Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Ўзбек мактабларида дарслик йўқ


Тожикистондаги ўзбек мактабларида дарсликлар кўзга деярли кўринмайдиган тансиқ нарсага айланиб қолган.
Тожикистондаги ўзбек мактабларида дарсликлар кўзга деярли кўринмайдиган тансиқ нарсага айланиб қолган.

Имомали Раҳмон Спитамен туманидаги учрашувда ўзбек мактабларини китоб билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади, аммо маҳаллий муаллимлар бу фикрга қўшилмайдилар.

Президент Имомали Раҳмон 25 август куни Сўғд вилоятининг Спитамен туманида зиёлилар ва халқ хўжалигининг бошқа соҳалари вакиллари билан учрашиб, тожик-ўзбек дўстлиги бир неча асрлик тарихга эга эканини урғулади.

Давлат раҳбари Спитамен тумани Ўзбекистоннинг Бекобод тумани билан чегарадош эканини қайд этаркан, қўшнилар билан борди-келди муносабатларини яхши қўшничилик асосларида юритиш лозимлигини таъкидлади.

- Ўтган асрнинг 20-йилларида бу туман Тожикистон ҳудудига қўшилди ва бугун бу ерда асосан ўзбек миллатига мансуб буюк Навоийнинг ворислари истиқомат қилмоқда. Шу йиллар давомида Спитамен аҳолиси қўшни Ўзбекистон аҳолиси билан қўшничилик анъаналари, тожик-ўзбек дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб келмоқда, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Спитамен туманида асосан ўзбеклар истиқомат қилиши ва кўплаб мактабларда дарслар ўзбек тилида юритилиши ҳисобга олиниб, 2007-2009 йиллар давомида биргина туман мактаблари учун ўзбек тилида қарийб 300 минг нусха китоб нашр қилингани қайд этди.

Бироқ ўқитувчилар, зиёлилар ва кузатувчиларнинг айтишларича, бу китобларнинг аксарияти унча таниқли бўлмаган маҳаллий шоир-ёзувчиларнинг китобларидир.

Тожикистонлик ўзбек зиёлиларининг айтишларича, бу китоблар ўрнига ўзбек мактаблари учун дарсликлар нашр қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дарслик тақчиллиги туфайли Тожикистондаги ўзбек болалари учун ўз она тилида билим олиш тобора оғирлашиб бормокда.

- Битта синфда битта китоб бор. Чунки сўнгги йилларда икки давлат муносабатларида пайдо бўлган совуқлик вилоят мактабларига Ўзбекистондан дарсликлар, адабиётлар олиб келинишига тўсиқ бўлиб қолди. Оқибатда¸ бугун ўзбек мактаблари ўзбек дарсликларига бўлган эҳтиёжи жуда кучайган, дейди кузатувчи Турсунали Алиев.

Спитамен туманида ўқитувчи бўлиб ишлаётган суҳбатдошимизга кўра, ўзбек тилида дарсликларнинг етишмаслиги сабабли дарслар ўқитувчиларнинг конспектлари асосида ўтилмоқда.

- Масалан, мен дарс бераётган мактабда фақат менда ўзбек тили дарслиги бор. Китоб йўқлиги сабабли ҳар бир мавзуни ҳар куни конспект қилишга мажбурмиз, дейди бу ўқитувчи.

Тожикистонлик ўқитувчиларнинг айтишларича, дарсликлар билан боғлиқ муаммо Ўзбекистон лотин алифбосига ўтганидан сўнг юзага келган, ўзбек хукумати эса яқин хориждаги миллатдошлари ҳақида қайғурмай қўйган.

Ҳозир тожикистонлик ўзбек олимларининг ўзлари бақадри имкон дарслик ёзиб, нашр этмоқдалар. Лекин бу дарсликлар сифатсизлиги ва талабга жавоб бермаётгани учун ҳам ўқитувчиларнинг норозилигига сабаб бўлаяпти.

Ўзбекистонда йигирма йил олдин нашр қилинган дарсликларни одамлар турли йўллар билан топиб келмоқда. Лекин бу дарсликларнинг ҳам увадаси чиқиб кетган.

Шу важдан ҳам, тожикистонлик ўзбек муаллимларининг айтишларича, одамлар фарзандларини ўзбек мактабларидан олиб, тожик ёки рус синфларига ўтказиб юбормокдалар. Боз устига, ўзбек синфлари йил сайин озайиб боряпти, ўқитувчилар ҳам мактабларни ташлаб кетмоқда.
XS
SM
MD
LG