Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:25

Қочқинлик нони тахирлашмоқда


2005 йилнинг 13 май кунги қонли воқеалар мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган қочқинлар оқимини юзага чиқарди.
2005 йилнинг 13 май кунги қонли воқеалар мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган қочқинлар оқимини юзага чиқарди.

Андижон воқеаларидан сўнг Қирғизистонга бошпана излаб кела бошлаган ўзбек қочқинлари оқими тўрт йилдан бери тўхтагани йўқ. Аммо эндиликда бу қочқинлар қўшни мамлакатда кўп муаммоларга дуч келмоқдалар.

Ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган ўзбек қочқинларидан бирининг айтишича, бугунги кунда Бишкекда яшаётган ўзбек қочқинлари молиявий жиҳатдан ўта қийин аҳволдалар. Қочқинга кўра, бунга БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлиги Бишкек ваколатхонасига ажратилган пул миқдорининг озлиги сабаб бўлмоқда.

- Қочқинларнинг моддий аҳволи яхши эмас. БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлигида пул оз экан. Шунинг учун улар фақат кўп болали ўзбек қочқинларигагина бир оз моддий ёрдам кўрсатмоқдалар. Қолган қочқинлар эса бу ёрдамдан маҳрум, жуда аянчли аҳволдалар, дейди қочқин аёл.

Овозини ёзиб олишимизни истамаган бошқа ўзбек қочқинлари ҳам бу маълумотни тасдиқладилар. Уларнинг айтишларича, Қирғизистон қонунчилиги қочқинларга ишлаш ҳуқуқини бермайди. Қирғизистонлик иш берувчилар эса қочқинларни ноқонуний тарзда ишга олишга чўчийдилар. Айни пайтда қирғиз ҳукумати қочқинларни таъминлаш учун маблағ ҳам ажратмайди.

Ўзбекистонлик қочқин Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Қирғизистон Миграция хизматидан “бошпана изловчи шахс” мақомини олиш, бу борадаги ҳужжатларни расмийлаштириш ёки муддати ўтган ҳужжатларни янгилаш ҳам тобора қийинлашиб бормоқда.

- Масалан, менинг бошпана изловчи шахс эканимни тасдиқловчи ҳужжатнинг муддатини ҳам ҳар ойда узайтириб туришади. Бунга ҳам уч-тўрт кун вақт кетади. Ҳар ойда бориб, “мен яхши одамман, ҳужжатимни янгилаб беринглар”, деб ялинишга тўғри келади, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Суҳбатдошимнинг айтишича, авваллари “Бошпана изловчи шахс” ҳужжати узоқроқ муддатга берилар эди.

- Авваллари бу ҳужжат бир йилга бериларди. Бир йил тинчгина яшаш мумкин эди. Кейин унинг муддатини уч ойга қисқартиришди. Ҳозир эса бундай ҳужжатни фақат бир ойлик муддатга беришаяпти. Бу ишларнинг ҳаммаси “қочқинлар тезроқ ўз мамлакатларига қайтсинлар ёки учинчи давлатларга чиқиб кетсинлар”, деган ниятда қилинмоқда, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қирғизистон Миграция хизматига мурожаат қилдик. Аммо бу ташкилот мутассадилари ўзбек қочқинлари билан боғлиқ бўлган саволларга жавоб беришдан бош тортдилар.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлиги Бишкек ваколатхонасининг қочқинлар билан ишлаш бўлими масъули Анна Ни ҳам бу борада бирон нарса дея олмаслигини айтди:

- Бу саволлар билан бевосита Қирғизистон миграция хизматига мурожаат қилинг. Чунки айнан шу ташкилот Қирғизистондаги қочқинлар билан ишлашга ваколатлидир. Биз эса иккинчи даражадаги халқаро ташкилотмиз, деди Анна Ни.

Айни пайтда исми ошкор қилинишини истамаган ўзбекистонлик қочқин аёл БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси Қирғизистонга бошпана излаб келган ўзбекларнинг муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилаётганлигини айтади:

- Яқинда бу ташкилотда бўлган йиғилиш чоғида ҳужжатлар масаласини кўтардик. Ваколатхона раҳбари бизга Қирғизистон Миграция хизматининг қочқинларга ҳужжат беришдаги сусткашлигини ноқонуний, деб айтди.

Унинг айтишича, Миграция хизмати бизга бир йиллик ҳужжат бериши шарт ва муддати тугаган ҳужжатларимизни янгилаб беришга мажбур. Ваколатхона раҳбари бу муаммони Қирғизистон ҳукумати билан музокаралар олиб бориш орқали ҳал қилаётганини айтди, деди қочқин аёл.

Қирғизистондаги қочқинлар билан ишловчи ташкилотлар бу мамлакатда шу кунларда яшаётган ўзбек қочқинлари сони ҳақида маълумот бермадилар. Ўтган йилги маълумотларда эса Қирғизистонда юздан ортиқроқ ўзбек қочқинлари борлиги айтилган эди.
XS
SM
MD
LG