Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:50

Бир тоғора қулупнай ëки КГБ нинг қонли фитнаси


1989 йилги Фарғона воқеалари оқибатида расмий маълумотларга кўра¸ аҳолининг 757 уйи, давлатнинг 27 объектига ўт қўйилган ва талон-тарож қилинган.
1989 йилги Фарғона воқеалари оқибатида расмий маълумотларга кўра¸ аҳолининг 757 уйи, давлатнинг 27 объектига ўт қўйилган ва талон-тарож қилинган.

Биринчи сони билан таниша бошлаганингиз "20 йил" деб номланган янги дастур миллат тарихидаги умидбахш бир давр – 20 асрнинг 80-йиллари охири ҳамда 90-йиллари бошида кечган ва кўп жиҳатдан унинг бугунги кунини белгилаб берган тарихий воқеалар тўғрисида бўлади.

Кечаги куннинг мантиғини тушуниб олмасак, бугунни тушунолмаймиз, эртагалик кунимизни тасаввур қилолмаймиз.

Демак, 20 йил эшиттиришининг йўли анча узун.

Йўл бошида эса, яъни бундан роппа-роса 20 йил муқаддам – 1989 йилнинг май-июн ойларида Ўзбекистон тарихига ўчмайдиган бўлиб икки воқеа кирди.

28 май куни Тошкентда “Бирлик” халқ ҳаракатининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди.

Июннинг дастлабки ҳафтасида эса, аниқроғи 7 июн куни Фарғона фожеаси бўлиб ўтди. Ўзбеклар ва месхети турклар орасида миллатлараро тўқнашув юз берди.

7 июнда бўлди бу воқеа, дедим. Ҳар ҳолда у менинг хотирамда айнан мана шу сана билан муҳрланиб қолган.

Аслида эса, деб эслайди воқеа гувоҳи, фарғоналик Маъруфжон ака:

- Бу воқеа бирданига бўлган эмас. Бу бир неча кунлар¸ ойлар давомида етилиб келдида¸ июн ойининг бошларига келганда¸ образли қилиб гапирганда¸ портлашдай бўлиб юзага чиқиб кетди¸ дея эслайди Маъруфжон ака.

Ҳа, 20 йил олдин Фарғонада портлаш бўлди, одамлар шуурида портлаш, кўнглида портлаш, юрагида портлаш бўлди.

Яра қолди ўша портлашдан.

“Бир тоғора қулупнай” деган ибора ҳам қолди.

"20 йил" эшиттиришининг кейинги сонида “Бирлик”нинг таъсис қурултойини эслаймиз.

Бугун эса, Фарғона воқеасини эсламоқчимиз.

Фарғоналик Маъруфжон ака, Фарғона фожеаси пайтида Россияга кўчириб олиб кетилган месхети турклар вакили Дилмурод ака, ёзувчи Тоҳир Малик¸ шоир Муҳаммад Солиҳ ҳамда собиқ СССР халқ депутати Пўлат Охуновлар 20 йил эшиттириши меҳмонлари.

Месхети турклари тўғрисида мухтасар маълумот:

Ўзлари ўзларини “ахиска турклари” деб атайдиган бу миллатнинг асл ватани Грузиядаги Месхетия деган юртдир. Тили туркий, дини сунний ислом.

Баъзи манбаларга кўра, шу кунда дунё бўйлаб, асосан постсовет мамлакатларда 900 минггача месхети турки бор.

Месхети турклари иккинчи жаҳон уруши йиллари, 1944 йил 31 июл куни Сталин имзолаган қарорга биноан қрим татарлар, чеченлар қатори ватанидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга бадарға қилинган.

Маъруфжон ака фарғоналик месхети турклар орасида бундан 20 йил аввал, фожеа арафасида ҳукм сурган кайфият тўғрисида айтиб берди.

- Булар қрим татарларидан ибрат олибми ëки бошқа бўлибми¸ ҳар ҳолда булар ҳам кетишнинг тараддудини кўриб қолишди. Менинг ëн қўшним ҳам турк эди.

