Линклар

Шошилинч хабар
10 май 2021, Тошкент вақти: 13:54

Халқаро хабарлар

Россия иқтисоди чўкишда давом этаяпти

Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакат иқтисодий кўрсаткичлари бу йил кутилганидан анча паст экани, вазиятни яхшилаш учун шошилинч чоралар кўрилиши кераклиги ҳақида билдирди.

Медведевга кўра, бу йил бюджет камомади мўлжалдагидан анча паст бўлиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7 фоизни ташкил этган ва бу ҳолат келажакда маблағлар устидан давлат бошқарувининг барча бўғинларида кучли назорат ўрнатилишини тақазо этади.

Шунингдек, молиявий бўҳрон Россияда ишсизлар сонининг ҳам кўпайишига сабаб бўлган.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Жуков мамлакатда ишсизлик даражаси 10 фоиздан ортганини билдирди.

Бу эса Россиядаги ишсизлик даражасининг охирги 10 йил давомидаги энг баланд рақамидир.

Кун янгиликлари

Лукашенко ўлимидан кейин ҳокимият кимга топширилишига оид декретни имзолади

Беларусь президенти Александр Лукашенко 9 май куни ўзининг ўлимидан сўнг мамлакатни бошқариш механизмлари баён қилинган “Суверенитет ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги декретга имзо чекди. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, ҳужжат аллақачон кучга кирган.

“Ҳужжат давлат раҳбари суиқасд, теракт, ташқи тажовуз ёки бошқа зўравонлик хуружлари оқибатида ҳалок бўлган тақдирда, барча давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари Хавфсизлик кенгаши қарорларига мувофиқ ҳаракат қилиши, Кенгаш йиғилишларига эса бош вазир раислик қилишини назарда тутади. Шу билан бирга, зудлик билан мамлакат ҳудудида фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий қилинади”, дейилган хабарда.

Ҳужжатда айтилишича, янги сайловларни ўтказиш бўйича қарорни ҳам Хавфсизлик кенгаши қабул қилади.

Беларусь конституциясида президент вафот этган ёки ўз ваколатларини бажаролмай қолган тақдирда, унинг вазифасини бош вазир бажариши қайд этилган, бироқ бу ўринда Хавфсизлик кенгаши номи тилга олинмаган.

Апрель ойида, Беларусь махсус хизматлари Лукашенкога қарши ҳозирланган суиқасднинг олди олинганини маълум қилгач, у ўзи вафот этган тақдирда ҳокимият Хавфсизлик кенгашига топширилиши кўзда тутилган ҳужжатни имзолашини айтганди. Мазкур декретни у ўз ҳаётидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири, деб атаган.

Беларусь Хавфсизлик кенгашига Лукашенкодан ташқари 8 киши киради, улардан тўрт нафари куч ишлатар идоралар вакилларидир.

Ғарб мамлакатлари ўтган йил август ойида Беларусда бўлиб ўтган президент сайловларининг легитимлигини тан олмайди. Расмий натижага кўра, Лукашенко олтинчи марта сайланган ушбу сайловлардан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланган. Расмийлар аҳоли норозилигини куч билан бостириб келмоқда.

Бабиш ЕИ мамлакатларини “ҳеч йўқ бир нафардан” россиялик дипломатни бадарға қилишга чақирди

Чехия бош вазири Андрей Бабиш

Чехия бош вазири Андрей Бабиш Европа Иттифоқидаги бошқа мамлакатлар раҳбариятларига мурожаат қилиб, уларни Врбетица қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборидаги портлашларга оид иш бўйича Чехия билан бирдамлик аломати ўлароқ ҳеч бўлмаганда бир нафардан россиялик дипломатни ўз мамлакатларидан бадарға қилишга чақирди. Бу ҳақда Бабиш журналистларга Португалиядаги ЕИ президентлари ва бош вазирлари норасмий саммитида билдирди.

“Биз ЕИга аъзо бир давлат ҳужумга учраган пайтда бу феълан барча аъзоларга ҳужум эканини ҳар доим англашимиз керак. Мен улардан камида бир нафардан дипломатни бадарға қилиш масаласини кўриб чиқишларини сўрадим”, деди Бабиш.

Чехия бош вазирига кўра, Портудаги саммитнинг илк кунида ЕИга аъзо мамлакатлар лидерлари йили Врбетицада содир бўлган портлашларга оид масалани муҳокама этганлар. Бу масала муҳокамасига Европа кенгашининг май ойи охирида бўлиб ўтадиган саммитида қайтиш режаланган.

Май ойи бошида Андрей Бабиш Врбетицадаги портлашлар масаласини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан муҳокама қилган.

Чехия махсус хизматлари Врбетица қишлоғидаги ҳарбий омборда 2014 йил октябрида содир этилган портлашларга Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) ходимларини алоқадор, деб ҳисоблайдилар. Чехия Ташқи ишлар вазирлиги ва махсус хизматлари баёнотига кўра, қўпорувчилик амалиёти Россиянинг Прагадаги элчихонасидан туриб махсус хизмат ходимлари амалга оширганлар.

Исроил бош вазири полициянинг фаластинликларга қарши ҳаракатини дастаклади

Қуддусдаги тўқнашувлардан лавҳа

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Қуддусда икки давом этган тўқнашув ортидан полициянинг фаластинликларга қарши амалиётини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Нетаняҳунинг таъкидлашича, ҳукумат радикал унсурларнинг шаҳардаги осойишталикни бузишига йўл қўймайди.

Аввалроқ Қуддусдаги тўқнашувларда 200 чоғли одам тан жароҳати олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Тўқнашувлар чоғида фаластинликлар Масжидул-Ақсо олдида исроиллик полициячиларга қарата тош отишгани, полициячилар эса уларга резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ билан жавоб бергани айтилмоқда.

Қуддусда содир бўлаётган воқеалар юзасидан аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва БМТ ўз хавотирларини изҳор этишган.

Қуддусда бу каби тўқнашувлар Рамазон ойи бошидан бери бир неча бор содир бўлган. Фаластин миллий мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос шу важдан 22 майга белгиланган умумхалқ сайловини бошқа муддатга қолдирган. Дастлабки тўқнашув Исроил полицияси фаластинликларнинг Рамазон ойи муносабати билан Қуддуснинг Эски шаҳар қисмида ифторга йиғилишини тақиқлаб қўйганидан сўнг содир бўлганди.

Кейинчалик таранглик ортишига фаластинликларнинг бир неча оиласини Шарқий Қуддусдаги мавзелардан биридан бадарға қилиш уриниши сабаб бўлди. 7 май куни полиция у ерда йиғилган намойишчиларни шовқинли гранаталар билан тарқатиб юборган.

Покистон Ҳиндистонни “ҳафа қилишдан тийилаётган” Саудия Арабистони билан муносабатларни яхшиламоқчи

Покистон Бош вазири Имрон Хон.

Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг 8 майда Саудияга қилган икки кунлик сафари давомида бир неча ойдан бери таранглашган муносабатларни яхшилаш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Икки давлат жиноятда айбланаётганлар билан ўзаро алмашиш, наркотик ноқонуний савдосига қарши кураш, инфраструктура ва бошқа соҳаларга оид шартномаларни имзолайди.

Саудия ва Покистон ўртасидаги муносабатлар Кашмир масаласи кун тартибига чиқарилганидан сўнг ёмонлашган эди.

Покистон асосан мусулмонлар яшайдиган Кашмирда Ҳиндистон инсон ҳуқуқларини бузаётганини билдириб, бу масалада Саудия Арабистонини ҳинд ҳукуматига босим кўрсатишга чақирган.

Саудия эса ўз навбатида “асосий нефть сотиб олувчи бўлган Ҳиндистонни ҳафа қилиб қўймаслик учун” Покистоннинг илтимосини эътиборга олмаган.

Бундан ташқари Саудия Покистондан 3 миллиард долларлик қарзини тўлашни кескин талаб қила бошлади. Бунинг оқибатида Покистон Хитойдан молиявий кўмак сўрашга мажбур бўлган.

2019 йилнинг 5 август куни Ҳиндистон Покистон билан баҳсли бўлиб турган Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг ташвишига сабаб бўлган.

Мазкур воқеадан сўнг Покистон Ҳиндистон билан муносабатлар даражасини пасайтирган, савдо-сотиқ ва транспорт қатновини чеклаган эди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери ядровий қуролга эга бўлган икки давлат- Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтиришга ваъда берди

Россия ва Тожикистон президентлари Москвада 9 май арафасида учрашди.

Президент Владимир Путин 8 май куни ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтириш ва мустаҳкамлаш масаласида бош қотираётганини маълум қилди.

Путин, шунингдек, Россия “Тожикистон армиясининг қудратли бўлишига ҳам кўмаклашиш” ниятида эканини таъкидлади.

Айни пайтда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон АҚШ Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши ортидан мазкур мамлакатда вазият кескинлашиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Тожикистондаги учта ҳарбий базага Россия 201-дивизиясининг 7 мингдан ортиқ ҳарбийси жойлашган.

Президент Эмомлаи Раҳмон Москвага Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаш учун борган. Марказий Осиёнинг қолган давлатлари раҳбарлари мазкур парадга бормаслигини билдирганлар.

Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда

Фаластинликларга ўқ отаётган Исроил полициячиси.

