруқ бўлибди, деди Диана Макенбаева.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан суратга олинган бу филмнинг асосий қаҳрамонлари Андижон воқеаларига бевосита гувоҳ бўлган ўзбек қочқинларидир.

- Бу филм “Ўққа тутилган одамлар” деб номланади. Одамлар ўша кунги воқеалар ҳақида ҳикоя қиладилар. Бу филмни биз Жалолободдаги қочқинлар лагерида суратга олган эдик. Унинг қаҳрамонлари - андижонлик қочқинлар.

Филм намойишидан сўнг биз Андижон воқеаси, бу фожеанинг сабаблари ҳақида муҳокама ўтказмоқчи эдик, деди Диана Макенбаева.

Андижон воқеаларидан сўнг халқаро ҳамжамият ва қудратли давлатлар Ўзбекистон ҳукуматини бу фожеа юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирган эдилар. Бу талаб расмий Тошкент томонидан эътиборга олинмагач, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан бир қатор санкцияларни жорий этган эди. Бироқ йиллар ўтиши билан Европа Иттифоқи бу санкцияларни юмшата бошлади.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов фикрича, ҳукуматлардан бундай эврилишларни кутиш мумкин эди. Унинг фикрича, энг муҳими, Андижон фожеасини одамлар унутмаслигидир.

- Ҳюман Райтс Вотч, Халқаро амнистия, Мемориал каби кўплаб халқаро ташкилотлар Андижон воқеасига нисбатан ўз муносабатларини ўзгартирмаганлар. Дунёда бундай ташкилотлар жуда кўп.

Давлатлар сиёсати ўзгарувчандир, ҳукуматлар ўз сиёсатини манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ўзгартираверадилар. Биз бунга кўникишимиз керак.

Демоқчиманки, Европа Иттифоқи давлатларининг фожеага муносабати ўзгарган тақдирда ҳам, жамиятнинг муносабати ўзгармай қолаверади. Энг муҳими ҳам мана шу, деди Абдумалик Шарипов.

2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан кейин Қирғизистон ўзбекистонлик юзлаб қочқинларга бошпана берган эди. Ўша пайтда қирғиз фуқаролик жамияти Андижон воқеаларини қатлиом сифатида баҳолаган эди.

Расмий Бишкек Андижон воқеаларига ўз муносабатини билдирмаган, айни пайтда бу воқеалар тўғрисидага холис ахборотнинг қирғиз телеканаллари ва газеталарида ёритилишига, бу воқеага нисбатан эркин муносабат билдирилишига тўсқинлик ҳам қилмаган эди.
XS
SM
MD
LG