Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:41

Эрон ўз президентини сайламоқда


Ўзларига берилган сайлаш ҳаққидан фойдаланишга орзуманд эронлик аëллар овоз бериш учун соатлаб иссиқда навбат кутишди.
Ўзларига берилган сайлаш ҳаққидан фойдаланишга орзуманд эронлик аëллар овоз бериш учун соатлаб иссиқда навбат кутишди.

12 июн куни миллионлаб эронликлар ўз мамлакатлари ҳаëтида янги давр бошлаш имконидан тўлиқ фойдаланиш истагида 1979 йилги исломий инқилобдан бери кузатилмаган фаоллик билан сайлов участкаларига келдилар.

Жума эрта тонгдан бошлаб миллионлаб эронлик Ислом республикаси тарихида энг муҳим сайловларлардан бири деб таърифланаëтган президентлик сайловида номзодлар учун овоз бера бошладилар.

Эронда қарийб 46 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Президентликка тўрт номзод, амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод, ислоҳотчилар Ҳусайн Мусавий ва Маҳдий Карубий¸ ҳамда Инқилоб посбонларининг собиқ қўмондони Муҳсин Ризоий даъвогарлик қилмоқдалар.

Сайлов арафасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Аҳмадийнажод ва Мусавийларнинг ушбу сайловда ғалаба қозониш имкониятлари юқори баҳоланган.

Эрондаги ислоҳотчиларнинг аксари собиқ бош вазир Мир Ҳусайн Мусавийни қўлламоқдалар.
Бироқ Эронда бу каби сўров натижалари кўпинча асл вазиятни акс эттирмайди ва ўтмишда айрим сайловлар сўровлардан кутилмаган натижа билан якунланган эди. Айрим кузатувчиларнинг таъкидича, бу галги сайловда кўп нарса фуқаролар фаоллигига боғлиқ.

Сайлов участкаларидан бирида овоз берган иқтидордаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод фурсатдан фойдаланиб ўз халқига миннатдорчилик билдирди.

- Мен Эрон халқига уларнинг яхшилиги, олий ҳимматлиги, холислиги, фидокорлиги ва кечиримлилиги учун чин дилдан миннатдорчилик изҳор қиламан. Фуқароларимизнинг сайловдаги иштироки, иншаоллоҳ, бундан кейин бизнинг миллатимизга буюк ишлар, муҳим қарорлар ва ёруғ ҳаракатлар учун эшикларни очиб беради, деди Эрон президенти.

Президентликка номзод ислоҳотчи Мусавий ҳам порлоқ келажакка умид билдирди:

-Умид қиламан, фуқароларимизнинг сайловдаги умумхалқ иштироки билан, иншаоллоҳ, бунданда гўзал ва яхши кунларга гувоҳ бўламиз, деди Ҳусайн Мусавий.

Сайловолди кампанияси давомида Аҳмадийнажод рақиблари жорий президентни Эрон ҳукуматини мамлакат иқтисодини жар ёқасига олиб келганликда ва халқаро майдонда Эронни яккалатиб қўйганликда айбладилар.

Аҳмадийнажод эса ўз ҳукумати катта муваффақиятларга эришгани, жумладан, Эронни ядровий қудратга эга давлатга айлантирганини рўкач қилди.

Айни пайтда ислоҳотчи депутат Қудратилло Аликҳаний Озодлик билан суҳбатда мамлакат ёшларининг сайловга иштиёқи ҳар қачонгидан ҳам баланд эканини таъкидлади:

-Ёшларнинг аксари сайловда фаол иштирок этмоқда, ёшлар сайловга ўзгача ҳаёжон билан ёндашмоқдалар ва бу Ҳусайн Мусавий фойдасига хизмат қилади, дейди эронлик депутат.

Мамлакат аҳолисининг учдан бирини ташкил этадиган ёшлар орасида амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажодни қўллаб-қувватловчилар ҳам йўқ эмас.

Мамлакат олий руҳонийси томонидан қўлланаëтган президент Аҳмадийнежаднинг халқ орасида ҳам ашаддий тарафдорлари анчагина.
Эронлик мана шундай ёшлардан бири нега айнан Аҳмадийнажод учун овоз беришини айтади:

- Аҳмадийнажод талайгина ишларни амалга оширди. У бизни минтақа ва қолаверса жаҳонга танитди. Эрон борлигини ҳеч ким билмас эди. Обама, шундай лавозимга эга бўла туриб, Эронни тилга олиб, ҳурмат изҳор қилдими, демак бунда Аҳмадийнажоднинг ҳиссаси катта. Шунинг учун биз Аҳмадийнажодга овоз берамиз, дейди эронлик ëш сайловчилардан бири.

Эронлик ёшлар, шунингдек, Маҳдий Карубий номзодини ҳам қувватламоқдалар. Карубий номзодини мамлакатдаги ислоҳотчи талаба ёшлар ҳаракати илгари сурган.

Тўртинчи номзод Муҳсин Ризоийни эса эронлик консерваторлар қўллаб-қувватлаëтган бўлса-да¸ Ризоийнинг ушбу сайловда яхши натижага эриша олмаслиги тахмин қилинмоқда.

Маҳаллий журналистлар ва мустақил кузатувчилар сайловчилар фаоллигининг юқори даражада эканини хабар қилмоқдалар.

-Теҳрон ва бошқа шаҳарларда сайлов участкалари очилмасданоқ фуқаролар келиб навбат ола бошладилар. Худди шундай ҳолатни Машҳадда ҳам кузатдим, дейди маҳаллий журналистлардан бири.

Айни пайтда Эрон расмийлари овоз берувчиларнинг кўплиги туфайли сайлов участкалари икки соат кечроқ ёпилишини маълум қилдилар. Сайлов дастлабки натижаларининг 24 соат ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Агар ҳеч бир номзод сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини қозона олмаса, 19 июнда иккинчи давра сайловлари ўтказилади.

Эронда сайлов участкалари ëпилиши арафасида олинган хабарларга кўра¸ Мусавий тарафдорлари унинг 60 фоиз овоз олишга муяссар бўлганини иддао қилдилар.

Ислоҳотчиларнинг бу рақамларни қаердан олгани ҳозирча аниқ эмас. Аҳмадийнажод маслаҳатчилари Мусавий тарафдорларининг иддаоларини кескин рад этиб, ислоҳотчилар ҳаракатларини руҳий тажовуз, дея таъкидладилар.
XS
SM
MD
LG