Фаластинликларнинг Исроил полицияси билан тўқнашувлари 8 май куни яна қайта бошланди. Бунга Исроил полицияси Рамазон ойида яҳудийлар ўзиники эканини иддао қилаётган ерлардан мусулмонларни мажбурий равишда кўчириб чиқаришга ҳаракат қилаётгани сабаб бўлмоқда.

Бундан бир кун аввал Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда 205 фаластинлик ва Исроил полициясининг 18 ходими яраланган эди. 8 май куни полиция минглаб норози фаластинликларни тарқатиш учун резина ўқлар, кўздан ёш сиздирувчи газ, шовқинли гранатларни қўллади.

8 майдаги тўқнашувларда 68 фаластинлик яралангани, улардан 11 нафари касалхонага ётқизилгани хабар қилинди.

Исроил полицияси билан тўқнашувлар 90 минг мусулмон Қуддусдаги Ал Ақсо масжидига Лайлатул қадр тунини нишонлашга йиғилгани ортидан бошланиб кетди. Ислом динидаги муқаддас жойлардан бири ҳисобланадиган Ал Ақсо масжиди ҳудудида жойлашган тепаликни яҳудийлар ҳам ўзларига тегишли муқаддас жой ҳисоблашади.

Ўша куни Ал Ақсо масжиди яқинидаги мавзедан ўнлаб фаластинликлар ўзларини уйларидан қувиб чиқмоқчи бўлган яҳудийларга қаршилик кўрсата бошлаган.

9 май куни томонлар ўртасидаги низолашув янада кучайиши мумкин экани таҳмин қилинмоқда. 9 май куни яҳудийлар Шарқий Қуддусни босиб олганларини тантанали нишонлашади ва бу кун Қуддус куни деб аталади. Бу тантана 10 майгача давом этади.

10 май куни Исроил суди Ал Ақсо яқинидаги мавзеда яшовчи фаластинликларнинг уйларини босиб олиниши юзасидан ўз қарорини чиқариши кутилмоқда.

Афғонистон пойтахтидаги қизлар мактабига қилинган ҳужумда камида 50 киши ҳалок бўлди

Кобулдаги қизлар мактабига 8 майда ҳужум қилинди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги 9 май куни Кобулдаги қизлар мактабига 8 майда қилинган террор ҳужумида камида 50 киши ҳалок бўлгани ва 100 киши яраланганини билдирди.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Тариқ Ориён мина ўрнатилган автомашина Кобулнинг шиа хазарлар яшайдиган Дашти Барчи туманидаги Сайид ал Шухада мактаби ёнида портлатилганини айтди. Бундан ташқари, ўқувчилар ваҳимада қоча бошлаган пайтда яна иккита бомба портлатилган.

Ҳозирча мазкур ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Толибон гуруҳи расмий баёнот тарқатиб, ўқувчи қизларнинг ўлдирилишига ҳеч қандай тарзда алоқадор эмаслигини билдирди.

Шунга қарамай, президент Ашраф Ғани ҳужум учун Толибонни айблади, аммо у ҳеч қандай далил-исботларни келтирмади.

Covid-19: Ҳиндистонда ўлганлар сони 3 ойда 1 миллионга етиши мумкин

Ҳиндистонда коронавирусдан ўлганлар мурдаларини ёқиш патйи. 6 май. 2021 йил.

8 май куни Ҳиндистонда коронавирусдан нобуд бўлганлар сони бўйича антирекорд ўрнатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир сутка ичида 4 187 нафар бемор нобуд бўлганини билдирди. Бу билан Ҳиндистонда бугунга қадар коронавирус туфайли ўлганлар сони 240 мингга яқинлашди.

Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ва баҳолаш институтининг тахминларига кўра, мамлакатда августгача 1 миллион COVID-19 билан боғлиқ ўлим қайд этилишини кутиш мумкин.

Шанба куни мамлакатда 401 078 та вирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Бу билан бугунга қадар коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 21,9 миллионга етди.

Шу сабабдан Ҳиндистон бўйлаб карантин чекловлари кучайтирилмоқда. Аммо мамлакатда умуммиллий карантин жорий қилингани йўқ.

Путин МДҲ давлатларини Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба билан табриклади

Россия президенти Владимир Путин.

8 май куни Россия президенти Владимир Путин МДҲга аъзо давлатларни Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германиясини мағлуб этишида ўйнаган роллари учун табриклади ва келажакдаги муносабатларни шакллантиришда "қардош дўстлик ва ўзаро ёрдам" сиёсатини олиб боришга чорлади.

9 май куни Москвада Ғалаба паради бўлиб ўтади.

Ғарбий Европада эса 8 май куни урушнинг 76 йиллиги хотирланмоқда.

