Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:46

Россия Ўшда ҳарбий база очмоқчи


Ҳозирча Бакиев ва Медеведев ҳукуматларининг ҳарбий соҳадаги яширин сўзлашувлари қандай тугаганига оид аниқ хабар йўқ.
Ҳозирча Бакиев ва Медеведев ҳукуматларининг ҳарбий соҳадаги яширин сўзлашувлари қандай тугаганига оид аниқ хабар йўқ.

Россия ва қирғиз матбуотига кўра¸ махсус миссия билан Бишкекда хос сўзлашувлар ўтказган Кремл расмийлари¸ Ўзбекистоннинг шундоққина бурни тагида янги база очиш масаласини муҳокама қилган.

Қирғиз матбуоти Кремл делегациясининг 7 июл куни Бишкекка яширин топшириқ билан келгани ва президент Бакиев билан музокаралар ўтказгани тўғрисида маълумот тарқатди.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Алмаз Турдумамбетов 7 июл куни журналистларга Россия делегацияси келгани тўғрисида маълумот беришдан бош тортган эса-да¸ 8 июл куни кечга яқин айни расмий қирғиз журналистларининг тўхтовсиз мурожаатларидан сўнг бу борада қисқагина ахборот беришга мажбур бўлди:

- Учрашувлар ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Шунинг учун бу учрашувларда мен қатнашганим йўқ.

Россия делегацияси келганидан хабарим бор, албатта. Лекин уларнинг ташрифи тафсилотлари ҳақида ҳеч нарса дея олмайман, деди Қирғизистон президенти матбуот котиби Алмаз Турдумамбетов.

Москвадаги "Новости" ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Россия Бош вазири ўринбосари Игор Сечин раҳбарлигидаги делегация сешанба куни кечқурун президент Қурмонбек Бакиев ва Бош вазир Игор Чудинов билан учрашган ва ҳар икки учрашув ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Москвада нашр этиладиган “Независимая газета” эса 9 июл куни Кремл делегациясининг Бишкекка яширин ташрифи ҳақида ёзар экан, делегация таркибида Россия мудофаа вазири Сердюков ҳам бор бўлганига алоҳида диққат қаратади.

“Сердюков Қирғизистонга янги база ўрнатмоқчи. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Кремлнинг Қирғизистон жанубидаги Ўш ёки Боткен шаҳарларига қўшимча ҳарбий база очиш истаги тўғрисидаги миш-мишларни асосан махсус хизматлар бинолари йўлакларида эшитиш мумкин. Айрим маълумотларга қараганда, тарафлар бу масаланинг техник жиҳатларини жиддий ишлаб чиқишга киришганлар”, деб ёзади “Независимая газета”.

Қирғизистон парламенти депутати Бақит Бешимов Россия делегацияси ташрифи чоғида ҳарбий база масаласи кўтарилган бўлиши ҳақиқатга яқинроқ, деган фикрни билдиради.

Унинг айтишича, шу кунларда Россия матбуотида Қирғизистонда АҚШ ҳарбий базасининг қолдирилиши тўғрисида кўплаб мақолалар берилмоқда. Депутат бу мақолаларнинг 80 фоизи аксилқирғиз руҳида ёзилганини, Қирғизистон Кремлга хиёнат қилганликда айбланаётганини айтади.

- Қирғизистон икки ойнинг ичида иккита йирик давлат билан икки ҳил ўйин қилгани ҳайрон қоларли иш бўлмоқда. Шунинг учун ҳам Сечин раҳбарлигидаги делегация қирғиз расмийлари билан базалар масаласини муҳокама қилган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас, дейди Бақит Бешимов.

Қирғиз ҳукумати жорий йил феврал ойида Россиядан 2 миллард доллар миқдорида қарз ундириб, бунинг эвазига АҚШ базасини мамлакатдан чиқаришини эълон қилган эди.

Июн ойида эса АҚШ ва Қирғизистон ҳукумати вакиллари олиб борган музокараларда база учун бериладиган 17 миллион долларлик ижара ҳақи миқдори 60 миллион долларга кўпайтирилди. Бундан ташқари, АҚШ қирғиз авианавигацияси учун 30 миллон долларлик замонавий ускуналар тортиқ қиладиган бўлди. Шундан сўнг президент Бакиев АҚШ базасини мамлакатда қолдириш ҳақидаги қонунни имзолади.

Бишкеклик сиёсатшунослар фикрича, Қирғизистон Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг изга туша бошлаганидан фойдаланиб, бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи бўлди. Яъни АҚШ базасининг Бишкекда қолдирилиши тўғрисидаги қонун президент Барак Обаманинг Москва сафари олдидан қабул қилингани Кремл учун ҳам манфаатли бўлди.

Айни пайтда Москва расмий Бишкек ўзига нақадар мойил эканини яна бир бор текшириб кўрмоқчи бўлаётир.

Сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев фикрича, Бишкекнинг Кремлга содиқ қолиши ёки қолмаслиги Россия ваъда қилган қарзларнинг нақадар тез берилишига боғлиқдир.

- Учрашувда Қамбарота ГЭСига бериладиган кредит миқдори муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Негки, Қирғизистон ўз маблағи билан Қамбарота-2 ГЭСининг биринчи агрегатини қуриб битирди. ГЭСнинг бошқа агрегатлари қурилишини якунлашга ва Қамбарота-1 ГЭСи қурилишини бошлашга катта миқдорда пул керак бўлади.

Шунинг учун бу учрашувда асосий муҳокама ким қанча пул бериши ҳақида кетган, деб ўйлайман, дейди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Айни пайтда қирғиз матбуоти Москва делегацияси Қирғизистон ҳукумати билан Ўш ва Бишкекда Россия ҳарбий базасини ташкил этишдан ташқари Тошкўмирдаги кремний ишлаб чиқариш заводидан ҳамкорликда фойдаланиш масаласини муҳокама қилгани ҳақида ҳам хабар бермоқда.
XS
SM
MD
LG