Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

Стратегик шерикчилик ўрнига стратегик рақобат


Олий даражали сўзлашувлар¸ ЕИ ва Россия ўртасидаги кескинликни юмшатиш ўрнига уни янада кучайтиргандек.
Олий даражали сўзлашувлар¸ ЕИ ва Россия ўртасидаги кескинликни юмшатиш ўрнига уни янада кучайтиргандек.
Хабаровск саммити якуни ҳақда гапира туриб¸ Европа Иттифоқи ва Россия муҳокама этилган муаммолар юзасидан бирор тўхтамга кела олмадилар¸ дейиш балки тўғрироқдир.

Шундай бўлса-да аксар кузатувчилар¸ ўзаро стратегик шерикчилик ҳақда гапираëтган иккала томоннинг нафақат келиша олмаëтгани балки шерикчилик ўрнига стратегик рақибликни кучайтираëтганига кўпроқ диққат қаратмоқдалар.

Саммитдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ҳам томонлар асосий вақтни бир-бирини айблаш ва танқид қилишга сарфладилар.

Кутилгани каби¸ собиқ совет ҳудудларида кимнинг қандай таъсирга эга бўлиши масаласи¸ Брюссел ва Москва раҳбарлари орасидаги зиддиятнинг асос-маркази бўлди.

Собиқ иттифоқ ҳудудларига ўз орқа ҳовлиси деб қарайдиган Кремл¸ бу ерга бошқа ўйинчининг киришига мутлақ йўл бермаслик кайфиятида. Аммо Европа Иттифоқи Россия бу ҳудудларни мутлақ ўзиники қилиб олиш фикридан воз кечиб¸ бу таъсирни ўзаро бўлишиш лозим¸ деб ҳисоблайди. Шу ниятда иттифоқ¸ Украина¸ Белорус¸ Молдова ва Кавказ давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутувчи "Шарқий шерикчилик" дастурини бошлади.

Хабаровск саммитида қатнашган иттифоқ делегациясига раислик қилган Чехия президенти Вацлав Клаус¸ иттифоқ Россияни анъанавий таъсир доирасидан ҳайдаб чиқармоқчи¸ деган нотўғри тушунчани Москва раҳбарияти хаëлидан чиқариш учун барча ишни қилажагини таъкидлади.

- Биз президент Медведевни "Шарқий шерикчилик" ғоясининг қайсидир давлат¸ хусусан Россияга қарши қаратилмагани¸ аксинча унинг ижобий ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилганига ишонтиришга уриндик. Мен президент Медведевнинг ниятларимиз яхшилигига ишонтира олдик¸ деб умид қиламан¸ деди Европа Иттифоқининг жорий раиси¸ Чехия президенти Вацлав Клаус.

Аммо қўшма матбуот анжумани чоғида Медведев қилган баëнотлар¸ бунинг айнан аксидан дарак берди. Европа Иттифоқи шаънига ҳақоратдек янграшига қарамай Медведев¸ иттифоқдагиларнинг ўзлари ҳам "Шарқий шерикчилик" дастурининг нима кераги борлигини англамасликлари ҳақда гапирди ва Чехия президентининг орадаги зиддиятни хаспўшлаш уринишларига ҳам тош отди.

- Очиғини айтсам¸ айрим давлатларнинг "Шарқий шерикчилик" ғоясини Россияга қарши шерикчилик сифатида кўраëтганлари бизни ноқулай аҳволга солмоқда. Мен бу ерда ЕИ раҳбарияти ëки бу стол атрофида ўтирган шерикларимизни назарда тутаëтганим йўқ. Мен бошқа давлатлар ҳақда гапираяпман ва "Шарқий шерикчилик"нинг Россияга қарши шерикчиликка айланишини истамаслигимизни таъкидламоқчиман¸ деди президент Медведев.

ЕИ-Россия саммити якунида Кремл раҳбари Европа учун бунëд қилинаëтган янги хавфсизлик тизимини ҳам танқид қилди ва бунинг учун аксарияти иттифоққа аъзо бўлган НАТО давлатларини ëзғирди.

- Масалан¸ Шимолий Атлантика блоки билан орамизда шерикчилик алоқалари бор. Бу алоқаларнинг махсус мақомга эга бўлишига қарамай¸ амалда улар ўзининг ўта заифлигини кўрсатмоқда. НАТО ва Россия ўртасидаги муносабатларни қайта қуриш борасидаги жорий уринишлар жиддий қийинчиликларга учрамоқда¸ деди президент Медведев.

Асосий вақт иттифоқ ва Кремл ўртасига зиддият солаëтган масалалар юзасидан бир-бирини танқид қилиш ва айблашга сарфланган матбуот анжумани давомида Украина¸ Россия ва ЕИ ўртасида қаторасига уч йилдан бери кузатилаëтган газ жанжали каби кескинликни янада оширувчи мавзулар ҳам тилга олинди.
XS
SM
MD
LG