Германия канцлери Ангела Меркель ушбу муносабат билан Twitterда "Миллий социалистик зулм [фашистлар партиясининг расмий номи – таҳр.] йилларида ҳаётдан кўз юмган миллионлаб одам хотирасини ёдда тутиш бизнинг абадий масъулиятимиз бўлиб қолади" деб ёзди.

7 май куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ҳам фашистлар жиноятларини хотирлади.

"Миллий социализмга қарши туриш ва адолатсизлик ва айбдорлик хотиралари демократиямизни заифлаштирмайди. Аксинча, бу унинг бардоши ва чидамлилигини кучайтиради", - деди президент.

Amnesty International Навальнийни қайтадан “виждон тутқини” деб топди

Санкт Петербургда бинолардан бирига Навальнийга чизилган граффити.

Amnesty International ташкилоти Россия мухолифатчиси Aлексей Навальнийни қайтадан "виждон тутқини" деб белгилашга қарор қилди.

Йил бошида ташкилот Навальний ўтмишда қилган чиқишларида нафрат қўзгаганини айтиб, уни "виждон тутқини" деб аташни тўхтатган эди.

Лондонда жойлашган Amnesty International ташкилоти 7 май куни эълон қилган баёнотда Навальний "бирор муайян жинояти учун эмас, балки ўзи ва тарафдорлари учун жамоат ҳаётида тенг иштирок етиш ҳуқуқини талаб қилгани ва коррупциядан холи бўлган ҳукуматни талаб қилгани учун қамоққа олинган" дейилади.

Amnesty International ташкилоти Навальний январда қўлга олингани ортидан уни "виждон тутқуни" деб топганди. Aммо бунинг ортидан ташкилотга Навальнийнинг ўтмишдаги баёнотлари ҳамда рус миллатчилари билан алоқалари бўйича текшириш ўтказиш ҳақида ёппасига талаблар келиб тушди. Орадан бир ой ўтиб, ташкилот мухолифатчини ушбу мақомдам маҳрум қилди.

Amnesty International бу қарор Россия ҳукумати Навальний ҳуқуқларини янада кўпроқ бузишига асос бўлганини айтиб, уни қайтадан "виждон тутқини" деб топган.

АҚШ ҳукумати Трамп кампаниясининг Россияга алоқаси ҳақида ёзган журналистлар телефонини кузатган

АҚШ Адлия вазирлиги Россия ва собиқ президент Дональд Трампнинг 2016 йилги сайловолди кампанияси пайтидаги алоқалари бўйича федерал тергов тўғрисида ёзган The Washington Post газетаси мухбирлари телефонини яширинча кузатган. Бу ҳақда 7 май куни The Washington Post газетаси хабар берди.

Афтидан, бу чорадан мақсад уч нафар журналист Трамп маъмуриятининг дастлабки ойларида чоп этган мақолалар манбаларини аниқлаш бўлган. Ўша пайтда федерал терговчилар Трампнинг 2016 йилги сайлов кампанияси сайлов натижаларини ўзгартириш учун Россия билан тил бириктиргани ёки йўқлигини тергов қилаётган эди.

The Washington Post газетанинг ёзишича, учала мухбир уларнинг телефон қайдлари яширинча тўплангани тўғрисида 3 май куни мактуб олган. Адлия департаменти журналистлар телефонлари нима учун кузатилганини очиқламаган.

2017 йилда The Washington Post газетаси Трамп кейинчалик бош прокурор этиб тайинлаган Жефф Сешнс Россия элчиси Сергей Кисляк билан сайлов кампаниясини муҳокама қилгани ва бошқа кўплаб шов-шувли хабарларни эълон қилган эди.

Байден: Июнь ойида Путин билан учрашишимга ишончим комил

АҚШ президенти Жо Байден

Россия президенти Владимир Путин билан учрашишни таклиф қилган АҚШ президенти Жо Байден учрашув вақти ва жойи ҳали белгиланмаганини айтди.

7 май куни Байден журналистнинг Путин билан учрашуви ҳақида берган саволига жавобан:

"Ишончим комилки, биз буни уддалаймиз. Муайян вақт ёки жой белгиланамиз йўқ. Бунинг устида иш олиб борилмоқда", - деди.

Байден Путин билан жорий йилнинг июнь ойида, Европага қиладиган хизмат сафари давомида учрашишга умид қилмоқда.

Байден Россия Украина чегараси яқини ва аннексия қилинган Қримга кўп сонли ҳарбий юборгани Путин билан юзма-юз учрашиш истагини ўзгатирмаганини айтди.

Апрель ойида Байден Россия билан юзага келган келишмовчиликларни муҳокама қилиш учун Путинни учрашув ўтказишга чақирганди.

