Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:30

Ўзи ҳимояга муҳтож адвокатлар


Ўзбекистондаги маҳкама жараëнларида суд ва прокурорга ëқмайдиган иш қилган адвокатлар¸ кузатувчиларга кўра¸ аттестациядан ўтказилмаган.
Ўзбекистондаги маҳкама жараëнларида суд ва прокурорга ëқмайдиган иш қилган адвокатлар¸ кузатувчиларга кўра¸ аттестациядан ўтказилмаган.

Ўзбекистонда уч ой давом этган аттестация жараёнида 400 нафарга яқин адвокат имтиҳондан ўта олмади. Аттестациядан ўтказилмаганларнинг айримлари энди судга мурожаат қилиш режасида.

“Экспертлар ишчи гуруҳи”маълум қилишича, 1500 адвокат аттестацияни бойкот қилиб, имтиҳонларда қатнашишдан бош тортган.

Ишчи гуруҳ адвокатлар аттестацияси жараёнини ўрганиб, бу юзадан таҳлилий кузатишларини эълон қилди.

Гуруҳ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, аттестациядан эркин фикрли, мижоз манфаати учун астойдил курашадиган, ҳақиқатпарвар адвокатлар атайин ўтказилмаган.

- Бизнинг аниқлашимиз бўйича, имтиҳондан ўтмаган ëки тўғрисини айтадиган бўлсак имтиҳондан ўтказилмаган адвокатлар сони 400 нафарга яқин. Имтиҳондан йиқилган адвокатлар ўзларининг олдинги олиб борган жиноий ишларида ëки ҳуқуқ соҳасида бўлган ишларида судлар билан¸ тергов органлари билан ўта қаттиқ тортишишган¸ ўз мижозларининг ҳуқуқлари устида принципиаллик кўрсатишган. Ўзларининг ишларини ҳаққоний адвокат деган номга мос равишда олиб боришган.

Адвокатлар палатаси тузилиши даврида адвокатлар жуда кўп мажлис ўтказишди. Ўша пайтда булар палатага қарши овоз берган адвокатлар сифатида кўзга ташланиб қолишган. Ëки илгарилари халқаро ташкилотларнинг семинарларида танқидий фикрлар билан кўп қатнашишган. Мана шунақа адвокатлар¸ бизнинг кузатишларимиз бўйича¸ имтиҳондан ўтказилмади, дейди Суҳроб Исмоилов.

Собиқ адвокат Гулнора Эшонхоновага кўра, эндиликда имтиҳондан ўта олмаган айрим адвокатлар судга мурожаат қилиш ниятида.

- Йиқилган адвокатларнинг айримлари судга беришмоқчи. Даъво киритиб¸ бу қарорнинг нотўғри эканлигини суд орқали тасдиқлатишмоқчи. Билмадим¸ бу ҳаракат қанчалик натижа беради¸ лекин шунга ҳаракат қилишмоқчи, дейди собиқ адвокат.

Гулнора Эшонхонованинг ўзи аттестацияни бойкот қилган. Унга кўра, Адвокатлар палатаси нодавлат-ноҳукумат ташкилоти мақомига эга дейилгани билан, амалда бутунлай Адлия вазирлигига бўйсунади.

- Бўлаëтган ислоҳотлар билан келиша олмадик¸ норози бўлдик. Чунки асосийси¸ бизлар адвокатуранинг институт сифатида мустақилликка эришиши учун курашаëтган эдик. Ислоҳот натижасида эса ҳозир бу тизим Адлия вазирлигига тўлиқ қарам бўлиб қолган идорага айланиб қолди.

Ҳаттоки¸ палата раисини ҳам адвокатлар ўз ичидан сайламасдан Адлиянинг тавсияси билан сайлайдиган қилишди. Ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарларини палатанинг раиси ички буйруғи билан қўядиган бўлди. Олдин биз ҳаммамиз сайлардик¸ сайланардик. Бунақа системада адвокат бўлишни мен ўзимга эп кўрмадим. Лицензия олиб адвокат бўлишни умуман истамадим, дейди Гулнора Эшонхонова.

Ўзбекистон Адвокатлар палатасига қўнғироқ қилиб, ташкилоти раҳбарлари билан боғланиш имкони бўлмади.

Бироқ исмини ошкор қилишни хоҳламаган такшилот ходимасининг айтишича, айни пайтда аттестация натижалари ҳисоб-китоб қилинаётгани боис, имтиҳондан ўтган ва йиқилган адвокатлар сони маълум эмас.

Адвокат Руҳиддин Комилов ҳам имтиҳондан ўта олмаган адвокатлардан бири. У ҳатто апелляция аризаси бериб, қайта имтиҳон топшириб ҳам аттестациядан ўта олмади.

Руҳиддин Комилов Ўзбекистон судларига ишонмаслиги боис судга мурожаат қилиш ниятида эмас. Унга кўра, ўзбек адвокатлари ҳар томонлама ҳимоясиз.

-Нажот йўқ. Биз жуда ҳам ҳимоясизмиз. Юристлар мустақиллиги бўйича Женевада махсус докладчи бор. Агар у шу нарсани кўтариб¸ шу нарсани Ўзбекистон ҳукуматига тақдим эта олса¸ маълум даражада бир нарсага эришишимиз мумкин. Қанақадир ҳаракатлар қилиб¸ киритилган ўзгартиришларнинг¸ бўлаëтган ислоҳотларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига зидлигини исботлаб¸ қисман бўлса ҳам ўзгартириш кераклиги ҳақида таъсир қила олса¸ бир нарса ўзгариши мумкин. Бўлмаса¸ ўзгармайди. Бизни қонун ҳам ҳимоя қилмайди¸ меъëрий ҳужжатлар ҳам ҳимоя қилмайди. Жуда ҳам ҳимоясиз қатламмиз, дейди Руҳиддин Комилов.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда Адвокатлар палатасидан ташқари адвокатларни ҳимоя қиладиган бирорта ҳам ташкилот мавжуд эмас.

Ўтган йилнинг 12 сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси ўтказилиб, унда Адвокатлар ассоциацияси Адвокатлар палатасига айлантирилган эди.

Бу ташаббусга шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи бош- қош бўлиб, айни тадбир натижасида адвокатура тизимида ижобий ўзгаришлар қилиш режалаштирилгани таъкидланганди.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб мамлакатдаги барча адвокатларни аттестациядан ўтказиш жараёни бошланди.

Аттестацияга қадар Ўзбекистонда 5000 дан зиёд адвокат фаолият кўрсатган.
XS
SM
MD
LG