Ҳозир менинг аниқ эсимда йўқ¸ ўша пайтда 10 сўм ëки 30 сўмдан йиғиш қилишган. Пул йиғишиб¸ ўзларича ташаббускор гуруҳ тузишган. Гуруҳнинг активистлари ҳозирги Бишкек томондан келган.

Ўшалар раҳбарлигида булар маҳаллий раҳбарият олдига “Биз кетамиз. Бизларни жўнатасизлар” деган масалани қўймоқчи бўлишган¸ дея эслайди Маъруфжон ака.

Маъруфжон аканинг гапларини фақат ва фақат ўша пайтдаги кайфиятни – месхети туркларнинг кайфиятини Сизга билдириш, давр руҳини ёдингизга солиш учунгина келтирдик.

Асло, фожеани ўша кайфият билан боғламоқчи эмасмиз.

Ва умуман, айтиб қўймоқчимизки, биргина дастурда фожеанинг ипидан кириб, игнасидан чиқиб кетамиз деган иддаомиз йўқ.

Мақсадимиз “Фожеа ортида қандай куч турган эди”, деган саволга жавоб топишдир.

Меҳмонларимиз билан суҳбатларга ўтиш олдидан воқеалар хроникаси:

1989 йил, 16-18 май. Фарғона вилояти, Қувасой шаҳри. Месхети турк ёшлар билан ўзбек ва тожик ёшлари ўртасида муштлашувлар бўлиб ўтди. Бир киши ўлди, 32 киши тан жароҳати билан касалхонага ётқизилди. Ҳалок бўлган – тожик.

1989 йил, 3 июн. Фарғона вилояти, Тошлоқ тумани. Ёшлардан иборат оломон туркларнинг уйларига ўт қўя бошлади. Бундай воқеалар вилоятнинг бошқа жойларида ҳам бўлаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Маъруфжон ака Фарғонанинг Тошлоғидан. У киши 1989 йил, 3, 4 июн кунги воқеларни эслайди.

- Шанба куни кечқурун уйга ўт ëқишлар¸ ҳужумлар бошланган. Одамлар туркларнинг автомобилларини ëқиб¸ бошқа қилиб қочиб кетган. Ўт қўйишлар якшанба куни оммавий тарзда бўлган.

Марғилон шаҳрида “Янги Марғилонводстрой” деган шаҳарча бор. Ўша ерда месхети турклар жуда кўп бўлган. Ўша ерда буларнинг уйларини оммавий тарзда ëқишган.

Унгача Тошлоқ туманидаги¸ Ипак комбинати шаҳарчаси орқасидаги¸ туманнинг чекка қишлоқларигача бориб ëқиб юборишган. Булар адресни қанақа қилиб топган экан¸ ҳайронман¸ дея эслайди Маъруфжон ака.

1989 йил, 4 июн. Вилоятнинг қатор туманларида комендантлик соати эълон қилинди.

1989 йил, 7 июн. Воқеалар Қўқонга кўчди. Шаҳардаги тартибсизликлар 8 июн куни ҳам давом этди.

Албатта, эшитганингиз маълумотларни ўша кунлардаги вазиятни ҳис қилишингиз учунгина келтирдик. Улар асло фожеанинг тўлиқ манзараси эмас.

1989 йил 9 июндан 18 июнгача месхети турклари махсус самолётларда Россияга кўчирилди. Ҳаммаси бўлиб 16282 киши кўчирилди.

Шу кунда Татаристон пойтахтида яшаётган Дилмурод исмли месхети турк йигит 20 йил муқаддам, Фарғонадан кўчирилганида 13 яшар бола эди.

Дилмурод билан узоқ гаплашдик. Кўп нарсани, асосан, катталардан эшитганларини айтиб берди.

1989 йил, май, июн ойларида юз берган Фарғона фожеасини эслаяпмиз.

Месхети турк Дилмуроддан миллатдошларингиз 20 йил аввалги фожеага қандай баҳо беради, деб сўрадик.

- Вақт ҳамма нарсани кўрсатади дейишадику. Бозордаги қулупнай тортишувидан келиб чиқди¸ дейиш бу¸ албатта¸ кулгили.

Балки бу режаланган операция бўлгандир¸ тағин билмадим. Чунки биз Россияга келганимизда¸ у ердаги одамлар бизнинг келишимизни бир ой олдин билган экан.

Биз келгунимизча колхозларда биз учун жой¸ иш тайëрлаб¸ бизни кутишаëтган экан¸ дейди Дилмурод.

Россияга етиб боргач, бизни у ерда бир ярим ойдан буён кутаётганларини билдик, деяпти Дилмурод.

Эътибор беринг, воқеалар туркларни Россияга кўчириш бошланганидан 55-56 кун аввалгина бошланган эди. Қувасойдаги муштлашувлар бошланиши биланоқ қандай куч Россияда турклар учун жой ҳозирлашни бошлаган эди?

Энди тошлоқлик Маъруфжон ака билан ўтказганимиз суҳбатнинг мана бу қисмига эътибор беринг. Туркларнинг уйларига ўт қўйганлар кимлар эди, деб сўрадик.

Маъруфжон ака: Ëққан одамлар маҳаллий аҳолининг вакиллари эмас эди. Улар тамоман нотаниш одамлар бўлган. Важоҳати ҳам хунук.

Ҳаммаси кўйнагини чиқариб олиб¸ этагини боғлаб олган бўлган. Уларнинг ҳаммаси маст ҳолатда бўлган.

Кўчада нима учраган бўлса¸ озиқ-овқатми ë бошқами¸ муравейларга (муравей – уч ғилдиракли юк ташийдиган мотороллер – таҳр.) юклаб олиб¸ муравейлар буларнинг орқасидан юрган.

Булар қаëққа борса¸ буларга муравейда озиқ-овқат тайëр бўлган. Умуман маҳаллий ҳокимият қолмагандай бўлганда. Ҳеч ким ҳеч нарсани бошқара олмай қолган.

Озодлик: Нотаниш бўлса ҳам ўзбеклармиди улар?

Маъруфжон ака: Ҳа¸ улар ўзбек миллатига мансуб эди. Уларнинг ичида кўринишидан бошқа миллатга мансублар ҳам бор эди.

Ҳаммаси совуқ қуроллар – лом¸ занжир¸ трос¸ темир парчалари билан қуролланган эди. Айримларида қўндоғи йўқ қирқма милтиқ ҳам бор эди.

Озодлик: Ўша нотанишларга маҳаллий аҳоли қўшилганми?

- Бу бундай бўлди: авваламбор улар кўчани тўлдириб оломон бўлиб келгандан кейин “Чиқ¸ бизга қўшилгин. Сенлар хоинлик қилаяпсанлар. Ўзбекларнинг тарафини олмайсанларми?” деган даъватларни¸ бемани гапларни айтган.

Биласиз¸ бизнинг ўзбеклар жуда ажойиб – томошага кўп чиқади¸ томошага.

Нима бўлаяпти экан¸ деб томошага чиққан одамларнинг бир нечтасига дайди ўқлар тегиб¸ бир нечтаси ўлди¸ дея эслайди Маъруфжон ака.

Маъруфжон ака айтган гапларни ёдингиздан чиқармай туринг.

Ўша кунлари Тошлоққа Компартия амалдорлари билан биргаликда яқиндагина таъсис қурултойини ўтказган “Бирлик” халқ ҳаракати раҳбарларидан бири, Ёзувчилар уюшмаси котиби, шоир Муҳаммад Солиҳ етиб борди.

Ўша кунларни эслар экан, Муҳаммад Солиҳ Фарғона фожеаси ортида турган сабаблар тўғрисидаги тахминлари билан ўртоқлашди.

Муҳаммад Солиҳ: 1989 йил совет иттифоқининг йиқилиш эҳтимолининг жуда юксак эканлиги аниқ бўлган йил бўлиб қолди.