Вашингтон ва Москва муносабатлари Украинага ҳарбий таҳдидлар, АҚШ ҳукумати компьютер тармоғига қилинган киберҳужум, Россиянинг АҚШ сайловларига аралашуви ва қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навальнийга тазйиқлар каби масалалар туфайли совиб кетган.

АҚШда икки россиялик кибержиноятларга иқрор бўлди

АҚШ бўйлаб банк ва ширкатларни нишонга олган кибержиноятларга қўл урганини тан олган тўрт нафар хакернинг иккиси Россия ватандошидир. Бу ҳақда 7 май куни АҚШ Адлия департаменти маълум қилди.

Миллионлаб доллар йўқотишларга сабаб бўлган ҳужумларни Россия фуқаролари Александр Гричишкин ва Андрей Сквортсов, литвалик Александр Скородумов ҳамда эстониялик Павел Стассилар амалга оширган.

Суд ҳужжатларига кўра, тўртовлон кибержиноятчилар тармоғига хостинг хизматларини кўрсатган.

Хостинг операцияси кибержиноятчиларни IP манзиллар, сервер ва доменлар билан таъминлаган. Жиноятчилар ўз навбатида ушбу инфратузилма ёрдамида банк маълумотларини ўғирлаш учун зарарли дастурларни тарқатган.

Тўртала айбланувчи Мичиган штатидаги округ судида айбига иқрор бўлган. Уларнинг ҳар бири кўпи билан 20 йиллик қамоқ жазоси ҳукм қилиниши мумкин.

АҚШ Федерал қидирув бюроси олиб борган терговга Германия, Эстония ва Буюк Британия терговчилари кўмаклашган.

Тихановская Беларусь бўйича халқаро конференция ўтказиш ташаббуси билан чиқди

Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская

Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская ўз мамлакатидаги инқирозни ҳал қилиш учун юксак даражадаги халқаро конференция ўтказишга чақирди.

Тихановская Twitter'даги ўз саҳифасида Беларусдаги демократик кучлар, Европа Иттифоқи, Россия, Британия ва АҚШдаги миллий ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда Александр Лукашенко режими вакиллари билан биргаликда бу каби конференцияни ўтказиш “ўта муҳим”лигини билдирди.

Тихановская 6 май куни Европа Иттифоқини Беларусь фуқаролик жамияти ва иқтисодиётига ёрдам бўйича комплекс режасини ёйинлашга чақирганди. У 4 май куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари ва ЕИга аъзо мамлакатларнинг халқаро алоқалар бўйича қўмиталарига талабномалар юборганини айтган.

Аввалроқ Тихановская АҚШ Конгресси комиссияси олдида онлайн чиқиш қилиб, уларни ҳам юқори даражадаги конференция ўтказишга чақирганди. У Қўшма Штатларни Лукашенкони “янада иҳоталаб қўйиш учун” дипломатиядан фойдаланишга чақирган. Мухолифатчига кўра, ҳозирда халқаро бирдамлик билан бир қаторда конкрет хатти-ҳаракатлар ҳам муҳимдир. У жаҳон ҳамжамияти Минск расмийлари “беларусликларни барча унутиши учун” ғайрат кўрсатаётган мамлакатдаги инқироз кўламини тушуниши лозимлигини қўшимча қилган.

Япония олимпиада арафасида фавқулодда ҳолат муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқмоқда

Япониядаги Олимпия олови эстафетаси ўтадиган йўл бўйлаб ниқобларда турган одамлар, 2021 йил 25 марти

Япония ҳукумати 7 май куни коронавируснинг шиддат билан ёйилишини олдини олиш учун Токио ва бошқа учта префектурада фавқулодда ҳолат тартибини май ойи охиригача узайтириш имкониятини кўриб чиқади.

Япония пойтахтида Олимпия ўйинлари бошланишига уч ойдан камроқ вақт қолган. Айни пайтда ҳукумат томонидан таклиф этилаётган чеклов чоралари маъқулланиши кутилмоқда.

Ўтган йили пандемия туфайли қолдирилган Токиодаги мусобақаларда 11 мингдан зиёд спортчи иштирок этиши тахмин қилиняпти. Аввалроқ Япония хориждан томошабин келишини тақиқлашга оид қарор қабул қилган.

Япония бошқа мамлакатларга қараганда вирусдан камроқ зарар кўрган, бироқ мамлакатда эмлов кампанияси суст кетмоқда.

Тожикистон Қирғизистон билан низода ўлганлар ҳақида расмий маълумот берди

Тожикистоннинг Исфара туманида низодан зарар кўрган аёллар.

