Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:34

ОМОН "Макка"га ҳужум қилди


Санкт-Петербургдаги қуролсиз намозхонлар¸ кутилмаганда¸ тиш-тирноғига қадар қуролланган махсус кучлар исканжасида қолганларини айтадилар.
Санкт-Петербургдаги қуролсиз намозхонлар¸ кутилмаганда¸ тиш-тирноғига қадар қуролланган махсус кучлар исканжасида қолганларини айтадилар.

Санкт-Петербургдаги “Макка” номли кичик масжидга йиғилган 50 чоғли ўзбек ва тожик намозхоннинг ибодати устига шаҳар милициясининг махсус тезкор гуруҳи бостириб кирган ва баъзи намозхонларни калтаклаган.

Санкт-Петербург шаҳридаги маҳаллий мусулмонларнинг “Макка” диний ташкилоти раҳбари Ринат Валиевнинг айтишича, намозхонларни калтаклаш воқеаси 22 май куни содир бўлган.

Санкт-Петербург шаҳри ОМОНчилари — шаҳар милицияси махсус тезкор гуруҳи 50 чоғли ўзбек, тожик ва татар миллатига мансуб намозхон жума намозини ўқиш учун йиғилган кичиккина масжидга бостириб кирган.

- Улар намоз маҳалида кириб келишди ва дарҳол, ҳақоратлаб, сўкиб: “Сизлар унақасиз, бунақасиз... намозни тўхтатинг, қўлингизни бошингизга қўйиб, девор олдида туринг!” деб бақира бошлашди.

Кимдир намозни тўхтатди, кимдир тўхтатмади. Улар эса буни бўйсунмаслик, дея қабул қилиб ҳаммани бараварига калтаклаб кетди.

Кейин чўнтакларни кавлашди ва пул, телефон, ҳатто, жума байрамига, деб олинган ҳалол гўштларни ҳам тортиб олишди, номардлар, дейди Петербург шаҳридаги маҳаллий диндорлар ташкилотининг етакчиси Ринат Валиев.

Унинг сўзларига кўра, шаҳар ОМОНи раҳбарияти намозхонларнинг эътирозини жавобсиз қолдирган ва бу босқин сабабини масжиднинг рўйхатга олинмагани билан изоҳлаган.

- Бу масжид рўйхатга олинмаган эди, аммо, бу мусулмонларни таъқиб қилиш ва масжидимизни ёпиш учун бир баҳона бўлди, холос. Россия конституциясига биноан мусулмонлар исталган покиза жойда ибодат қилиш ҳуқуқига эга, дейди Ринат Валиев.

Унинг сўзларига кўра, калтакланган мусулмонларнинг пули ва телефонларини қайтариб олиш учун қилган мурожаатларига жавобан ОМОН раҳбарияти шикоят қилишда давом этишса, уларни бундан баттар кўйга солишидан огоҳлантирган.

Санкт-Петербург шаҳар Ички ишлар бошқармаси бизнинг бу борадаги мурожаатларимизни жавобсиз қолдирди. Аммо шаҳар ҳокимиятининг Қонунийлик, ҳуқуқий тартиб ва хавфсизлик қўмитаси ходими воқеада шаҳар милицияси махсус гуруҳи иштирокини қатъий равишда инкор қилди.

- ОМОН гуруҳининг бундай оммавий калтаклашда иштирок этиши мутлақо мумкин эмас. Менга сизга буни расман айтяпман, деди Петербург шаҳар ҳокимияти вакили.

Ринат Валиевга кўра, калтакланган мусулмонларнинг кўпчилиги тирикчилик илинжида Россияга келган меҳнат муҳожирларидир. У кейинги пайтларда шаҳарга келган мусулмон меҳнат муҳожирларига нисбатан жиддий таъқиб бошлангани кузатилаётганини алоҳида урғулади.

Санкт-Петербург шаҳрида яшайдиган тожикистонлик намозхон Давлатмурод апрел ойидаги жума намозларидан бирида ОМОН чилар шаҳардаги йирик масжидлардан бирига келаётган 80 га яқин намозхонни ҳибсга олганига гувоҳ бўлган. Ҳибсга олинганлар орасида унинг ўзи ҳам бор эди.

- Бир вақтлар Амир Олимхон номи билан қурилиб¸ қолиб кетган масжид бор. Санкт-Петербург шаҳрида Петроградский метродан чиққандан кейин 300-400 метр юриб келинади.

Ўша метродан чиққан жойда жуда кўп болаларни ушлаган экан. Намозхон одамлар ўзи юришидан маълумда. Менда ҳам кичкинагина соқолча бор. Шунинг учун ушлади мени.

Документларни текшириш билан ҳеч ким қизиқмадию¸ лекин бизни у ерда бир сутка ушлаб қолишди. Овқат бериш йўқ¸ сув бериш йўқ. Бу айнан жума куни бўлди¸ дейди Давлатмурод.

Давлатмуроднинг сўзларига кўра, уларнинг: “Бизни нега қўлга олдингиз-у, нега ҳеч бир изоҳсиз 24 соат ушлаб турдингиз?” деган саволлари жавобсиз қолган. Уларнинг ҳибсга олингани, ҳатто, ҳужжатлаштирилмаган ҳам.

- Протокол тузишмади. Ҳеч нарсага қўл ҳам қўйдиришмади¸ ҳеч нарса сўрашмади, дейди Петербург шаҳрида яшаётган тожикистонлик ўзбек намозхонлардан бири.

Москва шаҳрида яшайдиган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев эса меҳнат муҳожири бўлган мусулмонларни таъқиб қилиш ёки калтаклашга оид Москва шаҳри ҳамда Москва вилоятида содир бўлган бир неча воқеаларни қайд этган.

Улардан энг шов-шувлиси ўтган йили сентябр ойида бўлган эди, дея ёдга олди Ҳамроев.

- Ўзбек ва тожиклар далада масжидга ўхшаган ибодатхона қуришган. ОМОН чилар келган пайтда 30-40 нафар ўзбек ва тожик намоз ўқиб турган бўлган. Ҳаммасини уриб¸ калтаклаб телфонларини¸ қимматбаҳо нарсаларини¸ пулларини олишган.

“Бу ерга келволиб¸ энди масжид ҳам қурмоқчимисанлар¸ қаранг-а” деб уришган. Шунақа ҳолатлар бўлиб турибди. Ҳукуматнинг сиëсати бу.

Кремл ҳозир сиëсатини сал-пал тўғрилаб оладиган бўлса¸ мусулмонларнинг ҳаммасининг адабини бераман деб турибди. Мен кузатиб бораяпман барибир¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев ўзининг бундай хулосасига асос қилиб, Россия Федерал миграция хизматининг юқори лавозимли расмийси билан юзма-юз суҳбатдан бир парчани тилга олди.

- Катта лавозимли миграция ходими очиқдан очиқ “Келаëтган меҳнат иммигрантларининг кўплари экстремистлар. Булардан қутилиш керак” деб айтди. Қизиғи¸ экстремизмга қарши курашиш деган нарсани миграция ходимлари қаердан олди?

Демак¸ кўрсатмалар бўлган. Яъни бу давлат томонидан қандайдир бир сиëсат. Бу нарсалар ҳукумат бошчилигида қилинаяпти, дейди Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG