Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:26

Саммитга ҳозирлик авжида


КХШТ саммитига ҳозирлик доирасида жаноб Бордюжа ўтган ой Душанбе ва Бишкекда ҳам бўлиб қайтди.
КХШТ саммитига ҳозирлик доирасида жаноб Бордюжа ўтган ой Душанбе ва Бишкекда ҳам бўлиб қайтди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари саммитига ҳозирлик жараëни ташкилот Бош котиби Николай Бордюжани пайшанба куни Тошкентга етаклаб келди

Ташкилот вакили Виталий Струговецнинг Озодликка билдиришича, жаноб Бордюжанинг Ўзбекистонга сафари КХШТнинг июн ойида бўлажак саммитига тайёргарлик доирасида ўтказилмоқда.

- Ташрифдан асосий мақсад¸ КХШТнинг феврал ойида бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғини қарорларини амалга ошириш, жумладан ташкилот доирасида тезкор кучларни яратиш масаласини муҳокама этишдир, деди Струговец.

КХШТ доирасида тезкор кучларни яратиш тўғрисидаги ҳужжат ташкилотга аъзо бўлган барча давлатлар томонидан маъқулланган. Фақат Ўзбекистоннинг бу борада алоҳида фикри мавжуд.

Ўзбекистон КХШТнинг тезкор кучлари таркибида доимий асосда иштирок этмаслиги, фақат ўз бўлинмаларини амалиётларда иштирок этиш учун юбориши мумкинлигини билдирган эди.

Аммо КХШТ вакили Виталий Струговецга кўра, Ўзбекистон ташкилот доирасида тезкор кучлар тузиш борасида ҳам¸ террорчи ташкилотлар рўйхатини янгилаш ишларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ташкилотнинг сўнгги йиғинида Ўзбекистон ташаббуси билан “Нурчилар” дея айтиладиган ташкилотга ҳам “террорчи” тамғаси босилган эди.

- Ушбу рўйхат тузилган 2004 йилдан ҳозирги кунга қадар унга янги номлар киритилди. Бу рўйхатга КХШТ худудида маҳкамалар орқали террорчи деб эълон этилган ташкилотлар кирган.

2004 йилда бу рўйхатга 22 ташкилот киритилган бўлса, ҳозир имзоланиши кутилаётган янгиланган рўйхатга 31 ташкилот киритилган. Яъни сўнгги беш йил ичида КХШТ маконида яна тўққиз ташкилот террорчи деб тан олинди, дейди Струговец.

КХШТ низомига кўра¸ аъзо давлатлар қора рўйхатдаги ташкилотга аъзо экани тахмин қилинган шахсларни биринчи сўровданоқ экстрадиция қилишлари лозим.

КХШТ аъзолари орасида шунақа келишув мавжуд ва бу механизмдан Ўзбекистон ўзгача фикрловчиларни овлашда фойдаланиб келади.

Москвадаги Фуқаровий кўмак ташкилоти раҳбари Елена Рябининага кўра, КХШТ доирасидаги келишувга мувофиқ сўнгги йилларда ўнлаб одам қийноқлар ва адолатсиз маҳкамалар мавжуд Ўзбекистонга мажбуран депортация қилинди.

- Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик ташкилоти доирасида ҳам¸ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам террорчиликка қарши кураш тадбирларида фаол қатнашиб келади.

Аслида бундан мақсад¸ ўзгача фикрловчиларни, сиёсий ва диний сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган одамларни овлашдир, дейди Рябинина.

Аммо КХШТ вакили Виталий Струговец бундай танқидларга унинг ташкилоти қўшилмаслигини айтади.

- Ташкилотимиз бундай қарашларга қўшилмайди. Биз Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти сифатида аъзо давлатлар ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш, хафсизлигини таъминлаш билан шуғулланамиз, деди Струговец.

КХШТ матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф давомида ташкилот Бош котиби Николай Бордюжанинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши девонхонаси, Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан учрашиши режалаштирилган.

Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарчилик доирасида сўнгги бир ярим ой давомида Николай Бордюжа Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Белорусга бориб, мазкур давлатларнинг олий ҳарбий сиёсий раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

КХШТ 1992 йилнинг15 май куни Тошкентда таъсис этилган бўлиб¸ унинг таркибига Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.
XS
SM
MD
LG