Тожикистон ҳукумати Қирғизистон билан чегарада 28,29, 30 апрель ва 1 май кунлари содир этилган низода 19 тожикистонлик ҳалок бўлгани 87 киши яралангани ҳақида расман маълум қилди. Шу кунгача Тожикистон ҳукумати ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида очиқ маълумот бермай келаётганди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, низода ҳалок бўлган тожикистонликларнинг оилаларига умумий ҳисобда 700 минг сомони, яъгни тақрибан 61 минг 400 долларга чқин моддий кўмак кўрсатилади.

Мазкур тўқнашувда Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлган ва 180дан ортиқ қирғизистонлик яраланган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 6 май куни низода ҳалок бўлган ҳар бир қирғизистонликнинг оиласига 1 миллион сўмдан, яъни тақрибан 11 800 доллардан моддий ёрдам берилишини айтди.

Жонс Хопкинс университети: Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 155 миллиондан ортди

Коронавирус пандемияси бўйича мустақил статистикани олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг маълум қилишича, 6 май ҳолатига кўра, жаҳонда коронавирус юққанлар сони 155 миллион 203 мингдан ортди. Беморлардан 3 миллион 241 мингдан ортиғи вафот этган.

Коронавирус тарқалиши бўйича биринчи бешталикни ҳамон АҚШ (32,123 миллиондан ортиқ), Ҳиндистон (20,665 миллиондан ортиқ), Бразилия (14,779 миллиондан ортиқ), Франция (5,590 миллиондан ортиқ) ва Туркия (4,929 миллиондан ортиқ) эгалламоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, бир сутка давомида АҚШда 39 480, Ҳиндистонда 382 315, Бразилияда 24 619, Францияда 23 116, Туркияда эса 28 997 кишида коронавирус аниқланган.

SpaceX кемасининг прототипи бўлган Starship илк маротаба муваффақиятли қўнишни амалга оширди (ВИДЕО)

Starship прототипи синов парвозини амалга ошириш арафасида.

SpaceX ширкати ишлаб чиққан бошқариладиган коинот кемасининг прототипи бўлган Starship кемаси 6 май куни Ерга илк маротаба муваффақиятли қўнишни амалга оширди.

Starship SN15 Техас штатидаги Бока-Чика полигонидан синов мақсадида осмонга учирилди. Синов жараёнида ракета 10 километр юқорига кўтарилди ва аэродинамик тўхташни амалга ошириб, двигателларини ўчирди. Кейин двигателлар яна қайта ишга туширилиб, ракета вертикал ҳолатга қайтарилди ва старт майдонига юмшоқ қўнишни амалга оширди. Синов парвози 6,5 дақиқа давом этди.

Бу ракета прототипининг илк марта муваффақиятли амалга оширилган парвози бўлди. Масалан, 30 март куни учирилган прототип ҳавога кўтарилганида портлаб кетган. Март ойининг бошларида парвоз қилган ракета эса Ерга қайтганидан сўнг ёниб кетди. Декабрь ва февраль ойларида ўтказилган синовлар ҳам муваффақиятсиз якунланган эди.

Апрель ойи охирларида SpaceX раҳбари Илон Маск коинот кемасининг сўнгги прототипи “юзлаб конструктив ўзгартиришлар билан мукаммаллаштирилгани”ни эълон қилган эди.

Starship лойиҳаси 2019 йилда жамоатчиликка эълон қилинган. Лойиҳадан мақсад “Супер Хэви” деб аталадиган биринчи кўп босқичли ва иккинчи кўп босқичли ҳамда Starshipнинг ўзидан иборат бўладиган ўта оғир ракетани яратишдир. Мазкур ракета одамларни ва юкларни Ер орбитаси, Ой ва Марсга олиб чиқишда қўлланилиши режалаштирилмоқда.

Байден COVID-19 вакциналарига оид патентларни ҳимоя қилмаслик ғоясини дастакламоқчи

АҚШ президенти Жо Байден Жаҳон савдо ташкилотининг COVID-19 вакциналари муаллифлари интеллектуал мулкини ҳимоя қилишни рад этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаган.

АҚШ савдо вакили Кэтрин Тэй 5 май куни берган баёнотда соғлиқни сақлаш тизимидаги глобал инқироз ҳамда коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазият “фавқулодда чоралар кўришни тақазо этиши” ҳақида сўз борган.

Байден маъмурияти, баёнотда қайд этилишича, интеллектуал мулк ҳимояси зарурлигига ишонади, бироқ пандемияга қарши кураш йўлида COVID-19 вакциналарига оид патентларни ҳимоя қилишни рад этиш ғоясини дастаклашга тайёр.

Юздан ортиқ давлат, жумладан пандемиядан кўп зарар кўрган Ҳиндистон ва Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) уларга юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган вакцина ва дори-дармонларни ишлаб чиқариш имконияти берилишига чақирмоқда.

ЖАРнинг ЖССТдаги вакили интеллектуал мулк ҳуқуқи вакцина билан бир хилда таъминланиш йўлида жиддий тўсиқ бўлаётганини айтган.

ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус АҚШ президентининг мулоҳазасини олқишлаб, уни “коронавирус пандемиясига қарши курашдаги тарихий палла” деб атаган.

Америка фармацевтика саноати манфаатларини ифода этувчи гуруҳ президент Байденнинг бу фикрини танқид қилиб, бундай қадам “пандемияга қарши глобал курашга путур етказиб, дори-дармонлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин”лигини таъкидлаган.

Гуруҳнинг огоҳлантиришича, оқибатда вакциналарни ишлаб чиқариш ва тарқатиш тизими зарар кўриб, қалбаки вакциналар пайдо бўлишига имкониятлар яратилади.

Меркель АҚШнинг фаол ўйинчи ўлароқ “қайтиши”ни олқишлади

Германия канцлери Ангела Меркель

Ангела Меркель АҚШнинг халқаро сиёсатнинг фаол ўйинчиси сифатида “қайтиши”ни олқишлади. Германия канцлери буни келгуси трансатлантика алоқаларига бағишланган Берлин конференциясида сўзлаган нутқида айтиб ўтган, дея хабар қилди Reuters агентлиги.

Меркель Россия ва Хитой билан зиддиятларда кўмаклашгани учун Жо Байден маъмуриятига миннатдорлик билдириб, Вашингтонни “Европанинг энг муҳим иттифоқчиси” деб атаган.

Шу билан бирга, у Германия дунёни икки ёвлашган лагерга ажратиши мумкин бўлган совуқ уруш даврининг қайтишидан манфаатдор эмаслигини таъкидлаган.

Германия ҳукумати раҳбари ЕИ билан Америка ўртасида савдо шартномаси имзоланишига қаратилган ташаббусни юқори баҳолаган. Февраль ойида канцлер аппаратининг трансатлантика алоқалари масалалари бўйича координатори Питер Байер Пекинга босимни кучайтириш мақсадида саноат тарифларини бекор қилиш ва Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ этишни назарда тутувчи Америка-Европа савдо шартномасини тузишга чақирганди.

ЕИ ва Хитой ўртасидаги муҳтамал инвестиция битими юзасидан изоҳ бераркан, Меркель мазкур ҳужжатни “жуда муҳим” деб атаган, айни чоғда ХХРга оид “барча масалалар спектри”ни, жумладан унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги иззат-эътиборини қайта кўриб чиқиш фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Яқинда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Германия ТИВ раҳбари Хайко Маас билан Лондонда кечган учрашувида Америка ҳукумати “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишига қарши эканини яна бир карра урғулаб, “Россия Хитой ва Эроннинг беқарорлаштирувчи фаолияти”га қарши туриш муҳимлигини эслатган эди.

COVID-19: Қозоғистонда бир кунда коронавирусдан 39 киши вафот этди

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда бир сутка ичида 2 298 та COVID-19 юқтириш ҳолати қайд этилган, 39 одам касаллик туфайли нобуд бўлган.

Ўтган йилнинг мартидан бери расман тасдиқланган коронавирус юқтириш ҳолатларининг умумий сони 332 369 тага етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йилнинг августидан бери «ковидга ўхшаш пневмония» тўғрисида алоҳида статистика эълон қилиб келади. Бугунга қадар ушбу ҳолат 53 122 одамда аниқланган, уланинг 817 нафари вафот этган.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг мартидан бери мамлакатда COVID-19 касаллигидан 3 796 нафар киши вафот этган. Мингга яқин одам коронавирус юқтиргани тасдиқланган, аммо махсус комиссиялар улар бошқа касаллик туфайли вафот этганини хулоса қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Қозоғистонда коронавирус инфекциясини юқтирган 44 572 киши даволанмоқда. Уларнинг 784 нафари оғир, 196 нафари ўта оғир аҳволда бўлиб, 117 нафари нафас олиш аппаратига уланган.

Тожикистон томони ўғирланган икки автомобилни Қирғизистонга қайтариб берди

Тожикистон-Қирғизистон низосида зарар кўрган бинолардан бири.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 5 май куни маълум қилишича, айни дамда қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарор.

Чегара хизмати тўқнашувлар давомида ўғирланган Қирғизистон фуқароларига тегишли икки машина қайтариб берилганини маълум қилди.

5 май куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев зарар кўрган чегара пунктларини кўздан кечирмоқда.

28-30 апрель кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда 36 нафар қирғизистонлик нобуд бўлди, 189 киши жароҳат олди.

Тожикистон ҳукумати қурбонлар сонини расман эълон қилгани йўқ. Озодлик радиосининг тожик хизмати тўплаган маълумотларга кўра, тўқнашувда камида 20 одам ҳалок бўлган, 90 киши жароҳат олган.