Совет раҳбарлари бу йиқилишнинг олдини олиш учун ўзларича баъзи бир тадбирларни олишга қарор қилди. Лекин улар бу тадбирларни олиш борасида ягона фикр атрофида тўплана олгани йўқ.

Горбачëв айрим бир таклифни илгари сурди¸ ҳарбийлар бошқа бир таклифни илгари сурди¸ КГБ ҳам ўзининг қарашини баëн қилди. Вазиятни совет иттифоқини сақлаб қолиш учун бўлган йўналишга ўзгартириш учун ҳар ким ўзининг тадбирини ола бошлади.

Менимча¸ Фарғона воқеаси КГБ тадбири асосида юзага келтирилган провокация эди. Яъни шу орқали репрессив аппаратни ишга солиш ва кўтарилиб келаëтган миллий уйғонишларни бостириш учун қилинган провокация эди.

“Мана шунақа давом этаверадиган бўлса¸ қирғин чиқади. Агар совет иттифоқи йиқилса¸ миллий низолар кўпайиб¸ бутун совет иттифоқида фуқаролар уруши бошланади” деган гапни амалда кўрсатиш учун қилинган ҳаракат эди.

Озодлик: Сиз тахминларим деяпсиз¸ лекин сизнинг тахминларингиз ўша пайтдаги реал воқеликнинг реал аксига ўхшайди. Шу эшиттиришнинг меҳмонларидан яна бири¸ шу кунда Қозонда яшаëтган месхети турк вакилларидан бири Дилмурод деган йигит¸ ўша фожеа содир бўлган пайтда 13 ëшда бўлган. У “Биз кўчиб келган ерда бизнинг кўчиб келишимизни бир ярим ой олдин билган экан” деяпти.

- Худди шундай. Бунақа мисоллар жуда кўп. Биз халқнинг ичида бевосита юрдик ва бунинг провокация эканлигини ҳам месхети турклари томонидан¸ ҳам ўзбеклар томонидан кўрдик. Иккита халқни бир-бирига қарши гиж-гижлаган мотивлар аниқ кўриниб турган эди.

Масалан¸ боши кесилган¸ зўрланган ўзбек қизларининг расмлари тарқатилган. Месхети туркларини кўтариш учун бутун пропаганданинг ишга солингани кўриниб турарди.

Бунақа пропаганда фақатгина режали ва профессионал шаклда бажарилганининг гувоҳи бўлдик. Шунинг учун ҳам мен бу тахминни қилдим. Шу тахминда мен ҳали ҳам собитман¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Фарғонада ёнган уйларнинг тутуни осмонга ўрлаётган бир пайтда¸ бутун мамлакат (собиқ СССРни назарда тутаяпман) Ўзкомпартия биринчи котиби Рафиқ Нишоновнинг Москвада, СССР халқ депутатлари съезди минбаридан туриб айтган гапидан кулган эди.

Собиқ СССР халқ депутати¸ ҳозирда Бирлик партияси раиси Абдураҳим Пўлатовнинг муовини Пўлатжон Охунов билан суҳбатни тингланг.

Озодлик: Рафиқ Нишоновнинг “бир тоғора қулупнай” деган гапи раҳбарият вазиятни назорат қила олмаганининг белгисимиди ëки ҳар доимгидек қорани оқ қилиб кўрсатиш¸ аччиқни ширин қилиб кўрсатишдан келиб чиққанмиди?

Пўлат Охунов: Мен кейин Рафиқ Нишоновдан “Ўшанда нимага шундай дегансиз?” деб сўраганман.

У “Бунга катта эътиборни орттирмаслик учун шундай деганман. Чунки ўшанда бу ишнинг ўзбеклар учун ëмон оқибатлари борлигини тушунганман. Шундай қилиб масалани катта аҳамиятга эга бўлмаган воқеа деб кўрсатиб¸ шов-шувни пасайтириш ниятим бор эди” деб менга тушунтириб берган.

Озодлик: Ўзбеклар учун нима ëмон оқибати бор экан?

Пўлат Охунов: Бу нарса кейинчалик кўринди. Агар эсингизда бўлса¸ ўзимиздан бошқа жойда хизмат қилаëтган аскарларимизда билинган.

“Сенлар босмачисан¸ сенлар одам ўлдирасан” деб ўзбек аскарларига ëмон муносабат бўлиб¸ жуда кўп аскарларни уриб¸ ўлдиришган.

Масалан¸ ўша пайтда марказий телевидение “Время” информацион программаси орқали ўзбекларни жуда ëмон¸ ваҳший одамлар қилиб кўрсатган. Мана шу нарсалар ўзбекларга келтирган ëмон оқибатларидан бири.

Озодлик: Бу жавобингиздан кейинроқ бермоқчи бўлган саволимнинг жавоблари ҳам чиқиб қолаяпти. Демак¸ Фарғона фожеасидан кейин ҳатто армияда ўзбек болаларига муносабат ўзгарган экан¸ Фарғона фожеаси на месхети турклар¸ на ўзбеклар айби¸ балки бошқа биров уюштирган иш бўлиб чиқиб қолаяпти. Шунақа фикрга қўшиласизми?

Пўлат Охунов: Албатта қўшиламан. Чунки ўша пайтда ëпиқ мажлис бўлган эди. Фарғона воқеалари ривожланишни бошлагандан кейин биз депутатлар ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Бакасиндан тушунтириш беришини талаб қилдик.

Ўша пайтда ëпиқ мажлис бўлган ва у маълумотнома берган эди. Ўшанда мен Бакасиндан “Шунча йилдан бери тинчгина яшаб юрганлар орасида воқеанинг шу даражада ривожланиб кетишига нима сабаб бўлиши мумкин?” деб сўрасам¸ у менга аниқ жавоб бермаган.

Кейин бир нарса аниқ бўлдики¸ ўша пайтда СССРда консерватив ва Горбачëв томонида бўлган демократик кучлар бўлган.

Бу Горбачëвнинг сиëсатини қоралаб¸ ëмонлаб¸ Горбачëв ëмон оқибатларга олиб келди деб кўрсатиш учун консерватив кучларнинг¸ улар кейинчалик ГКЧПни ҳам уюштирган эди¸ миллий низолар чиқаришни бошлаб¸ Горбачëвни ҳокимиятдан кетказиш мақсадида бошлаган сиëсий қонли ўйини бўлган.

Озодлик: Бундай ўйинлар жуда кўп жойларда бўлди. Фарғонадагиси ўша ўйинларнинг бири эди¸ шундайми?

Пўлат Охунов: Албатта. Ундан олдин Кавказорти давлатларида қилишди¸ лекин у давлатлар кичик бўлганлиги учун бу воқеа катта ривожланишга олиб келмади.

Бизда бу нарсага кенг масштабда тайëргарлик кўрилган. Мен бунга қанчалик тайëргарлик кўрилганини кейинчалик билдим.

1993 йилда Андижон қамоқхонасида ўтирганимда¸ мен билан биргаликда Содиқ деган бола ўтирган. У марғилонлик. Ўзи эски криминал одам. Отувга ҳукм қилиниб ўтирган одам эди.

Ўша Содиқнинг айтишича¸ ўша воқеалардан олдин 10-15 йилга қамалганларнинг жуда кўпи қайтиб келишган. Улар шу воқеаларда қатнашган. У бола ўзи ҳам қатнашганини¸ шу воқеаларга ўша одамларнинг орқасидан бориб¸ ўт қўйиш ва одамларни уришга гувоҳ бўлганини менга шахсан айтиб берган.

Ўшанда ҳам тушунганманки¸ демак бунга анча кучли тайëргарлик бўлган. Бу воқеада қатнашадиган одамлар олдиндан махсус тайëрланиб Ўзбекистонга келтирилган.

Озодлик: Шу жойда тингловчимизга эслатиб ўтмоқчиман. Боягина фарғоналик Маъруфжон ака ўша тўполонларда қатнашганларни танимаганини айтган эди. Пўлатжон¸ эшиттиришимизнинг меҳмонларидан бири Дилмурод деган месхети турклар вакили.

У эшиттиришимиз давомида “Бу воқеалар аввалдан тайëрланганлигига ўзим гувоҳ бўлдим. Биз кўчиб келган жойда бизнинг кўчиб келишимизни бир¸ бир ярим ой олдин кутишган экан” деган гапни айтди.

Пўлат Охунов: Тўғри.

Озодлик: Демак¸ сиз айтаëтган кенг кўламли тайëргарлик бўлгани рост бўлиб чиқаяпти.

- Албатта. Мен ҳатто кейинчалик месхети турклари Москвага Қизил майдонга келиб норозилик акцияси уюштиришганида¸ ўша ерга бориб месхети турклари билан учрашиб¸ гаплашганман.

Уларга “Бу ўзбеклар ва месхети туркларнинг миллий низоси эмас. Бу коммунистик режимнинг фитнаси” деб мурожаат берганман¸ дея эслайди Пўлат Охунов.

Фожеадан сўнг унинг таҳлилига бағишланган кўплаб илмий ишлар ёзилди.

Фарғона воқеалари бадиий асарларда ҳам акс этди.

Замонавий ўзбек адабиётининг йирик вакили Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асарини ўқиганлар учун, аслида бугунги эшиттиришимизнинг кераги йўқ.

Асар муаллифини ҳам суҳбатга тортдик.

Домла фожеа сабаблари ва оқибатларига кенг тўхталди ва жумладан мана бу фикрни билдирди.

- Бу биргина кичкина воқеа билан бошланиб кетмаган. Бу олдиндан тайëрланган. Нима деймиз¸ гулхан ëқишдан олдин ўтинлар кесилади¸ қуритилади¸ тахланади. Кейин битта гугурт чўпи билан ëқилади. Қувасойда бўлган жанжал ўша гугурт чўпи эди.

Бу совет даврининг атайлаб уюштирган қонли фожеаси бўлган. Буни дадил айтишимиз керак. Бу ҳали яна қайтадан текширилиши керак. Чунки жуда кўп қурбонлар бўлган.

Масалан¸ ўша пайтларда совет иттифоқининг чок-чокидан сўкилиши аниқ бўлиб қолган эди. Бундан ташқари¸ Европадаги ҳарбийларни жойлаштириш муаммолари бор эди.

Шунинг учун ҳам Ўрта Осиëга қўшимча кучларни киритиш режаси ҳам йўқ эмас эди. Болтиқ бўйида ҳам вазият нотинч эди. Бунга ўхшаган воқеани ўша пайтда Болтиқ бўйида қилишолмас эди.

Шунинг учун ҳам Ўрта Осиëда айнан турклар билан бўлган низодан фойдаланишди. Кино тили билан айтадиган бўлсак¸ сценарий муаллифлари Москвада эди¸ бош ролни ижро этувчилар ҳам Москвадан келган¸ постановкачи режиссëр ҳам Москва эди¸ фақат эпизодик ролларда ўша нималар бўлган.

Мен ўша пайтда бориб бу воқеаларни кўрганман. Куйиб ëтган ўликларга ва бошқа воқеаларга гувоҳ бўлганман. Шунинг учун ҳам “Шайтанат”да мана шу тасвирларни беришни лозим топган эдим.

Биз бу воқеани унутишимиз мумкин эмас. Чунки бунга ўхшаган найрангларни ҳозир ҳам Россия ҳукумати турли нуқталарда давом эттираяпти.

Шунинг учун тарихдан ўрнак олишимиз керак¸ хулоса чиқаришимиз керак деганда мана шу масалаларни ҳам ўйлаб қўйишимиз керак бўлади¸ дейди ëзувчи Тоҳир Малик.

Мана энди Фарғона воқеаларининг фожеавий оқибатлари тўғрисидаги маълумотлар.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси комиссияси ўз вақтида эълон қилган маълумотларга қараганда, май-июн ойларида ҳаммаси бўлиб 103 киши нобуд бўлган, уларнинг 52 нафари месхети турк, 36 нафари ўзбек, қолганлари бошқа миллатларга мансуб кишилар эди.

1011 киши тан жароҳати олган, Ички қўшинларнинг 137 ҳарбий хизматчиси, милициянинг 110 ходими яраланган.

Аҳолининг 757 уйи, давлатнинг 27 объектига ўт қўйилган ва талон-тарож қилинган.

275 та транспорт воситасига ўт қўйилган.

Фожеадан сўнг юзлаб одам қўлга олинди ва турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Россияга кўчирилган месхети туркларнинг катта гуруҳига кейинроқ АҚШ сиёсий бошпана берди.

Дастуримиз якунига етиб қолди. Шу жойда сўнгги нуқтани қўйсак, хайрлашсак бўлаверарди.

Лекин, меҳмонларимиздан бири, шу кунда Татаристонда яшаётган месхети турк Дилмурод билан ўтказганимиз суҳбатдан яна бир парчани ҳам эшиттиргимиз келаяпти.

Дилмурод Фарғонадан 13 яшарлигида чиқиб кетгани учун ўзбекчани деярли унутган. Лекин Ўзбекистонни эмас.

Озодлик: Дилмурод¸ шахсан сизнинг ўзингизда ëки сиз қатори Ўзбекистондан кўчирилиб олиб кетилган месхети туркларда ўзбек халқидан хафагарчилик борми?

Дилмурод: Йўқ¸ бизнинг айнан ўзбек халқидан хафагарчилигимиз йўқ. Биз ўйин қурбони бўлганимиздан хафамиз. Биз у ерда қандай яшаганимизни эслаймиз. Бизнинг энг яхши даврларимиз Ўзбекистонда қолди.

Тушунмовчилик туфайли биз вазият қурбони бўлдик. Мана қанча йиллардан бери биз ўзимизга жой топа олмаяпмиз. (чуқур хўрсиниб) Биз ҳозиргача Ўзбекистонда ўтган кунларимизни излаймиз¸ қидирамиз¸ аммо поезд кетиб бўлди.

Озодлик: Сиз ўшандан бери Ўзбекистонга бордингизми?

Дилмурод: Йўқ¸ мен бормадим. Лекин ота-онам тўрт-беш марта бориб келишди. У ëқда ота-онамнинг дўстлари бор¸ бир-икки қариндошларимиз бор.

Озодлик: Сиз ким бўлиб ишлайсиз?

Дилмурод: Мен инженер-қурувчиман. Ўзимнинг фирмам бор.

Озодлик: Сизнинг қўл остингизда ишлаëтган ўзбеклар бордир балки?

Дилмурод: Ҳа¸ менинг қўлимда ўзбеклар ишлашган ва ҳозир ҳам кўплаб ўзбеклар ишлашаяпти. Фарғонадан¸ бошқа вилоятлардан келган болалар бор эди. Қанақадир ўзбекларга нисбатан нафрат¸ ғазаб йўқ. Аксинча¸ уларга ëрдам беришга ҳаракат қиламиз. Уларнинг ўзлари ҳам ҳайрон қолишади.

Улар “Биз шу ерда қанча йилдан бери ишлаб келган бўлсак¸ бизни алдашди. Аслида бизларни ўтмишдаги воқеалар туфайли жазолаш керак бўлган инсон сенсан¸ аммо сен бизларга ëрдам бераяпсан” деб айтишади. Албатта¸ бу ерда ўзбеклар кўп.

Озодлик: Дилмурод¸ сизга ҳаммаси учун раҳмат.

- Арзимайди. Телефон қилганингиз учун сизга ҳам раҳмат¸ дея гапига якун ясади Дилмурод.

"20 йил" деб номланган янги дастур билан танишдингиз.

Унда келтирилган баъзи маълумотлар А.Г.Осиповнинг 2004 йили Москвадаги “Наука” нашриётида чоп этилган “Ферганские события: конструирование этнического конфликта” китоби ва бошқа манбалардан олинди.
XS
SM
MD
LG