Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

"Тонг"чилар устидан ҳукм ўқилди


Кузатувчилар Тожикистонда шимолидаги ягона ўзбекча нашр бўлган "Тонг" газетасининг чиқмай қолганидан ташвиш билдирмоқдалар.
Кузатувчилар Тожикистонда шимолидаги ягона ўзбекча нашр бўлган "Тонг" газетасининг чиқмай қолганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Хўжанд шаҳар суди ўзбек тилида чоп қилинадиган “Тонг” мустақил газетасининг собиқ муҳаррири Пўлат Умаров, бош бухгалтер Сурайё Умарова ва тадбиркор Дадажон Тошматовлар устидан ҳукм чиқарди.

Маҳкамага раислик қилган Исмоил Раҳматов овозини эшиттирмаслик шарти билан гапириб, Пўлат Умаров Тожикистон Жиноий Кодексининг 71-моддаси билан шартли равишда 2,5 йилга, Сурайё Умарова ва Дадажон Тошматов эса 2 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилганини айтди.

Хўжанд шаҳар прокуратураси олиб борган тергов бўйича газета вакилларига Тожикистон Жиноий Кодексининг 257-моддаси (хорижий давлатлар томонидан берилган ёрдам пулини ўзлаштириш) ва 340-моддаси (ҳужжатларни сохталаштириш) бўйича жиноят иши очилган эди.

Бироқ маҳкама давомида NED халқаро ташкилоти томонидан даъво бўлмаганлиги инобатга олиниб, 257-модда бекор қилинди. Бундан ташқари, прокуратура томонидан ҳужжатларни сохталаштириш тўғрисидаги айбловлар ҳам тўла тасдиқланмаганлиги сабабли тонгчиларга шартли жазо тайин қилинди.

Тожикистондаги НАНСМИТ медиа-ташкилоти раҳбари Нуриддин Қаршибоев суд адолатли қарор чиқармади, деган фикрда.

- Суд қарори билан муҳаррир ва бошқа айбланувчилар оқланиши лозим эди. Чунки ташкилотимиз адвокати мазкур иш билан яқиндан танишиб чиққан ва редакция вакилларига нисбатан қўйилган айблар асоссиз эканлигини айтган. “Тонг” ҳафтаномасида зиддият 2008 йил октябрь ойида вужудга келди. Биздаги маълумотларга кўра, можаро газета муассис Мақсуд Худойбердиев ва бош муҳаррир Пўлат Умаров ўртасидаги келишмовчиликдан келиб чиққан.

Биз Хўжанд шаҳрида муассис ва бош муҳаррир билан учрашдик, зиддиятни бартараф қилиш йўлларини ҳам ишлаб чиқдик. Афсуски, аввалига таҳририятдаги вазиятни барқарорлаштиришга, газета чиқишини яна ўз йўлига солишга кўнган муассис кейинчалик ўз ваъдасида турмади, дейди Нуриддин Қаршибоев.

НАНСМИТ раҳбари республика ва ҳаттоки қўшни давлатларда ҳам обрў қозонган нашр - “Тонг” газетаси бугун чоп қилинмай қолганидан таассуф билдиради. Унинг айтишича, бугунга келиб ўзбек тилидаги мустақил газета чоп қилинмай қолиши билан ҳудуддаги ўзбеклар она тилида ахборот олиш имконидан маҳрум бўлиб қолганлар.

Газетанинг собиқ бош муҳаррири Пўлат Умаров ҳам суд қароридан рози эмас.

- Тергов давомида ва маҳкама жараёнида прокуратура томонидан қўйилган айбловлар ва муассис даъво қилган фактлар тасдиқланмади. Бу фақат менинг фикрим эмас. Зеро, маҳкамада мен ва судга тортилган бошқа фуқаролар газета пулларининг бирор тийинини ўзлаштирмаганлиги аниқланди, дейди Пўлат Умаров.

“Тонг” газетаси ходими Мақсуд Жўраев таҳририят аъзолари Пўлат Умаровнинг айбдор эмаслигига аввалданоқ ишонганинини айтади.

- Чунки таҳририят аъзолари Пўлат Умаровни тажрибали, тадбиркор инсон сифатида бош муҳаррирликка сайлаган эди. Шу олти ой ичида у буни исботлади ва биз унинг редакция ходимлари маблағига, ҳақига хиёнат қилишига ишонганимиз йўқ. Чунки шу қисқа муддат ичида муҳаррир коллектив учун шароитлар яратди, газета мазмунан ўқимишли бўлишига эришди. Бугун эса газета чоп қилинмаяпти ва газетхонларга нима жавоб беришимни билмай қолдим. Зеро, улар 2009 йилга обуна бўлишган, газета эса чиқмаяпти, дейди Мақсуд Жўраев.

Биз суд қарори бўйича газета муассиси Мақсуд Худойбердиев билан ҳам суҳбатлашмоқчи бўлдик. Бироқ у маҳкама тугамасидан аввал суд залини тарк этгани учун бунинг имкони бўлмади.

Айни пайтда “Тонг” газетасининг собиқ бош муҳаррири Пўлат Умаров маҳкама қарори юзасидан юқори инстанция судига апелляция тартибида шикоят аризаси топширмоқчи бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG