Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:27

"Ўзбекистон бехос портлайдиган бомбадир"


Таҳлилчилар фикрича¸ Тошкент билан яқин ҳамкорлик қилишга мажбур қолаëтган Ғарб¸ Ўзбекистондаги муаммоларни биладию¸ уларни қандай ҳал этишни билмайди.
Таҳлилчилар фикрича¸ Тошкент билан яқин ҳамкорлик қилишга мажбур қолаëтган Ғарб¸ Ўзбекистондаги муаммоларни биладию¸ уларни қандай ҳал этишни билмайди.

Франциянинг Le Monde газетасида эълон қилинган “Бизнинг ўзбекистонлик шеригимиз” номли мақола муаллифи Натали Нугайред Ўзбекистонга бориб кўрганларидан ана шундай хулосага келди.

- НАТОнинг Афғонистондаги операцияларига ёрдам кўрсатаётган Ўзбекистон Ғарбнинг шеригидир. Бу шериклик эвазига Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мўмайгина пул ва Ғарбнинг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига кўз юмишига эриша олди. Каримов шунчалик ўзига ишонадики¸ ҳатто АҚШ президенти Барак Обаманинг “ҳушёр ва реалликка асосланган” ёндашувини олқишлашни ҳам ўзига эп кўради, дейилади мақолада.

- Айни пайтда, Ўзбекистон ўз қамоқларида минглаб эътиқод маҳбусларини қийноққа солмоқда, ҳар қандай норозиликни куч билан бостирмоқда, болаларини пахта далаларида қулдек ишлатмоқда. Тошкент кўчаларидаги полиция назоратини Шимолий Кореядаги билангина қиёслаш мумкин¸ холос, деб давом этади ўз ўқувчисини Ўзбекистон деб номланган узоқ юртни бошқараëтган шахс ва мамлакат манзараси билан таништиришни ният қилган нуфузли француз газетаси мухбири.

- Шу пайтгача Ўзбекистон ҳақида деярли ҳеч нарса эшитмаган бўлсангиз, 21 асрда у ҳақда кўпроқ эшитасиз. Чунки Ўзбекистон бехосдан портлайдиган бомбадир.

Давлат террори ва демографик портлаш фонидаги ижтимоий-иқтисодий вазият аянчли қолмоқда. Ҳокимият тепасидаги Каримовлар оиласи миллий бойликларни талон-тарож қилиш билан машғул бўлса¸ хавфсизлик хизматлари кланлар манфаати учун бир-бирини ғажиб ташлашга тайёр. Ғарб ким билан шерикчилик қилаётгани ҳақида бир ўйлаб кўрса¸ мақсадга мувофиқ бўларди, деб ёзади яна ўтган ой Ўзбекистонда бўлиб қайтган журналист.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг вице-президенти¸ кўп йиллар Ўзбекистонда ишлаб¸ вазиятдан яхши хабардор яна бир франциялик таҳлилчи Алан Делетроз Ўзбекистондаги вазиятнинг “бехосдан портлаши муқаррар бомба”, деб аталиши шаклан янгича бўлсада, моҳиятан янгилик эмас, дейди.

- Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ғарбдаги шерикларини анчадан бери огоҳлантириб келмоқда. Ўзбекистон халқи аксариятининг оғир иқтисодий шароитда яшаётгани бундай дейишга асос бўлади.

Масалан, қўшни Қозоғистонда ҳам ҳукумат ва президент оиласи миллий бойликларни талон-тарож қилиш билан банд, лекин қозоқ етакчилари халқнинг бошқа манбалардан бойишига тўсқинлик қилаётгани йўқ. Ўзбекистонда эса, Қозоғистондан фарқли ўлароқ, президент Каримов жамиятда ўз сиёсатига эътироз билдириши мумкин бўлган ўзига тўқ ўрта қатламнинг шаклланишидан жуда қўрқади.

Шу сабабдан, мамлакатда яхши даромад олаётган ўрта бизнес пайдо бўлиши биланоқ, президентга яқин доиралар, кўп ҳолларда президентнинг тўнғичи Гунлнора Каримованинг бу бизнесни тортиб олаётганини кўриш мумкин.

Ҳозир Ўзбекистонда норозилик ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Бу норозилик бошқа томондан давлатнинг мусулмонларга нисбатан репрессиялари билан ҳам суғорилмоқда. Ўзбекистон минтақада жон бошига тўғри келадиган эътиқод маҳбуслари сони бўйича энг юқорида туради. Ана шу омиллардан вазиятни портловчи, деб атаса бўлади ва мен Le Monde мухбирининг фикрларига қўшиламан, дейди таҳилчи Делетроз.

Айни вақтда Ғарб ҳукуматлари ҳам вазиятнинг таҳликали эканидан яхши хабардор, лекин бугун мавжуд геосиёсий вазият, хусусан Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар манфаати боис улар Каримов режимидек авторитар ҳукуматлар билан муросага боришга мажбур, деб давом этади Делетроз.

- Албатта, улар вазиятни яхши тушунади. Ҳар қалай¸ европалик сиёсатчилар билан ўзаро суҳбатлардан менда шундай таассурот туғилган. Ҳеч ким Ўзбекистондаги вазиятни яхши қилиб кўрсатишга урингани йўқ. Улар мамлакатдаги барча муаммолардан яхши хабардор.

Лекин, айниқса¸ Покистонни Афғонистон билан боғловчи Ҳайбар довони билан боғлиқ вазият вужудга келганидан кейин НАТОга аъзо давлатлар Каримовга мулозамат қилишга ҳаракат қилмоқда, чунки улар Афғонистонга ўз юкларини Ўзбекистон орқали транзит қилишни истайди.

Бундан ташқари, эсингизда бўлса, Андижон воқеаларидан кейин Германия ўзининг Термиздаги ҳарбий базасини сақлаб қолиш илинжида Европа Иттифоқи мамалкатлари ичида Каримов режимига ўта илтифот қилган ягона давлат бўлди. Лекин бу улар муаммоларни кўрмаяпти дегани эмас, менимча улар бу муаммоларни қандай ҳал қилишни билмаяпти, дейди таҳличли.

Лекин, деб хулоса қилади Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти, Каримов режимига ортиқча мулозамат қилиш ҳам мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишига ҳисса қўшмайди, аксинча уларнинг янада кескинлашувига олиб келади.

- Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Ўзбекистоннинг изоляция қилиниши тарафдори эмас, буни алоҳида таъкидлашни истайман. Биз нафақат Ғарб, балки бошқа давлатлар иштирокидаги Ўзбекистонга оид муҳокамаларда у ердаги вазиятга тўғри баҳо берилиши тарафдоримиз.

Ўзбекистон билан мулоқотни давом эттиришимиз лозим, деб ҳисоблайман. Лекин бу мулоқотда асл вазият ҳақида очиқ гапириб, Каримовнинг кўнглини олиш учун мулозамат ва комплиментлардан тийилишимиз даркор, чунки бу нарса ҳеч қачон фойдали бўлмаган.

Бир мисол келтирмоқчиман, Ўзбекистондаги вазиятни кузатар эканман, мен Тошкент ҳукуматининг фақатгина бир масалада халқаро босимларга қандайдир муносабат билдирганига гувоҳ бўлдим. У ҳам бўлса Европа ва Америкадаги халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосига оид бошлаган кампанияси бўлди.

Бу кампания туфайли Ғарбдаги қатор чакана савдо ширкатлари Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати эвазига ишлаб чиқарилган пахтага бойкот эълон қилди. Бу ўз навбатида Ўзбекистон ҳукуматига кор қилди ва улар ҳамон болалар меҳнатидан фойдаланаётган бўлсада, уни таъқиқловчи қонунларни қабул қилди, яъни қандайдир муносабат бўлди.

Менимча, бу Каримов режимига қарши қўллаш мумкин бўлган халқаро босимга мисолдир. Лекин афсус, айни мисолда бу босимни ҳукуматлар эмас, фуқаролик жамияти вакиллари қўллади, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз.
XS
SM
MD
LG