Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:01

Шикоятни эътиборсиз қолдирган маъмур жазоланди


Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқларини мустақил равишда ҳимоя қилиши лозим бўлган Омбудсман идораси яқинига йўлаш ҳам қийин.
Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқларини мустақил равишда ҳимоя қилиши лозим бўлган Омбудсман идораси яқинига йўлаш ҳам қийин.

Ўзбекистонда бузилган ҳаққи тикланишига бел боғлаган одамнинг маъмурлар лоқайдлиги ва сансоларликдан нари ўтиб¸ ўз муддаосига эришиши имконсиз. Афтидан Тошкентда бундай фикрни сал юмшатиш уриниши бошланган кўринади.

12.uz ахборот порталининг хабар қилишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокими ўринбосари Р. Ҳожиевга “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунни бузгани учун энг кам иш ҳақининг уч баробари миқдорида жарима солинди. Бу 84 минг сўм ёки тахминан 56 доллар миқдоридаги пулдир.

Бу раҳбар шахс учун арзимаган пул бўлиши мумкин. Лекин жариманинг муовин фуқаролар мурожаатларини эътиборсиз қолдиргани учун солингани киши диққатини тортади.

Зеро Ўзбекистонда фуқароларнинг мурожаатлари аксар ҳолларда беэътибор қолдирилиши, аризалар йиллар давомида ўрганилмаслиги одатий ҳолга айлангани кузатилади.

Тошкент шаҳрида яшовчи Абдусобит Асадуллахўжаевнинг ўғли кредит олиб, қайтара олмагани учун жавобгарликка тортилган.

Абдусобит Асадуллахўжаев ўз ўғли билан боғлиқ ҳолатда кўплаб ноҳақликларга йўл қўйилгани ва тўрт йилдан буён турли ташкилотларга мурожаат қилиб, ижобий жавоб ололмаётганини айтади.

- Қонуннинг 12 та пунктини қўпол равишда бузишган. Милиция билан даъвогар тил бириктирган. Суд бунга қарамаган. Прокуратура ҳам¸ ҳаммаси ҳам кўчирма равишда жавоб берди менга.

Олий судга етти марта ëздим. Ҳар гал Олий суднинг раиси жавоб бермайди-да¸ қанақадир шотирлари жавоб беради, дейди Абдусобит Асадуллахўжаев

Тошкентлик бошқа бир фуқаро - Раҳимхўжа Олимхўжаев эса 7 йилдан буён турли ташкилотларга мурожаат қилиб, ҳақиқатни қарор топтира олмаётганини айтади.

Раҳимхўжа Олимхўжаев қизини калтаклаб ўлдирган куёвининг жазосиз қолаётгани юзасидан шикоят қилади.

- Қўлимдаги ҳужжатларимнинг сон-саноғи йўқ. Энг сўнгги дақиқаларда ëзаëтган жойларим – Адлия вазирлиги¸ Бош прокуратура¸ президент девонига 2005 йилдан бери такрор-такрор ариза бераман. Охирги марта мана омбудсмен Сайëра Рашидовага яқинда икки марта ариза бериб келдим.

Шаҳар миллий хавфсизлик хизмати раисига мурожаат қилдик. Прокуратурадан ҳам¸ ҳаммасидан ҳам воз кечганман. Ишонч қолмади уларга, дейди Раҳимхўжа Олимхўжаев

Марғилонлик Абдулаҳад Шокиров Ўзбекистонда қонунлар ишламаслиги боис 12 йилдан буён ўзининг қонуний мулкига эгалик қила олмаётганини айтади.

- Уч-тўрт марта президентга ëздик. Бу газетада ҳам чиқди. Яна бости-бости бўлиб кетди. Мулк қўмитаси¸ ҳокимият¸ Фарғонанинг прокурорлари ҳаммасига ёзганман. Ҳеч қайсининг иши йўқ.

Бизда ҳақиқат умуман йўқ. Ҳеч қанақа қонун ишламаяпти, дейди Абдулаҳад Шокиров.

Тошкентлик Шораҳмат Аҳроров эса мамлакат қонунларининг ишламаслигига айрим амалдорлар тўсқинлик қилаётганини айтади. У уч йилдан буён кўчмас мулк масаласида турли ташкилотларга мурожаат қилиб, ижобий натижа ололмаётган экан.

- Президент аппаратига ëзган аризамизни¸ албатта¸ Олий судга жўнатилади. Олий судда кўрилади ва ҳамма жойдан бир хил маънодаги жавоб келади.

Мен ўзим собиқ иттифоқ даврида ҳокимият системасида ишлаганман. Бизга ҳам аризалар келарди. Биз бунга паст даражада қарай олмасдик¸ қўрқардик.

Агар бир фуқародан бир масала юзасидан икки марта ариза тушса, ўша куни бизда тревога бўлиб кетарди. Раҳбарият чақириб: “Бу қанақаси? Битта фуқародан бир хил маънодаги ариза иккинчи марта тушаяпти. Нимага вақтида ҳал қилмадинглар?” деб бизларни роса обориб-опкелишарди. Мен аризалар билан жуда кўп шуғулланганман.

Ҳозирги пайтга келганда республика прокуратурасидагилар ҳам¸ Олий суддагилар ҳам масалага тўғри ëндашишмаяпти. Энди тушунарли¸ бу ерда сунъий равишдаги тўсқинлик бор¸ қонуний эмас. Мен буни тўғри тушунаман.

Мен билан судлашаëтган ташкилотнинг орқасида суянадиган катта таянчи бор экан. Ҳозирча шу таянчни биз енга олмаяпмиз, дейди Шораҳмат Аҳроров.

12.uz ахборот портали маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида адлия ташкилотлари томонидан 6300 та ариза ўрганилган ва улардан 63,5 фоизи қоноатлантирилган.

Шунингдек, фуқароларнинг шикоятлари натижасида 22 раҳбар ишдан бўшатилиб, 344 нафар айбдор шахс интизомий жазога, 115 нафари маъмурий жазога тортилган.
XS
SM
MD
LG