Қирғизистон ҳукумати маълумотларга кўра, чегарадаги тўқнашувларда 136 уй бутунлай вайрон бўлган. Уларнинг 46 таси Боткен туманида, 93 таси Лайлак туманида жойлашган.

Бундан ташқари, бешта умумтаълим мактаби, иккита фельдшерлик пункти, учта болалар боғчаси, иккита полиция участкаси, 24 ёқилғи қуйиш шохобчаси, 60 тижорат объекти, иккита чегара пости ва бир клуб зарар кўрган.

Германияда терроризмни молиялаштиришда айбланаётган Ansaar гуруҳи тақиқланди

Аввалроқ Германия ҳукумати мамлакатдаги 10 штатда ташкилот мулкларини тинтув қилган эди.

5 май куни Германия Ansaar International исломий ташкилоти бутун дунё бўйлаб терроризмни молиялаштиришга ёрдам бериш учун хайрия тўплаб келаётганини айтиб, ташкилот фаолиятини тақиқлади.

Аввалроқ Германия ҳукумати мамлакатдаги 10 штатда ташкилот мулкларини тинтув қилган эди.

5 май куни Ички ишлар вазири Хорст Зихофер:

«Агар сиз терроризмга қарши курашмоқчи бўлсангиз, уни молиялаштирувчи манбаларни қуритишингиз керак», - деди.

Дюссельдорфда жойлашган Ansaar низомида мақсади бутун дунё бўйдаб мусулмонлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш экани айтилган.

Ташкилот раиси сўзларига кўра, ташкилот биргина 2018 йилда 10 миллион еврога яқин хайрия маблағини тўплаган.
Германия Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, маблағлар аслида Фаластиндаги ҲАМАС ҳаракати, шунингдек, Ал-Қоида билан алоқадор Аш-Шабааб ва Жабҳат ан-Нусра каби хорижий гуруҳларни молиялаштириш мақсадида тўпланган.

Путин билан Раҳмон қирғиз-тожик чегарасидаги можарони муҳокама қилади

Путин ва Раҳмон Душанбеда сўнгги марта 2018 йил 28 сентябрда учрашган эди.

Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 8 май куни Москвада бўлиб ўтадиган учрашув чоғида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можарони муҳокама қилади. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлиги Кремль матбуот котиб Дмитрий Песков сўзларига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Тожикистон президенти Қизил майдонда бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида ҳам иштирок этади.

Раҳмон ва Путин ўртасидаги музокаралар қирғиз-тожик чегарасидаги можародан олдин режалаштирилган. Песковнинг айтишича, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ғалаба парадида қатнашиш учун Москвага бормайди.

Тожикистон президентининг матбуот хизмати Тожикистон ва Россия раҳбарлари чегара можаросини муҳокама қилишини Озодликка тасдиқлади.

Қирғизистон президент Садир Жапаров Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиш-этмаслиги тўғрисида расмий маълумот берилгани йўқ.

28-30 апрель ва 1 май кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда 36 нафар қирғизистонлик нобуд бўлди, 189 киши жароҳат олди.

Тожикистон ҳукумати қурбонлар сонини расман эълон қилгани йўқ. Озодлик радиосининг тожик хизмати тўплаган маълумотларга кўра, тўқнашувда камида 18 одам ҳалок бўлган, 90 киши жароҳат олган.

Германия "Шимолий оқим-2" газ қувурини қуришга берилган рухсатни вақтинча бекор қилди

Россия қувур ўрнатувчи кемаси Германия соҳилида.

Федерал Денгизчилик ва гидрография агентлиги Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурини якунлаш учун берилган рухсатни вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда. Ушбу қарорга лойиҳага қарши экологларнинг судга юборган шикояти туртки бўлган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Биологик хилма-хилликни сақлаш иттифоқи Гамбург маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Шикоят қувурнинг эксклюзив иқтисодий зонадаги ҳали тугалланмаган қисми билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Экологлар бошидан бери лойиҳани танқид қилиб келади. Уларнинг фикрига кўра, бешта денгиз қўриқхонаси орқали ўтадиган қувур Болтиқ денгизига тузатиб бўлмайдиган зарар етказмоқда.

Апрель ойида яна бир экологик ташкилот – Deutsche Umwelthilfe Nord Stream-2 устидан судга шикоят қилган эди.

АҚШ узоқ йиллардан бери Nord Stream-2 қурилишига қарши чиқиб келади. Вашингтонга кўра, лойиҳа Германияни Россия газига қарам қилиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солади.

2019 йилнинг декабрида Вашингтон Болтиқ денгизи тубида лойиҳа қувурларини ётқизишга кўмаклашадиган ҳар қандай ширкатга қарши санкция жорий қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG