Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:51

Хандақ қазиш тўхтатилди


Хабарларда айтилишича, Қирғизистон томони Ўзбекистондан баҳсли ҳудудларда хандақ қазиш ишларини тўхтатишни талаб қилган.
Хабарларда айтилишича, Қирғизистон томони Ўзбекистондан баҳсли ҳудудларда хандақ қазиш ишларини тўхтатишни талаб қилган.

Андижон – Хонобод воқеаларидан кейин Ўзбекистон томонидан бошлаб юборилган Қирғизистон билан чегара ҳудудларида хандақлар қазиш ва бетон деворлар кўтариш ишлари тўхтатилди.

Бу ҳақда 12 июн куни Қирғизистон Чегара хизмати Бош штаби бошлиғи Қубанич Сарибоев маълум қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон томони баҳсли ҳудудларда қазилган траншеяларга қирғиз томони билдирган норозиликни қабул қилган ва хандақларни қайта кўма бошлаган.

Бироқ биз олган сўнгги маълумотларга кўра, хандақларни қазиш ишлари Ўзбекистон томонидан тўхтатилгану, лекин ҳали уларни қайта кўмиш ишлари бошланмаган.

Хонободдаги тингловчиларимиздан бири бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:

- Мен Хонободдаги божхонадан кунботиш томондаги Қорадарë чегарасигача айланиб чиқдим. Тахминан уч-тўрт километр масофа. Қорадарëгача тўлиқ кавланиб бўлган. Лекин кўмиш ҳақида ҳеч қанақа гап-сўз йўқ. У ерда фақат битта техника ишлаяпти.

Хандақ муносабати билан кўчирилаëтган оилалар бор. Битта булдозер ана шу кўчирилган оилалардан қолган жойларни текислаяпти.

Кавлаëтган экскаваторлар аллақачон кавлаб ўтиб кетган. Мен ҳозир божхонадан ғарб томонини айтаяпман. Энди булар шарқ томонга¸ Ҳидирша деган пост томонга қараб кавлаши керак. Андижон сув омбори деган жойгача кавлаши керак.

Озодлик: Ҳозир кавлаш тўхтатилган-а?

- Кавлаш тўхтатилипти¸ экскаваторлар олинган¸ лекин қаерга қўйилгани маълум эмас. Ҳозир кавланмаяпти. Мен ўша ерда яшаëтган аҳоли билан ҳозир гаплашдим. Қачон тугатди¸ десам¸ “Кеча кечқурун тугатди” деяпти.

Озодлик: Яна қандай янгиликлар бор?

- Ҳозир Хонободда катта кўчалардан маҳаллаларга кириб кетадиган кўчаларнинг тахминан 10 та жойига постлар қурилаяпти. Тўрт киши сиғадиган қилиб кичкинагина уйчалар қуришаяпти.

Маҳаллага ким кириб чиқаяпти¸ маҳалладан ким чиқиб кетаяпти – шуни ички ишлар ходимлари ўша ерда ўтириб назорат қилар экан.

Озодлик: Одамларнинг яшаши эмин-эркинми ëки ҳали ҳам текширув борми?

- Текширув бўлиб турипти. Уч кун¸ бир ҳафтада ички ишлар ходимлари келиб назорат қилиб турибди.

Озодлик: Чегарадан ўтиб келиш ҳозир ҳам йўғ-а?

- Йўқ. Айланма йўллар билан кимлардир ўтиб келаяпти. Қирғизистон билан Ўзбекистон орасида қариндош-уруғчилик жуда қалинку.

Кимнингдир қизи бор¸ кимнингдир ота-онаси бор¸ кимнингдир ўғли бор. Уйланган ëки келин бўлиб тушган¸ бир бирига ўтмасдан ҳеч иложи йўқда. Шундай одамлар қийинчилик билан чиқиб келаяпти¸ дейди Хонободдаги тингловчиларимиздан бири.

Тингловчиларимизнинг хабари бор, Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда ҳам бетон деворлар қад кўтараётган эди.

13 июн куни фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Баҳодир Элбоевга қўнғироқ қилганимизда¸ у айнан бетон деворлар учун пойдеворлар қазилган жойда турганини айтди:

Баҳодир Элбоев: Ҳозир чегара зонасида турибман. Бу ерга ҳали девор қурилиши етиб келмабди¸ лекин фундамент қуриш учун ер кавланган. Унинг эни тахминан 60 сантиметр¸ чуқурлиги тахминан 70-80 сантиметр чиқади.

Сим тўрдан 30 метр бу ëқда деворнинг фундаменти учун чуқур кавланган. Девор Олтиариқ тумани томонидан энди қурилиб келаяпти.

Озодлик: Биз олган сўнгги маълумотларга кўра¸ Қирғизистон томони қурилишни тўхтатишни қаттиқ талаб қилипти ва ҳозир қурилиш тўхтатилипти. Шу нарсани аниқлаб бера оласизми?

- Аристонлар мана шу қурилишларни қилаëтган эди. Ҳозир улар нимагадир кетишипти. Улар ҳозир йўқ. Сим тўрни ҳам ўшалар тортишган эди. Сим тўрни ҳам ҳозир кўриб турибман. Худди концлагернинг сим тўридай турибди. Қурилиш тўхтатилган¸ лекин фундаментнинг чуқурлари бор¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Айни пайтда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида баҳсли бўлиб турган 60 га яқин ҳудуд бор. Ўзбекистон ва Қирғизистон мана шу ҳудудлар аниқланиб, чегара тўлиқ демаркация бўлмагунига қадар чегара чизиғида турли иншоот ва истеҳкомлар қурмаслик тўғрисида келишувни имзолаган эдилар.
XS
SM
MD
LG